Усмон ака, Афғонистон шимолида қурилаётган Қўштепа канали. Мелиоратор олим сифатида сиз бу лойиҳадан қанчалик хабардорсиз, бу қандай лойиҳа ва у қуриб битказилса, нима бўлади?
Download 160.64 Kb.
|
Қўштепа канали
- Bu sahifa navigatsiya:
- Усмон ака, Афғонистон шимолида қурилаётган Қўштепа канали. Мелиоратор олим сифатида сиз бу лойиҳадан қанчалик хабардорсиз, бу қандай лойиҳа ва у қуриб битказилса, нима бўлади
- Усмон Норқулов
- Камолиддин Раббимов
- Суҳроб Бўронов
https://m.kun.uz/news/2023/02/10/tolibonni-ozbekiston-uchun-fojiali-kanalni-qurishdan-toxtatib-boladimi-ekspertlar-bilan-suhbat 17.07.2023 мурожаат этилган сана. Толибон”ни Ўзбекистон учун фожиали канални қуришдан тўхтатиб бўладими? — экспертлар билан суҳбат Ўзбекистон 19:58 / 10.02.2023 57049 Шусиз ҳам сув тақчиллиги, қурғоқчилик ва чўлланиш каби муаммолар билан курашаётган Ўзбекистон олдида яна бир жиддий муаммо пайдо бўлган. 2022 йил 31 март куни “Толибон” ҳукумати мамлакат шимолидаги йирик канал қурилиши лойиҳаси тақдимотини ўтказган эди. Унга кўра, Балх вилояти ҳудудида Амударёдан бошланадиган Қўштепа канали қурилмоқда. Бу канал қуриб битказилганда сув кам йилларда суви 34 куб километргача пасайиб кетадиган Амударёнинг деярли 10 куб километр, яъни учдан бир қисм суви Афғонистоннинг ичкари ҳудудларига оқиб кетади. Бу эса Хоразм, Бухоро, Сурхондарё ва Навоий вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси учун жиддий оқибатлар яратиши мумкин. Kun.uz мухбири Ўзбекистон давлатчилиги олдида турган ушбу йирик муаммо ва умуман Афғонистондаги вазият, у ердаги муваққат ҳукуматнинг Ўзбекистон ҳукумати билан алоқаларида пайдо бўлган чигалликлар ҳақида қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Усмон Норқулов, сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Суҳроб Бўронов билан суҳбатлашди. — Усмон ака, Афғонистон шимолида қурилаётган Қўштепа канали. Мелиоратор олим сифатида сиз бу лойиҳадан қанчалик хабардорсиз, бу қандай лойиҳа ва у қуриб битказилса, нима бўлади? Усмон Норқулов: — Афғонистондаги узоқ йиллик урушлар сабаб сув тизимида, қишлоқ хўжалигида кескин ўзгаришлар бўлиб кетган. Ўтган асрнинг 70-йилларида Афғонистон 3,5 млн гектар ерни суғориб деҳқончилик қилган. Кейинги йиллардаги нотинчлик сабаб 1,5 млн гектар ер қишлоқ хўжалигидан чиқиб кетган. Фақат ер эмас, суғориш тармоқлари ҳам яроқсиз ҳолга келиб қолган. Ҳозирги қазилаётган канал ростдан ҳам жуда катта. Сувнинг бош қисмини қаердан олишади, деган муҳим савол бор бу ерда. Ҳозирги берилаётган маълумотларга кўра, Амударёнинг бошланиш қисмидан олишади. Канал Афғонистоннинг текисликдан иборат ҳудудидан ўтади. Айни канал ўтадиган жануби-шарқий қисмида катта текислик бор. Бу текисликнинг катта қисми Қорақум чўли ҳудудига тўғри келади. Канал эса қумли ҳудуддан ўтади ва каналнинг фойдали иш коэффициенти паст бўлади. Туркманистоннинг Қорақум канали ҳам худди шундай тоифадаги канал. Ўйлайманки, агар тупроқ узанидан кетадиган бўлса, катта миқдорда сув йўқотишлари бўлади. Атроф экологиясига, тупроқнинг таркибига, шўрланиш циклига жуда катта таъсир ўтказади. Далага 50 фоиз сув етиб боради, дейлик, лекин ўша ердаям яна муаммолар бор. Чунки дала ҳали бу сувни қабул қилишга тайёр эмас. Энг ёмон томони шундаки, у ерда суғориш тармоқлари, тақсимлаш-ўлчаш иншоотлари бўлиши керак. Ўша ҳудуддаги деҳқонларнинг тайёргарлиги қандай, нима етиштирмоқчи, қанча сув талаб қиляпти, деган масалалар турибди. Бизга қандай таъсири бўлиши мумкин? Шу пайтгача Афғонистон Амударё ҳавзасидан 7 км³ сув оларди. Энди эса 17 км³ олиши мўлжалланяпти. Бу бизда 10-15 фоиз пасайиш дегани. Дарёнинг қуйи қисмидагиларга ўзининг салбий таъсирини кўрсатади. Тожикистонга сезилмаслиги мумкин, лекин асосий сувнинг камайиши Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудига тўғри келади. Энг ёмони, дарёнинг қуйи қисмида бўлган Қорақалпоғистон ва Хоразмга жиддий таъсир ўтказади. Иқлим ўзгариши, умумий қурғоқчилик сабабли бизда сув ресурслари камайиб боряпти шундоқ ҳам. Иқлим ўзгариши туфайли 15 фоиз сувни йўқотяпмиз, бундан ҳам камида 10 фоиз йўқотсак, 25 фоиз сув йўқ дегани. Бу эса жуда кўп инқирозларни келтириб чиқаради. Сув омборларини тўлдиришимиз қийин бўлиб қолади. Қўшимча иншоотлар қуришимизга тўғри келади. Бутун тизим бузилади, деса ҳам бўлади. Биз ҳар доим сув етишмовчилигига тайёр туришимиз керак. — БМТнинг трансчегаравий дарёлар сувидан фойдаланиш бўйича конвенцияси бор. Сиз айтдингиз бу канал қурилса, бу биз учун катта фожиа келтириб чиқаради. Аммо толиблар ҳудуд бизники, сув биздан ўтади, демак, канални қуришга ҳам ҳақлимиз деяпти. Усмон Норқулов: — Марказий Осиё давлатларининг барчаси трансчегаравий дарёлардан сув олади. Давлатлар ўзаро келишиши шарт. Афғонистон конвенция аъзоси эмас. Давлатлар табиий таъминотдан келиб чиқиб, бор сувни бўлиб олиши керак. Маълум миқдордаги сувни оламан, деб туриб олмаслик лозим. Табиий таъминотдан келиб чиқиб бўлишда аҳоли сони, сувга бўлган талаблар ҳисобга олиниши керак. Ҳисоб-китоблар аниқ бўлгач, мамлакатлар келишиб, ўзаро тақсимлаши даркор. Яна бир нарсани ҳисобга олишимиз керак. Марказий Осиёда сув танқислиги бўлаверади, бу тугамайди. Шундай экан, масалан, биз сув тежовчи технологияларга ўтяпмизми, бошқалар ҳам шундай қилиши керак. Ҳар қандай сув тежовчи ечимларни мамлакатлар биргаликда амалга ошириши лозим. Ва натижада мавжуд сувлар ҳаммамизга етарли бўлади. — Камолиддин ака, Суҳроб ака, охирги вақтларда Толибон муваққат ҳукумати ва Ўзбекистон ҳукумати орасида сув масаласидан ташқари ҳам қандайдир совуқчиликлар бордек. Масалан, 1 февралдан бошлаб Афғонистон Ўзбекистондан темирйўл қатновини тўхтатиб қўйди. “Ўзбекистон темирйўллари” бунга икки давлат ўртасида тузилган шартнома ўз вақтида бажарилмагани сабаб бўлганини маълум қилди. Бу муносабатлардан сиёсатшунос сифатида сизлар қанчалик хабардорсизлар, муаммо нимада ўзи? Камолиддин Раббимов: — Бу ерда бир қанча муаммолардан иборат бўлган занжир мавжуд. Муаммо деганда, ҳали ечими топилмаган муаммолар. Ўзбекистоннинг геосиёсий жиҳатдан янги Афғонистон маъмуриятига қараши – Афғонистонда тинчлик бўлиши керак. Шунинг учун ҳам 2018 йилда “Толибон” ҳукуматга келмасидан бурун дипломатик алоқаларни бошлаган эди. Кейинги 40 йил ичида биринчи марта битта сиёсий куч бутун ҳудудни назорат қиляпти Афғонистонда. Қайтадан фуқаролар уруши бошланмаслиги учун Афғонистонни тинчлантириш Ўзбекистоннинг стратегик манфаатларига тўғри келади. Лекин Афғонистоннинг демографик ўсиши жуда катта (бугунги кунда 38 млн аҳолиси бор). Шимолий учта вилоятга сув олиб, қишлоқ хўжалигини ривожлантирмоқчи ва бу орқали ўзининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминламоқчи. Натижада ижтимоий барқарорликни таъминламоқчи. Афғонистонга фойдаси бор, лекин биз учун оқибати салбий. Туркманистондан ўтиш пайтида катта сув олинади у ерда ҳам. Афғонистон билан дипломатик муносабатда ҳозир Ўзбекистон олдида ўткир дилемма турибди. Ўзбекистон бу масалани тўлиқ қабул қилолмайди, чунки манфаатларига тўғри келмайди. Аммо халқаро ҳуқуқ нуқтайи назаридан Афғонистоннинг ҳам сувдан фойдаланишга ҳаққи бор. Ўзбекистон олдида мураккаб вазифа турибди: “Толибон”нинг трансчегаравий сувлар тўғрисидаги конвенцияга қўшилиш ёки қўшилмаса ҳам, олинаётган сувни назорат қилиш бўйича маълум бир келишувга эришиши керак. Канал қурилишига Ўзбекистон вето қўя олмайди. “Толибон” билан урушишни минтақанинг бирорта давлати истамайди, лекин бу масалага индамай қараб туриш Ўзбекистон манфаатларига тўғри келмайди. Менинг назаримда, Ўзбекистон ва Туркманистон бирлашган ҳолда “Толибон” билан музокара олиб бориши керак. Бошқа йўл мавжуд эмас. Суҳроб Бўронов: — Сув – келажак масаласи. Сувни сиёсий қуролга айлантириш ҳақидаги гаплар ҳам бўлади. “Global Water Intelligence” журнали маълумотига кўра, бир йилда сув бозорида айланадиган даромад ҳарбий мақсадларда фойдаланадиган пул миқдорига яқинлашиб қолган. Бу нарса келажакда чучук сув ва суғориш учун ишлатиладиган сув масаласини долзарблаштиради. Марказий Осиёда ҳам ҳозирдан аён бўляпти. Қўштепа каналининг қурилиши масалани яна долзарблаштирди. 108 км – биринчи босқич якунлангани расман эълон қилинди. Яъни уч босқичдан бири амалга ошди, дегани. Биз қуйи оқимда жойлашганимиз учун бизга катта таъсир кўрсатиши мумкин. Масаланинг сиёсий жиҳати шундаки, улар бундан сиёсий босим ўтказиш мақсадида фойдаланиши мумкин. Бунинг олдини олиш учун эса биз етарли жавоб беришимиз керак бўлади. Тахминимча, темирйўллардаги тўхтаб қолиш масаласи айнан шу билан боғлиқ. Чунки давлат раҳбарининг декабр ойидаги мурожаатида бу канал қурилиши ҳақида ҳам гапириб ўтди. Маълумотларга кўра, бу – 684 млн долларлик лойиҳа. Иқтисодий инқироз ёқасида турган “Толибон” ҳукумати учун жуда катта маблағ бу. Ва бу маблағ билан таъминлаётган куч икки томонлама муносабатларга таъсир ўтказишга уринади. Ёки қандайдир сиёсий босим ўтказишни мақсад қилган бўлиши мумкин. Бунинг ҳам олдини олишни ўйлаш керак. Энг асосийси, халқаро ҳуқуқ конвенциялари асосида бўлиши керак бу. Усмон Норқулов: — Бунинг учун Афғонистон конвенцияга аъзо бўлиши керак. Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасида ҳеч қандай зиддият бўлаётгани йўқ сув масаласида, чунки ҳаммаси асосланган ҳолда қабул қилиняпти. Ҳавзада қанча сув бўлса, шунга кўра тақсимлаб олинаверади. Тенг муносабатларда, келишган ҳолда олиб борсак, сув бизга ҳам, уларга ҳам етади, менимча. Бунинг учун барча мамлакатлар сувдан самарали фойдаланиш тизимини йўлга қўйиши керак. Интервюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин. Download 160.64 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling