Ўзбекистон республикаси фанлар академияси ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти қўлёзма ҳуқуқида
Учинчи боб юзасидан чиқарилган хулосалар қуйидагилардан иборат
Download 282.99 Kb.
|
Dissertatsiya Guljahon Namazova (4)
Учинчи боб юзасидан чиқарилган хулосалар қуйидагилардан иборат:
1. Таржимада вақт бирликлари макон ва замонни ифодалашдан ташқари қўшимча поэтик маъно ташийди. Масалан, ёзувчи романда вақтни турли йўллар билан белгилаб боради. Баъзи образлар ҳаракатини кўрсатаётганда вақтни оддийгина бериб, унга табиат тасвири ёки маконнинг ҳолати чизгиларини қўшмайди. Романдаги ижобий қаҳрамонлар билан боғлиқ ҳолатларда эса замон ва макон тасвири батафсилроқ, уларнинг ички ҳис-туйғулари билан ҳамоҳанг тарзда гўзал ифодаланади. 2. Таржима хронотопи таржимашуносликда асарнинг бадиий-эстетик қийматини кўрсатувчи поэтик бирликдир. Бундан ташқари, таржимашуносликда замон ва макон бирликларининг берилиши ўзга халқ маданияти ва ҳаёт тарзини ўз адабиётига олиб киради. 3. Таржима илмига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган адиб Асқад Мухтор “Таржима аслида муаллиф ишининг давомидир” деган эди. “Навоий романи хитой тилига ўгирмаларида мутаржимлар ана шу уйғунликни сақлаб қолишга ҳаракат қилишган. Шу жиҳатдан олганда асар таржимасида берилган изоҳлар таржимон бадиий-лисоний тафаккурининг ўзига хос ифодасидир; 4. Адабиётшуносликда изоҳлар алоҳида шакл сифатида ижодкор тафаккурининг чизгиларидир. Таржимон изоҳлар орқали ўзга олам ҳақидаги барча маълумотларни бор мураккаблигича ўқувчига етказади. 5. Бадиий асар матнида ҳам, бадиий таржимада ҳам изоҳлар инкор этиб бўлмас қийматга эгадир. Муаллиф эслатмалари, бир жиҳатдан, ўзга маданият элементларини матнда сақлаб қолиш имконини берса, иккинчи жиҳатдан, ўқувчи онгини қўшимча билим ва маълумотлар билан бойитади. 6. Изоҳда қатор назарий масалалар: аслиятга содиқлик, услуб ва матн руҳининг сақланиши муаммолари ҳам кўринади. УМУМИЙ ХУЛОСАЛАР 1. Бадиий асар тарихий, ижтимоий, маданий ва индивидуал воқелик саналиб, таржима мана шу ижодий индивидуаллик асосига қуриладиган адабий ҳодисадир. Таржима диалогик қурилма – муаллиф ва таржимон иккилигига асосланади. Бадиий таржима маданиятлараро муносабатнинг ўзига хос шакли бўлиб, мутаржим икки дунё маданиятини боғловчи кўприк вазифасини бажаради. 2. Таржима матни воситасида лисоний қурилманинг ўзига хослиги ва асарнинг поэтик қонуниятлари параллел равишда ўрганилади. Таржима мураккаб механизмдан ташкил топган нутқий қурилма саналиб, асосан бадиий матнга таянилиб иш кўрилиши билан лисоний тафаккурнинг ўзига хос намунаси – модели саналади. 3. Таржима кўп босқичли жараён саналиб, бир вақтнинг ўзида бир неча поэтик аҳамиятга эга амалиёт бажарилади. Муаллиф ва таржимоннинг ижодий индивидуаллиги асар матнида ўз аксини топиб, бу жараён лисоний-бадиий қонуниятлар доирасида намоён бўлади. 4. Тарихий мавзудаги асарни таржима қилиш мутаржимдан ижодий қайта яратишни талаб қиладиган машаққатли жараён. Боиси тарихий асар таржимони олдида: тарихий давр руҳини сақлай олиш, миллий бўёқдорликни бера олиш, халқона оҳангни асраб қолиш, таржима жараёнида лисоний-услубий ечимлар топа олиш каби масалаларни ҳал этилиши бирламчи талаблардан бири саналади. 5. Хитой таржимашунослиги таяниб иш кўрадиган уч мезон аслиятга содиқлик; меъёрга амал қилиш; муаллиф услубини сақлаш классик таржима назариясининг “ядроси” сифатида тан олинди. Ушбу формула Хитой таржима назариясининг миллий ўзига хослиги белгисига айланган. Аслида, бу мезонлар фақатгина хитой адабиётига мансуб бўлмай умумабадиий қонуният сифатида қабул қилинган. 6. “Навоий” романининг таржимонлар Хао Гуанг Жонг ва Ванг Женг Жонг томонидан ўгирилган хитой тилидаги таржималари, рус таржимонлари М.Салье ва П.Слётов томонидан қилинган таржима матнига таянган ҳолда яратилган. Бундай типдаги ишларни шакллантиришда оралиқ тил имкониятлари ва лисоний услубий хусусиятларини ўзаро боғлиқликда ўрганиш муҳим аҳамият касб этади. 7. “Навоий” романининг Ванг Женг Жонг таржимасида ижодий қайта яратиш билан бирга айрим ўринларда аслиятни сақлаб қолишда чекланган ўринлар ҳам йўқ эмаслиги тадқиқотда мисоллар ёрдамида кўрсатиб берилди. Зеро, бу нафақат мутаржимнинг ижодий маҳорати билан боғлиқ ҳодиса, балки таржиманинг мураккаб ва кўп босқичли жараён экани билан изоҳланади. 8. Мутаржим ҳар бир қаҳрамон образини миллийлик фонида ўз тилида қайта яратар экан, образ портретини муаллиф услубини сақлаган ҳолда ҳар бир детални тўлақонли “чиза олиши” зарур. Акс ҳолда таржиманинг мукаммаллигига путур етади. Рус таржимонлари ҳам, хитой таржимонлар ҳам бир қарашда ҳар бир портрет тавсифини “ипидан игнасигача” беришга ҳаракат қилган бўлсаларда, таҳлилллар натижасида таржима жараёнида миллийликни сақлаш масаласида баъзи хатоликларга йўл қўйилгани аниқланди. 9. Хитой тилига ўгирилган таржималарда аслиятнинг тарихий-миллий бўёқдорлигини акс эттириш учун фақатгина қайси сўздан фойдалангани эмас, ўша сўзлардаги бўғинларни қайси иероглифда бергани ҳам муҳимдир ва бу тилнинг ўзига хос қонуниятлари доирасида кечади. Ўзга тилдан хитойчага таржима қилинаётганда бир бўғин ёки бир сўзни ифода этувчи иероглифлардан мос келадиганини топиб, ўз ўрнида қўллай олиш керак. Сўзларни чинликлар тилига таржима қилиш муваффақияти асосан хитой маданий контекстига мослаштириш билан белгиланади. Керакли иероглифларни танлашда уларнинг маданий аҳамияти ва жозибаси тўлиқ эътиборга олиниши керак. Таржимонлар бунга алоҳида эътибор қаратишган. 10. Этнопсихология миллий ўзликни ўрганувчи соҳа сифатида адабиётшуносликнинг бир тармоғи бўлиб, асар семантик қатламини очиб беришда муҳим аҳамият касб этади. Таржимада муаллиф ва таржимон ижодий концепциясидаги миллий ўзига хослик, этник хусусиятларига кўра тафовутлари ойданлашиб боради. Таржимон Ванг Женг Жонг ўзбек миллатининг асарда келтирилган асрий урф-одатларини, миллий тушунчаларини таржимада тўлиқ сақлашга уринган. Хао Гуанг Жонг таржимасида эса бу масалада бироз эътиборсизлиик қилгани таҳллилар ёрдамида аниқланди. 11. Ҳар бир халқнинг ўз тили, дини, тарихи, маданияти, урф-одатлари бўлади. Қардош халқларда умумий муштараклик бўлиши мумкин, аммо узоқ халқлар ва тиллар оиласида буларнинг ҳаммаси бир-биридан тамоман фарқ қилади. Ва айни дамда уларда ишлатиладиган мақол, матал ва ибораларида катта фарқ бор. Шу боис бўлса керак, романнинг ҳар иккала таржимони мақол ва фразеологик бирликларни сўзма-сўз таржима принципидан фойдаланиб ўгиради. Ва бу кўп ўринларда аслият мазмунининг тўла очиб берилмаслиги ва муаллиф услубига путур етишига сабаб бўлган. 12. Таржимада вақт концепцияси мутаржим томонидан қайтадан ишлов берилиб, унда муаллиф ўзи яшаётган даврнинг замоний ва маконий белгиларини акс эттириш билан бирга қўшимча поэтик маъно ташийди. Масалан, Ойбек вақтни намоз вақтлари доирасида белгилайди. Вақтнинг бу тарзда берилиши миллатнинг диний ва маданий ўлчовлари билан белгиланади. Таржимонлар ҳам вақтларни аслиятдагидек қолдиришга ва ҳар бирини изоҳлар билан тушунтиришга ҳаракат қилгани аниқланди. 13. Диссертацияда таржимон изоҳларига алоҳида тўхталдик. Ойбек романда 278 сўзга изоҳ берган. Табиийки, ҳар иккала таржимада ҳам таржимонлар тушунарсиз ва ўқувчи учун бутунлай номаълум бўлган маълумотларни изоҳлар орқали беришга ҳаракат қилган. Муаллиф асосан матности изоҳларидан фойдаланган бўлса, мутаржимлар матндан ташқари изоҳлардан фойдалангани ва изоҳларни бевосита матн ичига жойлаштиргани ҳам маълум бўлди. Бу орқали улар ўзбек миллати маданияти, тарихи, илм-фани, урф-одатларидан тамоман бехабар бўлмиш ўқувчиларига кенгроқ маълумотлар беришга интилган. 14. Таржима матнида матности изоҳларининг кўплиги ўқишни қийинлаштириш ва ўқувчини зериктириши мумкин. Лекин тарихий асарлар таржимасида изоҳлар матнни қўшимча маълумотлар ва фактлар билан бойитади, ўқувчига номаълум жиҳатларни очиб беришда хизмат қилади. Шу боис бундай таржималарда изоҳларнинг ҳар қандай шаклда берилиши ўзини оқлайди. Download 282.99 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling