Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги тошкент давлат юридик институти
Шартли ҳукмнинг шартларини ўзгартириш
Download 1.89 Mb. Pdf ko'rish
|
ҲОЗИРГИ ЗАМОН жиноят ҳуқуқи муамолари
Шартли ҳукмнинг шартларини ўзгартириш.
Шартли ҳукм қилишнинг муҳим вазифаси жиноят содир этишда айбланаётган шахсни тарбиялашда давлат ва жамоат таъсир чораларини кўшиб олиб бориш орқали шахсни тезроқ ҳалол меҳнат йўлига ёки тўғри йўлга ўтиб олишига ёрдам беришдан иборат. Судлар муайян турдаги жазога ҳукм қилинган шахсларга нисбатан шартли ҳукм қилишни қўллар эканлар, айбдорнинг тайинланган жазони ҳақиқатдан ҳам ўтамасдан туриб, унинг хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин деган қатъий фикрга келсаларгина шартли ҳукмни қўллаб, синов муддати белгилайдилар ва унга муайян мажбуриятларни юклайдилар. Бу мажбуриятлар юқорида баён қилганимиздек ЖК 72-моддасининг 3-қисмида баён қилинган. Шартли ҳукм қилинган шахсга нисбатан юклатилган ана шу мажбуриятлар синов муддати мобайнида ўзгармай қолаверадими ёки шахс хулқининг ўзгаришига қараб ўзгартириш мумкинми деган савол туғилади. ЎзР ЖК 72-моддасининг 5-қисмида шартли ҳукм қилинган шахснинг хулқи устидан назорат олиб борувчи органнинг тақдими билан суд синов муддати давомида унга юклатилган мажбуриятларнинг ҳаммасини ёки бир қисмини олиб ташлаши ёки унинг зиммасига янги мажбуриятлар юклаши ҳам мумкинлиги баён қилинган. Шахс синов муддати давомида ўзига юклатилган мажбуриятларни тўла бажарса ўзининг намунавий хулқи билан тузалганлигини исботласа, унга суд томонидан юклатилган мажбуриятларни белгиланган вақтда ва шаклда бажарса ва бундан кейин бундай чеклашнинг аҳамияти қолмади, деган қатъий фикрга келинса шартли ҳукм қилинган шахсга нисбатан белгиланган мажбуриятларни суд олиб ташлаши мумкин. Олиб ташлашни шахс устидан назорат олиб борувчи органнинг тақдимномаси билан фақат суд ҳал қилади. ЎзР Жиноят-ижроия кодексининг 176-моддасида белгиланишича ички ишлар органининг жазони ижро этиш инспекцияси шартли ҳукм қилинган шахсларни рўйхатга олади ва суд белгилаган синов муддати мобайнида уларнинг зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг бажарилишини текшириб боради. Шу кодекснинг 177-моддасида белгиланишича, шартли ҳукм қилинган шахслар суд томонидан зиммаларига юкланган мажбуриятларни бажариши, шунингдек, чақирувга биноан жазоларни ижро этиш инспециясида ҳозир бўлиши шарт. Узрли сабабсиз ҳозир бўлмаган маҳкум белгиланган тартибда мажбуран келтирилиши мумкин. Шартли ҳукм қилинганларни назорат қилувчи инспекция шартли ҳукм қилинганни вақти-вақти билан чақириб у билан суҳбатлар ўтказиб туриши ва яшаш ёки ўқиш жойи бўйича қандай муаммолари борлигини сўраб туриши, зарур ҳолларда ана шу муаммоларни ҳал қилишга ёрдам бериши мумкин. Бундан ташқари, шартли ҳукм қилинган шахс ишлаётган меҳнат жамоаси вакилини чақириб шартли ҳукм қилинган билан қандай тарбиявий ишлар олиб борилаётганлигини сўраши, шартли ҳукм қилинганнинг хулқи юзасидан тегишли фикрларни сўраши мумкин. Чунки ана шу материаллар шартли ҳукм қилинган шахсга юклатилган мажбуриятларнинг бир қисмини синов муддати тамом бўлмасдан олдин олиб ташлаш ёки янги мажбуриятларни юклаш учун асос бўлади. Бунинг учун шартли ҳукм қилинган шахснинг хулқи устидан назорат олиб борувчи орган судга тегишли тақдимнома билан мурожаат қилади ва суд бу ишни батафсил ўрганиб, ЎзР ЖПК нинг 541-моддасида белгиланган тартибда ҳал қилади. Шартли ҳукм қилинган шахсга нисбатан тайинланган синов муддатини суд қисқартириши мумкинми, деган савол туғилади. ЎзР ЖКнинг 72-моддасини, ЖПК нинг 535,541 ва бошқа моддаларини, шунингдек, жиноят-ижроия кодексининг 176-180-моддаларини таҳлил қилиб кўрганимизда бу ҳақда аниқ бирон-бир қоида назарда тутилмаган. Аммо Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 19 июлдаги 16-сонли «Жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги қарорининг шартли ҳукмни қўллаш бўйича берган тушунтиришининг 5.2. бандининг иккинчи қисмида шартли ҳукм қилишда ҳукм бўйича белгиланган синов муддатини қисқартириш масаласи Жиноят-процессуал кодексининг 541- моддасига мувофиқ ҳал этилиши керак» дейилган 1 . ЎзР ЖПК 541- моддасининг учинчи қисмида «Озодликдан маҳрум этишга шартли равишда ҳукм қилинганда синов муддатини қисқартириш ёки шартли ҳукмни бекор қилиб, маҳкумни ҳукмда белгиланган жазони ўташ учун жўнатиш ҳақидаги, ҳукмнинг ижро этилиши кечиктирилган маҳкумни жазодан озод этиш, шунингдек ҳукмнинг ижросини кечиктиришни бекор қилиш ва маҳкумни озодликдан маҳрум этишни ўташ учун юбориш тўғрисидаги, судланганликни олиб ташлаш ҳақидаги масалалар шу маҳкумнинг истиқомат жойидаги Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди судьяси томонидан ҳал қилинади», дейилади. ЎзР ЖК 73-моддасида жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш назарда тутилган бўлиб, бунда озодликдан маҳрум қилиш, интизомий қисмга юбориш, хизмат бўйича чеклаш ва ахлоқ тузатиш ишлари жазоларига ҳукм қилинган-ларгагина муддатидан илгари шартли равишда жазодан озод қилиш назарда тутилган бўлиб, шартли ҳукм қилинганнинг синов муддатини қисқартириш ҳақида айтилмаган. Бизнинг фикримизча, қонуннинг бундай тузилганлиги тўғридир. Чунки, жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш фақат 13-модданинг 1-қисмида назарда тутилган жиноий жазоларга ҳукм қилинганларга нисбатан қўлланиб шартли ҳукм қилиш жазони ижро этишдан озод қилиш ҳисобланади. Синов муддатини қисқартириш масаласи собиқ Иттифоқ жиноят ҳуқуқида ҳам назарда тутилган эди. Собиқ СССР Олий суди Пленумининг 1961 йил 4 мартдаги (1962 йил 3 мартдаги, 1969 йил 4 декабрдаги 1984 йил 26 апрелдаги ўзгартиришлар ва қўшимчалар билан) «Шартли ҳукмни қўллаш бўйича суд амалиёти тўғрисида»ги 1 Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қарорлари тўплами. 1991-1997. “Шарқ”, 1-жилд, 51-бет. қарорининг 8-бандида «Шартли ҳукм қилинган шахсга нисбатан тайинланган синов муддатини қисқартириш масаласи иттифоқдош Республикаларнинг жиноят қонунлари тартибида ҳал қилинади. Бунда белгиланган синов муддатининг камида ярми ўтаб бўлганидан кейин содир этилган жиноятнинг оғирлиги, айбдорнинг шахси ва ишдаги бошқа ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, шартли ҳукм қилинган шахснинг хулқи устидан кузатув олиб бориш юклатилган жамоат ташкилотлари ёки меҳнат жамоасининг илтимосномасига биноан суд томонидан ҳал қилинади», дейилади 1 . Демак, у вақтда амалда бўлган жиноят қонунига биноан, шартли ҳукм қилинган шахсга нисбатан тайинланган синов муддатини камида ярмини ўтаб бўлганидан кейин синов муддатининг қолган қисмини суд томонидан қисқартириш мумкин бўлган. Юқорида баён қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарорида синов муддатини қисқартириш ҳақида тушунтириш берилган бўлсада, аммо белгиланган синов муддатини ярми ўтаб бўлганидан кейингина қисқартириш мумкинлиги ҳақида айтилмаган. Шунга қарамай бизнинг фикримизча собиқ СССР Олий суди Пленумининг шартли ҳукм қилиш тўғрисидаги қарорига қиёс қилиб аналогия бўйича ҳозирги кунда ҳам суд томонидан белгиланган синов муддатининг камида ярми ўтаб бўлинганидан кейингина синов муддатини қисқартириш мақсадга мувофиқ бўлади. Демак, шартли ҳукм қилиш тўғрисидаги амалдаги жиноят ҳуқуқи нормаларига бинон шартли ҳукм қилинган шахсларга нисбатан юклатилган мажбуриятларнинг бир қисмини ёки ҳаммасини олиб ташлаш ёки янги мажбуриятлар юклаш, шунингдек, суд белгилаган синов муддатини қисқартириш ҳам мумкин. Юқорида баён қилганимиздек, синов муддати узлуксиз бўлиб, шахс меҳнат таътилига чиққанда ҳам, командировкага кетганда ҳам, касал бўлиб қолган тақдирда, шифохонада даволанган вақтда ҳам, армия хизматига чақирилганда ҳам тўхтатилмайди. Фақат шартли ҳукм қилинган шахс руҳий касалга чалиниб қолса синов муддати тўхтатилади. Чунки руҳий касал бўлиб қолган шахс унинг устидан назорат олиб борилаётганлиги, тарбиявий характердаги ишлар олиб борилаётганлигининг моҳиятини тушунмайди. Бундан ташқари, у руҳий касал бўлиб қолганлиги туфайли унга юклатилган мажбуриятларни бажариш қобилиятини йўқотади. 1 Сборник Постановлений Пленума Верховного суда СССР, 1924—1986. М. 1987, с. 490-491. Юқорида баён қилганимиздек, синов муддати узлуксиз бўлиб, шахснинг яшаш, иш ёки ўқиш жойи ўзгариб қолса, ёхуд унинг бўлиши тақиқланган жойга бориш зарурати келиб чиқса, уйда бўлиш вақтида яшаш жойидан чиқиш зарурати туғилса, бу ҳақда шартли ҳукм қилинган шахснинг хулқи устидан назорат олиб борувчи органга хабар бериши, ҳарбий хизматга чақирилган вақтда жиноят- ижроия кодексининг 176-моддаси иккинчи қисмида белгиланишига кўра, жазоларни ижро этиш инспекцияси суд ҳукми (ажрими) нусхасини ҳамда ҳарбий хизматни ўташ жойида унинг хулқ-атвори устидан назорат қилиш учун керакли бошқа ҳужжатларни мудофаа ишлари бўйича тегишли бўлимга юборади. Ҳарбий қисм (муассаса) қўмондонлиги ўн кунлик муддат ичида шартли ҳукм қилинганни рўйхатга олинганлиги тўғрисида, хизматни тугатганидан кейин эса, жўнаб кетганлиги тўғрисида жазоларни ижро этиш инспекциясига хабар қилиши шарт. Шундай қилиб, суд шартли ҳукм қилинганларга нисбатан юклатилган мажбуриятларни қисқартириши, барчасини олиб ташлаши ҳамда синов муддатини қисқартириши мумкин. Аммо қонунда ҳар қандай ҳолда ҳам синов муддатини узайтириш ҳақида айтилмаган. Шунга кўра, суд шахсга нисбатан шартли ҳукм қилиб, белгиланган синов муддатини шахснинг хулқи ёмонлашганлиги муносабати билан ёки синов муддати тугаган бўлишига қарамай шахс ҳали тўла ахлоқан тузалгани йўқ деган фикрга келинган тақдирда ҳам синов муддатини узайтириш ёки янги синов муддати белгилаш мумкин эмас. Аммо шартли ҳукмни бекор қилиб жазони ижро этиш тўғрисида қарор чиқариши мумкин. Download 1.89 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling