Ўзбекистон республикаси адлия вазирлиги тошкент давлат юридик институти
Download 1.89 Mb. Pdf ko'rish
|
ҲОЗИРГИ ЗАМОН жиноят ҳуқуқи муамолари
б) унча оғир бўлмаган жиноятлар
ЎзР ЖК 15-моддасининг 3-қисмида унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига қандай жиноятлар кириши баён қилинган бўлиб, унча оғир бўлмаган жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда уч йилдан ортиқ, лекин беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар, шунингдек, эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, қонунда беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар киради. Унча оғир бўлмаган жиноятларнинг ушбу тушунчаси иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 29 августда бўлиб ўтган олтинчи сессиясида қабул қилинган “Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонунда берилди. Ушбу қонун қабул қилингунча унча оғир бўлмаган жиноятларга қасддан содир этилиб, қонунда беш йилдан кўп бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар, шунингдек, эҳтиётсизлик орқасида содир этилиб, қонунда озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган жиноятлар кирган эди. Унча оғир бўлмаган жиноятлар тушунчасининг 1994 йил 22 сентябрдаги таҳриридан 2001 йил 29 август қонуни таҳрирининг фарқи нимада? Уларнинг фарқи қуйидагиларда ифодаланади: 1) унча оғир бўлмаган жиноятларнинг олдинги таҳририда қасддан қилинадиган жиноятлар учун озодликдан маҳрум қилиш жазосининг муддати қонунда беш йилгача белгиланган жиноятлар киритилган бўлса, янги қонунда қасддан қилинадиган жиноят учун қонунда озодликдан маҳрум қилишнинг муддати уч йил белгиланган жиноятлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар туркумига ўтиб кетганлиги муносабати билан қонунда озодликдан маҳрум қилишнинг муддати уч йилдан беш йилгача белгиланган жиноятлар унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига киритилди. ЎзР ЖК 15-моддаси 3-қисмининг олдинги таҳририда эҳтиётсизлик орқасида содир этилиб, қонунда озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган жиноятлар киритилган бўлса, янги қонун бўйича эса эҳтиётсизлик орқасида содир этилиб, қонунда озодликдан маҳрум қилишнинг муддати беш йилгача белгиланган жиноятлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар туркумига кириб кетганлиги муносабати билан эҳтиётсизлик орқасида содир қилинадиган жиноятлар учун беш йилдан ортиқ муддат белгиланган барча жиноятлар унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига киритилди. Демак, олдинги қонунда эҳтиётсизликдан содир этиладиган жиноятлар учун муддатидан қатъи назар, озодликдан маҳрум қилиш назарда тутилган бўлса, унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига киритилган эди. Бунда озодликдан маҳрум қилишнинг қонунда бир йил ёки ўн йил қилиб белгиланганидан қатъи назар, унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига кирган бўлса, янги қонунда беш йилгача муддат белгиланган жиноятлар ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларга, беш йилдан ортиқ муддат белгиланган жиноятлар унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига кириб кетди. Маълумки, озодликдан маҳрум қилишнинг муддати йиллар ва кунлар билан ҳисобланади. Жиноят кодекси Махсус қисмининг моддалари санкцияларида аниқ йиллар белгиланади. Агар Махсус қисми моддалари санкциясида уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади дейилган бўлса, бундай жиноятнинг унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига кириши ҳақида низоли фикрлар йўқ. Аммо ЖК Махсус қисми моддасининг санкциясида озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам миқдори кўрсатилмай, фақат энг кўп қисми кўрсатилган бўлса, бу жиноятни қайси туркумдаги жиноятлар гуруҳига киритиш керак? Масалан, 110-моддасининг (қийнаш) иккинчи қисми санкциясида бошқа жазолар билан бир қаторда альтернатив жазо сифатида беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади дейилади, худди шундай санкция 158- моддасида (Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш) ва бошқа моддаларда назарда тутилган. Бундай санкциялардаги альтернатив жазоларнинг озодликдан маҳрум қилишдан бошқа барчаси ҳамда санкцияда белгиланган озодликдан маҳрум қилишнинг энг кам қисми белгиланмаганлиги туфайли уларни қайси туркумдаги жиноятлар гуруҳига киритиш керак, деган савол туғилади. Бундан олдинги параграфда айтганимиздек, бундай санкцияли жиноятларни қайси туркумига киритиш масаласини ҳал қилишда ЖК Махсус қисми моддаси санкциясида назарда тутилган альтернатив жазоларнинг энг оғиридан, энг оғир жазо сифатида озодликдан маҳрум қилиш ҳам назарда тутилган бўлса, унинг қонунда кўрсатилган энг кўп қисмидан келиб чиққан ҳолда жиноятлар туркумининг у ёки бу гуруҳига киритиш керак. Мамлакатимизда 2000 йили июн ойида қабул қилинган, жамиятимизнинг сиёсий, иқтисодий ва маънавий соҳаларидаги ислоҳотлар жараёнини эркинлаштириш ва чуқурлаштириш Дастури асосида суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштиришни амалга оширилаётганлиги жамиятда демократик тамойилларни янада чуқурлаштиришнинг муҳим омили бўлди. Жиноят кодексига киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар озодликдан маҳрум қилишни тайинлашни чеклади. Бизнинг назаримизда, айрим ҳолларда бунга жамиятда объектив шароитни яратмай туриб, жиноятчиликни касб қилиб олган шахсларга нисбатан содир қилган жиноятига яраша мусибат келтирмаслик, яъни жиноятга яраша жазосини олмаслик, жиноят содир қилган шахсни тавба қилиши ўрнига, қонунда белгиланган бундай имтиёзлардан имкони борича ўзининг шахсий манфаатлари учун фойдаланиб қолиш ҳиссини уйғотади. ЎзР ЖК Махсус қисми моддаларида назарда тутилган жиноятларнинг 75 фоизидан кўпроғини ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига киритилганлигига эътибор берадиган бўлсак, айрим ҳолларда жиноят содир қилишда айбланаётган шахслар етарли даражада айбига яраша жазоланмаётганлигини кўрамиз. Бу суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш борасида олиб борилаётган ишларни тўла маъқуллаган ҳолда жиноят содир қилишни ўз фаолиятига айлантириб олган ёки жиноят натижасида олинган жиноий даромадни асосий яшаш манбаига айлантириб олган шахсларни жиноий фаолиятини давом эттира олмайдиган шароитга солиб қўйиш керак. Ҳозирги кунда ўғрилик, талончилик, босқинчилик, товламачилик, фирибгарлик жиноятларини кўпроқ аҳолининг ишсиз бўлган қисми таркибидан содир қилмоқдалар. Бундан ташқари, амнистия акти ёки бошқа асосларга кўра жазодан озод қилинаётганларнинг миқдори анча юқори. Аммо уларнинг ҳаммасини ҳам иш билан таъминлашнинг иложи йўқ. Бизнинг назаримизда, жиноят содир қилишда айбланаётган шахсларни жиноий жавобгарлик ёки жазодан озод қилиш масаласи ҳал қилинаётган вақтда уларни иш билан таъминлаш имкониятлари кўриб чиқилиши керак. Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туман суди томонидан 2002 йил 6 март куни Қурбонов Р.нинг жиноят иши кўрилиб, тўрт йил муддатга озодликдлан маҳрум қилинган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўн йиллиги муносабати билан чиқарилган амнистия акти билан у жазодан озод қилинган. Қурбонов Р. олдин етти марта ўғрилик ва бошқа жиноятлари учун ҳукм қилинган. Унга нисбатан олдин икки марта амнистия акти қўлланилган, бир марта озодликдан маҳрум қилишнинг қолган қисми енгилроқ жазо билан алмаштирилган, бир марта муддатидан илгари шартли озод қилинган. 2001 йил 14 декабр куни яна янги ЎзР ЖК 169-моддаси иккинчи қисми «а» бандида назарда тутилган (жабрланувчининг кийими, сумкаси, ёки бошқа қўл юкидаги ашёга нисбатан киссавурлик қилиш) жиноятни содир қилган. Суд унга нисбатан ЎзР ЖК 169-моддасининг 2-қисми билан тўрт йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаган. Ёки бошқа бир мисол. Қирғизистон Республикаси Ўш вилоятида туғилган Қирғизистон фуқароси Деҳқонов И. 2002 йил 19 март куни Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур туман суди томонидан 169- моддасининг учинчи қисми билан ҳукм қилинган. У муқаддам содир қилган ўғрилик жинояти учун (барча жиноятлари 169-модданинг 3- қисми) уч марта ҳукм қилинган. Унга нисбатан икки марта амнистия акти қўлланиб жазодан озод қилинган. 2002 йил 15 феврал куни у яна 169-модданинг 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилган. Юқорида қайд қилинган амнистия актининг мазмунига кўра, унга яна амнистия акти қўлланилиши мумкин. Деҳқонов олдинги жиноятлари учун Чилонзор суди томонидан, охирги жинояти учун эса Шайхонтоҳур туман суди томонидан ҳукм қилинган. Бу борада мисолларни кўп келтириш мумкин. ЎзР ЖК 15-моддаси мазмунига кўра Жиноят кодекси Махсус қисми моддаларида жиноятлар объектига кўра таснифланганда объектларнинг аҳамиятига қараб муайян тартибда жойлаштирилган бўлса, ҳар бир бобдаги моддалар ва ҳар бир модданинг қисмлари ижтимоий хавфлилик даражасига қараб таснифланган. Жиноят кодекси Махсус қисмининг айрим масалаларини таҳлил қилиш, бир-бирига солиштириш орқали шундай ҳолат аниқланадики, худди шундай жиноятни такроран, хавфли ёки ўта хавфли рецидивистлар томонидан қилинганлиги учун муайян модданинг битта қисмида жавобгарлик назарда тутилган. Янги жиноятларни таснифлаш нуқтаи назардан баҳоланганда муайян жиноятни такроран содир қилганлик, хавфли рецидивист томонидан ва ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган жиноятлар битта туркумдаги жиноятлар гуруҳига киритилган. Бунга мисол тариқасида ЎзР ЖК 105-моддасида назарда тутилган қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш жиноятини келтириш мумкин. Ушбу модданинг иккинчи қисмининг «к» бандига бу жиноятни такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ЖК 104- моддасида назарда тутилган жиноятни содир қилган шахс ёхуд 97- моддасида назарда тутилган жиноятни содир қилган шахс томонидан баданга ўртача оғир шикаст етказиш учун, шу қисмнинг «е» бандида эса баданга қасддан ўртача оғир шикаст етказишни ўта хавфли рецидивист томонидан содир қилганлик учун жавобгарлик назарда тутилган. Шу қисмнинг санкциясида эса уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган. Демак, бу жиноят унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига киритилган. Бизнинг назаримизда, шу жиноятни такроран, хавфли рецидивист ёки олдин қасддан баданга оғир шикаст етказиш (104- модда) ёки қасддан одам ўлдириш (97-модда) жиноятини содир қилган шахслар томонидан қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказишни, шунингдек, ўта хавфли рецидивистлар томонидан содир этилганликни битта туркумдаги жиноятлар гуруҳига киритиш маълум даражада адолат принципларига тўғри келмайди. Чунки ҳали судланмаган шахсни хавфли ёки ўта хавфли рецидивист билан бир қаторга қўйиш, хавфли рецидивистни ўта хавфли рецидивист билан бир қаторга қўйиш тўғри бўлмайди. ЎзР ЖК 34-моддасининг мазмунига кўра олдин ЖК 105- моддаси билан иштирокчи сифатида қатнашганлиги учун ҳукм қилиниб, яна 105-модданинг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир қилган тақдирда хавфли рецидивист деб квалификация қилинмоқда. Бундан ташқари, ЖК 34-моддасининг 2- қисми мазмунига кўра 14 ёшдан ошган вояга етмаганлар ҳам хавфли рецивист бўлишлари мумкинлиги ҳолатини ЖК нинг 104-моддасида ҳам кўриш мумкин. Жиноят кодекси Махсус қисмининг кўпгина моддаларида, ўша модданинг битта қисмида одамлар ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, жавобгарлик битта қисмда назарда тутилиб олдин одамлар ўлимига, ундан кейин эса бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса дейилади. «Одамлар ўлимига сабаб бўлса», дейилгани аниқ ва тушунарли, бунда камида иккита одамнинг ҳалок бўлиши назарда тутилади. Бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, деганда қандай оқибатларни тушуниш керак? Бошқа оғир оқибатлар тушунчаси на ЖК даги атамаларнинг ҳуқуқий маъносида, на бирор моддада берилган. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Жиноят кодексига шарҳлар муаллифларнинг ёзишларига кўра бошқа оғир оқибатлар деганда икки ва ундан ортиқ киши баданига оғир шикаст етказилиши назарда тутилади 1 . Кўпчилик муаллифлар бошқа оғир оқибатлар деганда худди шундай тушунчани баён қиладилар. Жумладан проф. М.Х. 1 Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига шарҳлар. –Т.: Адолат, 1997. 153-бет. Рустамбоев ЎзР ЖК 16-моддаси 4-қисмининг «б» бандида назарда тутилган бошқа оғир оқибатлар деганда икки ёки ундан ортиқ шахснинг баданига оғир шикаст етказилиш тушунилиши кераклиги тўғрисида ёзади 1 . Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига кирувчи мамлакатларнинг олимлари бошқа оғир оқибатлар юзасидан худди шундай фикрни билдирганлар. А.И. Рарог мулкни қасддан нобуд ёки унга зарар етказиш натижасида бошқа оғир оқибатлар келиб чиқиши деганда одамлар соғлиғига зарар етказиш, уларнинг заҳарланиши, касалланиши, шунингдек, иқтисодий хусусиятдаги оқибатлар-ўта қимматли мулкнинг нобуд бўлиши, корхоналар ишининг тўхтаб қолиши, кўп миқдордаги мулкий санкцияга сабаб бўлувчи шартномавий мажбуриятларнинг бажарилмай қолиши ва ҳоказолар деб ҳисоблайди 2 . Маълумки, ЎзР ЖК Махсус қисмининг қисмларига бўлинган моддаларида муайян модданинг ҳар бир қисми ижтимоий хавфлилик даражасининг юқорилигига қараб жойлаштирилган (айрим моддалар бундай қоидадан мустасно. Масалан, 158-модда Ўзбекистон Республикаси Президентига тажовуз қилиш ва бошқа моддалар). Муайян модданинг биринчи қисмида ўша жиноятнинг оддий тури, иккинчи қисмида мураккаб турлари, учинчи қисмида эса жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатлари учун жавобгарлик белгиланган (масалан, 164-модда). Ҳатто Махсус қисми моддасининг битта қисмидаги бандлари ҳам хавфлилик хусусиятлари ҳисобга олиниб жойлаштирилган (масалан, 104-модда 3-қисмининг бандлари). Бизнинг фикримизча, «одамлар ўлимига сабаб бўлса» деган банддан кейинги бандда қўйилган бошқача оғир оқибатлар деганда камида иккита одам ҳалок бўлганлиги назарда тутилади. Бошқа оғир оқибатлар одамлар ўлимига сабаб бўлса, деган банддан кейин жойлаштирилганлиги сабабли, бизнинг фикримизча, бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлса, деганда камида бир киши ҳалок бўлган ва камида икки кишининг баданига оғир шикаст етказилиши тушунилиши керак. Чунки икки кишининг баданига оғир шикаст етказишни камида икки кишининг ўлимига сабаб бўлган жиноятларни бир туркумда таснифлаш адолатдан бўлмайди. 1 Рустамбаев М.Х. Уголовное право Республики Узбекистан. Особенная часть –Т.: Мир экономики и права, 2002. 94-бет 2 Комментарий к Уголовному кодексу Российской Федерации. –М.: Норма-Инфра, М. 2001. с.385. Муайян туркумларга ажратилиб таснифланган жиноятлар таснифи тизимида унча оғир бўлмаган жиноятларнинг аҳамияти нимада? Ушбу параграфдан олдинги параграфда ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар туркумидаги жиноятлар учун Жиноят кодексида белгиланган имтиёзларни қўллаш мумкинлигининг шартлари баён қилинди. Улар бевосита унча оғир бўлмаган жиноятлар учун ҳам тааллуқлидир. Жиноят кодексининг бир қанча моддаларида ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир қилинган бўлса жавобгарликдан ёки жазодан озод қилиш мумкинлиги ёки қонунда назарда тутилган бошқа имтиёзларни қўллаш мумкинлиги кўрсатилган. Жумладан ЎзР ЖК нинг 66- моддасида ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятни биринчи марта содир этган шахс агар жиноят содир қилгандан кейин жиноят туфайли келтирилган зарарни ихтиёрий равишда бартараф қилиб, айбини бўйнига олиш тўғрисида арз қилган, чин кўнгилдан пушаймон бўлган бўлса, жавобгарликдан озод қилиниши мумкинлиги назарда тутилган. Худди шундай қоида ЎзР ЖК нинг 71-моддасида (айбдорни чин кўнгилдан пушаймон бўлганлиги муносабати билан жазодан озод қилиш) ҳам назарда тутилган. Шартли ҳукм қилишни ҳам ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноят содир қилган шахсларгагина қўлланиши мумкин. Шунингдек, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жинояти учун суд тайинланган жазо муддатининг камида учдан бир қисмини ўтаб бўлганидан кейин шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиниши мумкин. ЎзР ЖКнинг 74-моддасида белгиланганига кўра ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жинояти учун суд тайинланган жазо муддатининг камида тўртдан бир қисмини ўтаб бўлганидан кейин, жазонинг қолган қисми енгилроқ жазо билан алмаштирилиши мумкин. ЎзР ЖК 31 ва 241-моддаларнинг мазмунига кўра ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятни содир этилаётганлиги ёки содир этилганлиги ҳақида аниқ била туриб олдиндан ваъда бермаган ҳолда, ҳокимият органларига хабар қилмаслик, шунингдек, жиноятни, жиноят содир этиш қуроли ва воситаларини, жиноят изларини ёки жиноий йўл билан қўлга киритилган нарсаларни олдиндан ваъда бермаган ҳолда яширганлик ЎзР ЖК 241-моддасида назарда тутилган жиноят таркибини ташкил қилмайди. Юқорида баён қилинганлардан ташқари унча оғир бўлмаган жиноят учун биринчи марта муайян турдаги жазога ҳукм қилинганларга нисбатан мамлакатимиздаги муҳим воқеа ва саналар муносабати билан чиқарилаётган амнистия актлари қўлламоқдалар. ЎзР 66 ¹ -моддасида ярашганлик муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилиш назарда тутилган бўлиб, ярашиш мумкин бўлган жиноятларнинг қатъий рўйхати берилган. Бу жиноятларнинг ҳаммаси ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жиноятлар учун қонунда ярашганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилишнинг назарда тутилганлиги бу институтни суд амалиётида кенг қўллаш имкониятини бермоқда. Ҳозирги кунда судлар келишилганлиги муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилишни кенг қўлламоқдалар. Юридик адабиётларда қонун бўйича муайян туркумга кирувчи жиноятни суд иш ҳолатларига қараб бир поғона пастроқ туркумга киритиши мумкин деган фикрлар ҳам мавжуд. Жумладан, Загородников Н.И. суд содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасига қараб, бир поғона пастга тушириш (енгиллаштирувчи томонга - шарҳ муаллифники) мумкин. Бундай қарор жиноят содир этилишининг шароит ва вазиятларини баҳолаш орқали, масалан, бир неча енгиллаштирувчи ҳолатларнинг мавжудлиги, айбдор шахсининг алоҳида белгилари, келтирилган зарарнинг ўз ихтиёри билан бартараф қилганлиги, ўз айбини бўйнига олиб ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга келганлиги ва ҳоказоларни асос қилиб олиши мумкин, деб ёзади. У ўз фикрини давом эттириб, «Бундай ҳолда жавобгарликдан ёки жазодан озод қилишни қўллаш мумкин бўлмаган жиноятни содир қилган шахсга нисбатан жавобгарликдан ёки жазодан озод қилишнинг қонунда назарда тутилган турларидан бирини қўллаш мумкин бўлади», – деган деб ёзади 1 . Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Жиноят қонунида бундай қоида назарда тутилмаган. Жиноятни таснифлашнинг муайян туркумига киритиш масаласи фақат Жиноят кодексининг 15- моддасида белгиланган қоидаларга асосланилади. 1 Уголовный закон. Опыт теоретического моделирования. –М.: Наука, 1987. 54-бет. «Унча оғир бўлмаган жиноят оғир жиноятга нисбатан ижтимоий хавфлилиги камроқ эканлиги билан ифодаланади, бунда фақат етказилган зарарнинг миқдоридагина эмас, балки етказилиши мумкин бўлган зарарнинг миқдори айбнинг шакли ва жазонинг қонунда белгиланган миқдори ҳисобга олинади», – деб ёзади Н.И. Загородников 1 ЎзР ЖК 15-моддасининг учинчи қисмида эҳтиётсизлик оқибатида содир этилиб, беш йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазо назарда тутилган жиноятлар унча оғир бўлмаган жиноятларга киритилган. Бунда жиноят натижасида келтирилган зарарнинг миқдори, айбдорнинг шахсини ифодаловчи хусусиятларни ва ишнинг бошқа ҳолатларини ҳисобга олиб, суд ўша жиноятни бошқа туркумга ўтказа олмайди. Чунки қонун чиқарувчи орган муайян жиноятни жиноятлар таснифининг у ёки бу туркумига киритишда ва ўша жиноят учун жазо тури ва муддатини ҳисобга олиб санкция белгилашда уларни эътиборга олган. Download 1.89 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling