Эсда тутинг! Мажбурий меҳнат – бу бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали (шу жумладан меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида) иш бажаришга мажбурлаш ҳисобланади.
Қуйидагилар мажбурий меҳнат ҳисобланмайди:
ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосида бажарилиши лозим бўлган ишлар;
фавқулодда ҳолат юз берган шароитларда бажарилиши лозим бўлган ишлар;
суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан бажарилиши лозим бўлган ишлар;
қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда бажарилиши лозим бўлган ишлар.
Меҳнатга оид ҳуқуқларнинг давлат томонидан ҳимоя қилиниши.
Фуқароларнинг меҳнатга оид ҳуқуқ ва манфаатлари давлат томонидан муҳофаза этилади. Давлат томонидан бу ҳимоя меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилинишини текширувчи ва назорат қилувчи органлар, шунингдек меҳнат низоларини кўрувчи органлар фаолияти қўлга қўйилади. Шунингдек, фуқароларга меҳнатга оид ҳуқуқлари бузилганлиги учун судга ва бошқа ваколатли органларга мурожаат қилиш ҳуқуқи таъминланади.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат тўғрисидаги қонунларнинг аниқ ва бир хил ижро этилиши устидан назорат олиб бориш Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ва унга бўйсунувчи прокурорлар томонидан амалга оширилади.
2-БОБ. МЕҲНАТ ҲУҚУҚИ СУБЪЕКТЛАРИ ХОДИМЛАР ВА ИШ БЕРУВЧИЛАРНИНГ ВАКИЛЛИГИ.
2-§. Меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари.
Меҳнатга оид муносабатларда кўплаб субъектлар қатнашади. Хусусан, иш берувчи, ходим, уларнинг вакиллари, меҳнат жамоалари, давлат органлари шулар жумласидандир. Меҳнатга оид муносабатларда қатнашаётган субъектлар бу борада аниқ ҳуқуқ ва эркинликларга ҳамда ваколатларга эга бўладилар.
Эсда тутинг! Меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари дейилганда, бундай муносабатларда иштирок этувчи, қонун ҳужжатларига кўра ҳуқуқ ва мажбуриятларга ҳамда ваколатларга эга бўлган субъектлар тушунилади.
Меҳнатга оид муносабатларнинг субъекти бўлиш учун маълум ҳуқуқ ва муомала лаёқатига эга бўлиши талаб этилади. Жисмоний шахслар меҳнатга оид муносабатларда тенг ҳуқуқли ҳисобланади. Бироқ юридик шахслар қонун ҳужжатларида аниқ белгиланган ўз ваколатлари доирасидагина ҳуқуқ ва мажбуриятларга ҳамда жавобгарликка эга ҳисобланиб, уларнинг барчаси ҳам бир хил ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўлмайди. Жисмоний шахсларнинг меҳнатга оид муносабатлардаги ҳуқуқий лаёқати улар туғилиши билан пайдо бўлса, юрдик шахсларнинг ҳуқуқий лаёқати улар тузилган ёки ташкил этилган пайтдан бошлаб вужудга келади.
Шунингдек, жисмоний шахсларнинг меҳнатга оид муносабатлардаги муомала лаёқати улар маълум ёшга етганда, юридик шахсларнинг муомала лаёқати эса уларнинг ҳуқуқ лаёқати сингари улар тузилган ёки ташкил этилган пайтдан бошлаб вужудга келади.
Меҳнатга оид муносабатларнинг субъектлари қуйидагилардан иборат:
ходим;
иш берувчи;
меҳнат жамоаси;
ходим ва иш берувчиларнинг вакиллари.
Do'stlaringiz bilan baham: |