Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қарши давлат университети


Мактабгача ёшдаги болаларнинг шахсининг шаклланишига таъсир этувчи оиладаги шахслараро муносабатларни ўрганиш натижалари


Download 394.5 Kb.
bet15/16
Sana13.01.2023
Hajmi394.5 Kb.
#1092196
1   ...   8   9   10   11   12   13   14   15   16
Bog'liq
Мактабгача ёшдаги бала. коммуни1

Мактабгача ёшдаги болаларнинг шахсининг шаклланишига таъсир этувчи оиладаги шахслараро муносабатларни ўрганиш натижалари
Биз тадқиқотимизнинг ушбу босқичида мактабгача ёшдаги бўлган боланинг шахс сифатида шаклланганишига таъсир этувчи оиладаги ота-оналарнинг ўзаро эр-хотин ҳамда ота-оналар сифатидаги муносабатларининг ўзига хосликларини ўрганишга ҳаракат қилдик. Маълумки, оиладаги шахслараро муносабатлар табиатли бўлиб, унда ролли муносабатлар бевосита шахслараро муносабатлар билан чамбарчас боғланган бўлдаи.
Оиладаги шахслараро муносабатлар характерига кўра эр-хотин ўртасидаги муносабатлар, ота-оналарнинг ўз фарзандлари билан шахслараро муносабатларига бўлинади. Биз никоҳ жуфтлиги ҳисобланган эр-хотин ҳамда фарзанд тарбиялаётган ота-оналарнинг мактабгача бўлган ёшдаги болалари билан муносабатларининг турли жиҳатларини экспериментал тадқиқ этдик.
Бизни мактабгача ёшдаги бўлган болаларнинг психологиясидаги шундай жиҳатга эътиборни қаратдикки, улар айнан шу даврда ўз қизиқишлари, етакчи фаолияти бўлган сюжетли-ролли ўйинлардаги ҳаракатлари билан биргаликда ижтимоий дунёнинг, аввало, ота-она оиласидаги ролларга ва ўзаро муносабатларга эътиборли бўлиб, айнан ота-оналикка хос қилиқларни ўзлаштиришга киришадилар. Бола бунда унинг олдида рўй бераётган воқеа-ҳодисаларнинг кузатувчиси ва иштирокчисига айланиб, бу жараёнлар қанчалик динамик бўлса, шунчалик фаол ва қизиқувчан бўлади, ота-она ва бола ўртасидаги муносабатларга нисбатан кўпроқ, тўлароқ ва турли-туман ахборотларни олади, ўзлаштиради ва фикрлайди. Бунда Оила бола Менини шакллантирувчи муҳим социум – ижтимоий муҳитга айланиб, ўзининг ушбу муҳитга алоқадорлигини англаш муҳим аҳамият касб этади.
Бу ерда шуни қайд этиб ўтиш жоизки, ижтимоий психологларнинг фикрича, оиладаги шахслараро муносабатлар тузилмасида “ота-она – бола” муносабатлари эволюцион жиҳатдан нисбатан кечки ва мазмунан аниқроқ ҳисобланади, чунки улар шаклланиб бўлган эр-хотин муносабатлари асносида вужудга келади.
Тадқиқотимиз давомида биз шунга ишонч ҳосил қилдикки, айнан никоҳ жуфтлигидаги эр-хотин муносабатлари боланинг ижтимоий тасаввурларида билвосита ифодаланган ота-оналик муносабатларига нисбатан мослашувчан ва динамик бўлиб, шу сабабли боланинг ота-она муносабатини акс эттириши унинг шахсида ифодаланган ўзгаришларга замин бўлади. Масалан, оналар ва оталарда ота-она муносабатининг умумий кўрсаткичлари мос келиш даражаси 0 дан 5 гача бўлган бир пайтда оилавий қадриятлар иерархиясида умумий кўрсаткичларнинг мос келмаслик даражаси 1 дан 11 гача, яъни ота-она муносабатларининг худди шундай кўрсаткичига нисбатан 2 баравар катта бўлди. Ота-она муносабатларининг умумий кўрсаткичлари мос келиш даражаси бўйича ота-оналарнинг уч гуруҳи аниқланган: фарқ 0 – яъни тўлиқ мослик 20% жуфтликда, мослик даражаси юқори – 0,1 дан 0,2 гача- 44% жуфтликда, мослик даражаси ўртача – 0,3 дан 0,5 гача – 36 % жуфтликда. Бироқ, айтиб ўтиш керакки, бундай бўлиниш шартли ҳисобланади, чунки тадқиқ этилаётган шахслар айнан ота-она муносабатлари тавсифномаси бўйича энг ўҳшаш ва кам фрақ қилувчи бўлиб, уларнинг мос келиш кўрсаткичлари жуда юқори ва энг катта фарқ ҳам max кўрсаткичнинг 10%ини ёки жуфтлик ичидаги 6,8%ни ташкил қилади. Оилавий қадриятлар иерархияси ва оилавий роллар бўйича йўналганликдаги мувофиқлик даражаси бўйича никоҳ жуфтликларини биз уч гуруҳга ажратдик:
1) оилавий қадриятлар иерархиясининг мослик даражаси юқори бўлган жуфтликлар (фарқ 0 дан 3 баллгача) – 60%;
2) оилавий қадриятлар иерархиясининг мослик даражаси ўртача бўлганлар (4-7) – 28%;
3) оилавий қадриятлар иерархиясининг мослик даражаси паст бўлганлар (8-15) – 12%.
Эр-хотин жуфтлиги аъзоларининг оилавий қадриятлар иерархиясининг мослик даражаси нуқтаи назаридан фарқланиши оимлавий муносабатлар амалиётида можароларнинг вужудга келишига олиб келиши кўплаб олимлар томонидан эътироф этилган (К.Витакер, В.Сатир, В.А.Петровский, В. Каримова). Айнан шу тамойил бўйича биз 60% жуфтликда кузатувлар олиб бориб, оилавий қадриятлар иерархиясининг мослик даражасидаги фарқ 3 баллдан ортиқ бўлган эр-хотинлар ўртасида низокашлик даражаси ҳам юқори бўлишини аниқладик. Айни шундай муносабатларни мунтазам кузатган болада ҳам ўзи ва жамиятдаги ўз ўрни тўғрисидаги тасаввурларнинг шаклланишида турлича муамморлар бўлиши муқаррар эканлигини биз тахмин қилдик. Яъни, бизнинг тахминимизча, бола Мен-концепциясининг ривожланганлик даражаси эр-хотин муносабатлари билан ўзаро боғлиқликка эга, лекин “ота-она – бола” муносабатларининг характери билан бундай узвиялик кузатилмайди. Бизнинг дастлабки тахминимиз шундан иборат эдики, ота-она муносабатлари моҳият жиҳатдан мактабгача ёшдаги бўлган боланинг шахс сифатида ўзини англашида ёшига оид, жинсига оид ва ижтимоий мавқеига оид когнитив тасаввурларининг шаклланишига жиддий таъсир кўрсатмайди. Чунки ота-оналик роли билан эр-хотинлик роллари ўртасидаги ўзига хос фарқ бунда катта роль ўйнайди.
Чунки боланинг ота-онасига бўлган муносабатлари, уларни айнан ота ва она, деб идрок қилиш орқали ўз тасаввурларини бойитиши аввало унинг келажакдаги образини, катта ёшдаги шахс сифатидаги образини шакллантирувчи тамал тоши бўлиб хизмат қилади. Шу нуқтаи назардан боланинг кўз олдига келувчи динамик оилавий вазият, оиладаги катталар ўртасида мазмуний жиҳатларга бой ўзаро муносабатлар, ота-онанинг фаол ижтимоий ва маънавий ҳаёти силсиласи воқеа-ҳодисаларга максимал даражада бой бўлган ҳолда боланинг ҳам фаоллигини уйғотиб, унинг шахс сифатида ривожланиш жараёнини жадаллаштиришга хизмат қилади. Мактабгача ёшдаги боланинг ота-онаси тимсолида эр ва хотин муносабатларини идрок этиши эса таъсирлироқ бўлиб, унинг яқин келажакдаги ижтимоий хулқининг асосларини ташкил этади.
Шундай қилиб, оиладаги ички муносабатлар ва ота-онанинг болага муносабати таъсири остида шаклланувчи бирламчи ўзига муносабат, ўзини идентификациялашнинг барча кўринишларида ва коммуникатив фаолият субъекти сифатида боланинг бирламчи кичик ижтимоий гуруҳ сифатида оилада ўзини англаши ривожланишининг ҳал қилувчи омили ҳисобланади. Бунда нафақат эр-хотин-ота-она ўртасидаги муносабатлар ва уларнинг болага бўлган муносбати, балки айнан шу муносабатларнинг бевосита у билан мулоқотда акс эттирилиши муҳим аҳамият касб этади.
Мактабгача бўлган ёшдаги болада ўзига нисбатан муносабат ота-она билан мулоқоти таъсири остида шаклланиши исботланди, яъни, болалардан олинган маълумотлардан шу нарса маълум бўлмоқдаки, улардаги аксарият белги ва хислатлар аввало онасининг таъсирида шаклланади. Бу ёшда ўзини баҳолашга салбий таъсир кўрсатувчи ягона омил бу – ота-она, хусусан, онанинг фарзандига бўлган муносабатининг яхши эмаслигидир. Масалан, бизнинг экспериментда, ўзини баҳолашда ўртача умумий баҳоси 3,8 баллга эга бўлган фақат битта бола «Мен ва менинг болам» проектив расмли тестида унинг онаси томонидан идентификация даражаси паст бўлганлиги учун шундай натижани берди. Бошқа барча болаларнинг (97%) оналари расмда юқори ёки паст даражали идентификация билан тақдим этилган бўлиб, уларнинг ўртача даражаси 4,8 балл бўлган. Бизнингча, фақат етарли даражада ота-она меҳридан баҳра олмаган болаларгина мактабгача бўлган ёшдаги болаликдаёқ ўз имконият ва қобилиятларини беқарор, ўта танқидий баҳолайди. Айнан шу каби хулосалар бошқа тадқиқотларда, масалан, О.В.Лобза томонидан ҳам аниқланган эди.
Шундай қилиб, мактабгача бўлган катта ёшдаги болаларда оилаавий қадриятлар ва улар таъсирида шаклланадиган “Мен” концепциясининг пастлиги аниқланди.
Бизнинг фикримизча, шубҳасиз, боланинг ўзи ҳақидаги тасаввурлари камдан-кам ҳолларда нейтрал, баҳосиз характерга эга бўлиб, ўзига эмоционал-қадриятли муносабат билан боғлиқ бўлади. Бу эса мактабгача бўлган ёш давомида Мен-концепциясининг асосан аффектив, эмоционал-қадриятли таркибий қисмлари шаклланиши ва фақат бу даврнинг охирига келибгина асосий эътибор когнитив соҳага ўтишидан далолат беради. Бунда Мен-концепциясининг когнитив ва аффектив таркибий қисмлари ҳали бир-биридан ҳам, ички жиҳатдан ҳам унчалик дифференцияланмаган бўлиб, буни биз доимо эмоционал ижобий бўлган ўзини баҳолашни тадқиқ этишда кўрдик. Кўриб турибмизки, мактабгача бўлган ёшдаги боланинг Мен-концепцияси барча таркибий қисмларида (ўзини баҳолашни истисно қилганда) албатта жинс-роль бўйича тушунча мавжуд бўлиб, боланинг белгиланган жинс вакили сифатида ўзи ҳақидаги тасаввур намоён бўлади, яъни параллел равишда ўтувчи турли идентификация жараёнлари йиғиндиси бу ёшда, аввало, жинс бўйича идентификация билан боғлиқ, ёш бўйича идентификация корреляцияси r = 0,65, ижтимоий идентификация корреляцияси r = 0,84 ни ташкил қилади.
Келтирилган материаллар бизга ўзини муайян жинс вакили сифатида жинсий ўзини англашнинг шаклланиши учун энг сензитив давр - мактабгача бўлган ёш даври деб ҳисоблашга имкон беради, бу давр давомида ушбу структура жадал суръатлар билан ривожланади, натижада «маскулинлик» ва «фемининлик» индивидуал конструктлари, сифат жиҳатидан янги руҳий ҳосилаларнинг йиғиндиси сифатида жинс концепциясининг вужудга келиши учун асос яратилади. Хусусан, Мен образининг турли элементларига алоқадор, лекин жинс белгилари ёки жинсга мансубликни албатта эсга олиб ўтувчи ўзини тавсифлашдан иборат барқарор сўз бирикмаларидан ҳамма жойда фойдаланиш кабилар болалар билан сўҳбатлашиш натижасида аниқланди. Масалан, мен – «кичкина қиз» (жинс+ёш), «чиройли қиз» (жинс+тана), «чиройли Камола» (жинс+исм), «онасини ҳимоя қилиши керак», «ёқимтой ва тартибли бўлиши керак», «кучли ва меҳрибон бўлиш лозим», «пул ишлаб топиши ва гул ҳадя эта олиши лозим» (жинс+бурч-ҳуқуқ), «онасининг қизи, отасининг қизи» (жинс+социум) каби фикрлар бунга далилдир. Бунда ўғил болаларда жинс бўйича ўзини тавсифлаш кўпроқ бурч-ҳуқуқ тизими билан, шахснинг ижтимоий макони ҳақидаги тасаввур билан боғлиқ бўлади, қиз болаларда эса шу билан бирга, ўзини англашнинг барча жиҳатлари ва айнан бир хиллик турлари ҳам жалб этилади. Шахснинг ўзини англашда шаклланиш қонуниятлари унинг жиҳатларидан бири сифатида жинсий ўзини англашнинг ривожланишини белгилаб беради - деган тасдиқловчи назарий қоидалар нима тўғри ва нима нотўғри эканлигини тахмин қилишга имкон беради. Демак, жинсий ўзини англашнинг ривожланиш даражасини ўрганиш бизга боланинг бутун ўзини англашининг ривожланиш даражаси ҳақида мулоҳаза юритиш имконини берадики, биз бунга кўплаб тасдиқлар топганмиз.
Шундай қилиб, мактабгача бўлган катта ёш, бизнингча, боланинг жинсига алоқадор роллар тизимида ўзини тасаввурлар қилиш учун мақбул давр бўлиб, ўзини англашнинг ривожланишидаги асосий йўналиш эса жинсий ўзини англаш жараёни ҳисобланади. Шаклланаётган жинс концепцияси бу даврдаги асосий янгиликка айланади, унинг шаклланиш даражаси мос келувчи айнан бир хилликнинг шаклланганлик даражаси каби мазкур ёш даврида Мен-концепцияси ривожланишининг умумий даражасини тавсифлайди ва уни баҳолаш мезони бўла олади. Шу тариқа, бизнингча, мактабгача бўлган катта ёшдаги болаларда жинсий ўзини англашнинг ривожланиш даражаси Мен-концепциясининг марказий тизим ҳосил қилувчи ва интеграцияловчи таркибий қисми сифатида боланинг Мен образи шаклланганлигининг умумий даражасини аниқлаш ва унинг ўзини англаш жараёнининг ривожланиш босқичлари асосий мезонларидан бири бўлиб хизмат қила олади.
Боланинг отаси ва онасидаги ўзаро муносабатлар ҳамда эр-хотинлик ролларини идрок қилишдан шаклланадиган тасаввурлар уларнинг вербал нутқида ҳам ўз аксини топади: «Мен ўғил боламан, катта бўлсам – дадамдай кучли ва катта бўламан», «Она бўламан, менинг болаларим бўлади», «Мен ҳам ойимдек чиройли ва ақллиман», «Ойим мени туққанидек, менинг ҳам қорнимдан чақалоқ туғилади», «Ойимдек нафис ва чиройли».
Биринчидан, бу боланинг эр-хотин жуфтлигидаги ўзаро муносабатларни фаол ўзлаштирганини кўрсатади. Иккинчидан, бундан муносабатлар болага ижтимоий муҳит, биринчи навбатда ота-она, оиласи, ота-онадан ташқари эр-хотин, эркаклик ёки аёллик муҳитидан андоза олиши учун оила энг қулай муҳит эканлигини исботлайди. Албатта, айни замонда оммавий ахборот воситалари таъсирида анъанавий қадриятларни идрок қилиш жараёни мураккаб тус олаётганлигини ҳам бюиз инобатга олдик.
Шундай қилиб, мактабгача бўлган ёшдаги болаликнинг охирига келиб, ишонч ҳосил қилдикки, бу босқичда деярли барча (90%) болаларда ҳодисалар, билимлар ва эътиқодлар синфини фикран тақдим этиш сифатида мантиқий ва ички зиддиятларсиз гендер схемаси шаклланади ва бу хулоса рус тадқиқотчиси Д.Мартин ишларида ҳам тасдиғини олган эди. Биз, ушбу холатнинг ўзи ва бошқалар ҳақидаги, болалар ва катталар ҳақидаги тасаввурни қамраб олувчи, тасаввурлар тизимининг тўлиқлиги, ҳажмлилиги ва универсаллигини таъминлашга асос бўлиши лозим ва зарур деб ҳисоблаймиз. Келажакдаги Мен образи, аксинча, анъанавий жинсга хос бўлган хислатлар билан бошқа ахлоқий-маънавий тасаввурларнинг уйғунлашганлиги сабабли, болада, айниқса, қиз болаларда ахлоқий ва анъанавий жинсий-типик жиҳатлар ҳам кузатилади. Айрим қизларда (10%) бу образ янги шаклланган аёлликнинг ижтимоий-маданий стереотипи билан боғланглигини ҳам кузатдик: «Чиройли, ғамхўр ва ишбилармон бўламан», «Ақлли ва нафосатли бўламан», «Кучли ва мағрур бўламан», «Машина ҳайдашим керак», «Ҳамма нарсани билиши ва яхши ўқиши лозим», «Супуриши, чангларни артиши лозим» каби.
Педагогик психологияда болага жамият томонидан аҳамиятга эга бўлган катта ёшдаги шахслар (ота-оналар ва тарбиячилар) мисолида берилувчи «эркин» болалар ўйинлари мотивлари, мақсад ва усуллари бир неча бор таҳлил қилинди ҳамда сюжет таркибини шакллантириш, турли ўйин ролларини олиш ва ўйнаш қобилиятини ривожлантириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилди. Бироқ бу ерда шуни айтиб ўтиш керакки, турли ўйин ҳаракатлари, яъни ўйин усулларини мақсадли йўналтирилган ҳолда шакллантириш дастлаб меъёрлаштирувчи омил сифатида хизмат қилади, бунда катта ёшдагилар ўйин учун шароитлар яратишдан ташқари, уни бошқаришга ҳам ҳаракат қилади. Кейинчалик бу боланинг ўз ўйин режалари ва ижодий ғояларини амалга ошириш майдонини қисқартириб, унинг, хусусан, гендер фарқлари ҳақидаги тасаввурларини стереотиплаштиради ва уларни тарбиячи шахсининг хосликларига яқинлаштиради. (К.Юнг, О.Вейнингер, С.Бем, Г.Аммон, А.Клизовский, В.Е.Каган ва б.) Масалан, мактабгача бўлган ёшдаги болаларнинг тарбия муассасаларидаги катта гуруҳларда нутқни ривожлантириш бўйича машғулотларда яққол мисол тариқасида анъанавий жинсга хос бўлган фаолият ва стереотип жинсий типлаштирилган касблар билан шуғулланаётган иккала жинс вакиллари тасвирланган карточкалар таклиф этилади, бу ерда аёл тикувчи, сут соғувчи, сотувчи, ўқитувчи, кутубхоначи ролида, эркак эса қурувчи, ҳайдовчи, почтачи, фотограф, рассом ролида намоён бўлади. Тадқиқотимизда иштирок этаётган андрогинлик сифатлари яққол ифодаланган оналарнинг болалари ушбу стереотип сюжетларни қуйидагича шарҳладилар: «Менинг ойим тикмайди, аммо у суратга олади», «Бизда эса дадам эмас, ойим машина ҳайдайди», «Ойимнинг ўзи уйни таъмирлади».
Мактабгача ёшдаги бўлган боланинг Мен образини тадқиқ этганимизда қўлга киритган натижаларнинг асосини ташкил этган «Сен кимсан?», «Кел танишайлик!» услуби юқоридаги таҳлил этилган хулосаларни асоан тасдиқлади. Хусусан, ўз ҳуқуқ ва бурчлари ҳақидаги саволларга жавоб берар экан, ўғил ва қиз болалар онага уй ишларида ёрдам бериш бўйича аниқроқ жавоб бердилар, бунда аниқ ҳаракатларини шарҳлаш уларга қийинчилик туғдирмади: «полни артиш», «ўринни йиғиштириш», «балиқни боқиш», «гулга сув қуйиш» – бурч ва гендер стереотиплари тизимидан ташқарида ётувчи имкониятлар: «телевизор томоша қилиш», «компьютер ўйинлари ўйнаш», «сайр қилиш». Фақат оналари уй бекаси бўлган қизларда соф феминин жавоблар ноанъанавий аёллик бурчлари билан уйғун эътироф этилди: «ширин овқат тайёрлаш», «ҳамманинг қорнини тўйдириш», «ақлли бўлиш», «ҳамма нарсани билиш», ўғил болаалрда эса «уй супуриш, тозалаш» каби ишлар ҳам қайд этилди.
Ота-онанинг болага муносабати, ота-она ва эр-хотин жуфтлигидаги мулоқотнинг ҳосиласи сифатида, экспериментал тадқиқот жараёни давомида кузатилганидек, берилган ота-она муносабатларининг эр-хотин муносабатлари билан таққослаганда ҳозирги болаларда рационаллик даражададир.
Юқоридагидан кўриниб турибдики, агар у ёки бу масала бўйича ота-онанинг қарашларида мувофиқлик бўлса, бу холат боланинг ўзини англаш жараёни ривожланишига ижобий таъсир кўрсатади. Эр-хотиннинг оилавий ролларидаги аниқ объектив фарқлар ва уларнинг бола томонидан адекват идрок қилиниши ҳам ижобий омил бўлиб, бу бола онгида ўз “Мен”и тўғрисидаги тасаввурларнинг муваффақиятли шаклланишининг гарови ҳисобланади. Бироқ, охирги йилларда Ўзбекистонда ҳам нуклеар, яъни, ота-она ва битта ёки 2 нафар боладангина иборат бўлган оилалар сони ортган сари ноанъанавий ота-она ва фарзанд муносабатлари шаклланмоқдаки, бу олимларнинг эътирофича, ўзбек оиласидаги детоцентристик муносабатларни келтириб чиқармоқда, яъни, ота-онанинг бутун сайъи-ҳаракати фақат шу фарзандлар манфаатигагина хизмат қилишга асосланган муносабатлар. Бундан никоҳ жуфтлигидаги ота-оналарнинг тарбия услублари, хулқ-атвор шакли, “Ота-она – бола” муносабатлари ҳамда ўзаро муносабатларнинг янгича кўринишини келтириб чиқариши, ва бу ўз навбатида бола “Мен”ининг шаклланишига таъсир қилиши айни ҳақиқатдир.
Биз ажратиб ўрганган янги типли ўзаро муносабатларга асосланган оилаларда барча когнитив, аффектив ва хулқ-атворни кўрсатувчи вербал жавобларда ота-оналарнинг хабардорлик даражаси юқори эканлиги ва ота-она кўрсатмаларининг эр-хотин кўрсатмаларига нисбатан мувофиқлик даражаси катта эканлигини кўрдик. Қайси оилада эр ўз ролини, аёл эса ўзининг хотинлик ролини аниқ билиб, шунга амал қилса, уларнинг тарбиячи ва таъсир кўрсатувчи сифатидаги мақомлари ҳам сезиларли эканлиги, уларнинг фарзандлари жавоблари теран ва аниқ жумладарда ифодаланганлигини гувоҳи бўлдик. Демак, болага ота-онанинг муносабати қанчалик муҳим бўлса, уларнинг эр-хотин сифатидаги ролларни бажаришидаги мувофиқлик бола шахсининг шаклланиши ва “Мен” образининг теран ва ўз вақтида шаклланишига шунчалик мақбул шароит ҳиосбланиши тадқиқотда амалий ифодасини топди.

Download 394.5 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   8   9   10   11   12   13   14   15   16




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling