Ўзбекистон республикаси ички ишлар вазирлиги академияси
Download 2.15 Mb.
|
Ҳуқуқшунослик
Ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиши сабаблари ва уларга имкон бераётган шарт-шароитлар тўғрисида хабардор қилиш.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ёки унда иштирок этувчи орган ёки муассаса, ўз ваколатлари доирасида, ғайриижтимоий хулқ-атворли шахслар, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарликлар содир этган шахслар ҳақида яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органини ғайриижтимоий хулқ-атворнинг ва содир этилган ҳуқуқбузарликнинг ҳолатларини, шунингдек уларга имкон бераётган сабаблар ва шарт-шароитларни кўрсатган ҳолда хабардор қилишга ҳақли. Ушбу ҳолат гарчи ҳуқуқбузарликни содир этиш сабабларини ҳамда уни содир этишга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан киритиладиган тақдимнома талабларини бажариш жараёнига ўхшаш бўлса-да, аммо «хабардор қилиш» мазмун ва шакл жиҳатдан қуйидагилар билан фарқланади: – «тақдимнома» муайян чоралар кўриш мажбуриятини юкласа, «хабардор қилиш»да огоҳликка, хушёрликка чақириш мақсади кўзланади ва профилактик таъсир кўрсатиш чораларини кўриш ёки кўрмаслик маҳалланинг ҳукмига ҳавола этилади. Бироқ ушбу вазиятда ҳам маҳалла масалага совуққонлик билан қарамаслиги ва уни эътиборсиз қолдирмаслиги лозим; – «хабардор қилиш»да кўрилган чоралар ҳақида жавоб хати ёзиш талаб этилмайди; – ғайриижтимоий хулқ-атворли шахслар, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарликлар содир этган шахслар ҳақида берилган хабарнома уч йилгача маҳалла архивида сақланиши ва шу давр мобайнида сўралган жойга унга нисбатан тавсифнома беришда хабарнома мазмуни эътиборга олиниши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирларини қўллаш. Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи соҳавий хизматлари томонидан ҳуқуқбузарликлардан жабрланувчиларга, ҳуқуқбузарликлар содир этишга мойил бўлган, ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларга нисбатан ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўлланилади. Ҳуқуқбузарликдан жабрланувчини «ижтимоий реабилитация қилиш» - жисмоний зарар кўрган шахснинг соғлиғини тиббий ва психологик ёрдам кўрсатиш орқали қайта тиклаш, маънавий ёки мулкий зарар етказилган ҳолларда эса зарарни қоплаш асосида амалга оширилади. «Ижтимоий мослаштириш» деганда ҳуқуқбузарликлар натижасида оғир психологик жароҳат олган шахсларни оиласига, маҳалласига ёки умуман жамиятга мослаштириш каби чораларни мисол тариқасида келтириш мумкин (Масалан, ишсизлик сабабли одам савдоси жиноятининг қурбони бўлган шахсларга иш ёки ўқишга жойлашишларида ёрдам бериш). Ҳуқуқбузарга нисбатан «ижтимоий реабилитация қилиш» тушунчаси ишлатилган – бевосита уни ахлоқан тузатиш ёки судланганлик ҳолатини олиб ташлаш сингари чораларда намоён бўлади. «Ижтимоий мослаштириш» эса бевосита жазони ижро этиш муассасасидан жазо ўтаб қайтган шахсни ўқишга ёки ишга жойлаштириш, маълум муддатга уй-жой билан таъминлаш, ҳокимиятлар ҳузуридаги махсус комиссиялар томонидан моддий, шунингдек ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳуқуқий ёрдам бериш каби ҳолатларда ўз ифодасини топади. Профилактик ҳисобга олиш. Ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларнинг тузалишини таъминлаш ва қайта ҳуқуқбузарлик содир этишининг олдини олиш мақсадида профилактика инспекторлари томонидан ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи орган ва муассасалар билан ҳамкорликда амалга ошириладиган профилактик тадбирлар мажмуидан иборат профилактик ҳисоб юритилади. Ўзига нисбатан профилактик ҳисобга олиш юритиладиган шахслар: 1) илгари судланганларга улар жиноий жазони ўтаганидан сўнг, ўзига нисбатан маъмурий назорат ўрнатилган шахслар бундан мустасно; 2) ўзига нисбатан суднинг жазо тайинланмаган айблов ҳукми қонуний кучга кирган шахсларга; 3) Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддасига мувофиқ айбдорлик тўғрисидаги масала ҳал қилинмасдан туриб ўзига нисбатан жиноят иши тугатилган ёхуд реабилитация қилмайдиган асослар бўйича жиноят ишини қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарор чиқарилган шахсларга; 4) ўзига нисбатан қамоққа олиш билан боғлиқ бўлмаган эҳтиёт чораси танланган жиноят содир этишда айбланувчиларга; 5) Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг тегишли моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганларга; 6) ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларидан қайтганларга. Профилактика (катта) инспектори профилактик ҳисоб ишини юритиш чоғида қуйидагиларни амалга оширади: профилактик ҳисобга олинган шахсни ғайриижтимоий хулқ-атворни давом эттирмаслик ҳақида огоҳлантиради; профилактик ҳисобга олинган шахсни унинг иш (ўқиш) ва яшаш жойидан текширади, унинг хулқ-атвори ҳақида маълумотлар олади; якка тартибдаги барча чора-тадбирларни («Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддаси «Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий принциплари»да) белгиланган таъсир кўрсатиш чора-тадбирларини фарқлаш ва якка тартибдаги ёндашиш тамойилига қатъий амал қилган ҳолда олиб боради; жазони ижро этиш муассасасидан бўшатилган шахсларнинг оиласига, шунингдек жамиятга мослашишида кўмак беради; профилактик ҳисобга олинган шахсни ўқиш ёки ишга жойлаштирилишида, шунингдек вақтинча яшаш жойи билан таъминланишида, ижтимоий ҳаётга мослашиши учун моддий кўмак олишида ёрдам кўрсатади; профилактик ҳисобдаги шахслардан ахлоқан тузалаётган ва ўзида ижтимоий ижобий хулқ-атворни шакллантира бошлаганларини рағбатлантириш ёки аксинча ғайриижтимоий хулқ-атворини давом эттирган шахсларга нисбатан эса, қонунда белгиланган тартибда мажбурлаш чораларини қўллайди. Профилактик ҳисоб ишини юритаётган профилактика (катта) инспектори қуйидаги ҳуқуқларга эга: ички ишлар органи ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмалари бошлиғи номидан ёки шахсан ўзи профилактик ҳисобга олинган шахсга нисбатан ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирларини амалга оширишда кўмак беришни сўраб тегишли давлат органларига, корхона, муассаса, ташкилот ҳамда жамоат тузилмаларига мурожаат қилишга; профилактик ҳисобга олинган шахсни яшаш ва иш (ўқиш) жойидан соат 06.00 дан 22.00 гача хулқ-атворини, ҳаёт тарзини ва атрофидагиларга муносабатини кузатишга, ўрганишга, сўраб-суриштиришга ҳамда назорат қилишга; ғайриижтимоий хулқ-атворни ёки ҳуқуқбузарлик содир этишга мойилликни давом эттирган ва тузалиш йўлига ўтмаган шахслар масаласини унинг яшаш ва иш (ўқиш) жойида муҳокама қилиш учун йиғилиш кун тартибига қўйиш ташаббуси билан чиқишга; шахснинг муддатидан олдин тўлиқ тузалганлиги тўғрисида далолат берувчи маълумотлар мавжуд бўлганда муддатидан илгари шахсни профилактик ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилишга ва ички ишлар органи бошлиғига таклиф билан чиқишга; ҳисоб профилактика ишларини юритиш чоғида бошқа орган, муассаса ва жамоат тузилмаси билан амалга ошириладиган ҳамкорлик масалаларига доир муаммолар юзасидан мувофиқлаштирувчи кенгашга мурожаат қилишга. Профилактик ҳисоб ишини юритаётган профилактика хизмати ходими қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқлардан ҳам фойдаланиши мумкин. Профилактик ҳисоб ишини юритаётган профилактика (катта) инспектори қуйидаги мажбуриятларга эга: профилактик ҳисобга олинган шахс билан ишлашда ҳуқуқбузарлик профилактикасининг асосий принципларига тўлиқ риоя этиш; профилактик ҳисобда турган шахснинг хулқ-атворини тезкор-профилактик кузатувга олиш ҳамда шахсга унинг индивидуал ва ижтимоий-психологик хусусиятларидан келиб чиқиб профилактик чора-тадбирларни белгилашга ёндашиш ва шу асосда профилактик таъсир этиш усул ва шаклларини танлаш, шунингдек қўллаш; профилактик ҳисобга олинган шахсга якка тартибдаги профилактик чора-тадбирларнинг асослари ва ҳуқуқий оқибатларини тушунтириш, ўзига нисбатан юритилаётган профилактик ҳисоб ҳужжатлари билан таништириш, юридик ёрдам кўрсатиш, шунингдек ижтимоий ва моддий жиҳатдан (иш, ўқиш, яшаш жойи билан таъминланиши, оиласи ва яшаш жойидаги маҳалла аҳли билан киришиб кетиши кабиларда) ёрдам бериш чораларини кўриш; юқори турувчи орган, мансабдор шахс ҳамда мувофиқлаштирувчи кенгашнинг сўровига биноан профилактик ҳисоб ишларини тақдим этиш, шунингдек уларнинг профилактик ҳисобга олинган шахсга нисбатан якка тартибдаги профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан берган буйруқ, кўрсатма, топшириқ ва қарорларини тўлиқ ва ўз вақтида ижро этиш. Профилактика (катта) инспектори ҳуқуқбузарликларнинг якка тартибдаги профилактикаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларни ҳам бажаришлари мумкин. Шахсни профилактик ҳисобга қўйиш қачонки, қонуний асослар бўлсагина амалга оширилади. Акс ҳолда қонунийлик принципи талаблари қўпол равишда бузилган ҳисобланади. Download 2.15 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling