Ўзбекистон республикаси фуқаролик кодексига ш а р ҳ 1-жилд
-модда. Уй-жой (хонадон)га мулк ҳуқуқининг вужудга
Download 3.48 Mb. Pdf ko'rish
|
Fuqarolik kodeksiga sharh 1-jild
- Bu sahifa navigatsiya:
- Бир ёки бир неча шахслар томонидан қурилаётган уй-жой қурилиш тамом бўлгунча ва рўйхатдан ўтказилгунча маҳаллий ҳокимият
210-модда. Уй-жой (хонадон)га мулк ҳуқуқининг вужудга
келиши тартиби Белгиланган тартибда ажратиб берилган ер участкасида қурилаёт- ган янги уй-жойга мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади. 528 II-бўлим. мУЛК ҲУқУқИ ВА БОшқА АшЁВИй ҲУқУқЛАР Бир ёки бир неча шахслар томонидан қурилаётган уй-жой қурилиш тамом бўлгунча ва рўйхатдан ўтказилгунча маҳаллий ҳокимият органларининг рухсатисиз бошқа шахсга берилиши мумкин эмас. Давлатга қарашли уй-жой (квартира)га мулк ҳуқуқи қонун ҳужжатларида назарда тутилган хусусийлаштириш тартибида вужудга келади. Кооператив уй-жойга, квартирага, гаражга, чорбоққа ва бошқа биноларга мулк ҳуқуқи кооператив аъзоси пай бадалларини батамом тўлаб бўлганидан кейин вужудга келади. 1. Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси ўзининг ва оиласининг эҳтиёжлари учун хусусий мулк ҳуқуқи асосида зарурий томорқа хўжалик ҳамда ҳовли иншоотлари билан бирга турар жой иморатларини қуриш ҳуқуқига эгадир. Янги қурилаётган уй-жойга мулк ҳуқуқи мураккаб юридик таркиб, яъни: шахсий турар жой қурилиши учун ер участкасининг берилиши ва янги қурилаётган турар жойга эгалик ҳуқуқининг давлат рўйхатига олиниши туфайли пайдо бўлади. Ўзбекистон Республикаси фуқароларига хусусий уй-жой қурилиши учун мўлжалланган ер участкалари мерос бўлиб ўтадиган умрбод фойдаланиш ҳуқуқи асосида берилади. 2008 йил 1 январигача хусусий уй-жой қурилиши учун мўлжалланган ер участкаси умрбод фойдаланиши асосида мерос бўлиб ўтадиган ҳуқуқ бўйича битта оила учун 0,06 гектар ўлчамида белгиланган тартибда туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан ажратиб берилар эди. 2008 йил 1 январидан бошлаб эса, уй-жой қурилиши учун мўлжалланган ер участкалари қонунчилик томонидан белгиланган тартибда ким ошди савдоси асосида сотилади. Кимошди савдоларини тайёрлаш, ўтказиш, уларда томонларнинг (харидорлар ва ташкилотчилар) иштирокининг умумий тамойиллари, ҳисоб-китобларни амалга ошириш шакллари ва шунингдек, ер участкасига, уни сотиш ҳуқуқисиз, мерос бўлиб ўтувчи умрбод фойдаланиш ҳуқуқи асосида унга эгалик қилишни расмийлаштириш тартиби 1995 йил 26 январда «Фуқароларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкаларини ким ошди савдоларида сотилиши тўғрисида»ги муваққат Низомида белгиланган. қурувчи шахс ўзига берилган (сотилган) ер участкасини унинг берилиши (сотилиши) кунидан икки йил давомида ўзлаштиришни бошлаши шарт. 529 16-боб. хусусий мулк Уй-жойнинг давлат рўйхатига олинишидан олдин уни қуриб битказиш лозим. Фуқаролар томонидан шахсий уй-жой қурилишини амалга ошириш тартиби 2006 йил 30 декабрдаги «Якка тартибда уй- жой қуриш тўғрисида»ги Низом белгиланган. мазкур Низомнинг 20–24 бандларига мувофиқ, уй-жойнинг қурилиши намунали ёки алоҳида ишлаб чиқилган лойиҳа бўйича, шаҳарларнинг режалаштирилиши ва қурилиши лойиҳаларини инобатга олган ҳолда, шаҳарсозлик меъёрлар ва қоидаларига риоя қилган ҳолда амалга оширилиши керак. Бунда алоҳида ишлаб чиқилган лойиҳа туман (шаҳар) меъмори билан келишилган бўлиши лозим. қурилиш тугалланганидан кейин, қурувчи шахснинг мурожа- атномаси бўйича уй-жой туман (шаҳар) ҳокими тузадиган қабул қилиш комиссияси томонидан фойдаланишга қабул қили нади ва бу тўғрисида тегишли далолатнома тузилади. Ергеодезкадастр давлат қўмитасининг ҳудудий органи ўн кунлик муддат ичида янгидан қурилган (қайта қурилган) уй-жой техник инвентаризациясини амалга оширади ҳамда туман (шаҳар) меъморчилик ва қурилиш органлари билан келишилган ҳолда, уй-жойнинг қабул қилиниши далолатномасининг тасдиқланиши тўғрисидаги ҳоким қарорининг лойиҳасини киритади. Туман (шаҳар) ҳокимининг қарорига мувофиқ қарор лойиҳаси киритилганидан кейин икки кун муддат ичида қабул қилинади. Ҳокимнинг қарорига мувофиқ қурувчи шахсга уй дафтари берилади (Низомнинг 28–30-бандлари). Белгиланган тартибда ажратилган ер участкасида уй-жойни қурилиши тугалланганидан сўнг унинг давлат рўйхатига олиниши амалга оширилиши лозим. қурилган уй-жойга мулк ҳуқуқи, шундай ҳуқуқнинг давлат рўйхатига олиниши пайтидан бошлаб пайдо бўлади. Давлат рўйхатига олишни туман ва шаҳарларнинг техник инвентаризация бюролари (БТИ) «Бинолар ва иншоотларнинг давлат рўйхатига олиниши тартиби тўғрисида»ги (1998 йил 7 январдаги) йўриқномаси асосида амалга оширади. Фақат давлат рўйхатига олинганидан кейин уй қурган шахс мулк ҳуқуқига эга бўлади ва ўз ихтиёрига кўра уй жойга эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш имкониятини қўлга киритади. хусусий уй-жой қурилишининг молияланиши банкнинг ипотека кредитлари ҳисобига амалга оширилиши ҳолларида, қурувчи 530 II-бўлим. мУЛК ҲУқУқИ ВА БОшқА АшЁВИй ҲУқУқЛАР шахснинг янги қурилаётган турар жойга бўлган мулк ҳуқуқи кредит тўланганидан кейин пайдо бўлади. 2. Умумий қоидага мувофиқ, тугалланмаган қурилиш объекти кўчмас мулк ашёси деб тан олинмайди. Демак, бундай объектлар фуқаролик ҳуқуқий битимларининг ашёлари бўлиши мумкин эмас. Лекин, шарҳланаётган модданинг 2-қисмида, умумий қоидага мустасно равишда, янгидан қурилаётган уй-жой биноси, унинг қурилиши тугалланишигача, маҳаллий ҳокимлик органларининг рухсатига кўра, бошқа шахсга ажратилиб берилиши мумкинлиги белгиланган. шу муносабат билан «Якка тартибда уй-жой қуриш тўғрисида»ги Низомнинг 29-бандида, уй жойлари қурувчи шахснинг ўз кучи ҳисобидан қуриладиган ҳолларда, битта (иккита) яшаш хоналари, ошхона, хожатхона, уй пештоқининг ташқи безагининг, уйни муҳандислик коммуникациялари билан таъминланишининг, лойиҳага мувофиқ, алоҳида турадиган ёрдамчи хўжалик қурилмалар ва ҳовли иншоотларисиз ҳамда худуднинг ободонлашмаганлиги ҳолатида уйнинг бир қисмини фойдаланиш учун қабул қилишга йўл қўйилиши белгиланган. Бу ҳолда қурилиши тугалланмаган уй-жойни бегоналаштиришга рухсат бериш тўғрисидаги қарор туман (шаҳар) ҳокими томонидан қабул қилинади. 3. Уй-жойга (хонадонга) мулк ҳуқуқи давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш тартибида вужудга келиши мумкин. Давлат уй-жой фонди уйларида уй-жой хоналарини шартнома асосида эгаллаб турган фуқаролар, биргаликда яшаётган вояга етган барча оила аъзоларининг розилиги билан, қонунчиликда белгиланган шартлар асосида, мазкур биноларни мулк эгалигига, шу жумладан, биргаликда ёки улушли мулкка (сотиб) олишга ҳақлидир. Давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш ҳуқуқи ЎзР фуқароларига фақат бир маротаба берилади. музей-хонадонлар, меъморчилик, тарих ва маданият ёдгорликлари бўлган хонадонлар ва уйлар, ёпиқ харбий шаҳарчалар худудидаги хонадонлар, ётоқхона тоифасига кирувчи ётоқхоналардаги хоналар, белгиланган тартибда яшаш учун яроқли бўлмаган ёки хизмат турар жой тоифаларига киритилган хонадонлар (хоналар), икки нафар ёки кўпроқ сонли ижарачилар яшайдиган хонадонлар, қолган ижарачиларни хусусийлаштиришга розилик билдирмаганлиги ҳолатида, юқорида санаб ўтилганлар хусусийлаштириш объекти бўлишлари мумкин эмас. хусусий- 531 16-боб. хусусий мулк лаштириш субъектлари сифатида Ўзбекистон Республикаси фуқаро- лари, бошқа давлатларнинг фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган (рўйхатга олинган) фуқаролиги бўлмаган шахслар бўлиши мумкин. хусусийлаштирилган алоҳида уйга, хонадонга ва хонага нисбатан мулк ҳуқуқи турар жой қийматининг тўлиқ тўланиши (сотиб олиниши) пайтидан ҳамда мулк ҳуқуқи учун давлат ордерининг олинишидан бошлаб пайдо бўлади. Турар жойни хақ эвазига ва бепул асосда хусусийлаштирадиган фуқароларга, турар жой мулкдорининг қарори асосида, белгиланган ягона намуна шаклидаги мулк ҳуқуқининг давлат ордери берилади. Ордер хусусийлаштирилган турар жой учун ҳуқуқ ўрнатувчи ҳужжат бўлиб, техник инвентаризация органларида мажбурий рўйхатга олиниши шарт. хонадон, уй (уйнинг бир қисми) учун бадални тўлиқ киритган ёки ҳокимликнинг маҳаллий органида ўз аризасини рўйхатга қўйган лекин мулк ҳуқуқига давлат ордерини олмаган фуқаро вафот этган тақдирида, унинг меросхўрлари мазкур хонадонга, уйга (уйнинг бир қисмига) ворислик қилишга ҳақлидирлар. Ўзбекистон Республикасида давлат уй-жой фондини хусусийлаш- тиришнинг тартиби ва шартлари 1993 йил 1 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида давлат уй-жойи фондини хусусийлаштиришни ўтказиш тартиби ва шартлари тўғрисида»ги Низомда белгиланган. 4. Уй-жойга мавжуд эҳтиёжларни қондириш учун фуқаролар уй-жой ва уй-жой қурилиши кооперативларига кириш ҳуқуқига эгадирлар. Уй-жой қурилиши ва уй-жой кооперативлари фуқаро- ларнинг ихтиёрий бирлашуви асосида ташкил этиладиган матлубот кооперативидир. Уй-жой ва уй-жой қурилиши кооперативларининг ҳуқуқий ҳолати ЎзР УЖК меъёрлари билан бевосита тартибга солинади. УЖКнинг 96-моддасига мувофиқ, уй-жой қуриш кооперативи фуқаролар ўз маблағлари билан биргаликда қурилишда иштирок этиш йўли билан келгусида уйдан (уйлардан) фойдаланиш ва уларнинг сақланишини таъминлаш учун ташкил этилади. Кооператив аъзолигига қабул қилинган шахсга умумий мажлис қарори бўйича уй-жой кооперативи эса янги, реконструкция қилинган иморатларни сотиб олиш ва келгусида уйдан фойдаланиш учун ташкил этилади. 532 II-бўлим. мУЛК ҲУқУқИ ВА БОшқА АшЁВИй ҲУқУқЛАР Уй-жой ва уй-жой қурилиши кооперативларида уй-жойларни олиш ва улардан фойдаланиш тартибини ЎзР УЖКнинг 99–104-моддалари тартибга солади. УЖК 99-моддасининг 1-қисмига мувофиқ, уй-жой қуриш ёки уй-жой кооперативи аъзосига кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши қарорига кўра пай бадали миқдорига мувофиқ, бир ёки бир неча хонадан иборат бўлган алоҳида квартира берилади. Берилаётган хонадон ободонлашган бўлиши ва ўрнатилган санитария ва техник талабларга жавоб бериши кераклигини таъкидлаш жоиз. хонадонларга кўчиб ўтиш жойлардаги давлат ҳокимлиги органи томонидан бериладиган ордер бўйича амалга оширилади. УЖКнинг 101-моддасига мувофиқ, уй-жой қуриш ёки уй- жой кооперативининг аъзоси турар жойга эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишга асос бўладиган пай бадалига бўлган ҳуқуққа ҳамда пай бадали ҳисобига ўзи тўлаган суммага бўлган мулк ҳуқуқига эгадир. Пайга бўлган ҳуқуқ нафақат кооператив аъзосига, балки пай бадалини тўлашда қатнашадиган пайдошларга (масалан, асосий пайчи оиласининг аъзоларига) ҳам тегишли бўлиши мумкинлигини таъкидлаш лозим. шу билан бирга, турар жой биносида яшаётган, пайдошлар бўлмаган бошқа шахслар фақат тегишли турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўладилар. Пай бадалининг бутун миқдорининг тўланиши кунидан бошлаб, турар жой қурилиши ёки турар жой кооперативи аъзоси ўзи эгаллаб турган турар жойга мулк ҳуқуқини қўлга киритади, пай бадалларининг бир қисмига ҳаққи бўлган пайчи оиласининг аъзолари эса турар жой биносига нисбатан умумий мулк ҳуқуқига эга бўладилар (УЖК 102-моддаси). Пай бадали тўлиқ миқдорда тўланганидан сўнг мулк ҳуқуқи субъектининг алмашинуви содир бўлади ва турар жой ёки хонадон кооператив мулкидан фуқароларнинг хусусий мулкига ўтади. Умумий қоидадан фарқли ҳолда, мазкур ҳолатда давлат рўйхатидан ўтиш пайтидан эмас, балки пай бадали тўловининг тугалланиши пайтидан бошлаб мулк ҳуқуқининг пайдо бўлишини таъкидлаш лозим. шундан кейинги давлат рўйхатига олишнинг ўтказилиши фақат ҳуқуқни тасдиқловчи аҳамиятга эга. |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling