Муаммонинг ўрганилганлик даражаси. Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудлари (Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари) аҳолиси анъанавий ҳунармандчилиги тарихини ўрганиш Ўрта Осиё Россия мустамлакасига айлантирилганидан сўнг, ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХ аср бошларида ўзбек анъанавий ҳунармандчилиги ва унинг аҳоли хўжалик ҳаётидаги ўрни бўйича дастлабки изланишлар шахсий кузатувлар асосида яратилган. Бу маълумотлар қисқа тавсифий характерга эга бўлган ва тизимли муаммовий таҳлил этилмаган.
Совет даврида этнография фани институционал ривожланганлиги боис ҳунармандчилик мавзуси кенг ёритилди. Йирик мутахассислар томонидан турли ҳудудлар ҳунармандчилиги хусусиятлари ўрганилди. Ҳунармандчиликни фанлар кесимида ўрганишда айниқса, санъатшунослик катта ўрин тутган. Бироқ бу нашрлар асосан марксча-ленинча ёндашувга асосланилган.
Мустақиллик йилларида маҳаллий ва хорижлик мутахассислар ишларида ўзбекларнинг анъанавий ҳунармандчилигига оид тадқиқотлар тарихий кесимда муайян ҳудудлар мисолида тадқиқ қилинди. Бу даврда яратилган этнографик тадқиқотлар кўпчиликни ташкил этиб, ҳунармандчилик тарихини ёритиш объектив характерга эга бўлди.
Маҳаллий ва хорижий тадқиқотчилар ишларининг умумий таҳлили шуни кўрсатадики, жанубий ҳудудлар аҳолиси анъанавий ҳунармандчилиги ва унинг тарихий жараёнлардаги трансформацияси махсус илмий муаммо тарзида ўрганилмаган. Шу боис, Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудлари аҳолиси анъанавий ҳунармандчилигини тарихий-этнологик жиҳатдан тадқиқ қилиш долзарб илмий аҳамиятга эгадир (тадқиқотнинг ўрганилиш даражаси ҳақида диссертациянинг 1‑бобида батафсил маълумот берилган).
Диссертация мавзусининг иш бажарилган илмий тадқиқот муассасасининг илмий тадқиқот ишлари режаси билан боғлиқлиги. Диссертация ЎзР ФА Тарих институти илмий-тадқиқот ишлари режасининг А-2-075 «Замонавий ўзбеклар: тарихий-этнологик тадқиқот» (2006–2008) ва ФА-А1-ГО25 ПВ-2014-0911000555 «Ўзбеклар: этник тарих, маданият ва анъаналар» (2015–2017) каби амалий тадқиқотлар лойиҳалари доирасида амалга оширилган.
Тадқиқотнинг мақсади Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудлари аҳолиси ҳунармандчилигидаги трансформацион жараёнлар ХIХ асрнинг иккинчи ярми – ХХI аср бошлари тарихий давр кесимида тарихий-этнографик материаллар асосида очиб беришдан иборат.
Do'stlaringiz bilan baham: |