Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги илмий даражалар берувчи d sc


-БОБ. XVI-XX АСРЛАРДА МАРКАЗИЙ ОСИЁ ШИА ЖАМОАЛАРИНИНГ ШАКЛЛАНИШИ


Download 0.89 Mb.
bet11/25
Sana31.01.2023
Hajmi0.89 Mb.
#1142995
TuriДиссертация
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   ...   25
Bog'liq
DSR SHUH red 23.03.21 oxiri

2-БОБ. XVI-XX АСРЛАРДА МАРКАЗИЙ ОСИЁ ШИА ЖАМОАЛАРИНИНГ ШАКЛЛАНИШИ


2.1. XVI асрда Хуросон ва Мовароуннаҳр сунний ва шиа давлатлари ўртасидаги муносабатлар

Мовароуннаҳр, Хуросон, Ўрта ва Яқин Шарқда ҳукмронлик қилган Амир Темур вафотидан (18 феврал 1405 й.) сўнг унинг ворислари ўртасида ҳукмронлик тахтини эгаллаш ва вилоятларга бўлинган мулкларга эгалик қилиш учун курашнинг авж олиб кетиши Темурийларнинг ҳукмронлик мавқеига путур етказди. Бундан даштиқипчоқ ўзбеклари фойдаланиб, XV аср бошлариданоқ Мовароуннаҳр ва Хоразмга босқин қилиб аҳолининг мол-мулкини талаб, аҳолини асирга олиб, ўзлари билан олиб кетадилар. XV асрда бундай босқинлар тез-тез содир бўлиб турган ва охир-оқибатда Темурийлар мамлакатни ташқи душмандан ҳимоя қилишга ожизлик қилиб қолганлар. XVI аср бошларида Темурийлар давлатининг заифлашишидан фойдаланиб Мовароуннаҳр ва Хуросонда Шайбонийлар (1501-1599) ва ўзбек хонликлари (Бухоро ва Хива хонликлари), Эронда Сафавийлар (1502-1736), Туркияда Усмоний турклар (XIII асрнинг иккинчи ярми-XX аср бошлари) ҳукуматни ўз қўлларига олдилар88.


Ўша пайтларда даштиқипчоқ ўзбеклари ҳокими Абулхайрхон (1429-1468) ўзи яшаб турган давр аҳволисини жуда яхши билар эди. У Марказий Осиёнинг ўша вақтдаги аҳволи ва шарт-шароитини эътиборга олгани ва имконияти йўқлигини билгани учун истило қилиш фикрига берилмади, аксинча бир–бирларининг қонига ботиб, жанжаллашиб ётган Темур авлодларига баъзи-баъзида ёрдам бериш билан қаноатланди. У нафақат Абу Саид (1451-1469) фойдаси учун ёрдам берди, балки Манучеҳр мирзо ва Султон Ҳусайн Бойқароларни (1470-1506) ҳам қўллаб-қувватлади. Абулхайрхоннинг ўзбеклари доимо кўп ўлжалар билан қайтар эдилар. Унинг қирқ йилга яқин ҳукм сурган ҳокимияти саҳро хонлигининг энг шонли даври ҳисобланади. Унинг вафотидан кейин кўп нуфузли оила аъзолари саҳронинг ҳар тарафига тарқалиб кетдилар89. Ўзидан кейин қолган ўн бир ўғлидан биргина бешинчи ўғли – Шайх Ҳайдар Султонгина (тахм. 1468-1470) ўз ўрнида муқим қолди, аммо унинг ҳам қуруқ исмидан ўзга нарсаси йўқ эди. Шунинг учунми, унинг нуфузи ва ҳокимияти ҳам қисқа бўлди90. Ўзбеклар ўзларининг эътибор ва ишончларини Абулхайрнинг набираси шаҳзода Муҳаммад Шайбонийга (1500-1510 йиллар Мовароуннаҳр хони) қаратган эдилар, уни Шоҳбахт деб атардилар. Бу зот ўзининг ёшлигига қарамасдан истиқбол (келажак) учун энг порлоқ умидлар туғдирган эди91.
Шайбоний отаси Будоқ Султон92 билан онаси Қўзимбегидан ёшлигида етим қолиб, укаси билан бирга отасининг содиқ хизматкори Қорачабекнинг ҳимоясида яшади. Улғайгач Шайбоний улуғ бобоси ўрдусининг турли тарафларига тарқалиб кетган кишиларини муқаддас қонли қасосини олиш баҳонасида атрофига тўплади. Кераклигича тайёргарликдан сўнг, сулоланинг йўқолган шон-шавкатини қайтармоққа аҳд этди. Хусусан, Абулхайрхон ўзига аблаҳларча хиёнат қилган ва айни пайтда Сирдарёнинг юқори оқими томонидаги бир ўрмон этагида яшаётган Бурга Султондан қасос олиш қасдига тушди. Бурга Султон ва унинг оиласи қатл этилгач, ёш шаҳзода сезиларли даражада кучайган ўзбек суворийларига бошлиқ бўлди. Уларнинг паноҳида зўр жангларда қатнашиш учун имконият топди. Шундан сўнг, Шайбоний ва унинг жангчилари Темурийлар билан тўқнашмаслигининг иложи йўқ эди. Ўша пайтларда Самарқанд тахтининг эгаси Абу Саиднинг (1451-1469) ўғли Султон Аҳмад (1469-1494) эди. Мамлакатнинг шимолий чегараси ноиби Мажид тархон бўлиб, Шайбоний уни ўз ҳизматига олишини илтимос қилади. Мажид унга розилик бериб, ойлик ҳам белгилайди. Аммо Мажид ўзбек бошлиқларининг хаддан ошишлари таҳликасини ҳис этгандан сўнг, хавфдан қутилиш учун уларни Бухоро ҳокими Абд ул-Али тархонга юборади. У ўзбекларни яхши қабул қилиб, улардан шимолий-шарқда мўғуллар ҳужум уюштирганларида фойдаланди93.
Аммо майдонга чиқиб келаётган Шайбонийлар (1500-1598) билан инқирозга учраётган Темурийлар (1370-1506) ўртасидаги тинч муносабатнинг узоқ давом этмаслиги табиий ҳол эди. Тўқнашувнинг сабаби тезда топилади, Султон Аҳмаднинг тириклик вақтидаёқ Шайбоний келажакни ўйлаб, ноиб Мажид тархонга қарашли Сирдарёни жабр кўрган сифатида тортиб олади ва аввалгидай маошга хизмат қилишдан бош тортади. Бундай ҳаракатлар билан Шайбоний Темурийларнинг қўрқинчли душманига айланади. Ёш кўчманчи хонларнинг ғоятда кучайган жанговар аскарлик руҳи уларнинг ўзаро низою жанглари учун кифоя эди, бундан ташқари, ўша пайтларда Мовароуннаҳрнинг ниҳоятда чувалашиб кетган сиёсий ҳаёти, бекларнинг бошбодоқликлари каби ҳолатлар Шайбоний томонидан мамлакатни истило этишига сабаб бўлган94.
1500 йилда ўз мақсадлари сари олға қадам ташлашни бошлаган Шайбоний, унга қарши чиққан Темурийлар (Ҳусайн Бойқаро (1470-1506), Бади уз-Замон (1506-1507) ва Захириддин Муҳаммад Бобур (1526-1530 йилларда Ҳиндистонда ҳукмронлик қилган)ларнинг бир қанча йиллар давомидаги курашларига қарамай, Мовароуннаҳр ҳукмдорига айланади95.
Илгари чўлларда сарсон бўлган, Чингиз билан Темурга тақлид қилган Шайбоний ўзига олий бош қўмондонлик мансабини олиб, қурол кучи билан бир неча ўлкаларни забт етади. Жаҳонгирлик йўлида қурол кучи билан у янада илгари босишга ўзида куч-қудрат борлигини ҳис этади. Аммо ғарбда у сингари шижоатли ҳамда ўз мамлакати чегарасини кенгайтириш учун бор кучи билан ғайрат этувчи бир шахс уруш майдонига чиқади. Бу янги жанговар шахс ўзининг зоҳидлиги ва тақводорлиги боис Эрон турклари қошида муҳтарам ҳисобланган Шайх Сафо (Сафо ад-дин Абу Исҳоқ Ардабилий (650/1252-735/1334))96 оиласининг фарзанди Исмоил (1501-1524 йиллар Эрон шаҳаншоҳи) эди. Энди 14 ёшга тўлган ва ўз ҳарбий сиёсати билан душманларини мағлуб қилган Исмоил дин зиёсининг дабдабаси соясида ўз оиласининг оддийгина жойнамозини бутун Эроннинг олий тахтига айлантиришга муяссар бўлган. И.П.Петрушевскийнинг ёзишича, “Исмоил насл жиҳатдан турк бўлиб, Сафо ад-дин Абу Исҳоқ Ардабилий номи билан аталувчи сафавийа сўфийлик тариқатининг меросхўри шайх Ҳайдарнинг ўғли бўлган”97.
Сафавийлар сулоласи вакиллари Эрон давлатининг бошига келганида, ўзларини саидлардан келиб чиқишлари ва Сафо ад-дин шиаларнинг еттинчи имоми Мусо ал-Козимнинг 21 авлоддаги вакиллари деб айтдилар. Ҳарбий муваффақияти соясида Эрон билан Арабистоннинг катта қисмида ҳокимият ўрнатган Исмоил ота-боболари анъанаси бўйича ҳаракат қилиб, мазҳабини қаттиқ суратда ҳимоя этди ва тарғибот воситасида тўртинчи халифа Али авлодига ҳурматини миллий ибодат даражасига кўтарди. Ўша пайтларда шиалик ислом дунёсининг бошқа тарафларига, хусусан Эрон халқлари орасида кўпроқ тарқалган эди98.
Шиалик яширин тутилган вақтда, суннийлар эътироз ва истеҳзо билан қаноатланар эдилар. Сафавийлар энди ўз эътиқодларини очиқдан-очиқ байроқларига ёзиб, жанг майдонга чиқишлари биланоқ бу ҳаракатлар сунний хонларига зарар келтира бошлади. Сўнг суннийларнинг ғазаби ниҳоятда кучайди ва ҳар икки тараф баравар даражада динни ўзларининг дунёвий мақсадлари йўлида баҳона қилдилар. Шиаликка нисбатан душманлик руҳи Осиёнинг ғарбида Узун Ҳасан (1453-1478) билан Истамбул фотиҳи ўртасидаги тўқнашувлар вақтида кўзга ташланди ва урушнинг кучайишига сабаб бўлди; “шу пайтларда Эрон туркларининг “Ё, Али!” деган товушлари эшитилар эди – деб ёзади Ҳерман Вамбери99.
Аммо Шарқда бундай душманлик ҳаракати бирмунча муддат кул остидаги чўғдай кўмилиб ётди ва маданий ҳаётда нозик бир суратда майдонга чиқди. Ҳирот ва Мовароуннаҳрнинг эронлик сунний араблари Эрон маданият ва маорифи ёлғиз шиаларга махсус бўлмаганини исбот қилади. Бир оз кейин Хуросонда Темурийлар билан дўстлик муносабатини ўрнатган Узун Ҳасан даврида бу масала Мовароуннаҳр ва Хуросонда, хусусан, Бухорода юқори даражада аҳамият касб этади. Бунинг сабабларидан бири – Абу Саиднинг, суннийларнинг ҳақ йўлида қурбон бўлиши ҳисобланади100.
Шиалик Эронда кенг тарқалиши баробарида Марказий Осиё халқларининг бу ғайри эътиқодга нафрати орта борди. Ҳирот, Бухоро, Самарқанд уламолари шиаларга аблаҳлик ва номуссизлик тамғасини босиб, мусулмон ҳисобламай, уларнинг умумий равишда қул қилиб сотилишига имкон бердилар ва улар билан никоҳни макруҳ деб эълон қилдилар101.
Шайбонийхон ўзининг Хуросондаги муваффақиятларидан сўнг, истило йўлида Ироқ чегарасига яқинлашиб келган пайтда, сунний ва шиа йўналишлари орасидаги муносабат ана шу ҳолда эди.102.
Академик В.В.Бартольд Сафавийлар давлатининг ташкил топиши борасидаги фикрларини билдирар экан, “Ғарбда Туркиядан ва Шарқда ўзбек хонликларидан Сафавийлар давлатининг фарқи шундаки, улар шиаликни давлат дини деб эълон қилганлигидадир” – дейди ва турк тарихчиси Жавдот-пошанинг “Шоҳ Исмоил, шиаликни атайлаб давлат дини сифатида эълон қилган, чунончи, у Туркия каби катта суннийлар давлати олдида бошқа бир сунний давлати мавжуд бўлиши мумкин эмаслигини фаҳмлаган”, деган мулоҳазаларини келтиради103. Турк тарихчисининг Эронни бундай ўзига хос “империявий” идрок қилиши, албатта, ушбу шиалар давлатининг сунний қўшнилари билан ўзаро муносабатларидаги анча мураккаб аҳволни ўзида акс эттирмаган. Аммо Исмоил Сафавий конфессионал узоқлаштиришга асосланган фикр ёрдамида ўзаро сиёсий иззат нафсини расмий тарзда намоён қилинганлигини кўриш мумкин.
XVI аср бошларида Марказий Осиёда кечаётган сиёсий ва ижтимоий вазият Шайбонийхон ва Исмоил шоҳ ўртасида урушнинг келиб чиқишига олиб келиши табиий эди. Албатта, бу урушда иккала томон таянган ғоя бу диний эътиқод бўлган. Ҳерман Вамбери турклар “қилични қинидан чиқарган одамга ундан фойдаланиш учун сабаб излашга эҳтиёж қолмас” дерлар деб ёзади. Шайбонийхон шунга биноан ҳаракат қилиши мумкин эди. Лекин у қаҳрамон сўфига қарши жангни муқаддас дин руҳи билан жонлантириб, янада қаттиқроқ ҳаяжон ҳосил қилиш учун авлодининг бир воизи сифатида юзланди ва 1508 йилда Сафавийга ушбу мазмунда мактуб ёзган: “Эй! Эрон ҳукмдори! Мендаги етмиш маълумотга қараганда, сен залолат йўлига эргашиб, шайтон иғвосига берилиб шиа мазҳабини тарқатмоқда экансан. Сенга танбиҳ бериб айтаманки, бу ғайри шаръий мазҳабдан воз кечиб, аҳли суннат жамоасига қайтгил. Йўқса, ёққан исёнинг олови ўзингни куйдирар. Сен хато йўлдасан. Шайтон касофатидан абадий қутулиш учун бу залолатингдан воз кечиб, ҳақ йўлига қайт. Агар менинг бу сўзларим сенинг тарафингдан эътиборга олинмаса, балки ҳисобсиз кўп лашкарим билан Ироққа кираман ва ўткир қиличимни қўлимга олиб, сенинг Исфаҳон саройингни ҳарни қадар, унинг гумбазли бурчлари ғоят юксак бўлсалар-да, ер билан яксон этарман. Менинг жазойим Ироқ аҳли учун қиёматгача унутилмас даражада шиддатли бўлур”. Шоҳ Исмоил бу мактубни жавобсиз қолдиради. Икки орада келиб чиққан урушда Исмоил Сафавий ҳийлалар ила 1510 йилга келиб Шайбонийхон устидан ғалаба қозонади104 ва уни ўлдириб, бош чаноғини олтин билан қоплатиб, коса ўрнида фойдаланади. Бошқа ривоятларда эса, гўё унинг бошини Истамбулга, иттифоқдоши бўлган Султон Боязид (Боязид II, 1481-1512)га юборади105.
Шайбонийхон вафотидан сўнг мамлакатда парокандалик бошланади. Шайбоний хонни зурриётлари ўртасида кураш тобора кучая борган бир пайтда, яъни 1512 йилда мамлакатга Нажми Соний бошчилигидаги Эрон шоҳининг қизилбошли106 қўшини кириб келади. Мамлакатнинг зодагонлари, кўплаб султонлар, шу қаторда бўлажак хон Убайдулло, йирик ер-мулкка эга бўлган дунёвий ва диний шахслар шимолга қочадилар107.
Исмоил Сафавий билан иттифоқдош бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530) унинг қўшини билан Самарқандда ўз ҳукмронлигини ўрнатишга ҳаракат қилади. Шоҳ гумашталарининг маҳаллий халқни шафқатсизларча жазолаши, улар орасида шиаликни ёйиш учун бўлган ҳаракатлар ва бошқа тадбирлари натижасида давлатнинг номинал ҳисобланган раҳбари, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳукмронлиги узоққа чўзилмади. Шайбонийлар эса Мовароуннаҳрда ўз ҳукмронликларини қайтариб олдилар108.
Убайдуллохон ҳукмронлик йиллари (1533-1539) марказий ҳукуматнинг анчагина кучайиши ва Бухоронинг кўтарилиши кузатилган109. Бу даврда Эрон ва Мовароуннаҳр ўртасида Муҳаммад Шайбоний хуни ҳаққи қонли урушлар ва тўқнашувлар бўлиб ўтади. Ўзининг ҳукмронлиги даврида Убайдуллохон олти маротаба Хуросонга юриш қилиб, бошқа ҳарбий ўлжалар қаторида кейинчалик қулларга айлантирилган кўплаб асирларни Бухорога олиб келган110.
Унинг ўлимидан сўнг мамлакатда сулола орасида яна ҳукуматни эгаллашга қаратилган ўзаро курашлар ва ташқи хавф авж олиб кетади. Шу ўринда маҳаллий уламоларнинг шиаларга қарши бўлган бир вазиятни келтириб ўтиш лозим. Яъни, 1540 йилда Бухородаги қийин вазиятдан фойдаланган Бароқхон (1551-1556 йилларда Тошкент султони) ва Абдулатифхон (1533-1550 йилларда Самарқанд султони) Бухорони қамал қилганларида, 1539 йилда отасининг ўлимидан сўнг Бухоро тахтига ўтирган Абдулазизхон (1539-1550), Убайдуллохон ўғли) ўзининг ожизлигини сезган ҳолда, Бароқхон ва Абдулатифхон билан бўлажак тинчлик музокараларини олиб бориш учун сўфи Махдуми Аъзам111га мурожат қилади. Махдуми Аъзам унинг таклифини қабул қилиб, султонлар қароргоҳига боради. Чодирга кириш билан Махдуми Аъзам “Сизлар ўзларингизнинг мулкларингиздан чиқишингиз лозим эмас эди. Модомики чиқибсизлар Хуросонга (шиаларга қарши) боришингиз керак эди. Негаки бу ғазот бўларди ва сиз бу ишларингиз билан кўп яхшилик қилган бўлардингиз. Бу ерда мусулмонларни ўлдириш билан шуғуллангандан ва ўзингизнинг бошингизга бало келтиришдан кўра яхши ишдир. Ҳозир эса менинг сизга маслахатим шу: Хуросон томон отланинг ёки, яхшиси уйга қайтинг. Мусулмонлар эса тинч ва осойишта яшаб сизларни дуо қилсинлар” деган сўзларни айтади. Махдуми Аъзам жавобни пойлаб ўтирмай яна: “Убайдуллоҳ хон сизларга хайрихоҳлик қилган. Аммо сиз бу ерга келиб унинг фарзандлари қонини тўкмоқчисиз ва мусулмонларни талон-тарож қилмоқчисиз”, – дейди. Шундан сўнг, бироз вақт ўтиб, Бухорони қамал қилган қўшин орасида келишмовчиликлар келиб чиқади ва айрим амирлар Ҳазрат Махдуми Аъзам истагига қарши чиқмоқликдан воз кечган112 ҳолатини кўришимиз мумкин.
Лекин бу билан ички ўзаро курашлар тўхтамайди. Шу вазиятда 1560 йили Бухоро тахтини Абдуллоҳ (Абдуллоҳхон II (1583-1598)) султон эгаллайди. Аммо ёшлигини назарга олиб ўзини ўзбеклар хони деб эълон қилишни маъқул топмайди ва тахтга отаси Искандархонни (1561-1583) ўтказади. Ўзи эса давлатнинг бутун ҳарбий қўшини қўмондонлигини ўзига олади113.
Мовароуннаҳрнинг сунний аҳолиси шиалик вакилларини мусулмон деб ҳисобламаганлар ва Эронда шиалик давлат дини сифатида эълон қилинганидан сўнг, улар учун Эрон билан курашиш лозимлиги қаторида мусулмон-шиаларни қул қилишнинг ғоявий сабаби бўлиб хизмат қилган. Шундан сўнг, ҳатто, сунний уламолар томонидан шиаларни “кофир” деган маънодаги фатволар чиқарилган бўлиб, бу фатволар Мовароуннаҳр сунний ҳукмдорларининг Эронга юришлари учун асос бўлиб хизмат қилган. Шайбонийлардан биринчи бўлиб бундай фатволардан бирини Абдуллоҳ олади. 1586 йилда “шаҳар халқи шиа мазҳабига мансуб бўлса, уларни ўлдириш ва талаш лозим” деган маънодаги фатвони ёздириб олган Абдуллоҳ ўз давлати чегараларини кенгайтириш мақсадида қилган юришларида Машҳадгача етиб боради, бу орада Хуросоннинг ичкарисига кириб бориб, Ҳиротни эгаллайди. Бу билан Абдуллоҳхон эгаллаган ерлари аҳолисининг кўпини ўзи билан Бухорога асир қилиб олиб келади114.
Абдуллоҳхон ўлимидан кейин тахтга унинг ўғли Абдулмўмин ўтириб, у атиги ярим йил ҳукмронлик қилгандан сўнг отасининг сафдошлари томонидан ўлдирилган115.
Бухоро хонлигида яна тартибсизликлар, бебошликлар бошланади. Ташқи вазият ҳам қониқарли даражада бўлмайди. Шу пайтда, XVI аср охирларида бир гуруҳ қабила бошлиқлари Бухоро тахтига Жони Муҳаммад Султоннинг ўғли Дин Муҳаммад Султонни ўтказадилар. Жони Муҳаммад Султон Чингизийлар (1206-1370) авлодидан бўлган Аштархон хони Ёр Муҳаммадхоннинг ўғли бўлган. 1556 йилда рус подшоси Иван Грозний Аштархонни эгаллагач, ўғли Жонибек билан Бухорога кўчиб келган. Абдуллоҳхоннинг отаси Искандархон уларни яхши кутиб олган, ҳатто ўзининг қизини Жонибекка узатган116.
Абдулмўмин ўлимидан сўнг, Шайбонийлардан тахтга ўтирадиган бирон киши қолмагани сабабли Бухоро оқсуяклари тахтга ўтиришни Жонибекка таклиф этадилар. Аммо Жонибек бунга рози бўлмай, унинг таклифи билан катта ўғли Дин Муҳаммадни 1598 йилда хон деб эълон қиладилар. Дин Муҳаммад (1598-1599) хон бўла туриб, Обиварддан Бухорога етиб кела олмай йўлда ўлдирилади. Унинг ўрнига хон сифатида укаси Боқи Муҳаммад тайинланади. Боқи Муҳаммад ҳукмронлиги даврида (1599-1605) Мовароуннаҳрга шимолдан қозоқлар хони Таваккал ва жанубдан Абдуллохон ва Абдулмўмин ўлимларини эшитган Эрон шоҳи Аббос (Аббос I (1586-1628)) Сафавийларнинг шиддатли ҳужумлари бошланади. Боқи Муҳаммад мамлакатнинг барча кучларини бирлаштириб, аввалига Таваккал хонга кучли зарба беради, сўнг эса қисқа муддат ичида шоҳ Аббос эгаллаб олган Балхни қайтариб олади117.
1605 йилда Боқи Муҳаммад вафот этади ва унинг ўрнига укаси Вали Муҳаммад (1605-1611) тайинланади. Аммо, вақт ўтиб уруғ зодагонлари ундан юз ўгиради ва у Қарши даштига ов учун кетганида хон деб Дин Муҳаммаднинг ўғли Имомқулихонни эълон қиладилар. Буни эшитган Вали Муҳаммад Мовароуннаҳрдан қочиб, ўзининг душмани деб билган шоҳ Аббос Сафавийнинг олдида паноҳ топади. Шоҳ Аббос ёрдамида қизилбошлилар қўшини билан Бухоро томонга юриш қилади. Эрон қўшинининг Бухорога бостириб келиши халқни саросимага солиб қўяди. Аммо Махдуми Аъзамнинг ўғли Хошим (ёки хожа Муҳаммад Амин) халқни руҳлантириб, сўфийлар жандасини кийиб, урушга отланади. Қизилбошлилар устидан ғалаба қозонган мовароуннаҳрликлар Вали Муҳаммадни қўлга туширадилар ва қатл этадилар118.
Имомқулихон ўз ҳукмронлиги вақтида ҳукуматни анча мустаҳкамлашга эришади ва бу билан давлат ўз хўжалигини озгина бўлса ҳам кўтариб олишига имконият яратади. Аммо бу вазият узоққа чўзилмайди. Ўзаро ички низолар ва ҳукумат учун курашлар, Имомқулихон тахтдан воз кечганидан сўнг, янада авж олиб кетади. Ҳатто ота ва ўғиллар, ака-укалар (Нодир Муҳаммадхон (1642-1645) ва Абдулазизхон (1645-1681)119, Субхонқулихон (1681-1702)) ҳукумат талашиб ўзаро кураш олиб борадилар120.
Парокандалик Аштархонийлар (Жонийлар (1599-1753)) сулоласининг охирги вакили Абулфайзхон (1711-1747) ҳукмронлик даврида янада авж олиб кетади. Маишатга берилиб кетган, узоқни кўра олмаган Абулфайзхоннинг мамлакатда юз берган оғир аҳволдан чиқиб кетиши қийин эди. Айни шу пайтларда Эронда ўз ҳукмронлигини йўқота бораётган Сафавийлар сулоласи тугатилиб, тахтга ўтирган қизилбошлиларнинг афшар қабиласидан бўлган Нодир шоҳ (1736-1747) Амударёдан ўтиб, Бухорони эгаллаш мақсадида Чорбакр121га келиб тушади. Абулфайзхон Нодир шоҳга ўзини тобелигини билдиради. У шоҳ билан тил бириктириб, унинг ёрдамида мухолифатда бўлиб келган айрим номдор қабила бошлиқларини ҳамда баъзи Бухоро амалдорларини бошқа юртларга кўчириб юбормоқчи бўлади. Абулфайзхон кўчириладиганлар рўйхатини Нодир шоҳга маълум қилади. Буларнинг қаторида Ҳаким Оталиқ (1743 йилда Аштархонийлар оталиғи бўлган) манғитнинг ўғли Раҳимбий (1743-1753 йилларда Аштархонийлар оталиғи бўлган, 1753-1758 йилларда Мовароуннаҳр хони (амири)) ҳам бўлган122.
Абулфайзхоннинг бундай ҳаракатларидан хабардор бўлган Раҳимбий унинг изига тушиб ўлдиради. Ўрнига эса Абулфайзхоннинг тўққиз яшар ўғли Абдулмўминни (1747-1751) тахтга ўтказади. Кўп ўтмай уни ҳам қатл этиб, Муҳаммад Раҳимбий Оталиқ ҳукмронликни ўз қўлига олади123.
XVI асрда бутун Эронда Сафавийлар сулоласи ҳукмронлик ўрнатгандан сўнг, Эрон Осиёдаги энг кучли давлатлардан бирига айланди. Юқорида келтириб ўтканимиздек, Сафавийлар Эронда шиалик, аниқроғи, жаъфарийлик шариати асосидаги имомийлик (араб. исна‘ашарийа – халифа Али ва унинг авлодларидан ташкил топган ўн икки имомга эътиқод қилувчилар) оқимини давлат дини деб эълон қилдилар124.
Ўрта асрлар тарихчиларининг маълумотларига кўра, XVI асргача Эроннинг ҳеч бўлмаганда ярим аҳолиси суннийликка эътиқод қилган. Масалан, Исфахон, Казвин, Шероз, Язд, Табриз каби шаҳарлар аҳолиси суннийликдаги шофеълик мазҳабига эътиқод қилган125. Маълумки, шоҳ Исмоил Сафавийнинг авлодлари ҳам суннийликдаги шофеълик мазҳабига этиқод қилишган ва келиб чиқишлари турк, бошқа маълумотларга кўра, курд бўлганлар126.
Исмоил Сафавий шиаликни қабул қилиши ва давлат дини сифатида кўтариши ҳақида турли маълумотлар мавжуд. Уларнинг бирида айтилишича, Исмоил шоҳ маст ҳолатида энг суюкли хотинини уч талоқ қилиб қўяди. Унинг атрофидаги аъёнлар шариат бўйича шоҳ энди хотини билан бирга бўла олмаслигини ва бир қанча муддат, яъни хотини бошқага эрга тегиб ажрашганидан сўнг никоҳлаш лозимлигини айтадилар. Аммо шоҳ ўз хотини қайтариб, никоҳ ўқишларини сўрайди ва саройига барча мазҳаб (ҳанафийлик, моликийлик, шофеълик ва ханбалийлик) вакилларини ушбу масалага аниқлик киритишни сўраб чақиради. Саройга келган барча мазҳаб вакиллари шариат бўйича бирон киши томонидан хотини уч талоқ қилинганда бошқага эрга тегиб, вақт ўтиб ажрашгандан кейин у кишига қайта никоҳланиши лозимлигини таъкидлайдилар. Аммо шоҳ бунга рози бўлмай, саройга шиалик вакилини чақиришларини буюради. Саройга келган ва ҳар гапдан хабардор бўлган шиалик вакили кираверишда оёқ кийимини ечиб, ўзи билан шоҳ олдига кўтариб киради. Буни кўрган шоҳ, “Эй бефаросат! Саройимга нима учун оёқ кийимини кўтариб кирдинг, эшикда қолдирсанг биров ўғирлармиди” – деб, ажабланади. “Подшоҳи олам менинг маъумотларимга қараганда, Пайғамбар (с.а.в.) даврларида Имом Аъзам мазҳабидагилар масжидга кириб кетган одамларнинг оёқ кийимларини ўғирлайдиган одатлари бўлган экан” – дейди. Буни эшинган ҳанафийлар “Ие! Ахир бу ёлғон. Бизнинг мазҳаб Пайғамбар (с.а.в.) даврларидан фалон йил кейин пайдо бўлган бўлса, қандай қилиб бизнинг мазҳабдагилар оёқ кийим ўғирлашган бўлсин” – деб айтадилар. Шиалик вакили “мени авф этинг шоҳ, бу моликий мазҳабидагилар оёқ кийим ўғриси эдилар” – деди. Моликий мазҳаби вакиллари ҳам ҳанафийлар каби Пайғамбар (с.а.в.) даврларидан кейин фалон йиллар ўтиб пайдо бўлганларини таъкидлайдилар. Бошқа мазҳаб вакиллари ҳам шундай ҳолатда жавоб қайтарганларидан сўнг шоҳ шиалик вакилига “Эй аҳмоқ! Сен нима бу ерга мени майна қилгани келганмидинг, бундай гапларни айтяпсан” – дейди. Шиалик вакили шоҳга “Сиз ўзингизни қизиқтирган саволга жавоб олдингиз, чунки ушбу мазҳаб вакиллари Пайғамбар (с.а.в.) даврларида бўлмаганлар, биз эса бўлганмиз ва бизда уч талоқ йўқ. Шунинг учун бизнинг шариат бўйича хотинингизни қайта никоҳлаб олишингиз мумкин” – дейди. Ушбу воқеадан сўнг Исмоил шоҳ суюкли хотинини қайта никоҳлаб олади ва шиаликни давлат дини даражасига кўтаради127. Аммо бу каби маълумотларга қарамай, маълумки, Сафавийлар Эронни бирлаштираётган бир даврда шиалик диний таълимотдан кўра, аввало, олдинги (сунний) ҳукмдорларга қарши сиёсий ёки ижтимоий ҳаракат ғояси сифатида намоён бўлган. Эронда суннийликка бўлган майл уламо, аъён ва шаҳарликлар орасида ўша даврда етарли даражада кучли бўлган. Зеро мамлакатдаги вазият айрим сунний аҳоли турк султони ёки ўзбек хонига бориб, уларни Сафавийлар давлатига ҳужум қилишликка чорлашга ундаганлар. Эроннинг ўзида ҳукуматга қарши бош кўтарган суннийлар исёни шафқатсизларча бостирилган ва оммавий қирғинлар бошланган. Лекин кўплаб сунний аҳоли ва фақиҳлар шиаликни қабул қилиш орқали ўз жонларини сақлашга эришганлар.
Эронда шиаликни давлат дини сифатида эълон қилиниши ва хутбада биринчи уч халифа (Абу Бакр, Умар, Усмон)ларни лаънатлаш шартли ифодасининг киритилиши, суннийларни қирғин қилиниши ва уларни таъқиб остига олиниши Эроннинг қўшни сунний давлатлар, Усмоний турклар (XIII асрнинг иккинчи ярми-XX асрнинг биринчи ярми) ва ўзбек хонликлари билан алоқаларини жуда оғирлаштирди. Усмоний турклар билан Сафавийлар ўртасидаги қарама-қаршилик, айниқса 1501 йилда Исмоил шоҳ томонидан биринчи уч халифани лаънатларни ўзида акс этган фармон чиқарилгандан сўнг кескинлашган. 1507 йилда Исмоил шоҳ қўшинлари Арманистон, Курдистон ва Диёрбакрни, кейинги йили эса, Бағдодни олгандан сўнг, Усмонийлар билан Сафавийлар ўртасидаги муносабат оғирлашади. Исмоил шоҳ ушбу қарама-қаршиликда Туркиядаги қизилбошлилардан бўлган шиалар ёрдамига умид қилган. Улар эса, ўз навбатида, Кичик Осиёда 1508, сўнг 1511 йилларда қўзғолон кўтарганлар. Аммо турк шиаларининг қўзғолони султон Боязид II (1481-1512) томонидан шафқатсизларча бостирилган128.
Усмонийлар билан Сафавийлар ўртасида очиқдан очиқ уруш эса, 1514 йил 23 августда Чалдиринда (ҳозирги турк-эрон чегарасида) бўлган жанг билан бошланади. Ушбу жангда турклар султони бўлган Салим I Ёвуз (1512-1520)нинг қўли баланд келиб Исмоил қўшинларини тор-мор келтиради. Исмоил шоҳ эса, жанг майдонидан қочиб қутилади ва бу жангдан сўнг мағлубиятга бардош бера олмай “катта сиёсат”га бўлган иштиёқини йўқотади. Исмоил шоҳ 1524 йилда, 37 ёшида ўзидан тўрт ўғил ва беш қизни қолдириб вафот этади.
Исмоил Сафавий ўрнига шоҳ тахтига унинг ўғли Тахмасп I (1524-1576) ўтиради. Аммо Тахмасп болалигида қизилбошлиларга тобе бўлган. Ўша пайтларда қизилбошлилар бир қанча қабилалар: шомлу, румлу, устожлу, текелю, афшар, қожар ва зулқадардан ташкил топган бўлиб, ҳар бир қабила бошлиқлари Эрон шоҳларига ўз таъсирини ўтказиш йўлида ҳаракат қилганлар ва ўзаро рақобатда бўлганлар129. Эрон ичкарисидаги ана шундай вазиятдан фойдаланган ўша пайтлардаги Бухоро султони (1512-1533) Убайдулло Марв ва Тус шаҳарларини қўлган киритган эди. Аммо Эрон учун жиддий хафвни ўзбеклар эмас, балки ғарбда Усмоний турклар туғдирар эди. Салим Ёвузнинг вориси Сулаймон II Қонуни (1520-1566) даврида, Усмонийлар давлати энг қудратли давлатга айланган бир даврда Эрон шоҳи Тахмасп сулҳ тузишни сўрайди ва 1555 йилда бунга эришади.
1576 йилда Эрон тахтига шоҳ Тахмаспнинг ўғли Исмоил II ўтиради. Лекин бир йил ўтар-ўтмас бир гуруҳ амирлар фитна уюштириб уни ўлдирадилар. Унинг ўрнига эса, Тахмаспнинг катта ўғли Муҳаммад I Худобанда (1577-1587) тахтга ўтиради. Албатта, ўша пайтда бўлган воқеалар Эронда таъсир доираларини кенгайтириш йўлида ҳаракат қилган қизилбошлилар қабилаларининг ўзаро курашларисиз ўтмаган. Улар, ҳатто, шоҳга фақат унвонни қолдириб, Эронни ўзаро бўлиб олган эдилар130.
Эрондаги оғир аҳвол қўшни Усмоний туркларнинг фойдасига ўйнайди. 1585 йилга келиб, турклар Табризни, ўзбеклар Хуросонга таҳдид қилаётган бир пайтда Сафавийлар Эрони амалда йўқ бўлиб кетиш даражасига етиб келган эди. Аммо Хуросон қизилбошлиларининг ҳаракатлари билан Эрон тахтига ўтирган Муҳаммад Худобанданинг кенжа ўғли Аббос I (1586-1628) Эронни қайта тиклаш йўлида ҳаракатни бошлади. У энг аввало Эрон учун зарур бўлган Усмоний турклар билан тинлик сулҳини тузади ва давлатда бир қанча соҳада ислоҳотлар ўтказади. Албатта, ушбу ислоҳотларнинг амалга оширилиши ўз натижаларини беради. 1598 йилда Абдуллохон ўлими ҳақида эшитган шоҳ Аббос бутун Хуросонни қайтариб олади. Мовароуннаҳрда бошланган нотинчликлар шоҳ Аббос учун шарқий чегараларда бўлган хавф бартараф этилганини билдирарди. Энди бутун кучини Усмонийларга қарши қаратган шоҳ Аббос Сафавийлар Озарбайжонда йўқотган ерларини қайтариб олишга киришади. Шоҳ Аббос даврида Эроннинг давлат тизими жиддий ўзгаришларни бошдан кечиради. Ўзбошимча қизилбошлилар билан бўлган қарама-қаршиликда катта ютуқларга эришган Аббос уларнинг таъсир доираларини деярли тугатган ва ўзига содиқ хизмат қилганларинигина тақдирлаган131.
Шундай қилиб, XV аср охири – XVI аср бошларида Мовароуннаҳр ва Хуросонда Темурийлар давлатининг тугатилиши ва Мовароуннаҳр ҳамда Эронда янги сулола вакилларининг давлат тепасига келиши ушбу ҳудуд геосиёсий аҳволини ўзгартириб юборди. Эронда Сафавийлар сулоласи томонидан шиалик йўналишидаги имомийлик оқимининг давлат дини деб эълон қилиниши, бунга қўшимча суннийлар учун хақоратли ҳисобланган ислом тарихидаги илк уч халифани лаънатланиши, суннийларни қатл этилиши ва таъқиб остига олиниши Эроннинг ўша пайтларда сунний қўшни давлатлари билан муносабатларининг кескинлашишига ва ўзаро урушларга олиб келди. Ушбу урушларда суннийлар ва шиалар ўртасидаги диний адоват ёрдамчи ғоя сифатида аҳамият касб этишига қарамай, урушларни ғамгин тусга бўяди. Ҳар иккала томондан ҳам шафқатсизликка йўл қўйилди. Сунний, айниқса Марказий Осиё фақиҳлари томонидан (ислом тарихида илк маротаба) асирга тушган шиаларни қулга айлантириш ва уларни қул бозорларида сотиш жоизлиги ҳақидаги фатволар берилди. Эронда шиаликнинг ғалаба қозониши эмас, балки суннийларга бўлган мутаассиб муросасизлик XVI аср бошларига келиб шиаларга бўлган нафратнинг ошишига олиб келди.



Download 0.89 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   ...   25




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling