Меҳнат ресурсларининг тақсимланиши ва айрибошланиши, одатда, ижтимоий шериклар – ёлланма ходимлар, иш берувчилар ва давлатнинг иштирокида меҳнат бозорида ҳамда бевосита корхонада
(бу ходимни ёллаш, иш жойини алмаштириш, ишдан бўшатиш, иш кучининг унинг қиймати бўйича айирбошлаш ва ҳоказолар) содир бўлади.
Меҳнат ресурсларини тақсимлашнинг мақсади – меҳнатга лаёқатли аҳолини иш билан самарали банд қилиш, меҳнат ресурсларини иқтисодиёт тармоқлари ва ишлаб чиқариш соҳалари бўйича оқилона тақсимлашдан иборат. Меҳнат ресурсларини дастлабки тақсимлашга умумтаълим, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ва олий ўқув юртларининг битирувчиларини ишга жойлаштириш киради. Меҳнат ресурсларини иккиламчи тақсимлаш эса меҳнат ресурсларининг мобиллиги билан боғлиқдир. Бундай тақсимлаш асосан бандлик хизматлари орқали амалга оширилади.
Меҳнат ресурсларидан фойдаланиш бевосита иш жойида, аниқ ижтимоий фойдали маҳсулот ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатишдан иборат бўлган меҳнат фаолияти жараёнида амалга оширилади. Ушбу босқичда асосий эътибор ишлаб чиқаришда ходимлардан самарали фойдаланишга қаратилиши керак. Бу кўп жиҳатдан ишлаб чиқаришни модернизациялаштирилиши, янги технологияларни жорий этилиши, персонални бошқаришни такомиллаштирилишига боғлиқдир.
Х-мавзу. Меҳнат бозорида меҳнат ресурсларининг мобиллиги ва миграцияси
10.1.Меҳнат бозорида меҳнат ресурсларининг мобиллиги
10.2. Меҳнат ресурсларининг миграцияси
10.1.Меҳнат бозорида меҳнат ресурсларининг мобиллиги
Меҳнат ресурсларининг мобиллиги – бу ходимларнинг бир минтақадан бошқасига кўчиб ўтишга (“жўғрофий мобиллик”), бир меҳнат фаолияти турини бошқасига алмаштиришга тайёрлиги (“касблараро мобиллик”) даражаси ҳисобланади.
Шу билан бирга меҳнат ресурсларининг горизонтал мобиллиги ва вертикал мобиллиги ҳам фарқланади. Меҳнат ресурсларининг горизонтал мобиллигида ходимнинг мақоми ўзгармай қолади, вертикал мобилликда эса, аксинча, ўзгаради.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда меҳнат ресурсларининг мобиллик турлари ҳудудлар, касб-малака бўйича ҳамда давомийлигига қараб таснифланади (9-расм).
Ҳудуд бўйича ички ва ташқи меҳнат ресурслари мобиллиги фарқланади. Ички меҳнат ресурслари мобиллиги бир мамлакат миқёсида, минтақалар, туман ва шаҳарлар ўртасида бўлади. Ташқи меҳнат ресурслари мобиллиги дейилганда меҳнат муҳожирларининг бир давлатдан бошқа давлатга кўчиб ўтиши тушунилади.
Меҳнат ресурсларининг ички ҳудудий мобиллигига ҳозирги давр иқтисодиёти нуқтаи назаридан ижобий ҳол сифатида қаралади. У мамлакатнинг меҳнат салоҳияти ҳолатига таъсир кўрсатади, миллий ва минтақавий меҳнат бозорларидаги вазиятни белгилайди, меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланишга бевосита туртки бўлади.
Меҳнат ресурсларининг ички ҳудудий мобиллиги натижасида яшаш жойини ўзгартириш билан боғлиқ харажатлар инсон капиталига инвестициялар сифатида қаралади. Чунки ушбу чиқимлар янги иш жойларида меҳнат ва яшаш шароитлари яхшиланиши, юқорироқ иш ҳақи олиниши ҳисобидан қопланади ва қўшимча даромад келтиради.
Do'stlaringiz bilan baham: |