Овқатланишда таомларнинг тури ва таркибига қараб кетма-кет ейишга ўрганинг. Масалан, суюқ овқатлар (шўрва, сутли таомлар, ҳар хил суюқ ошлар) олдин, қуюқлари (палов, қовирилган гўшт, балиқ, тухум, картошка, манти, сувсиз чучвара ва бошқалар) кейин ейилади. Бу ерда ҳам асосий сабаб таомларнинг меъдада сақланиш вақти ва ҳазм бўлиш тезлигида (ўсимлик маҳсулотлари ҳайвон маҳсулотлари гўшт, тухум, балиққа қараганда енгил ва тез ҳазм бўлади). Умуман олганда, овқатланишда таомлар турини кам бўлгани маъқул, шунда уларнинг ҳазм бўлиши осон кечади. Бу ўринда ота-боболаримизнинг таомланиши диққатга сазавор, улар ёки шўрва, ёки палов, ёки чучвара, ёки битта лағмон билан чекланишган. Энг муҳими бир хил овқатнинг ҳазм бўлиши, уларни парчаловчи ферментлар таъсирининг пасаймаслиги эвазига осонлашади. Боз устига шу тартибда овқатланишга ҳазм аъзолари узоқ йиллар давомида мослашиб кетган. Афсуски ҳозирги пайтда овқатланишда, айниқса зиёфатлар пайти, бир нечта таомлар тайёрланиши (баъзан 7 хил таом пиширилади!) умуман соғлиқ учун ҳам иқтисод учун ҳам кони зарар. Шу ўринда 100 йилдан ошиқ умр кўрадиган Тибет Ламаларининг овқатланиш хусусиятини айтиб ўтиш ўринлидир. Улар бир ўтирганда фақат бир хил таом истеъмол қилар экан. Айнан шундай овқатланиш тартиби уларнинг доим соғлом ва анча ёш кўринишига олиб келадиган омиллардан биридир.
Овқатланиш пайти газета, журнал, китоб ўқиш, телевизор қараш, баланд овозли мусиқа қўйиш, шовқин-сурон каби эътиборни чалғитадиган омилларнинг бўлмагани маъқул. Чунки ҳазм жараёни айтиб ўтганимиздек, мураккаб рефлектор-гуморал ҳолат бўлиб, унинг тўлиқ ва бенуқсон амалга ошишига ҳарқандай ташқи омил сезиларли равишда таъсир қилади, яъни бундай пайтларда ёки тегишли таркибли шира ажралиши бузилади ёки ошқозон-ичакларнинг ҳаракат қилиши одатдагидан ўзгача бўлади. Оқибатда иштаҳа бўғилади ёки еган-ичган маҳсулотларнинг асл мазаси тўлиқ сезилмайди ва ҳоказо. Фақат кайфиятни кўтарадиган ёқимли мусиқа садолари бундан мустасно. Бундай куй ва қўшиқлар секин товуш билан янграб турса, ҳазм жараёнига ижобий таъсир этади. Бундай пайти овқат таркибига мос ферментли ҳазм ширалари етарли ажралиб, еган-ичган вужудга яхши сингади.
Do'stlaringiz bilan baham: |