4. Нарсани бирор белгиси асосида билдирувчи қўшма отлар: олақарға, қизилиштон, аччиқтош, мингоёқ каби.
5. Нарсани жойга нисбатан билдирувчи қўшма отлар: тоғолча, чўлялпиз, сувилон, қашқаргул каби.
6. Бирор мақсад, иш учун мўлжалланган нарсани билдирувчи қўшма отлар: кирсовун, қийматахта, токқайчи, кўзойнак каби.
7. Қаратқич + қаралмиш типидаги бирикманинг сўзга айланиши билан юзага келувчи қўшма отлар: мингбоши, шафтолиқоқи, олмақоқи, қовунқоқи каби.
8. Иккинчи қисми турдош отлардан ёки обод сўзи бўлган жой номлари: Сирдарё, Каттақўрғон, Тўрткўл, Яккабоғ, Янгиобод, Халқобод, Файзиобод каби.
Аммо иккинчи қисми атоқли отлардан бўлган жой номлари ажратиб ёзилади: Ўрта Осиё, Юқори Чирчиқ, Қўйи Чирчиқ, Кўҳна Урганч каби.
9. Рус тилидан айнан ўзлашган ёки калка усулида ҳосил қилинган қўшма сўзлар: кинотеатр, фотоаппарат, электроаппарат, электротехника, телекўрсатув, яримавтомат, сувости, байрамолди каби.
10. Қисқартма отлар қўшиб ёзилади: ТошДЎТАУ (Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети), ЎзХДП (Ўзбекистон Халқ Демократик Партияси) каби.
3-§. Чизиқча билан ёзиш қоидалари
1. Жуфт ва такрор сўзлар чизиқча билан ёзилади: меҳр-оқибат, катта-кичик, эл-юрт, аста-секин, борди-келди, дон-дун, майда-чуйда, тақ-туқ, қоп-қоп, баланд-баланд, чопа-чопа, юра-юра айрим-айрим, бориб-бориб каби.
Жуфт сўз қисмлари орасида -у (-ю) боғловчиси келса, ундан олдин чизиқча қўйилади ва жуфт сўз қисмлари ажратиб ёзилади: катта-ю кичик, тун-у кун, эл-у юрт каби.
2. Биринчи қисми чиқиш келишигида, иккинчи қисми жўналиш келишигида бўлган кундан кунга, йилдан йилга кабилар шунингдек, белгининг ортиқ даражасини билдирувчи кўпдан кўп, очдан оч каби бирикишлар чизиқчасиз ёзилади:
М: йилдан йилга, кундан кунга, наридан бери, кўпдан кўп, текиндан текин
3. Йил ва ойларни (числоларни) кўрсатувчи арабча рақамдан сўнг лотин ёзуви асосидаги имлога кўра чизиқча қўйилади: 2003-йилнинг 9 –сентабри каби.
Do'stlaringiz bilan baham: |