Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги тошкент давлат юридик институти
Download 1.89 Mb. Pdf ko'rish
|
ҲОЗИРГИ ЗАМОН жиноят ҳуқуқи муамолари
2. Бир неча ҳукмлар юзасидан жазо тайинлашнинг муаммолари Жазо масаласи жиноят ҳуқуқи назариясида ҳам, жиноят қонунчилигида ҳам муҳим ўринда туради. Шунингдек, жазо ҳуқуқий чоралар ичида жиноятчиликка қарши кураш масаласида муҳим чора сифатида фойдаланилади. Кўпчилик олимларнинг фикрларига кўра жиноий жазо суд томонидан давлат номидан жиноят содир этган шахсга нисбатан жиноятларнинг умумий ва махсус олдини олиш мақсадида қўлланадиган давлатнинг махсус мажбурлов чорасидир 1 . 1. Бошқа бир муаллифлар жазо жиноятчини, унга тегишли бўлган у ёки бу манфатлардан маҳрум қилиб, жиноятчини ва унинг жиноий фаолиятига давлат томонидан салбий баҳо беришдир 2 . 2. С.И. Деменьтевнинг фикрига кўра, жазо жиноят содир қилишда айбдор бўлган шахсга нисбатан қонунда белгиланган тартибда жафо келтириши ва муайян ҳуқуқлардан маҳрум қиладиган махсус мажбурлов чорасидир 3 . Ўз Р ЖКнинг 42-моддасига кўра” Жазо жиноят содир этишда айбли деб топилган шахсга нисбатан давлат номидан суд ҳукми билан қўлланадиган ва маҳкумни қонунда назарда тутилган муайян ҳуқуқ ва эркинликлардан маҳрум қилиш ёки уларни чеклашдан иборат мажбурлов чорасидир. Жазо ҳақида Норбўтаев Э. X. эса шундай деб ёзади: “Жазо оммага намуна этиш хусусиятига эга бўлган чорадир. Жазо давлатнинг шахс, жамият ва давлат ҳуқуқлари ва манфатларини ҳимоялаш учун қабул қилган қонунидаги белгиланган тақиқларни бузиш йўл-йўриқларини бажармасликдан иборат муайян шахснинг жиноий ахлоқига мажбуран жавоб чорасидир. 4 Жиноий жазоларга берилган ушбу таърифлардан кўриниб турибдики, жиноий жазо тушунчаси масаласида ягона фикр йўқ. Ана шу берилган таърифлар ичида бизнинг фикримизча Ўз Р ЖКнинг 42- моддасида берилган таъриф унинг мазмун ва моҳиятига тўгри келади. Биз таҳлил қилаётган мавзу бир неча ҳукмлар юзасидан жазо тайинлаш бўлсада, ана шу тайинланадиган жиноий жазоларнинг тушунчасига қисқача тўхталиб ўтдик. Чунки ҳар қандай жиноят учун тайинланадиган жазода уни тайинлашнинг мақсади ётади. Ўз Р ЖКнинг 43-моддасида жиноий жазоларнинг қатъий рўйхати берилган бўлиб, бу жазолар Жиноят кодекси Махсус қисми моддаларининг санкциясида назарда тутилган. Суд жиноят содир 1 Наташев А.Е., Стручков Н.А. Основ теории исправительно-трудового права. 1967, с. 37; Ной И.С. Вопросы теории наказания в советском уголовном праве. Саратов. 1962. с. 155. Беляев Н.А. Уголовно-правовая политика и пути её реализации. Л. 1986, с.14. 2 Шаргородский М.Д. Наказание, его цели и эффективность. Л. 1973. стр. 112-113. 3 Дементьев С.И. Лишение свободы. Уголовно-правовая и исправительно-трудовые аспекты. Ростов. 1981. с. 45. 4 Норбутаев Э.Х. Уголовный закон и его эффективность. Т., “Меҳнат”, 1991. этишда айбланаётган шахсга нисбатан жазо тайинлашда фақат айбдорнинг қилмиши квалификация қилинган модданинг ёки моддалар санкциясида назарда тутилган жазони тайинлаш-нинг иложи бўлмаса суд Ўз Р ЖКнинг 57-моддасига мурожаат қилиб қонунда кўрсатилганидан ҳам енгилроқ жазо тайинлаш қоидаларига амал қилган ҳолда Ўз Р ЖКнинг 43-моддасида назарда тутилган енгилроқ турдаги жазолардан бирини тайинлайди. 3. Жазо тайинлаш масаласи суд фаолиятининг ғоят муҳим қисми бўлиб, тайинланган жазо унинг мақсадига мувофиқ келиши керак. Яъни ЎзР ЖКнинг 42-моддасида белгиланганига кўра, жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятини давом эттиришга тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум томонидан янги жиноят содир этилишини ва бошқа шахслар томонидан жиноят содир этилишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади. Агарда жиноят содир этишда айбдор бўлган шахснинг қилмиши Жиноят кодексининг битта моддаси билан квалификация қилинган бўлса, жазо тайинлаш масаласида бирон - бир муҳим муаммо келиб чиқмайди. Яъни, айбдорнинг қилмиши квалификация қилинган модданинг санкциясида назарда тутилган жазолардан бирини тайинлайверади. Аммо айбдорнинг қилмиши Жиноят кодекси Махсус қисмининг бир неча моддаси билан айбланаётган бўлса, ёки бир жиноят учун ҳукм чиқарилганидан кейин яна янги жиноят содир қилган тақдирда, яъни бир неча ҳукмлар юзасидан жазо тайинлаш масаласи қандай ҳал қилинади деган савол туғилади. Шуни назарда тутиб Жиноят кодексининг 59-моддасида бир неча жиноятлар учун жазо тайинлаш, 60-моддасида эса бир неча ҳукмлар юзасидан жазо тайинлаш қоидалари ишлаб чиқилган. Ушбу бобда бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш қоидаларини таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз. ЎзР ЖКнинг 60-моддасида белгиланишига кўра,”Агар махкум ҳукм чиқарилганидан кейин жазони тўла ўтамай туриб, янги жиноят содир этса, суд янги ҳукм бўйича тайинланган жазо муддатига илгариги ҳукм юзасидан ўталмай қолган жазо муддатини тўла ёки қисман қўшади” Бир неча ҳукмлар юзасидан жазо тайинлашнинг бу қоидаси ЎзР ЖКнинг 34-моддасида назарда тутилган рецидив жиноят тушунчасига мувофиқ келади. ЎзР ЖК нинг 34-моддасида белгиланишича, шахснинг илгари қасддан содир этган жинояти учун судланганидан кейин қасддан янги жиноят содир этиши рецидив жиноят деб айтилади. Аммо ЖКнинг 34-моддасидаги рецидив жиноят билан ЖКнинг 60-моддасида назарда тутилган тушунчаларни солиштириб таҳлил қилинса, 34-моддадаги рецидив жиноят тушунчаси фақат қасддан қилинган жиноят учун судланганидан кейин яна қасддан жиноят содир этганликни назарда тутади. ЖКнинг 60-моддасидаги бир неча ҳукмлар тушунчаси эса маҳкумга нисбатан ҳар қандай жинояти учун (қасддан ёки эҳтиётсизликдан қилинганидан қатъи назар) жазо тайинлашни назарда тутади. Демак, рецидив жиноят учун жазо тайинлаш тушунчасига нисбатан бир неча ҳукмлар тушунчаси анча кенгроқ ҳисобланади. Лекин шунга қарамасдан бир неча ҳукмлар юзасидан жазо тайинлаш тушунчаси ҳам бир қанча жиноятлар содир қилиш доирасига киради. Бундан ташқари, жазо тайинлаш масаласида рецидив жиноят учун ҳамда бир неча ҳукмлар юзасидан жазо тайинлашнинг ўзига хос қоидалари бор. Шуни эътиборга олиб Россия Федерациясининг ЖКда (68- модда) рецидив жиноят учун жазо тайинлашнинг қоидалари алоҳида моддада назарда тутилган. Шунга мувофиқ равишда Россия Федерациясининг жиноят ҳуқуқида рецидив жиноят учун жазо тайинлашнинг назарий қоидалар ишлаб чиқилган 1 . Бизнинг назаримизда, Ўз Р ЖКнинг 34-моддасида рецидив жиноят тушунчаси берилган экан, рецидив жиноят учун жазо тайинлашнинг қоидалари ишлаб чиқилиб, алоҳида моддада берилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Жиноят кодексининг 59-моддасида бир неча жиноят содир этганлик учун, 60-моддасида эса бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш қоидалари кўрсатилган экан, уларни ажратиб турадиган чегара қаерда? Шахсга нисбатан айб эълон қилингандан кейин содир этилгандами деган савол туғилади. Юридик адабиётларда бу масалада аниқ бир чегара ҳақида айтилмаган бўлсада, бу масала Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 60-моддасининг ўзида аниқ айтиб қўйилган. Бу моддада шундай дейилади: “Агар маҳкум ҳукм чиқарилгандан кейин жазони тўла ўтамай туриб, янги жиноят содир этса, суд янги ҳукм бўйича тайинланган жазо муддатига илгариги ҳукм юзасидан ўталмай қолган жазо муддатини тўла ёки қисман қўшади”. 1 Қаранг: Курс советского уголовного праве в 6 томах Т-3, М. “Наука”, 1970. Уголовное право Российской Федерации. Общая часть. — М. “Юристь”, 1999. с.395. Қонун нормасининг ушбу мазмунидан кўриниб турибдики, ҳукм чиқарилгунча, яъни ҳукм ўқилгунча содир этилган жиноят учун ЖКнинг 59-моддаси тартибида, ҳукм эълон қилингандан кейин содир этилса, бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш қоидалари қўлланилади. Масалан, айтайлик, бир гуруҳ шахслар томонидан жиноят содир этилиб, иш судда кўрилаётган вақтда гуруҳ аъзоларидан бири суднинг саволларига берган жавобида гуруҳнинг бошқа аъзоси норози бўлиб, шеригини зарб билан уриб, баданга енгил шикаст етказиш жиноятини содир этса, жиноятлар жами деб ёки бир неча ҳукмлар деб ҳисоблаш масаласидаги чегарани аниқлаш зарур бўлиб қолади. Бу чегара тўғри аниқланмас экан, қилмишни квалификация қилиш ва жазо тайинлашда хатога йўл қўйиш мумкин. Қандай ҳолларда бир неча ҳукмлар юзасидан жазо тайинлаш қоидалари қўлланилади? Бизнинг фикримизча, қуйидаги ҳолларда бир неча ҳукмлар юзасидан жазо тайинлаш қоидалари қўлланилади: 1. Маҳкумга нисбатан ҳукм чиқарилгандан кейин янги жиноят содир этилса. 2. Биринчи ҳукм бўйича асосий ва қўшимча жазоларни тўла ўтаб бўлгунча янги жиноят содир этилса. 3. Шахсга нисбатан шартли ҳукм қилиш қўлланилиб, синов муддати мобайнида янги жиноят содир этилса. 4. Шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниб, шартли муддат тамом бўлмасдан янги жиноят содир этилса. 5. Озодликдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган шахсларга нисбатан суд жазосининг ўталмаган қисмини енгилроқ жазо билан алмаштиришни қўллаган ва енгилроқ жазони ўташ вақтида янги жиноят содир этилган тақдирда. 6. Ўз Р ЖКнинг 76-моддаси асосида амнистия акти ёки авф этиш асосида жазодан озод қилинган шахс, жазонинг ўталмай қолган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этилган (агар эҳтиётсизликдан жиноят содир этилса фақат эҳтиётсиз-ликдан содир этилган жиноятнинг ўзи учунгина жавобгар бўлади) 7. ЎзР ЖКнинг 69-моддасида назарда тутилган жазони ижро этиш муддати ўтиб кетмасдан шахс қасддан янги жиноят содир этса, (эҳтиётсизликдан жиноят содир этса муддатларнинг ўтиши алоҳида- алоҳида ҳисобланади) бир неча ҳукмлар юзасидан жазо тайинланади. ЎзР ЖКнинг 87-моддасига мувофиқ вояга етмаган шахсга нисбатан мажбурлов чораларини қўллаган ҳолда жазодан озод қилинган тақдирда, мажбурлов чораси қўлланган вақт мобайнида вояга етмаган янги жиноят содир этса 60-модда қоидаларини қўллаб жазо тайинлаш керакми ёки йўқми деган савол туғилади. Бу ҳақда на қонунда ва на жиноят ҳуқуқида аниқ бир фикр йўқ. Шунингдек, бу борада Олий суд Пленуми қарорларида ҳам аниқ бир тушунтириш берилмаган. Собиқ СССР Олий суди Пленумининг 1976 йил 3 декабрдаги “Вояга етмаганлар ишлари юзасидан судлар томонидан қонунларни қўллаш ва вояга етмаганларни жиноятга ва бошқа ижтимоий хилоф фаолиятга жалб қилиш ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорида ҳам бу ҳақда аниқ тушунтириш берилмаган эди. Бизнинг фикримизча, мажбурлов чораларини қўллаган ҳолда жазодан озод қилишда, вояга етмаган умуман жазодан озод қилинади. Шунга кўра мажбурлов чораси қўлланилган вақтда янги жиноят содир этилган тақдирда жазо 60-модда тартибида тайинланмай, кейинги содир этилган жиноятнинг ўзи учун жавобгар бўлиши керак. Бир неча ҳукмлар юзасидан жазо тайинлаш, жазо тайинлашнинг махсус тартиби бўлиб, шахсга нисбатан муайян жиноят учун ҳукм чиқарилганидан бошлаб то асосий ва қўшимча жазоларни ўтаб бўлгунча ёки юқорида айтилган асосларга кўра шахс янги жиноят содир қилган тақдирда суд айбдорга нисбатан бир неча ҳукмлар юзасидан жазо тайинлаш қоидаларини қўллаган ҳолда жазо тайинлайди. Фарғона вилояти, Ўзбекистон туман судида А. исмли шахснинг жинояти иши кўрилиб озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган. Иш ҳолатларининг мазмунига кўра А. икки йил муддатга ахлоқ тузатиш ишига ҳукм қилиниб иш ҳақининг 20 фоизи давлат ҳисобига ўтказиш ва жазони ўз иш жойида ўташ тайинланган. Ахлоқ тузатиш ишининг бир йилу олти ойини ўтаб бўлганидан кейин у ЎзР ЖКнинг 266- моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилган. Суд бу жинояти учун айбдорни беш йил муддатга озодликдан маҳрум қилишга ҳукм қилиб, ахлоқ тузатиш ишининг қолган олти ой муддатини ЎзР ЖКнинг 61-моддасида белгиланган қоидаларига асосланиб, ахлоқ тузатиш ишининг ҳар уч кунини озодликдан маҳрум қилишнинг бир кунига ҳисоблаб, озодликдан маҳрум қилишга алмаштириб, ЎзР ЖКнинг 60-моддасида белгиланган қоидаларига асосланиб, жазоларни тўла қўшиш йўли билан айбдорга беш йилу икки ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. Бизнинг фикримизча, суд А. га нисбатан жазо тайинлаш-нинг барча қоидаларга риоя қилган ҳолда жазо тайинлаган. Суд А. га нисбатан озодликдан маҳрум қилишнинг манзил колонияси турини тайинлаган. Ваҳоланки, А. нинг дастлабки ахлоқ тузатиш иши қасддан қилинган жиноят, яъни ЎзР ЖКнинг 109- моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноят бўлган. Бизнинг фикримизча, суд манзил колониясини тўғри белгилаган. Чунки А. дастлабки қасддан қилган жинояти учун озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилмай, ахлоқ тузатиш ишига ҳукм қилинган. Ахлоқ тузатиш ишини озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштириш эса ҳукм билан эмас, балки ЎзР ЖКнинг 61-моддаси қоидалари асосида ахлоқ тузатиш ишини озодликдан маҳрум қилиш жойларида ўташга айлантирган. Манзил колонияси озодликдан маҳрум қилишнинг бир тури бўлганлиги учун ахлоқ тузатиш ишини озодликдан маҳрум қилишга айлантириб айнан манзил колонияси турига қўшган. Бундай қилинганлиги ЎзР ЖКнинг 60-моддасига ҳам тўла мос келади. Ушбу моддада белгиланишича шахсга нисбатан ҳукм чиқарилганидан кейин жазони тўла ўтамай туриб маҳкум янги жиноят содир этса, суд янги ҳукм бўйича тайинланган жазо муддатига илгариги ҳукм юзасидан ўтолмай қолган жазо муддатини тўла ёки қисман қўшади дейилади. Ана шу юқоридагиларга асосан суд А. га нисбатан бир неча ҳукмлар юзасидан жазо тайинлашнинг барча қоидаларига риоя қилган. Бу ерда шуни алоҳида таъкидлаш керакки, юқорида номи келтирилган 2001 йил 29 августда жиноий жазоларни либерал- лаштирилиши муносабати билан қабул қилинганҚонун билан Жиноят кодексига бир қатор ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилди. Унга кўра қасддан содир этилиб, қонунда уч йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар туркумига киритилди. ЎзР ЖКнинг 50-моддасига эса, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноят учун озодликдан маҳрум этилганларга нисбатан жазони манзил колониясида ўташ белгиланди. Шунга мувофиқ ҳақли равишда савол туғилади. Ахлоқ тузатиш ишини ўташ вақтида шахс: 1) янги ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятни содир этса; 2) эҳтиётсизликдан унча оғир бўлмаган жиноятни содир қилса; 3) ахлоқ тузатиш ишини ўташдан бўйин товлагани учун озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилган вақтда озодлик-дан маҳрум қилишнинг манзил колонияси турини тайинланиши керакми ёки жазони ўташ колонияси турини тайинлаш керакми? ЎзР ЖКнинг 15 ва 50-моддаларининг мазмунини таҳлил қилиб юқорида келтирилган ҳолларда озодликдан маҳрум қилишнинг манзил колонияси тури тайинланади. Бу ерда яна янги савол туғилади. Унча оғир бўлмаган ёки оғир жиноят учун ЖКнинг 57-моддаси қоидаларини қўллаб (қонунда кўрсатилганидан ҳам енгилроқ жазо тайинлаш) ахлоқ тузатиш иши тайинланган ва юқорида айтилган асосларга кўра ахлоқ тузатиш иши озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштирилган тақдирда озодликдан маҳрум қилишнинг манзил колонияси тури тайинланиши керакми? Бу муаммо устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Пленуми қарорида тушунтириш берилса мақсадга мувофиқ бўлади. Бизнинг фикримизча, янги содир қилинган жиноят учун манзил колонияси тайинланадиган бўлса, жазони ўташ колониясини тайинлаш мақсадга мувофиқ бўлади. Download 1.89 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling