Ўзбекистон республикаси ички ишлар вазирлиги академияси
-§. Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари
Download 2.15 Mb.
|
Ҳуқуқшунослик
- Bu sahifa navigatsiya:
- Эсда тутинг! Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари
30-§. Маҳаллий давлат ҳокимияти асослари.
Маҳаллий ҳокимият органларининг мақоми ва ваколатлари. Конституциявий ҳуқуқнинг ижро этувчи ҳокимият органлари тизимига кирувчи субъектларидан бири маҳаллий давлат ҳокимият оргалари ҳисобланади. Маҳаллий давлат ҳокимият органлари ўз номи билан республикамизнинг ҳудудларда, маҳаллий миқёсда ташкил этилади ва фаолият юритади ҳамда улар маҳаллий аҳамиятга молик барча масалаларни умумдавлат манфаатлари ҳамда тегишли ҳудудида яшаётган фуқароларнинг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳал этадилар ва Ўзбекистон Республикасининг қонунларини, Президент фармонларини, юқори давлат идораларининг қарорларини амалга оширадилар. Эсда тутинг! Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари – маҳаллий вакиллик ва маҳаллий ижроия тизимини ўзида мужассамлаштирган бўлиб, вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимиятлар (ҳокимлик ижроия аппарати)дан иборат. Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан ташқари) ҳокимлар бошчилик қиладиган халқ депутатлари Кенгашлари ҳокимиятнинг вакиллик органлари бўлиб, улар давлат ва фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб ўз ваколатларига тааллуқли масалаларни ҳал этадилар. Халқ депутатлари Кенгашлари ва ҳокимларнинг ваколат муддати – 5 йил. Маҳаллий ҳокимият органлари ихтиёрига қуйидагилар киради: қонунийликни, ҳуқуқий-тартиботни ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш; ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожлантириш; маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, маҳаллий солиқлар, йиғимларни белгилаш, бюджетдан ташқари жамғармаларни ҳосил қилиш; маҳаллий коммунал хўжаликка раҳбарлик қилиш; атроф-муҳитни муҳофаза қилиш; фуқаролик ҳолати актларини қайд этишни таъминлаш; норматив ҳужжатларни қабул қилиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва Ўзбекистон Республикаси қонунларига зид келмайдиган бошқа ваколатларни амалга ошириш. Маҳаллий давлат ҳокимият органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари қуйидагилардан иборат: Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси. Хусусан, Конституциянинг XXI бобида маҳаллий давлат ҳокимияти асослари белгиланган; Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 2 сентябрда қабул қилинган «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуни; маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини белгиловчи бошқа қонунлар; Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари; Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаснинг қарорлари; маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тегишли қарорлари. Маҳаллий давлат ҳокимият органларининг тузулиши: Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари маҳаллий вакиллик ва маҳаллий ижроия тизимидан иборат. вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунадиган шаҳарлардан ташқари) халқ депутатлари Кенгашлари давлат ҳокимиятининг – вакиллик органлари ҳисобланади. вилоят, туман, шаҳар ҳокимиятлари (ҳокимлик ижроия аппарати) маҳаллий ижроия ҳокимияти бўлиб, уларга ҳоким бошчилик қилади. Халқ депутатлари кенгашлари. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши депутатлари сони Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 5 майдаги «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашларига сайлов тўғрисида»ги қонунининг 7-моддасига кўра тегишли ҳудуд аҳолисининг (шу жумладан, сайловчиларнинг) сони, ҳудудни ва бошқа маҳаллий шароитларни инобатга олган ҳолда ҳудудий сайлов округлари миқдори доирасида халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларида олтмиштагача, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларида эса, ўттизтагача бўлиши мумкин. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари коллегиал орган бўлганлиги учун уларнинг асосий иш шакли сессия ҳисобланади. Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашининг сессиялари тегишли ҳоким, ҳоким йўқлигида эса унинг ўринбосарларидан бири томонидан заруратга қараб бироқ, йилига камида икки марта чақирилади. Сессия, шунингдек, халқ депутатлари тегишли Кенгаши депутатлари камида учдан икки қисмининг ташаббусига биноан ҳам чақирилиши мумкин. Кенгаш сессиясини чақириш тўғрисидаги қарордан депутатлар сессия очилишидан камида етти кун олдин хабардор қилинади. Маҳаллий ижроия ҳокимияти. Вилоят, туман, шаҳар ҳокимиятлари (ҳокимлик ижроия аппарати) маҳаллий ижроия ҳокимияти бўлиб, уларга ҳоким бошчилик қилади. Ҳоким Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган миқдорда биринчи ўринбосар ва ўринбосарларга эга бўлади. Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари (ҳокимликлар) бошқармалар, бўлимлар ва бошқа бўлинмалардан иборат бўлиб, уларнинг тузилиши, уларни ташкил этиш тартиби ва фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайдиган тегишли низомлар билан белгиланади. Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳамда ўринбосарлари ҳоким томонидан Ўзбекистон Республикасининг Президенти билан келишилган ҳолда лавозимига тайинланади ва лавозимидан озод этилади, бу хусусда қабул қилинган қарор тегишли халқ депутатлари Кенгашининг тасдиғига киритилади. Туман, шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари тегишли ҳоким томонидан юқори турувчи ҳоким билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади, бу хусусда қабул қилинган қарор туман, шаҳар халқ депутатлари Кенгашининг тасдиғига киритилади. Шаҳардаги туман, туманга бўйсунувчи шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари тегишли ҳоким томонидан юқори турувчи ҳоким билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади. Ҳокимнинг ўринбосарлари ҳоким томонидан белгиланган вазифалар тақсимотига мувофиқ иш бажарадилар. Ҳоким йўқлигида ёки у зиммасидаги вазифаларни бажариш имкониятига эга бўлмаган тақдирда, унинг ваколатларини биринчи ўринбосар ёки ҳокимнинг топшириғига биноан унинг ўринбосарларидан бири бажаради. Ҳоким, унинг ўринбосарлари, ҳокимликнинг бошқа ходимлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мансабдор шахслари бошқа ҳақ тўланадиган лавозимларни эгаллашлари мумкин эмас. Download 2.15 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling