Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги тошкент давлат юридик институти
Download 1.89 Mb. Pdf ko'rish
|
ҲОЗИРГИ ЗАМОН жиноят ҳуқуқи муамолари
- Bu sahifa navigatsiya:
- Муҳаммаджон УСМОНАЛИЕВ ҲОЗИРГИ ЗАМОН ЖИНОЯТ ҲУҚУҚИ МУАММОЛАРИ
- Тошкент-2006
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОШКЕНТ ДАВЛАТ ЮРИДИК ИНСТИТУТИ Муҳаммаджон УСМОНАЛИЕВ ҲОЗИРГИ ЗАМОН ЖИНОЯТ ҲУҚУҚИ МУАММОЛАРИ Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ҳуқуқшунослик олий ўқув юртлари магистрлари учун ўқув қўлланма сифатида тавсия этилган Тошкент-2006 ТДЮИ Илмий-услубий Кенгашининг 2006 йил, 25 майдаги 10-сонли баённомаси билан тасдиқланган ва нашрга тавсия этилган. М. Усмоналиев. Ҳозирги замон жиноят ҳуқуқи муаммолари. Ўқув қўлланма. –Т.: ТДЮИ нашриёти, 2006. –325 бет. Сарлавҳада: Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, ТДЮИ. Тақризчилар: Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар вазирлиги Академияси Жиноят ҳуқуқи кафедраси бошлиғи, ю.ф.д., проф. Р. Қобулов. Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси, ю.ф.н. Д.Ж.Суюнова. Ҳозирги замон жиноят ҳуқуқи муаммолари ўқув қўлланмаси жиноят ҳуқуқи фанининг квалификация қилиш масалалари билан боғлиқ муаммоларни алоҳида ўрганишга бағишланади. Жиноятларни квалификация қилиш масалалари жиноят ҳуқуқи назариясида ҳамда суд амалиётида муаммоли ва кўплаб мунозораларга сабаб бўлади. Ушбу фанда шундай масалаларни илмий талқин қилишни ўрганилади. Шунингдек, амалдаги жиноят қонунига биноан жиноятни квалификация қилишнинг Ўзбекистон Республикаси ва хориж давлатлари тажрибаларини ўрганган ҳолда ҳозирги замон жиноят ҳуқуқи муаммолари таҳлил қилинади. Бундан ташқари, ҳозирги замон жиноят ҳуқуқи муаммолари фани алоҳида муаммоли фан тариқасида магистр талабалари учун алоҳида ўрганишлик учун мўлжалланган. © М.Усмоналиев. © Тошкент Давлат юридик институти, 2006 йил. Кириш Мамлакатимизда ислоҳотларни босқичма-босқич амалга оширишни қатъиятлик билан олиб борилганлиги туфайли, бозор иқтисодиёти тизимини барпо этиш, ҳуқуқий демократик давлатнинг ижтимоий муносабатларини шакллантириш йўлида жиддий ютуқларга эришилди. И.А.Каримов ХХI асрнинг дастлабки йилларида “мамлакатимизнинг ривожланиш стратегияси, ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлардан бири мамлакат сиёсий, иқтисодий ҳаётини давлат ва жамият қурилишини янада либераллаштиришдир» 1 деб кўрсатиб ўтди. Либераллаштириш сиёсати бевосита суд-ҳуқуқ тизимига ҳам тегишлидир. Иккинчи чақириқ, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг (2001 йил 29 августда бўлиб ўтган) олтинчи сессияси Ўзбекистоннинг суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштиришда туб бурилиш ясади. Президентимиз И.А.Каримов ана шу сессияда «Адолат – қонун устуворлигида» мавзусида қилган маърузасида «Энг аввало, жазолашнинг репрессив, озодликдан маҳрум қилиш ҳолларини қисқартириш ҳисобига қонунчиликнинг адолат ва инсонийлик каби тамойилларини кучайишини ва амалда қўлланишини таъминлашимиз зарур» 2 , деб таъкидладилар. Президентимизнинг ана шу сессияда қилган маърузаларида суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш йўлида аниқ таклифлар қилинди ва шу таклифлар асосида ЎзР Жиноят Кодексига бир қанча қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилди. Бу қўшимча ва ўзгартиришлар ЖК Махсус қисми моддаларида озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни чеклаш ва жазони фақат оғир ёки ўта оғир жиноят содир қилган шахсларга, жиноий фаолият йўлига ўтиб олган шахсларга нисбатангина тайинлаш кераклигидан, айбдор билан жабрланувчи келишганлиги муносабати билан жавобгарликдан озод қилиш, келтирилган зарарни айбдор қоплаган ҳолда озодликдан маҳрум қилишни қўлламасликдан иборат бўлди. Суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш йўлида қилинган ишлар туфайли Ўзбекистон жиноят ҳуқуқи ҳам янги ривожланиш босқичига ўтди. 1959 йил 21 майда қабул қилинган Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддалари санкциясида асосан озодликдан маҳрум қилиш 1 Каримов И.А. Ўзбекистон ХХI асрга интилмоқда. –Т.: «Ўзбекистон», 1999. 15-бет. 2 Каримов И.А. Адолат — қонун устуворлигида. Халқ сўзи, 2001 йил. жазоси назарда тутилган бўлса, ЎзРнинг амалдаги ЖК да озодликдан маҳрум қилишни фақат оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилинган тақдирда ёки жиноий фаолият йўлига ўтиб олган шахсларга нисбатангина тайинланиши мумкин бўлди. Шундай қилиб 2001 йилдан бошлаб Ўзбекистонда жиноят ҳуқуқи янги ривожланиш босқичига ўтди. Агар 1959 йилда қабул қилинган ЖК Махсус қисмининг 30 га яқин моддасида ўлим жазоси назарда тутилган бўлса, амалдаги Жиноят кодексининг иккита моддасидагина (жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатларда қасддан одам ўлдириш – 97-модданинг 2-қисми, терроризм – 155-модданинг 3-қисми) назарда тутилди. Қисқа қилиб айтганда 1959 йилда қабул қилинган Жиноят кодекси асосида ишлаб чиқилган жиноят ҳуқуқи бозор иқтисодиёти тизимига асосланган очиқ демократик давлат қуриш, фуқаролик жамияти асосларини шакллантириш талабларига мутлақо жавоб бера олмасди. 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган амалдаги Жиноят кодекси бозор иқтисодиёти тизимига асосланган ҳуқуқий демократик давлатнинг Жиноят кодекси сифатида қабул қилинди. Янги Жиноят кодексини Умумий ва Махсус қисмларига олдинги кодексда умуман назарда тутилмаган янги бўлим ва боблар киритилди. Агар олдинги Кодексда жиноятларни таснифлаш умуман назарда тутилмаган бўлса, янги кодексда жиноятлар тўртта туркумга ажратиб таснифланди. Олдинги Кодексда жиноят қонунининг принциплари назарда тутилмаган бўлса амалдаги Жиноят кодексида унинг еттита принциплари (3-10-моддалар) берилди. Олдинги Кодексда бир қанча жиноятлар тушунчаси умуман назарда тутилмаган бўлса, амалдаги Жиноят кодексида, яъни унинг 8-бобида бир қанча жиноятлар ва уларнинг турлари берилди. Олдинги Кодексда такроран жиноят содир этиш, узоққа чўзилган ва давомли жиноятлар, жиноятлар мажмуи (жами), рецидив жиноят содир қилиш тушунчаси ва турларининг тушунчалари берилмаган эди. Олдинги Кодексда вояга етмаганлар жавобгарлиги алоҳида ажратилмаган бўлса, янги Кодексда вояга етмаганлар жавобгарлиги унинг олтинчи бўлимда алоҳида ажратилиб, назарда тутилди. Шунингдек, янги Кодексда тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари унинг Умумий қисми ХVII бўлимида берилди. Амалдаги Жиноят кодекси Махсус қисми моддалари ҳам ўзининг тузилиши жиҳатидан олдинги кодексдан тамоман фарқ қилади. Шунингдек, олдинги Кодексда умуман назарда тутилмаган янги бўлим ва боблар янги Жиноят Кодексининг Махсус қисмида назарда тутилди. Шу жумладан Махсус қисмининг тизими ҳам янги тартибда берилди. Жиноят ҳуқуқи ҳуқуқ тизимидаги бир қатор фанлар билан бевосита боғлиқдир. Айниқса жиноят-процессуал ҳуқуқи, криминология, криминалистика, жиноят-ижроя ҳуқуқи фанлари билан бевосита боғлиқдир. Бу юқорида айтилган фанларнинг жиноят ҳуқуқи билан боғлиқлиги энг аввало, улар вазифаларининг умумийлигида, яъни жиноятчиликка қарши курашнинг умумийлигидадир. Ана шу юқорида айтилган фанларнинг норма ва қоидалари фақат жиноят факти содир этилиши муносабати билан ҳаракатга келади. Аммо уларнинг ҳар бирининг ўзи тартибга соладиган предмети ва услубига эга. Жиноят ҳуқуқи содир этилган қилмишнинг жиноят эканлигини аниқлаш ва шу жиноят учун жазо тайинлашни тартибга солса, жиноят процессуал ҳуқуқи содир этилган жиноят юзасидан суриштирув, дастлабки тергов органларининг суриштирув ва тергов ишларини олиб бориш ишни судда кўриш билан боғлиқ бўлган фаолиятини тартибга солади. Жиноят ижроия ҳуқуқи эса, жиноят содир этганлиги муносабати билан жиноий жазога ҳукм қилинганларнинг жазосини ижро этишдан келиб чиққан муносабатларни тартибга солади. Жиноят ҳуқуқи жиноят процессуал, криминология, криминалистика ва жиноят-ижроия ҳуқуқи фанлари учун моддий фан ҳисобланиб, бу фанлар ўз бошланғич асосларини жиноят ҳуқуқидан олади. Жиноят ҳуқуқининг вазифаларини муваффақиятли амалга ошириш, энг аввало, жиноятчиликнинг ҳолати ва даражаси билан тўғридан тўғри боғлиқдир. Собиқ Иттифоқнинг охирги ўн йиллик ҳаётини олиб кўрилса, ўша даврда жиноятчиликка қарши кураш кескин қўйилган,жиноят қонунларида жазо кучайтирилган, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар жиноятчиликка қарши кураш ишида жуда катта тажрибага эга бўлсаларда жамиятдаги зиддиятларнинг чуқурлиги, жамият ҳаётининг ҳамма соҳаларида инқирознинг чуқурлашиб бориши жиноятчиликнинг йилдан-йилга ўсиб боришига олиб келди. 1988 йилда жиноятчилик 4 фоизга ошган бўлса 1989 йилда 31,8 фоизга кўпайган. Жиноятчилик фақат миқдор кўрсаткичлари жиҳатидангина эмас, балки сифат жиҳатидан ҳам ўзгарди. Уюшган жиноятчилик, мансабини суистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятларда ўсиш юз берди. Замонавий фан-техниканинг ютуқларидан фойдаланиб жиноят содир қилиш кенг тус олди. Уюшган барқарор жиноий гуруҳлар, мафия структуралари давлат ҳаётининг турли соҳаларига суқилиб кира бошлади. Ана шундай ғоят мураккаб бир шароитда Ўзбекистон ўз мустақиллигига эга бўлган эди. Ана шу айтилганларга кўра жиноятчиликка қарши курашнинг фақат махсус чораларини (жиноят қонуни нормаларини) қўллаш орқали кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Бунинг учун жиноятчиликка қарши курашнинг умумий чораларини ҳамда (жамият ҳаётининг ҳамма жабҳаларида) ижтимоий муносабатларни ривожлантириш талаб этилади. Жиноят қонуни жиноятчиликка қарши курашнинг муҳим воситаси бўлсада, бу ижтимоий салбий ҳодисага қарши кенг доирадаги умумий давлат миқёсида, мукаммал ишлаб чиқилган дастур асосида давлатнинг барча идоралари, кенг жамоатчилик оммасини жалб қилиб ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг фаолиятини юқори даражага кўтаргандагина бу салбий ижтимоий ҳодисага қарши мувафақиятли кураш олиб бориш мумкин. 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган амалдаги Жиноят кодекси бунинг учун кенг доирадаги ҳуқуқий имкониятлар яратди. Жиноят қонунларини аниқ ва тўғри амалда тадбиқ этишни давлатнинг жиноятчиликка қарши курашда олиб борадиган чоралари билан қўшиб олиб борилгандагина жиноятчиликка қарши курашнинг кўзланган самарали натижаларига эришиш мумкин. Жиноят ҳуқуқи жиноят сиёсатини амалга оширишнинг муҳим воситаси ҳисобланади. Жиноят сиёсати жамият ҳаётининг ушбу босқичида жиноятчиликка қарши курашнинг асосий йўналишлари ва йўлларини ҳамда воситаларини белгилаб берувчи ғоя ва тасаввурлар мажмуидан иборат. Унинг асосий мазмуни жиноят қонунини амалда қўлланишини ҳамда жиноятчиликка қарши курашнинг тактика ва стратегиясини, вазифаларини белгилаб беришда ифодаланади. Жиноят сиёсатининг асосида жиноят учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи ётади. Жиноят сиёсати жиноятчиликка қарши кураш қонунга асосланган ҳолда, унинг нормаларига қатъий амал қилинган ҳолда «Қонун ягона ва унинг олдида ҳамма тенгдир», – деган принципга асосланган ҳолда олиб борилиши керак. ЎзР ЖКнинг 5-моддасида жиноят содир этган шахслар жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқедан қатъи назар, бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлиб, қонун олдида тенгдирлар, дейилади. Жиноятчиликка қарши курашнинг кўп йиллик тажрибаси ва амалдаги Жиноят кодексининг мазмунидан жиноят сиёсатида иккита тенденция амал қилаётганлигини кўрамиз. Булар биринчидан оғир ва ўта оғир жиноятларга, жиноятчиликни касб қилиб олганларга, уюшган жиноятчилик, уларнинг раҳбарларига, фаол иштирокчиларига, ўта хавфли рецидивистларга қарши жиноят қонуни нормаларидан фойдаланган ҳолда муросасиз кураш олиб бориш. Иккинчи тенденцияда жиноят ҳуқуқининг инсонпарварлик принциплари мужассамланган. Бу – ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир қилган шахсларга нисбатан жавобгарлик ёки жазодан озод қилиш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларни тайинлашдан иборат. Ана шу иккита тенденцияни узвий равишда боғлиқ ҳолда амалга оширилгандагина жиноятчиликка қарши самарали кураш олиб бориш таъминланиши мумкин. Суд – ҳуқуқ тизимини либераллаштириш амалга ошириш бошлангандан буён жиноий-ҳуқуқий фанларга , шу жумладан жиноят ҳуқуқига жиддий қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилдики, бундай ҳолат жиноят ҳуқуқини ҳозирги замон талабига жавоб берадиган даражада қайта кўриб чиқилишини талаб қилиб қолди. Жиноят ҳуқуқида янги институтларнинг пайдо булиши(масалан, ярашилганлик муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш), 1959 йил қабул қилинган жиноят кодексида жиноят ҳуқуқининг алоҳида институти сифатида назарда тутилмаган жиноят ҳуқуқининг қатор янги институтлари қабул қилиндики (масалан, такроран жиноят содир этиш, жиноятлар мажмуи (жами), рецидив жиноят ва ҳоказолар) булар жиноят ҳуқуқига тамоман янгича қараш, янгича тушуниш, қонун нормаларни амалда қўлланишини янгича талқин қилишни талаб қилиб қолди. Бундан ташқари жиноят қонунинг кўплаб нормалари ҳозирги бозор иқтисодиёти тизимига асосланган ҳолда янги таҳрирда қабул қилинди. Шунингдек, 1959 йил қабул қилинган жиноят кодексида назарда тутилмаган янги боблар, 1994 йил қабул қилинган жиноят кодексида назарда тутилиб, жиноят қонуни нормалари тўғри тушунишда ва уларни амалда қўлланишида жиддий муамоларни келтириб чақарди. Ҳатто жиноят қонунининг айрим нормаларини амалда қўллашда хато тажриба шаклланиб қолди. Олий юридик ўқув юртларининг магистратураси тизимида ўқиётган мгистрантлар учун мўлжалланган ушбу ўқув қўлламасида Жиноят ҳуқуқининг ана шу муаммоларини тахлил қилишга ҳаракат қилинди. Ушбу ўқув қўлланмаси бу борадаги биринчи қадам бўлганлиги боис ўз фикр ва мулоҳазаларни билдирганларга ўз миннадорчилиги- мизни билдирамиз. Муаллиф Download 1.89 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling