Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги илмий даражалар берувчи d sc
Ислом тарихининг илк даврида шиаларга бўлган муносабат ва илк шиа оқим ва фирқаларининг Хуросон ва Мовароуннаҳр ҳудудида тарқалиши
Download 0.89 Mb.
|
DSR SHUH red 23.03.21 oxiri
1.3. Ислом тарихининг илк даврида шиаларга бўлган муносабат ва илк шиа оқим ва фирқаларининг Хуросон ва Мовароуннаҳр ҳудудида тарқалиши
Шиаликнинг юзага келишига VII асрнинг иккинчи ярмида мусулмон жамоаси бирлигининг йўқолиши сабаб бўлган. Аммо шиаликнинг диний йўналиш сифатидаги шаклланиши Ҳусайн ибн Али ибн Абу Толибнинг фожиавий ўлими (680 й.) ва Аббосийларнинг халифалик тепасига келиши (749-750 й.) оралиғида содир бўлган. Бу даврда шиаликнинг ривожланиш билан бир қаторда, ундан турли оқим ва фирқалар ажралиб чиқди. Бундай ажралишларнинг асосий сабабларидан бири Али авлодидан бўлган бир кишини имом сифатида тайинлаш борасидаги баҳслардир. Ажралишларнинг бошқа бир сабаби эса, айрим шиа имомларининг бутун ислом оламида имоматни Али авлодларига қайтариш учун курашларда сустликлари ва мавжуд тузумга қарши кураш олиб бормаганида. Бинобарин, сунний халифалар ёки давлат раҳбарларига қарши кураш олиб борган шиа оқим ва фирқалари улар томонидан таъқиб остига олиниб, кези келганда қириб юборилган. Илк бор шиаларга қарши ҳарбий ҳаракат уюштирган шахс бу Умавий халифа Язид ибн Муовия (646-683)дир. 680 йилда халифа Муовия вафотидан сўнг, Ироқда Умавийларга қаршилик фаоллашганда Куфа шиалари Ҳусайнни ўзларининг 3-имомлари деб билганлари учун, уни Куфада Язидга қарши қўзғалонга бош бўлишини сўрашади. Ҳусайн Маккадан Куфага жўнайди. Бир юз эллик жангчиси (айрим маълумотларга кўра, оила аъзолари ва тарафдорлари53) билан Куфага яқин Нинава деган жойда Умар ибн Саъад бошчилигидаги беш мингдан иборат халифа қўшинлари унга қаршилик қилади ва 680 йил 10 октябрда тўқнашув содир бўлади. Дастлаб Пайғамбар неварасига қарши кураш бошлашга халифа қўшини хайиқиб туради. Бироқ, улардан бири, Молик ибн ан-Нусайр қиличи билан Ҳусайнни бошига уриб жангни бошлаб беради. Шундан сўнг халифа қўшинлари Ҳусайн жангчиларини қириб ташлайдилар54. Шундан сўнг шиалар ўз мақсадлари йўлида халифаликнинг қаерида қўзғалон кўтармасинлар уларнинг чиқишлари Умавий халифалар томонидан бостирилган. Шундай қўзғалонлардан бири 739-740 йилллари бўлиб ўтиб, унда шиаларнинг 5-имоми Муҳаммад ибн Али ал-Боқирнинг укаси Зайд ибн Али ҳам Куфада халифа Ҳишомга (691-743) қарши чиққан шиаларга бошчилик қилиб, ўн ой давомида қаршилик кўрсатади ва жангда ҳалок бўлади55. Бу билан зайдийлар ўз мақсадлари йўлида курашни давом эттиришдан тўхтамадилар. VIII аср биринчи чорагига келиб халифаликдаги аҳвол ёмонлаша бошлайди. Бунга араб қабилалари ўртасидаги курашлар, меҳнаткаш табақаларнинг солиқларни енгиллаштириш борасидаги орзуларининг рўёбга чиқмаганлиги учун кўтарган қўзғолонлари, фатҳ этилган давлатларги аъёнларининг ҳокимият арабларга ўтганлигига қарши норозиликлари Умавийлар халифалигида бундай қўзғалон ва тартибсизликларни келтириб чиқарди. Умавийларга қарши курашда биринчилардан бўлиб, халифа Али авлодлари (шиалар) катта ўрин тутиб, улар халифаликни Пайғамбар авлодига қайтариш борасидаги ҳаракатларини авж олдирдилар. Ушбу курашда халифа Али авлодларига серғайрат иттифоқчи сифатида Аббосийлар (пайғамбар Муҳаммаднинг амакиси Аббос ибн Абд ул-Мутталиб авлодлари) чиқдилар. Хусайн Соберийнинг ёзишича, Аббосийлар дастлаб Умавийларга қарши курашда халифа Али авлодларига ёрдамчи сифатида кураш олиб борганлар. Аммо, вақт ўтиб, Аббосийлар фаол ва узоқни кўзлайдиган сиёсатчи бўлганликларидан келиб чиқиб, бу курашда раҳбарликни ўз қўлларига олганлар56. Умавийларга қарши қаратилган курашда Аббосийларнинг Хуросондаги тарғиботчиси Абу Муслим (тахм. 727-755) бўлган. У Умавийлар сиёсатидан норози бўлган барча табақадаги одамлар билан бир қаторда шиаларнинг кайсонийлик каби бир қанча оқим ва гуруҳлари вакилларини ўз атрофига жамлаган эди. 747 йилда Умавийларга қарши бошланган уруш 749 йилда халифалик тепасига Аббосийлар (749-1258) сулоласи келишига сабаб бўлади57. Ушбу қарама-қаршиликда Аббосийларнинг ҳокимият тепасига келиши ва вазият “хўжайини”га айланишига халифа Али авлодлари (шиалар)нинг ўртасидаги бирликнинг йўқ бўлганлиги сабаб бўлди. Чунки уларнинг айримлари ўз мақсадлари йўлида Аббосийлар билан жуда ҳам яқинлашиб кетдилар (масалан, кайсонийлар), бошқалари эса, улардан алоҳида ўз халифаликларини тузиш учун кураш олиб бордилар. Ана шундай гуруҳ вакиллари шубҳасиз зайдийлар бўлган. Зайдийлар Умавийлар давридаги каби Аббосийлар халифалиги даврида ҳам кўплаб қўзғалонларга бошчилик қилганлар. Зайдийларнинг ўз мақсадлари йўлида Умавийлар ва Аббосийларга қарши курашлари бўйича энг фаоли халифа Али авлодларидан (шиалардан) бўлганлар эди. Улар 762-763 йилларда Хижозда, 816-837 йиллар оралиғида Озарбайжон ва ғарбий Эронда кўтарилган қўзғалонларнинг муваффақиятсизлигига қарамай, 863-864-928 йиллар оралиғида Табаристонда (Эроннинг шимолий ҳудудларидан бири) ва 901-1962 йиллар оралиғида Яманда ўз давлатларига эга бўлганлар ҳамда 935 йили Аббосийлар пойтахти Бағдодни эгаллаб, то 1055 йилларгача ҳукмронлик қилган Бувайҳийлар (935-1055) сулоласининг асосчилари зайдийлардан бўлганлиги маълум58. Зайдийлардан ташқари ўша даврда халифалик ҳудудида имомий шиалар ҳам мавжуд бўлган, лекин имомийлар зайдийлар каби Умавийлар ва Аббосийлар билан кучли зиддиятга бормай, тақдирга тан берган ҳолда яшаганлар. Имомийлардан исмоилийлик оқими ажралгандан сўнг, шиа имомларининг ҳаёти ва фаолияти катта хавф остида қолди. Масалан, шиаларнинг нақлига кўра, 6-имом Жаъфар ас-Содиқ Аббосий халифа ал-Мансур (714-775) томонидан заҳарлаб ўлдирилган. Унинг ўғли, 7-имом59, Мусо ал-Козим эса, халифа ал-Маҳдий (744-785) ёки унинг вориси ал-Ходий (785-786 йиллар халифалик қилган) даврида хорижийлар томонидан кўтарилган қўзғалонда айбланиб, ҳибсга олинган. Аммо, баъзи маълумотларга кўра, у бир қанча вақт ўтмай озодликка чиққан. Шундан сўнг, энди халифа Хорун ар-Рашид (766-809) томонидан сиёсий хоинликда айбланиб, зиндонбанд қилинган. Унинг ўлими ҳақидаги маълумотлар бир-бирига зид чалкашликларга эга. Шиаларнинг ўзлари уни Бағдоддаги қамоқхоналардан бирида 779 йилда азоб тортиб вафот этган деб ҳисоблайдилар60. Мусо ал-Козим вафотидан сўнг шиаларнинг 8-имоми сифатида унинг ўғли Али ар-Ризо лақаби берилган Али ибн Мусо тайинланади. У аввал Мадинада истиқомат қилади. Ўша пайтларда ўз укаси Амин (787-813) билан халифалик тахти учун кураш олиб борган ва тахтни эгаллаган ал-Маъмун (786-833) уни араблар Бағдодида кўришни хоҳламаганлиги сабабли Хуросон (Марв)га кетади. Ал-Маъмун ўзининг форслардан бўлган вазири Фазл ибн Саҳл ва унинг укаси Ҳасан ибн Саҳлларнинг маслаҳатига кўра, мўътадил шиалар (асосан имомийлар) билан яқинлашади. Бу билан ал-Маъмун шиалар ёрдамида халифаликдаги кенг оммавий норозиликни сусайтирмоқчи бўлади. Шу мақсадни кўзда тутиб, ал-Маъмун 816 йилда шиалар имоми Али ар-Ризони Мадинадан Хуросонга олиб келишни буюради. Али ар-Ризо Марвга келганида Маъмун уни ўзининг валиаҳди деб эълон қилади ва ҳатто, Али ар-Ризога ўзининг қизи Ҳабибани никоҳлатиб беради. Бундай (хаифа Али авлодлари ва Аббосийлар ўртасидаги) иттифоқчилик даврида шиалар катта обрўга эга бўла бошлайдилар. Аммо ушбу иттифоқ узоқ давом этмайди. Чунки имомийлар ўша пайтларда халифаларга улар хоҳлаган кўмакни бера оладиган нуфузли гуруҳ эмас эдилар. Бундан ташқари халифанинг шиаларга кўрсатаётган ғамхўрлигига қарши суннийлар орасида қўзғолон чиқади. Шундан сўнг халифа ал-Маъмун шиалар билан алоқаларни узишга ҳаракат қилади. Аввало у ўзининг шиаларга ён босувчи вазири Фазл ибн Саҳлни ўлдиришга буйруқ беради, сўнг эса, Али ар-Ризо тўсатдан61, захарланган мевани истеъмол қилганидан кейин вафот этади. Имом Ризо Эроннинг Тус шаҳри яқинидаги Синобод/Санобод қишлоғида халифа Хорун ар-Рашиднинг қабри жойлашган мозорга кўмилади. Унинг ўлимига халифа ал-Маъмун ўзининг дахлсизлигини эътироф этган бўлса ҳам, шиалар Имом Ризони дин йўлида шаҳид бўлди деб ҳисоблашади62. Имомийлар Али ар-Ризо вафотидан сўнг ўзларига 9-имом сифатида ал-Жавод (“сахий”) ва ат-Тақий (“тақводор”) деб номлар олган Муҳаммад ибн Али ар-Ризони тайинлайдилар63. У халифа ал-Маъмуннинг қизи Ҳабибадан туғилган эмас, балки Имом Ризонинг номаълум бир чўрисидан туғилган ўғил фарзанд эди64. Муҳаммад ал-Жавод отасининг вафоти пайтида Мадинада яшар эди. Халифа ал-Маъмун Муҳаммад ал-Жаводни ўз назорати остида ушлаш мақсадида уни расман ўз ҳомийлиги остига олиб, қизларидан бири бўлган Зайнабга уйлантириб қўяди. Аммо уларнинг никоҳи бахтли бўлмаслигига қарамай, Муҳаммад ал-Жавод тинч ҳаёт кечиради. Лекин ал-Маъмуннинг вориси ва укаси бўлган ал-Муътасим биллоҳ (794-842) ҳукмронлик даврига (833-842) келиб Муҳаммад ал-Жаводнинг аҳволи ёмон томонга ўзгаради. Муҳаммад ал-Жавод халифа Муътасим томонидан уюштирилган ва хотини Зайнабнинг захарланган дастрўмоли ёки захарланган шарбат берилиши орқали ўлдирилган. Аммо бу нақллар ишончли эмас деб ҳисобланади ва Имом Муҳаммад ал-Жавод аслида 835 йил Бағдодда вафот этган дейилган маълумот ҳам мавжуд65. Шундан сўнг шиалар ўз имомлари сифатида Муҳаммад ал-Жаводнинг чўриси66дан дунёга келган ҳамда ан-Нақи (“пок, тоза”) номи билан машҳур бўлган Али ибн Муҳаммадни тайинлашади. У отаси вафоти йили 6 ёки 8 ёшда бўлиб, Мадинада онаси билан яшаган. Али ан-Нақи халифалар ал-Муътасим биллоҳ ва ал-Восиқ (810-847) даврларида сиқув остига олинмай тинч ҳаёт кечирган. Аммо мутаассиб сунний бўлган халифа Мутаваккил даврида (822-861), муътазилийлар67 ва шиалар кескин таъқиб остига олинган. Халифа Али ва Ҳусайн ибн Али қабрларининг зиёрати таъқиқланган бир пайтда, ўзининг сиёсий сустлигига қарамай, Али ан-Нақи таъқибдан қоча олмайди. Маълумотларга кўра, Али ан-Нақи ўз уйида қурол ва бидъатдан иборат бўлган китобларни яшираётгани ва ҳокимиятни кўз тикаётганликда халифага жосуслардан хабар келади. Унинг уйида тинтув ўтказилиб, ҳеч қандай шубҳали нарсалар топилмаганлигига қарамай, уни аввал Бағдодга, сўнг Самаррадаги халифанинг саройига келтиришади ва зиндонбанд этишади. Али ан-Нақи бир неча йил қамоқда ўтириб, 868 йили ўша ерда вафот этади. Али ан-Нақи вафотидан сўнг унинг ўрнини ўғли ал-Аскарий68 номи билан танилган Ҳасан ибн Али эгаллайди. У отасининг қамоққа олинишидан бир неча йил (846 ёки 847) олдин Мадинада туғилган69. Али ан-Нақи қамоққа олинган пайтда унинг оиласига Самаррада яшаш учун рухсат берилган ва шу тариқа Ҳасан ибн Али Самаррада ҳаёт кечира бошлайди. Отасининг ўлимидан сўнг, халифа Муътазз даврида (848-869), яъни 868-869 йиллар оралиғида у ҳам қамоққа олинади. У кейинги халифалар ал-Мухтади (832-870) ва ал-Муътамид (845-892) замонларида ҳам қамоқда ҳаёт кечирган. Аммо умрининг охирги йиллари халифа ал-Муътамид уни озод этиб, отасининг Самаррадаги уйида яшашга рухсат беради. Ҳасан ал-Аскарининг қонуний рафиқаси бўлмаган. Лекин унинг Наржис/Наргис исмли чўриси унга ягона ўғил фарзанд туғиб беради ва шу туғилган болага шиаларнинг охирги 12-имоми бўлиш насиб этади. Унинг исми Муҳаммад бўлган. Ҳасан ал-Аскарий ўғли туғилишидан бир неча (саккиз) ой (2, 4 ёки 5 ой) олдин 873 йили Самаррада вафот этади70. Муҳаммад ибн Ҳасан ал-Аскарий олти (айрим маълумотларда етти ёки тўққиз) ёшга етганида ғойиб бўлади. Унинг ғойиб бўлиши ҳақида кўплаб ривоятлар мавжуд бўлиб, уларнинг бирида у Самаррада йўқолган, бошқасида Хилла шаҳрида йўқолган, яна бирида халифа ал-Муътамид имомликка имконияти бўлган даъвогардан қутилиш мақсадида жосуслари томонидан ўлдириб юборган дейилади. Охирги, ўн иккинчи имом Муҳаммад ибн Ҳасан ал-Аскарий йўқолгандан сўнг шиалар уни Маҳдий71 деб эълон қилиб, у келгунига қадар жамоани, юқорида айтиб ўтганимиздек, имомларнинг “ўриносар”лари бошқариб турадилар деб эътиқод қила бошлаганлар72. Шиаларнинг имомлари ҳаётидан келтирилган ушбу маълумотлардан кўриб турибмизки, улар ўз ҳаёти давомида Умавий ёки, кўпроқ Аббосий халифаларга очиқдан-очиқ кураш олиб бормаган бўлсалар ҳам вақти келганда ўз тарафдорлари билан бирга таъқиб остига олинганлар, кези келганда хуфёна тарзда ўлдирилганлар. Лекин шиалик йўналишида зайдийлар каби яна бир ўз мақсади йўлида очиқ курашувчи оқим – исмоилийлик вакиллари бўлган. VIII асрнинг иккинчи ярмида шиалик йўналиши тарихида пайдо бўлган исмоилийлик вакиллари ўз таълимотларини ёйиш ва Исмоил ибн Жаъфар авлодлари имомлик қилувчи ўз халифаликларига эга бўлиш мақсадида кураш олиб бора бошлаганлар. Юқоридаги қисмда айтиб ўтканимиздек, X асрнинг бошларигача исмоилийларнинг биринчи имоми Исмоил ибн Жаъфарнинг ўғли Муҳаммад вафоти ва умуман ундан кейинги қолган имомларнинг тақдири ҳақидаги маълумотлар кам учрайди ва бу давр исмоилийлар тарихида “яшириниш” даври деб аталади. Тахминларга кўра, Муҳаммад ибн Исмоил авлодлари Аббосий халифаларнинг таъқибидан Сурия, Хуросон, Мағриб томонларга қочганлар ва у ерларга жойлашиб олиб, ўз таълимотларини ёйиш мақсадида жамоалари орасидан вакилларни даъватчилик (да‘илик) учун ислом халифалиги ва ундан ташқари давлатларга юборганлар73. Тадқиқот мақсадидан келиб чиққан ҳолда, халифаликнинг ҳар бир вилоятида исмоилийликнинг тарқалиши бўйича сўз юритмасдан, балки тарихда Хуросон ва Мовароуннаҳрга илк шиа оқимларининг кириб келиши, жумладан, исмоилийликни тарқалиши бўйича маълумот бериш мувофиқ. Чунончи, исмоилийлар ўз ораларидан даъватчиларни тайёрлаб, уларни турли ҳудудларга юборганлар. Манбаларда келтирилишича, Хуросонда исмоилийликнинг илк бора тарқалиши синтаксис (гап тузиш/тўқиш) бўйича мутахассис ҳисобланган Ғиёс (тахм. IX асрда Рай (Эрон) шаҳрида яшаган) исмли бир шахс номи билан боғлиқ. У Суриядан Хуросонга келиб, Мердерруд шаҳрида тўхтайди ва бу ернинг амири Ҳусайн ибн Али Марвазийга ўз таълимотини ўргатади. Амир Ҳусайн ўша пайтларда Хуросоннинг Талликон, Маймана, Ҳирот, Журжистон ва Гур вилоятларида ўз ҳокимиятини ўрнатган бўлиб, исмоилийлик таълимотини шу ерларга ёяди. Сўнг ўзининг ўлими яқинлашганини сезган Ҳусайн ибн Али Марвазий бу ишни ўз ўринбосари деб эълон қилган Муҳаммад ибн Аҳмад Нахшабийга топширади. Ҳусайннинг васиятига кўра, Муҳаммад ўз ўрнига бошқа ўринбосар тайинлаб, ўзи Жайҳун дарёси (Амударё)дан кечиб ўтиб, Сомонийлар (819-1005) пойтахти Бухоро ва Самарқанднинг кўзга кўринган одамларини исмоилийликка даъват этади. Муҳаммад ҳудди шундай йўл тутиб, Бухорога йўл олади. Аммо у Бухорода омадсизликка учраб, Нахшаб (Насаф) томон йўл олади. Нахшабда Муҳаммад ўз таълимотини Хуросон амирининг олдинги надими Абу Бакр Нахшабийга ўргатади, у эса, ўз навбатида бу таълимотни бошқаларга сингдириб боради. Шундан сўнг Муҳаммад яна бир бор бу жойларга келиб исмоилийлик таълимотини давлат ҳокимиятида ишлайдиган шахсларга ўргата бошлайди. Аста-секин исмоилийик Сомонийлар давлатига кириб бориб, ҳаттоки, амир Наср ибн Аҳмад (ёки Наср II 914-943) ҳам Муҳаммаднинг хутбаларини жони билан эшитадиган ва у айтганини қиладиган даражага бориб қолади. Бунинг натижасида Муҳаммад ўз хутбаларини очиқчасига ўқий бошлайди. Туркларга уларнинг шоҳи қарматий бўлиб қолгани ёқмайди74. Маълумотларда ёзилишича, 943 йилда отасининг ўрнини эгаллаган Нуҳ ибн Наср (943-954) бидъатчи-исмоилийларни тўлалигича йўқ қилиш сиёсатини қўллай бошлайди ва Мовароуннаҳрдами, Хуросондами отам75 қабул қилган исмоилийлар эътиқодини қаерда қабул қилишган бўлса, ўша ерда муқаддас уруш бошлаймиз, чунки ботинийлар тор-мор этилишдан бошқага лойиқ эмаслар, дейди. Нуҳ ибн Наср шу даражада исмоилийлар билан курашадики, исмоилийлик охир-оқибат Мовароуннаҳр ва Хуросонда яширин эътиқод даражасига келади76. Аммо бу билан исмоилийларнинг тарғиботи тугамайди ва улар билан курашишни Ғазнавийлар (977-1186), айниқса, Маҳмуд Ғазнавий (998-1030) давом эттиради. А.Е.Бертелсьнинг ёзишича, “Ғазнавийлар империяси ўзининг қирқ йиллик қудрати даврида ҳокимиятдан норози бўлган турли хилдаги бидъий ғояларга қарши доимий ва шиддатли равишда кураш олиб борганлар”77. Султон Маҳмуд исмоилийлар ўз давлатларидан бирини тузган Мултонга уч бора юриш қилиб, кўплаб исмоилийларни қиради. Аммо бу билан Маҳмуд Ғазнавий ҳам тўлалигича исмоилийларни йўқ қила олмайди78. Қарматий-исмоилийларга қарши курашиш Салжуқийлар (1038-1194) давлатида ҳам олиб борилган. Аммо салжуқий султонлар исмоилийлар билан уларни нафақат бидъатчилар, балки давлатнинг сиёсий душмани сифатида билиб, кураш олиб борганлар. Ушбу кураш, айниқса, исмоилийлар томонидан Эроннинг Аламут водийсидаги қалъа ишғол этилгандан сўнг шиддадли тус олган79. VIII-XV асрлар, айниқса IX-XIII асрларда Марказий Осиё ва унга чегарадош ҳудудлардаги давлатларнинг раҳбарлари томонидан исмоилийларнинг турли оқим ва гуруҳларига қарши шиддатли кураш олиб борилиши, бу йўналиш тарафдорларининг ташкилий ва услубий фаолиятларининг ўзгаришига олиб келди. Хавфсизликни таъминлаш мақсадида исмоилий даъватчилар тақийага таянган ҳолда фаолият юритганлар. Хатардан сақланиш учун улар суннийлар орасида ўзини сунний, шиалар орасида ўзини шиа деб атаганлар. Исмоилийларга қарши чиққан ҳар бир давлат раҳбарига террорчилик услубини қўллаганлар. Бунга мисол тариқасида Салжуқийлар саройида 1063 йилдан 1092 йилларгача (Алп Арслон (1063-1072) ва Малик-шох (1072-1092) ҳукмронликлари даврида) хизмат қилган вазир, хуросонлик Абу Али ибн Али ибн Исҳоқ (Низом ул-Мулк)нинг 1092 йилнинг октябр ойида дарвиш кийимидаги исмоилий томонидан пичоқлаб ўлдирилишини келтириш мумкин80. XIII асрнинг иккинчи ярмига келиб, Осиёда 1090 йилдан 1256 йилгача мавжуд бўлган Исмоилийлар давлатининг маркази бўлган Аламут Мўғуллар (XIII-XIV асрлар) босқини остида қулайди81. “Низорий-исмоилийларнинг мағлубияти ва уларнинг Эрондаги давлатининг қулаши” – деб ёзади Илья Павлович Петрушевский, шиаликнинг бошқа оқими – имомийлик (исно‘ашарийлик)нинг кенг халқ оммасига бўлган таъсирининг кучайишига олиб келди82. XIV-XV асрларда Эронда ва Марказий Осиёнинг жануби-ғарбий чегараларида Мўғуллар босқини ва феодал “зулм”га қарши халқ қўзғолонлари шиаликнинг айнан имомийлик оқими тарафдорлари томонидан уюштирилган деб айтса бўлади. Бундай хулосага келишимизга сабаб шуки, И.П.Петрушевский манбаларга асосланган ҳолда ўзининг “Ислам в Иране в VII-XV веках” китобида Эрон шаҳар ва қишлоқлари аҳолиси ҳақида гапириб, маҳаллий шиалар асосан имомийлардан иборатлигини келтиради83. Айнан шу шиалар мўғуллар ва кейинчалик Амир Темур (1370-1405) босқинларига қарши қўзғолонларга ғоявий туртки берганлар. 1337 йил Хуросонда бошланган қатор қўзғолонлар нафақат Эронда, балки унга чегарадош давлатларда ҳам кўтарилди, чунки зодагонлар зулмининг ўсиши бир қатор давлатлар учун умумий ҳолга айланиб қолган эди. Бундай қўзғолонларда деҳқон-ҳунармандлар ва қуйи табақалар билан биргаликда қочоқ қуллар ҳам иштирок этганлар. Ана шундай ҳаракатлардан бири сарбадорлар ҳаракати эди. Сарбадорлар ҳаракати шу қадар авж олиб, ривожланадики, ҳатто улар Хуросонда 1337 йилдан 1381 йилгача мавжуд бўлган ўз давлатларини тузадилар. Улар тузган давлатда имомийлик талқинидаги шиалик эътиқоди киритилиб, ўн икки имом хотирасига бағишланиб хутбалар ўқилган. Сарбадорлар қўзғолони нафақат ҳозирги Эрон, балки ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида, 1365-1366 йилларда Самарқандда бўлиб ўтиб, қўзғолон буюк саркарда Амир Темур томонидан бостирилган. 1381 йилда Темур қўшинлари Сабзавор шаҳрини эгаллагандан сўнг сарбадорлар давлатига якун ясалади. 1392 йилда Мозандарондаги сайидлар давлати қисмати ҳам шу тариқа тугайди84. Амир Темурнинг Эрон ва Суриядаги юришлари бўйича академик В.В.Бартольд фикр билдирар экан, “Темур Суриядаги юришларида халифа Али ва унинг авлодларининг ҳимоячиси сифатида гавдаланиб, шавқатсиз жанг олиб борганлиги учун сурияликлар уни серғайрат шиа деб аташган, лекин Мозандаронда эса пайғамбар ҳамроҳлари хотирасини топтаган шиа дарвешларини жазолаган. Шунинг учун, гоҳида Амир Темур учун дин ўзининг ишларини оқловчи омил бўлишига кўра, сиёсий мақсадларга эришиш йўлидаги қурол бўлиб хизмат қилган” – дейди. В.В.Бартольд ўз фикрларини давом эттириб, А.А.Семенов ўз асарларида Темур ва унинг авлодлари қабрлари устидаги ёзувлардан уларнинг келиб чиқиши халифа Алига бориб тақалиши ва шунинг учун Темур шиа деб кўрсатганлиги ҳамда уни “шиалик тарғиботчиси ва ҳомийси”дир деган фикрига қўшилиб, хулоса чиқаришга етарли асос йўқ деб айтади85. Демак, Амир Темур ўз юришларида диний дунёқарашларини доимий тарзда намойиш этмаган. Зеро унинг юришларидаги диний сабаблардан ташқари, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий сабабларни ҳам унитмаслик лозим. Амир Темур ўзининг Хуросон ва Эронга юришлари пайтида асирга олинган қўли гул уста ва ҳунармандлар Мовароуннаҳрдаги катта қурилишларга жалб этилган86. XV асрга келиб, Амир Темур томонидан тузилган давлат аста-секин емирила бошлади. Амир Темур ҳаётлиги даврида ўз давлатини ўғилларига бўлиб берган эди. Лекин Темурийлар авлодларининг кўпайиб бориши ва уларнинг мол-мулкларни талашишлари ўзаро урушларга олиб келди. Бунинг натижасида Темур ва Темурийлар эгаллаган давлатларда ҳокимлик қилган аввалги сулола вакиллари ўз давлатларида ҳокимиятни қайтадан қўлга олишга киришдилар. Энди Темурийлар нафақат ўзаро, балки ташқи ёв билан кураш олиб боришларига тўғри келди. Темурийлар Эронда ҳукмронлик қилганларида кўпроқ имомий оқимидаги шиаларга қарши шиддатли кураш олиб борганлар. Имомий шиаларнинг ҳаракати сусайиши оқибатида ғулот шиа оқимлари ҳаракати жонланади ва улар Темурийларга қарши тарғиботни бошлаб юборадилар. Аммо Эрондаги шиалар ҳаракати орасида ўзининг сиёсий оқибати ила сафавий-қизилбошлилар ҳаракатининг муҳим тарихий аҳамияти ортиб борди. Бунинг натижасида 1502 йилга келиб, сафавий-қизилбошлилар Эронда ўз ҳокимиятини қуришга эришдилар87. Шундай қилиб, милодий 680 йилда, Куфа яқинидаги Нинава деган жойда пайғамбар невараси Ҳусайн ва унинг яқинлари ўлими билан тугаган тўқнашув мусулмон оламида суннийлар ва шиалар орасидаги муносабатни кескинлаштирди. Шиалар имоматга эришиш ва имом (ҳам дунёвий, ҳам диний раҳбар) қилиб халифа Али авлодларини кўтариш йўлида ҳаракат қила бошладилар. Аммо шиалар орасидаги якдилликнинг йўқлиги улар орасидан турли оқим ва фирқаларнинг келиб чиқишига сабаб бўлди. Келиб чиққан оқим ва фирқалар халифа Али авлодларидан ўзларига имом тайинлаб, халифаликнинг турли нуқталарида урушлар олиб бордилар ва қўзғолонлар кўтардилар. Улар айрим ерларда ўз мақсадларига эришиб, бунинг натижасида 909-1171 йилларда Африканинг шимолида фотимий-исмоилийлар, 863-864-928 йиллар оралиғида Табаристонда ва 901 йилдан Яманда зайдийлар, 1090-1256 йиллар Эронда қарматий-исмоилийлар ўз давлатларини тузишга муяссар бўлдилар. Лекин шуларга қарамай, ислом оламида шиалар камчиликни ташкил қилганлари учун суннийлар томонидан таъқиб остига олинганлар. Бундай сиёсатнинг олиб борилиши турли кескин ва муросасиз шиа оқимлари ва фирқалари вакилларининг халифаликнинг марказидан чекка вилоятларида ўз таълимотларини ёйишига олиб келди. Хусусан, ўша даврда ҳозирги Марказий Осиё ана шундай жойлардан бирига айланди. Марказий Осиё, аниқроғи, Хуросон ва Мовароуннаҳр ҳудудига шиаликдаги исмоилийлар таълимоти даъватчиларининг кириб келганликлари маълум бўлиб, ушбу оқим вакилларининг, умуман шиаликдаги турли оқим ва фирқа вакилларининг ҳозирги Марказий Осиё ҳудудига кириб келиши Умавий ва Аббосий сулолалар ўртасидаги курашда фаоллашди. Шиа оқимлари таълимотларининг ўша вақтларда турли ҳудудларга, хусусан, Мовароуннаҳрда ёйилиши, ҳатто давлат раҳбарлари, олиму мутафаккирлар дунёқарашига сезиларли таъсир кўрсатди. Зеро, ҳозирги Марказий Осиё бу ерга ислом дини кириб келганидан бошлаб суннийлар истиқомат қиладиган минтақага айланган. Шунинг учун шиалик йўналиши вакиллари вақти келганда кескин таъқиб остига олинганлар, ўз диний қарашларини беркитиб, суннийлар орасида омонлик сақлашга уринганлар ва ўз жамоаларини тузиш йўлида, хуфиёна бўлса ҳам, ҳаракат қилганлар ва қайсидир маънода ўз жамоалари (масалан, ҳозирги Тожикистоннинг Бадахшон исмоилийлари) билан Марказий Осиёнинг айрим вилоятларида сақланиб қолганлар. 1-боб хулосаси Демак, ислом дини пайдо бўлган йилидаёқ ўз тарафдорлари орасидаги турли сиёсий ва диний қарашлар оқибатида бирликни йўқотди ҳамда вақт ўтиб бир неча йўналиш ва гуруҳларга бўлиниб кетди. Бундай бўлинишлар натижасида исломда уч йўналиш (хорижийлик, шиалик, суннийлик) вужудга келди. Шиалар аввало диний кейин эса сиёсий қарашлари билан олий ҳокимиятга ҳақ эканликларини исботлаш мақсадида майдонга чиқдилар. Аммо вақт ўтиши билан шиалик тарафдорлари орасида ҳам ўз манфатлари йўлида ҳаракат қилган шахсларнинг қарашлари бир-бирига зид келганлиги сабабли бирлик йўқолди ва шиалик турли оқим ва фирқаларга бўлиниб кетди. Улардан айримлари дунёнинг турли минтақаларида турли даврларда кенг тарқалиб, имоматга эришиш ва имом (ҳам дунёвий, ҳам диний раҳбар) қилиб халифа Али авлодларини кўтариш йўлида ҳаракат қила бошладилар. Download 0.89 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
ma'muriyatiga murojaat qiling