17-§. Ҳуқуқий муносабатлар таркиби объект, субъект, субъектив ҳуқуқ ва юридик мажбуриятлар.
Ҳуқуқий муносабларнинг мазмунини ташкил этувчи, уларнинг вужудга келиши учун зарур бўлган бир қатор таркибий элементлар мавжуд.
Ҳуқуқий муносабларнинг таркибий элементлари:
1. Ҳуқуқий муносабат объекти;
2. Ҳуқуқий муносабат субъекти;
3. Субъектив ҳуқуқ ва юридик мажбурият.
Ҳуқуқий муносабат объекти – ҳуқуқий муносабат иштирокчилари (суъбект)нинг диққат-эътибори, манфаати қаратилган моддий ва шахсий номулкий неъматлар, маънавий ижод натижалари, шахс хулқ-атвори ва ҳаракатларидир.
Ҳуқуқий муносабатнинг объектлари қуйидагилар:
Моддий неъматлар (буюм, мулк мас, уй-жой, автомашина, қимматбаҳо тақинчоқлар ва бошқ.);
Шахсий номулкий неъматлар (инсон ҳаёти, соғлиқ, шаън, қадр-қиммат ва бошқ.);
Маънавий ижод маҳсуллари (мусиқа, кашфиётлар, асарлар, электрон дастурлар ва бошқ.);
Ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиларининг хулқ-атвори (ахлоқ тузатиш жазоси тайинланган шахснинг хулқ-атвори).
Ҳуқуқий муносабат субъектлари – ҳуқуқий муносабатларда ўз субъектив ҳуқуқ ва юридик мажбуриятлари орқали иштирок этувчи томонлардир.
Ҳуқуқ субъекти – ҳуқуқий муносабатларда иштирок этувчи ҳуқуқ ва муомала лаёқатига эга бўлган жисмоний ёки юридик шахслардир.
Жисмоний шахслар – деганда муайян давлат фуқаролари, чет эл фуқаролари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар тушунилади.
Юридик шахслар – ўз мулкида, хўжалик юритишда ва оператив бошқарувда алоҳида мол-мулкка эга бўлган ҳамда ўз мажбуриятлари юзасидан ушбу мол-мулк билан жавоб берадиган, ўз номидан мулкий ёки шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўла оладиган ва уларни амалга ошира оладиган, мажбуриятларни бажара оладиган, судда даъвогар ва жавобгар бўла оладиган ташкилотлар (корхона, ташкилот муассаса ва бошқалар).
Жимоний ёки юридик шахс қачонки ҳуқуқ ва муомала лаёқатига эга бўлгандагина ҳуқуқий муносабат суъбекти бўла олади.
Ҳуқуқий лаёқат – бу шахснинг ҳуқуқ нормаларига мувофиқ субъектив ҳуқуқ ва юридик мажбуриятларга эга бўлишидир. Бошқача айтганда, ҳуқуқий лаёқат жисмоний ва юридик шахсларнинг субъектив ҳуқуқ ва юридик мажбуриятларга эга бўлиш имконияти, қонунда кўзда тутилган турли муносабатларга киришиш қобилиятидир.
Инсонларда ҳуқуқий лаёқат улар туғилган пайтда пайдо бўлиб, вафот этгунга қадар давом этади. Ушбу лаёқат у вафот этиши билан тугайди. Ҳуқуқ лаёқати баъзи ҳолларда фуқаро туғилмасдан ҳам вужудга келиши мумкин. Масалан, туғилмаган фарзанд номига қолдирилган мерос кабилар.
Юридик шахсларда эса ҳуқуқий лаёқат ва муомала лаёқати бир вақтда, яъни у тузилган пайтдан бошлаб вужудга келади ва тугатилгандан сўнг барҳам топади.
Do'stlaringiz bilan baham: |