Ўзбекистон республикаси фанлар академияси ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти қўлёзма ҳуқуқида


Навоий романининг жаҳон тилларига таржималари хусусида


Download 282.99 Kb.
bet8/30
Sana18.06.2023
Hajmi282.99 Kb.
#1554886
TuriДиссертация
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   30
Bog'liq
Dissertatsiya Guljahon Namazova (4)

Навоий романининг жаҳон тилларига таржималари хусусида

Таржима бир мамлакат аҳолисини бошқа бир юрт одамларининг ҳаёти, ўша миллатнинг турмуш тарзи, маданияти, тарихи, урф-одати, илм-фани, адабиёти билан таништиради. Хоҳ бадиий, хоҳ илмий бўлсин айнан таржима туфайли бадиий адабиётдаги ва илмдаги кашфиётлар, синовдан ўтган усул ва услублар, улардаги муштарак ҳодисалар очилиб бораверади. Жаҳон халқлари ер шарининг қайси бурчагида бўлмасин, “бир-бирларининг санъатидан, бадиий кашфиётларидан завқланиб, қалбан ва руҳан яқинлашиб борадилар” 41. Бундан ташқари, таржима турли миллатлар ўртасида дўстлик, адабий ва маданий алоқаларнинг ривожланишига хизмат қилади. А.С.Пушкин таржимонларни бежиз “маърифат чопарлари” деб атамаган. Ғайбулла Саломов “Таржима – бу фақат алоқа воситасигина эмас, балки лисоний-услубий ва терминологик бойитиш омили ҳамдир”42. Олим бир сўз билан таржиманинг бир қанча жиҳатларини ажратиб кўрсатади:
1. Алоқа воситаси.
2. Лисоний-услубий.
3. Терминологик.
Ғ.Саломов таъкидлаганидек, таржима нафақат янги маданий олам билан танишув, балки ўз тилини ўзга тил механизмидаги лисоний унсурлар билан бойитиш ҳам демакдир.
Таржима икки тил, икки маданият, икки элат ўртасида кўприк вазифасини бажарар экан, бир вақтнинг ўзида турли замон ва маконни туташтиради. “Бадиий таржима – ижодий фаолиятининг бир тури бўлиб, унинг асосий мақсади таржима қилинаётган тилда бадиий-эстетик таъсир кўрсатишга қодир тил бирликларига асосланган янги асарнинг пайдо бўлишидир”.43 Бундан ташқари, таржима турли миллатлар ўртасида дўстлик, адабий ва маданий алоқаларнинг ривожланишига хизмат қилади. У қитъаларни, турли замон ва маконни туташтиради. Таржима эса структурасига кўра мураккаб ва кенг қамровли жонли жараёнки, унда мутаржим ўзга тил маданияти билан тўқнашади ва асарни она тилидан бошқа тил маданияти томон йўналтиришга хизмат қилади. Таржима юқорида таъкидлаганимиздек, бир қанча нозик ва жуда муҳим босқичлардан иборат жараёндан ташкил топади. Уларни бирма-бир ўрганиш адабиётшунослик учун муҳим масала экани сир эмас. Бунда биринчи навбатда қиёсий адабиётшунослик ва адабий алоқалар бирламчи аҳамият касб этади. Бундан ташқари, таржимада қуйидаги омиллар муҳим ўрин тутади:

  1. Лингвокультурологик – тиллар орасидаги диалог;

  2. Социокультурологик;

  3. Маданиятлараро учрашув;

  4. Дунёнинг миллий манзараси;

  5. Миллий руҳнинг ўзга миллат маданияти томонидан қабул қилиниш, ўзга маданиий қадриятларнинг янги талқинларга эга бўлиши ва ҳ.к.

Таржимашунос олим Ғайбулла Саломов фикрича, “таржима” атамаси форсча “тарзабон” сўзидан келиб чиққан, тарзабон форс тилида “чиройли сўзловчи, нотиқ, тили бурро киши”, деган маъноларни англатади. Арабчада “таржумон” шаклида бўлиб, ундан “таржима” ёки “таржума” ҳосил бўлган. Ўз тилимизда бу сўз “ағдариш”, “ўгириш”, “қайта яратиш” атамалари орқали ифода этилади. “Таржиманинг қайта бунёд этиш санъати” – эканини Қутб 1340 йиллардаёқ аниқ ифодалаб берган эди. “Сўйлаш гали келганда эса, шунчаки эмас, балки ҳақиқий ишқ билан сўйлашни ўзига мезон қилиб олганди. Қайта яратишда ҳам демак, ишқ мезони, яъни асарни севиб, унга меҳр қўйиб таржима қилиш биринчи даражали аҳамиятга эга эканлигини Қутб жуда чиройли баён қилиб ўтган ва бадиий таржиманинг илк мезонлари – принципларини аниқлик билан тилга олганди”. 44
Шу кунгача жонкуяр таржимонларнинг ўгирмалари орқали кўпгина миллатлар ўзбек адабиёти, ўзбек миллати билан танишган бўлса, ўзбек китобхони эса жаҳон адабиётининг дурдона асарларидан баҳраманд бўлдилар.
Бундан ташқари, асар аслиятини сақлаб қолиш, миллат менталетитига хос жиҳатларни эътиборда сақлаш, матн ичига кириш, сўзнинг лексик-семантик қамров доирасини ҳисобга олиш таржимон олдида турган муҳим вазифалардан биридир. Таржима матн билан ишлашни тақозо қилар экан, унда мутаржим муаллифнинг руҳини, унинг кўнгил кечинмаларини, дунёқарашини ҳам англай билиши лозим. Таржима жараёни бир асарга икки томонлама ёндашув заруратини юзага келтириб, муаллиф ва мутаржим орасидаги ўзаро ҳиссий мулоқотдир. Бу кенг доирадаги тушунча бўлиб, унда шахслараро эмас, балки турли миллатга доир маданиятлараро диалог юзага келади. Диалогда турли миллатга мансуб тарихий тафаккур шакли, қадриятлар тизими, халқнинг тафаккур тарзи, тутумлари ўзаро мулоқотга киришади. Мана шу жараёнда халқлар орасидаги муштараклик ва айирмалар юзага қалқиб чиқади. Ўз-ўзидан қиёсга йўл очилади. Биз ушбу тадқиқотимизда “Навоий” романининг хитой тилидаги таржима вариантларини ўзаро муқояса қилиб, таҳлилга тортдик.
Таржимада аслиятни сақлаб қолиш энг катта адабий муаммолардан биридир. Таржимон ўз олдига мақсад қўяр экан нималарга амал қилиши лозим деган саволга жавоб беримоғи зарур. Ва таржима жараёнида таржимон бир неча тамойилларни эътиборга олиши лозим:

  1. Асарнинг тугал нашрини танлаш;

  2. Муаллифнинг ижоди билан таниш бўлмоғи, унинг бошқа асарларини ҳам ўқиган бўлса мақсадга мувофиқ бўларди;

  3. Танланган асарни аслиятда ўқиш;

  4. Муаллиф мансуб миллат анъаналаридан бохабар бўлиш;

  5. Асар муаллифининг бадиий мақсади ва ғоясини англаш;

  6. Ҳар бир асарга миллий ҳодиса сифатида баҳо бериш;

  7. Асар структураси ва композицияси ҳақида муайян тасаввурга эга бўлиш.

Бир тилдан бошқа тилга таржима қилинган асарнинг кейинги ҳаёти ҳам муҳим саналади. Бизнингча, асар таржима ҳолатида қолиб кетмаслиги, у ўзга миллатнинг ич-ичига сингиб кетиши керак. Таржиманинг энг муҳим тамойилларидан яна бири шуки, ўша халқнинг қайта ва қайта ўша асарга мурожаат қилиши китобнинг яшовчанлигини белгилаб беради.
Муаллиф бадиий мақсадини англаш, услуб ва усуллар масаласи, асар шакл ва мазмунидаги миллий-маданий буёқдорликнинг сақланиши, тасвирлаган тарихий макон ва замон билан таржимон қайта яратган макон ва замондаги ўзаро боғлиқ жиҳатларни аниқлаш давомида ҳар бир миллатнинг ўзига хос хусусиятлари ойдинлашиб боради.
Таржимашуносликда “кўп босқичли таржималар” деган тушунча мавжуд. Яъни маълум бир ижодкорнинг асари ўзбек тилига аслият тилидан эмас, балки рус тилидан ўгирилади. Айнан “тилдан тилга” формуласини қўллашнинг имкони бўлмайди. Бу маълум қонуниятлр асосида амалга оширилади. Шу сабаб оралиқ тилга эҳтиёж сезилади. Аслият ва таржиманинг ўртасида яна бир тил пайдо бўлади. Оралиқ масофа ортиб борган сари аслиятнинг ўзига хос шираси ва оҳангдаги бетакрорлик маълум маънода нисбатан сифатини йўқотиши эҳтимолдан холи эмас. Бундай кўп босқичли таржималар асарнинг бадиий-эстетик, тарихий-миллий жозибасини маҳаллий шароит ва адабий дидга мослаштириш томон йўналтиришга хизмат қилади. Мазкур тадқиқотимиз объекти саналган “Навоий” романи ҳам дунёнинг бир неча тилларига таржима қилинган. Ишимизда романнинг русчадан фойдаланилган хитойча вариантини лисоний-эстетик жиҳатдан қиёсий таҳлилга тортишга тўғри келди. Шундай экан роман таржимаси кўп босқичли таржималарга киритилади.
Ишда аслият ва таржимани қиёслаш жараёнида бир қанча мураккабликлар юзага келди. Булар нималарда кўринди? Аввало биз таржималарни қиёслашни ўрганишни мақсад қилган хитойлик таржимонлар романни аслиятдан эмас, балки бири рус тилидан, яна бири эса уйғурчадан таржима қилганли маълум бўлди. Бу эса масъулиятни ошириб, асарнинг шу икки тилдаги вариантини ҳам қиёслашни заруратга айлантирди. Юқорида бадиий таржима маданиятлараро диалогдан ташкил топади деган фикрларни айтиб ўтдик. Энди эса диалог доираси кенгайиб, рус тилидаги вариант ва таржимонларнинг маҳоратини ўрганиш лозим бўлди. Тадқиқотда аслият – рус тилидаги вариант – уйғурча – хитой тилидаги вариант каби кўп босқичли жараёнлар атрофлича ўрганилди.
Адабиётшуносликда ёзувчининг тили, услуби, поэтик маҳорати каби масалалар алоҳида тадқиқ қилинса, бадиий таржимада кўп ҳолатларда бу кабилар бир бутунликда ўрганилишига тўғри келади. Ойбек бадиий тафаккуридаги ўзига хослик ва услубдаги беқарорлик, ифодадаги жозибадорлик, тасвирдаги тиниқлик, талқиндаги серқатламлилик каби адиб маҳорати билан боғлиқ хусусиятлар таржимон томонидан маҳорат билан ижодий ўзлаштирилганлигини роман таржимаси орқали билиб олиш мумкин.
Ўзбек адабиётининг забардаст вакилларидан бири Ойбекнинг “Навоий” романи ўзининг поэтик нафосати билан адабиётшуносликда жуда кўп талқинларнинг юзага келишига сабаб бўлмоқда. Ойбек ёзувчи бўлиш билан бирга кўплаб илмий тадқиқотлар олиб борган. Ҳозир Ойбек уй-музейида “Навоий ҳақидаги илмий ишларга тайёргарлик, “Шарқ ҳаёти ва адабиётига оид тадқиқотлар устидаги иш”, “Шарқ ҳаёти ва адабиётига оид тадқиқотлар устидаги иш” деб номланган бир қанча дафтарлар сақланиб қолган. Ушбу дафтарларда Ойбекнинг “Зафарнома”, “Рашаҳот айн ул-ҳаёт”, “Матлаб ут-толибин” каби асарларни, шу билан бирга Клавихо, ибн Батута, Восифий, Мирхонд, Бобур, Хондамир, Абдураззоқ Самарқандий, Бартольд сингари олим ва сайёҳларнинг илмий-тарихий асарлари ва кундаликларини ҳам диққат билан ўрганганини билиб олишингиз мумкин. “Шундай тадқиқотлардан бири Навоий ижодига бағишланган “Навоий ҳақида” (1936) деб номланиб, адиб шоир яшаган давр, иқтисодий шароит, тарихий-адабий жараённи чуқур ўрганади, бундан ташқари, қатор илмий-танқидий мақолалар ҳам эълон қилади. Маълумотларга кўра, ёзувчининг шахсий архивида романнинг араб алифбосида оққа кўчирилган автограф нусхаси сақланиб қолмаган. Адибнинг “умр йўлдоши Зарифа Саидносированинг тасдиқлашича, йўқолган автограф билан Ўзбекистон ССР давлат нашриёти томонидан нашр этилган (1944 й. Тошкент) китоб матни ўртасида деярли фарқ йўқ. Шунинг учун ҳам биринчи нашр матнини романнинг араб алифбосида оққа кўчирилган автограф матни билан айнан бир хил деб қабул қилиш мумкин”45. Ойбекнинг архивида романнинг қоралама нусхаси сақланган экан. Ушбу қўлёзма автограф бўлгани боис ҳам нодир саналади. Айни шу “қоралама автографнинг биринчи саҳифасида 1940 йил 6 январда қайтадан бошланди, биринчи боб, — деб ёзилган. Қўлёзманинг қоғоз размери 21*30 см бўлиб, у 369 саҳифадан иборат. Ҳар саҳифада 24-28 сатр, бундан оз ва кўп ёзилган саҳифалар ҳам учраб туради. Қоғози сифатсиз, қалин-юпқалиги ҳам ҳар хил. Қўлёзманинг деярли барча бетлари уринган. Вақт ўтиши билан қуёш нури таъсирида сарғайган, четлари йиртилган. Баъзан кўк қоғоз, баъзан мактаб дафтарига ёзилган саҳифалар ҳам учрайди (жумладан, 41-60, 67-71, 72-73-саҳифалар). Қўлёзма асосан араб графикасида, бинафша сиёҳ билан ёзилган. Қизил сиёҳ, қора қалам, зангори сиёҳ билан ёзилган бетлар ҳам бор. Сиёҳ тўкилган саҳифалар кўп учрайди. Саҳифа номерларини қўйишда баъзи ноаниқликлар мавжуд (жумладан, 112-бетдан кейин 107-бет келади, 110-бетдан кейин 116-бет ва ҳ.к.) Баъзи саҳифалар йўқолган, масалан, 123-бетдан то 131-бетгача умуман йўқ”46. 1941 йили илк марта “Навоий” романидан каттагина парча Ўздавнашр томонидан кичик бир китобча ҳолида нашр қилинади. Худди шу йили “Қизил Ўзбекистон” газетасининг 1 июн сонида романдан кичик парча ҳам эълон қилинади. 1944 йилнинг бошида “Жангчилар кутубхонаси” сериясида “Улуғ шоир” номи остида романдан олинган парча чоп этилади. Худди шу йили роман тўла ҳолда Ўздавнашрда нашрдан чиқади, адибнинг тинимсиз изланишлари самараси ўлароқ “Навоий” романи (1944 й) дунё юзини кўради. Л.Г. Бать ёзувчини эслар экан, шундай деб ёзади: “Ойбек Навоий ҳақида гапирганида, кўзлари айниқса бошқача чақнаб кетарди. У ўзини худди ўша қадим даврга кириб боргандай, Ҳиротни ўз уйидек, қадрдон Тошкент кўчаларидек ҳис қилар, хаёлан ўша замон гирдобида кезар эди” 47. Ойбек романни ёзишга шу қадар жон жаҳди билан киришадики, академик Наим Каримовнинг асар ҳақида ёзган мақоласида: “Роман ёзилган кезларда собиқ советлар мамлакатининг душман босиб олган шаҳарларидан кўплаб ёзувчилар, санъаткорлар, олимлар Ўзбекистонга кўчириб келтирилган эди. Шулардан бири Александр Дейч бўлиб, у тез орада Ойбек билан дўстлашиб олган. У ТАСС мухбири сифатида хизмат қилиш билан кифояланмай, шу йилларда ўзбек маданияти тарихи билан ҳам қизиқиб, Ойбек ёрдамида бу тарихнинг мунаввар тимсоли Алишер Навоийга ҳурмат ва муҳаббат туйган. Ва улар биргаликда Навоий ҳақида рус тилида илмий-танқидий рисола ёзганлар. Ойбек Дейчни Навоий муҳитига олиб кириш истагида Эски шаҳардаги Одам Атодан қолган кўчаларни айлантириб, кўриниши, юриш-туриши, ҳаёт тарзи Навоий замондошларини эслатиши мумкин бўлган кишилар билан ошно этган. Кунларнинг бирида бу икки оғайни ҳозир метронинг “Ҳамид Олимжон” бекати жойлашган ерда кетар эканлар, Ойбек олисдан антиқа қиёфали одамни учратиб қолади. Югуриб бориб, у билан сўрашади ва суҳбатлашиб қайтади. Маълум бўлишича, у киши Ойбекнинг танишларидан экан. Тасодифий учрашувдан мутаасир бўлган адиб Дейчга: “Ана шу кишидан мен романимдаги бирор навкар ё ҳатто бекнинг сийратини чизишим мумкин”, дейди. Назаримизда Дейч орқали бизга етиб келган бу хотира ҳам Ойбекнинг роман устида олиб борган кўп қатламли, мураккаб ва завқли, шавқли ишини бир қадар ёритиб туради. Ойбек оврўпо услубида қурилган ўз хонадонида ўзи учун кичик бир ҳужра қурдиради. “1942 йилнинг қаҳратон қишида, керосин лампанинг хира шуъласида, қишки либосларга бурканган ҳолда ўтириб, шу ерда “Навоий” романини ёзиб тугатган. Адибнинг масковлик биродари шоир Николай Тихонов ҳар сафар Тошкентга келганида, шу “Шарқ хонаси”ни зиёрат қилишни севган ва дўсту ёрларига Ойбекнинг шу хонада, хонтахта атрофида кўрпачада ўтириб ижод қилганини завқ шавқ билан сўзлаб берган. .... Ойбек хонтахта устидаги керосин лампанинг ғира-шира нурида эса XV асрда яшаб ўтган қаҳрамонларини кўргандек ва улар билан суҳбат қургандек бўлди”48. Ушбу хотиралар шуни кўрсатадики, Ойбек романни ёзишга киришар экан, ҳар нафасини ўша давр одамлари ила бирга олади, ҳар қадамини улар билан бирга босади. Ойбек хаёлан, бутун вужуди билан Навоий ёнида бирга яшайди. У билан ҳамнафас бўлади. Тарихни синчиклаб ўрганади, ҳар бир детални диққат ва катта маҳорат билан романга киритади.
Ойбекнинг буюк мутафаккирга бағишланган илк асари саналмиш “Навоий” достони 1937 йили Москвада ёзилган экан. Ўша пайтда Ойбек бир гуруҳ қаламкаш биродарлари билан “Ўзбек санъатининг ўн кунлиги”га Москва шаҳрига боради. Ва меҳмонадан чиқмай, ушбу достонни битади. Маълумотларга кўра, айнан шу достон “Навоий” романи учун хамиртуруш вазифасини бажарган.
“Манбаларни кузатар эканмиз, ёзувчи асарни “азамат мавзу” деб номлайди. Бу адибнинг шоир даҳосига эҳтиромини белгилайди. Роман нашрга тайёрланиш жараёнида бир неча марта муҳокамадан ўтади. “Роман муҳокамасида ёзувчи М.Шайхзода, И.Султон, Э.Бертельслар роман ўлмайдиган асар бўлиши билан бир қаторда йирик сиёсий ҳужжат ҳамдир, деб таъкидлаганлар” 49. Бугун ушбу йирик “сиёсий ҳужжат” фақатгина ўзбек миллатининг эмас, балки бошқа халқларнинг ҳам энг сара асарлари қаторидан ўрин олиб улгурган. Бу ўринда эса асарни турли тилларга таржима қилган моҳир мутаржимларнинг ҳиссаси беқиёс. Маълумотларга кўра “Навоий” романи дунё халқларининг йигирма бешдан ортиқ тилларига таржима қилинган. Роман илк марта 1945 йили моҳир мутаржим Михаил Салье (1899 — 1961) томонидан таржима қилинади50, 1946 йили нашр қилиниб, шу йили Ойбек “Навоий” романи учун биринчи даражали Давлат мукофоти билан тақдирланди. Академик, шарқшунослик фанларининг закий билимдони М.Салье Ибн Синонинг “Тиб қонунлари”, Берунийнинг “Ўтмиш халқлардан қолган ёдгорликлар”, “Бобурнома”, “Минг бир кеча”ни ҳам таржима қилган. 1947 йили асар иккинчи марта П.Слётов томонидан рус тилига ўгирилиб, Москванинг “Известия” нашриётида чоп қилинади51. “Навоий” романининг бошқа тилларга ўгирилган баъзи таржималарида айнан юқорида келтириб ўтилган икки русча таржимага таянилган. Ҳар иккала таржима ҳам аслиятдан ўгирилгани боис, мукаммал таржима саналади. Асарнинг русча таржималари муваффақиятли чиққан. Аммо баъзи камчиликлардан ҳам холи эмас. Ойбек романдаги қаҳрамонлар характерини очиш, тилини жонлантириш мақсадида аниқ, ўткир мақол ва маталлардан фойдаланган, уларни чертиб-чертиб ишлатган. Ҳар иккала ўгирмадаги фразеологик бирликлар аслият билан солиштирилганда:

  • Баъзи мақол ва маталларнинг сўзма-сўз таржима қилингани;

  • Айримлари рус тилидаги эквивалент билан алиштирилгани;

  • Баъзилари эса умуман нашрдан тушириб қолдирилгани аниқланди.

Сўзма сўз таржимадаги баъзи мақоллар аниқ, аслиятдаги маъно тўлиқ англашилса, айримларида маъно сийқаланган, китобхонга хато англашилади. Масалан, қуйидаги мақолларда маъно аниқ, таржима равон чиққан:
Кўп сўз эшакка юк... Қозонни ос. Мўл қилиб этни сол”.52
М.Салье таржимасида:
Много слов бремя для осла. Повес котёл, положи по больше мяса...53
П.Слётов таржимасида:
Много слов бремя для осла. Повес котёл, положи побольше мяса...54
Энди ушбу мисолга эътиборингизни қаратинг:
“... Лекин бундан кейин эҳтиёт бўлмоқ керак. Элнинг бир сўзи бор: ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингни ўғри тутма” (183 б)
Мақолни ҳар иккала таржимон ҳам бир хил ўгиришган:
У нас в городе говорят: “Cмотри за своим домом, не лови вора у соседа”. (М. Салье таржимаси 172-б. Слётов таржимаси 177-б.)
Таржимонлар ўзбек тилидаги “тутмоқ” феълининг “держать” (масалан: держать себя) ва “считать” (масалан: считать другом) каби маъноларини эътибордан четда қолдириб, “ловить” (ушлаб олмоқ, тутмоқ) маъносини қўллаган. Ва жумланинг иккинчи қисмидаги маъно англашилмай қолган.
“Навоий” романини 1948 йили француз таржимони Алис Оран (Alice Orane) русча таржималар асосида француз тилига ўгиради. Китоб Frida Strichova муҳаррирлиги остида Москвада чоп қилинади.55 Китобдаги суратлар Маҳмуд Музаҳҳибга тегишли. Шоҳида Исоқова “Навоий” романи француз тилида”56 номли мақоласида романнинг француз таржимони ҳам худди рус таржимонлари сингари тарихий романда тасвирланган давр руҳини беришда архаик ва китобий лексикадан кўнгилдагидек фойдалана олмагани ҳақида ёзади. Бундан ташқари, таржималарда китобий лексика жонли сўзлашув лексикаси билан, қадимги тил лексикаси эса ҳозирги лексика билан алмаштириб юборилганига ҳам эътибор қаратади ва буни мисоллар билан исботлашга ҳаракат қилади: “Масалан, ёш олимлар ­Султонмурод билан Зайниддин Алишер Навоийнинг Ҳиротга келишини ҳозиргина эшитишади.
«Истиқболларига чиқмоқ керак, ­ўрнидан қўзғалди Султонмурод». «Надо пойти его встречать, ­проговорил Султанмурад, тут же вскочив с места».
Романда Султонмурод Навоий ҳақида III шахс кўпликда ҳурмат ва илтифот билан гапиради. Адиб «кутиб олмоқ керак» демайди, балки «истиқболларига чиқмоқ керак» дейди. Русча таржимада Султонмуроднинг «Надо пойти его встречать» деган жумласи француз тилига ўгирилганда худди аслиятдагидек жаранг­лайди: «il faut se porter a sa rencontre». Бу ерда «se porter a sa rencontre» француз турғун ибораси айнан ўзбекчадаги «кутиб олгани чиқмоқ, истиқболига чиқмоқ» маъносини беради. Таққосланг: «a la rencontre de… en se trouvant face a face aves qqn qu’on recontre, et mod. En allant vers qqn, au devant de lui» ­«Кимнинг­дир олдига пешвоз чиқиб, кутиб олиш».
«Навоий» романининг рус тилидаги таржималарида Биноий билан Навоий ўртасидаги турк ва форс тилини бир бирига қиёсловчи парча ташлаб кетилган. Ш.Исоқованинг қайд этишича, француз тилидаги ўгирмада ҳам ушбу “мисралар акс этмаган”, таржимон мисраларни тушириб қолдирган.
Роман турк тилига ҳам икки марта таржима қилинади. 1995 йили Туркияда Аҳсен Батур57 таржимаси чоп қилинган бўлса, 2019 йили иккинчи таржимон Шуайип Қорақош58 таржимаси остидаги китоб чоп қилинади. Таржимашунос олим, филология фанлари доктори доцент Хайрулла Ҳамидов ўзининг “Ўзбек қисса ва романлари турк тилида”59 деб номланган монографиясида “Навоий” романининг туркча таржималарига ҳам тўхталади. Олим таржималарни таҳлил қилар экан қуйидагиларга тўхталади: “Навоий” романидан олинган жумлага эътибор қаратамиз: “Илм игна билан қудуқ қазиш деган қадимги фикрга ҳужраларининг андозаси ёрқин бир мисол бўлсин...” Таржимаси: “İlım iğneyle kuyu kazmaktır şeklındekı eskı fıkre hücrelerın ölçüsü parlak bır mısal olsun...” Гап ва таркибидаги ибора сўзма-сўз ўгирилган ва турк китобхони уни осон тушунади. Аммо ҳар доим ҳам бундай бўлавермайди. Ўзбекча-туркча таржималар устида олиб борилган тадқиқотлар асносида айнан таржима кўп ҳолларда кутилган самарани бермаслиги исботланган”60. Хайрулла Ҳамидов Шуайип Қорақош таржимасини таҳлил қилар экан, таржиманинг ишончли чиққани, сўзлар, ибораларнинг чертиб-чертиб танланганига тўхталади. Турк таржимонининг сўз танлаш маҳоратига ишора қилади.
Романни Верте Л. Старевикюте латиш тилига (таржима қайси нашрга асослангани маълум эмас – Г.Н.), худди шу йили Eвгений Румет эстон тилига таржима қилади. Асарнинг эстонча таржимаси ҳам русча таржималарга асосланади. Ҳар иккала таржимада шарқшунос олим Борис Заходернинг (1890-1960) Алишер Навоий тарихий характеристикаси баёни хулоса ўрнида киритилган.
2014 йили таржимонлар Илҳом Тўхтасинов ва Омон Мўминов ҳамкорлигида роман инглиз тилига ҳам ўгирилади ва 2016 йили “Янги аср авлоди” нашриёт уйида 500 нусхада чоп қилинади. Таржимага америкалик муҳаррир Кристин Смарт муҳаррирлик қилган.
1954 йили хитойлик уйғурлар ҳам “Навоий” романини ўз тилида ўқишга муяссар бўлишади. Романни Неъматулла Ҳожи ва Тўхта Қосим уйғур тилига ўгириб, “Икки ҳаёт” журналининг бир неча сонларида пешма-пеш эълон қилади. 2003 йилга келиб таржима Муҳаммадтурди Мирзааҳмадий муҳаррирлиги остида Шинжон Халқ нашриётида китоб ҳолида нашр қилинади. Роман уч минг нусхада чоп этилади. Таржимонларнинг қайд этишича, роман таржима қилинган ва журналда эълон қилинган вақтда уйғур китобхонлари орасида катта қизиқиш билан кутиб олинган. Китоб буюк мутафаккир Алишер Навоий яшаган давр, унинг ҳаёти ва ижоди, ижтимоий ҳаётда тутган ўрни ҳақида муҳим маълумотларни бергани таъкидланган. “Ойбекнинг “Навоий” романи уйғурчага таржима қилингач, бироз вақт ўтгандан кейин хитой тилига ҳам таржима қилинади. Асарни хитой китобхонлари ҳам ўз она тилида ўқишга муяссар бўлди. Ханзучага ҳам таржима қилинди ва чоп этилди”.61 (Ханзуча – хитой тили. Бу ерда уйғурчадан хитой тилига ўгирган Хао Гуанг Жонг таржимаси ҳақида айтилган. Г.Н)
Ойбекнинг “Навоий” романи хитой тилига икки марта таржима қилинган. 1999 йили Хао Гуанг Жонг, 2001 йили эса Ванг Женг Жонг томонидан асар хитой тилига ўгирилади.62 Хао Гуанг Жонг 1999 йилдаги “Навоий” романи таржимасида юқорида номи санаб ўтилган уйғурча ўгирмасига асосланади.
“Бундан тахминан йигирма-ўттиз йил илгари Ойбекнинг “Навоий” романи уйғур тилига таржима қилинган ва уйғур китобхонлари томонидан зўр муҳаббат билан ўқилган эди. Бу воқеадан хабардор бўлган хитой ёзувчиси Хао Гуанг Жонг ўзбек адиби романи билан танишиш учун уйғур тилини ўрганган ва Шарқ адабиётининг порлоқ юлдузларидан бири ҳақидаги роман билан танишган. У романга шу даражада муҳаббат қўйганки, ҳатто уйғур тилини ҳам мукаммал билмаганига қарамай, уни таржима қилишга киришган. Муаллифнинг эътирофига кўра, у роман таржимаси устида 20 йил ишлаган”.63
Шу ўринда таржимашуносликдаги медиум терминига изоҳ бериб ўтишни жоиз билдик. Дунёда қанча эл ва элатлар бўлса уларнинг она тили ҳам мавжуд. Таржимада “тилдан тилга” формуласи кўп қўлланилади. Аммо шундай ҳолатлар бўладики, асар аслиятдан эмас, балки орадаги бошқа тил орқали ўгирилади. “Медиум – бошқа тил орқали таржима қилишдир”64. Яъни бошқа қўшимча тил воситаларидан фойдаланишга эҳтиёж туғилади. Олим таъкилаганидек, таржима учун “Ягона жаҳон харитаси йўқ”. Тадқиқотда биз ҳам ёрдамчи воситалардан фойдаланишга эҳтиёж сездик, зарур ўринларда уларга фикрларимизни далиллаш учун мурожаат қилдик.
Хао Гуанг Жонг 80-йилларда роман таржимасига киришган. Аммо роман таржимасини тугатиб, ҳали китоб ҳолида чоп этишга улгурмай қаттиқ бетоб бўлиб, ҳаётдан кўз юмади. Романни унинг рафиқаси китоб ҳолида чоп эттиради. Асар икки минг тиражда, Ли Чун Хуа муҳаррирлиги остида Шинжонда чоп қилинади. Романда 350 000 иероглифдан фойдаланилган. Ёзувчи роман таржимасига киришишдан олдин бироз иккиланади. Аммо Навоий шахсига бўлган қизиқиш унга тинчлик бермайди ва у таржимага киришади. 18-19 йил давомида таржимани тамомлайди.
2001 йилдаги Ванг Женг Жонг таржимаси эса асарнинг 1954 йилдаги ўзбекча нашри ҳамда М. Салье ва П. Слётовнинг 1955 ва 1961 йилда қайта нашр қилинган рус тилидаги таржималарига асосланади. Хитой Марказий Миллатлар университетининг туркий филология бўйича доценти Ванг Женг Жонг 2005 йили асарни Шинжон Халқ нашриётида китоб ҳолида чоп эттиради. Китобга Lui Guanghon ва Jong Ming муҳаррирлик қилган. Романдаги иероглифлар сони 350 000. Таржимон китобнинг кириш қисмида сўз мулкининг султони ҳазрат Навоий шахси ва ёзувчи Мусо Тошмуҳаммад ўғли Ойбек ижодига батафсил тўхталади. Китобни қўлига олган ҳар бир хитойлик китобхон икки буюк сиймо ҳақида тўлиб маълумот олади.
“Мазкур асар хитой тилига ўта моҳирлик билан таржима қилинган. Маълумки, хитой тили энг қийин ва мураккаб тиллардан ҳисобланади. Шунга қарамай хитой ва ўзбек халқи бир қитъада жойлашгани, Шарқ маданиятига мансуб бўлганлиги боисми, бу мамлакатлар ўртасида ўзига хос муштараклик ва уйғунлик бордек гўё. Сабаби асарни хитой тилида ўқир эканмиз “Навоий” романи гўё аслида хитой тилида ёзилгандек, гўё Ойбек домла бу асарни хитой тилида ёзиб, дунё аҳлига ҳадя қилгандек яхши таассурот қолдиради.
Асар таржимасида туркий тилларга хос атамаларни хитой тилида ўз ўрнида қўллашга ҳаракат қилинганини алоҳида қайд этиш лозим. Сарой аҳлига хос диалог ва монологлар, ўзбек урф-одат ва анъаналари, образлар тасвирида таржимон муносиб ифодалар, синонимлар ва иборалардан фойдаланганки, улар таржимага ўзгача шукуҳ ва жозиба бахш этади”65. Олимнинг ушбу фикрлари жуда ўринли. Асар хитой тилига моҳирона таржима қилинган. Бизга маълумки, асар қаҳрамонлари, манзилларнинг номларини таржимада аслидек бериш осон иш эмас. Ҳар бир иероглиф алоҳида маънога эга хитой тилида бериш эса мутаржим учун бирмунча мураккаблик туғдиради. Аммо таржимон Ванг Женг Жонг ҳар бир атамани ўз ўрнида қўллай олган. Бошқа тиллардан ханзичага таржима қилганда бир бўғин ёки бир сўзни ифода этувчи иероглифлардан мос келадиганини топиб, ҳар бир атамани ўз ўрнида қўллай олиш керак. Бундай иероглифларнинг умумий сони эса 60 мингдан ошиб кетади. “Асарда жой номлари ва атоқли отлар ҳам мос товушларни англатувчи иероглифлар билан берилган. Оддийгина бир мисол: асар номи – “Навоий” хитой тилида товушларни англатувчи учта иероглифлардан ясалган, яъни “На ва и”. Айни замонда у шоирнинг тахаллусини ўзида тўла мужассамлаштиради”66
Хитой тилидаги иккала таржиманинг номини таҳлил қилиб кўрамиз. Хао Гуанг Жонг таржимасида асарнинг хитой тилидаги номи “纳瓦依”— “Na wa yi” тарзида берилган. Иккинчи таржимон, яъни Ванг Женг Жонг таржимасида эса “纳 沃 依” – “Na wo yi” деб берилган. Ҳар иккала таржимадаги охирги икки иероглиф таржима қилинганда:
纳瓦依”
纳 沃 依” деб ўгирилган.
Иероглифлар маъносини солиштириш учун қуйидаги жадвалга эътибор қаратинг:


Download 282.99 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   4   5   6   7   8   9   10   11   ...   30




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling