Ўзбекистон республикаси ички ишлар вазирлиги академияси
Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасалар фаолиятининг ўзаро ҳамкорлиги
Download 2.15 Mb.
|
Ҳуқуқшунослик
- Bu sahifa navigatsiya:
- 3-§. Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг принциплари.
6. Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда муассасалар фаолиятининг ўзаро ҳамкорлиги – амалдаги қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, давлат ва ҳудудий дастурлар, қўшма қарор, қўшма буйруқ, қўшма режа ёки дастурлар билан таъминланади ва уларнинг фаолияти мувофиқлаштирилади.
Ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир фаолиятни мувофиқлаштириш қуйидагилар томонидан амалга оширилади: 1) Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси; 2) Вояга етмаганлар ишлари бўйича республика идоралараро комиссияси; 3) Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси; 4) Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–2833-сон қарорига кўра Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси юқорида келтирилган идоралараро комиссиялар бўйича ягона мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади. 3-§. Ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг принциплари. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси принциплари унинг моҳиятини ифодаловчи асосий жиҳатлардан бирини, асл ўзагини ташкил этади. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси принциплари деганда, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимининг шаклланиш жараёни, ривожланиши ва ҳаракатланишининг раҳбарий тамойиллари ва устувор қоидалари тушунилади. Мазкур раҳбарий тамойиллар ва устувор қоидалар ҳуқуқбузарликлар профилактикаси субъектларининг бутун фаолияти учун йўналтирувчи машъал бўлиб хизмат қилади. Кундек равшанки, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тизимининг барқарорлиги ва самарадорлиги унинг принципларига риоя этиш даражасига бевосита боғлиқ. Принциплар, одатда, бевосита қонун ҳужжатларида мустаҳкамланади; баъзан ҳуқуқ нормаларининг мазмунидан келиб чиқади. Ўзбекистон Республикасининг «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунига мувофиқ, ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат: 1) қонунийлик; 2) инсонпарварлик; 3) тизимлилик; 4) ишонтириш усулининг устуворлиги; 5) таъсир кўрсатиш чора-тадбирларини фарқлаш ва якка тартибдаги ёндашиш (5-модда). Қонунийлик принципи – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси субъектлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини батамом қонунга мос равишда, яъни қонун талабига оғишмай риоя қилган ҳолда амалга оширишида намоён бўлади. «Қонунийлик умумийлик ва ягоналик сифатлари билан тавсифланади. Қонунга итоат этиш барча субъектлар учун умумий талабдир. Айни вақтда, қонундаги ҳар бир қоида ҳуқуқий муносабатнинг барча иштирокчилари учун ягона талаб сифатида майдонга чиқади. Бошқача айтганда, қонун устувор ва бутун мамлакат ҳудудида ягонадир. У бир хилда тушунилиши ва бир хилда бажарилиши лозим»1. Инсонпарварлик принципи – ҳуқуқбузарликлар профилактикаси субъектлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини адолат, шахсни эъзозлаш ва унинг шаънини қадрлаш мезонларига таяниб амалга оширишида намоён бўлади. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фаолиятини амалга оширишда одамларга руҳан ва жисмонан тазйиқ ўтказишга, шахсга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлишга мутлақо йўл қўйилмайди ва бу давлат томонидан кафолатланади. Ўзбекистон Республикасининг «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги қонунининг 46-моддасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларининг кафолатлари мустаҳкамланган. Унга кўра, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари чекланишига, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи муомалада бўлишга, шахсий ҳаёт, ёзишмалар, телефонда сўзлашувлар, почта, телеграф хабарлари ва бошқа хабарлар сир сақланиши, бир жойдан иккинчи жойга эркин кўчиш ва яшаш жойини танлаш, шунингдек шахсий дахлсизлиги, уй-жой дахлсизлиги бузилишига йўл қўйилмайди, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар мустасно. Ўзига нисбатан профилактика чора-тадбирлари қўлланилаётган шахслар ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органнинг ёки муассасанинг қарорлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда шикоят қилишга ҳақли. Тизимлилик принципи. «Тизимлилик, жамиятнинг табиий ҳолати ва мавжудлигининг зарур шартидир»2. Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда тизимлилик – профилактик таъсир кўрсатиш чора-тадбирларининг бир бутун муштараклиги, ўзаро чамбарчас боғлиқлиги ҳамда алоқадорлиги бўлиб, уларнинг мақсадли қўлланилиши натижасида ҳуқуқ-тартиботни сақлаш ва мустаҳкамлашда юксак натижадорликка эришилади. Ишонтириш усулининг устуворлиги принципи. Ишонтириш усулининг моҳияти шундаки, ушбу усул, аввало, тарбивий-профилактик таъсирга эга бўлиб шахсда ҳуқуқбузарлик содир этилишининг олдини олишга қаратилган маънавий ва ахлоқий ҳамда ҳуқуқий қадрятларга ишонч уйғотади. Шу билан бирга ишонтириш усули камхаражатлилиги, кенг кўламда амалга ошириш имкониятига эгалиги, барвақт профилактик характерга эгалиги билан ҳам аҳамиятли ҳисобланади. Ишонтириш усулининг устуворлиги дейилганда, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда, аввало, мазкур усулга таяниш тушунилади. Таъсир кўрсатиш чора-тадбирларини фарқлаш ва якка тартибдаги ёндашиш. Ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи органлар ва муассасалар ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишда махсус таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш ваколатига эга бўлиб, мазкур таъсир кўрсатиш чоралари ҳар бир шахснинг маънавий ва руҳий олами, маълумоти, ёши, соғлиғи, илгари ҳуқуқбузарлик содир этган ёки этмаганлиги, содир этган ҳуқуқбузарлиги кабиларни инобатга олган ҳолда ҳар бир шахс учун индивидуал ёндашув асосида қўлланилади. Download 2.15 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling