Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги қарши муҳандислик иқтисодиёт институти
-жадвал Иш билан банд аҳоли сонининг ҳудудлар ва иқтисодий фаолият турлари бўйича тақсимланиши46
Download 230.47 Kb.
|
- Bu sahifa navigatsiya:
- Ҳудудлар Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги саноат
2.4-жадвал
Иш билан банд аҳоли сонининг ҳудудлар ва иқтисодий фаолият турлари бўйича тақсимланиши46 (2020 йил январь-декабрь, жами бандлардаги улуши, фоизда)
2.4-жадвал маълумотларидан кўриниб турибдики, Ўзбекистон Республикасида иш билан банд аҳоли сони ҳудудлар ва иқтисодий фаолият турлари кесимида таҳлил этилганда, Жиззах (вилоят бўйича жами бандлар сонига нисбатан улуши 41,8%) ва Сирдарё (48,0%) вилоятларида қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги соҳаси, Навоий (26,9%), Тошкент (19,9%) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (19,1%) саноат соҳаси, Бухоро (15,2%) ва Қашқадарё (13,9%) вилоятларида қурилиш соҳаси ҳамда Тошкент шаҳри (68,8 %), Наманган (53,6 %), Самарқанд (52,2 %) ва Андижон (52,0 %) вилоятларида хизматлар соҳаси юқори улушга эга эканлиги кузатилди. Давлат дастурларида янги саноат объектларини ишга тушириш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва кенгайтириш, иқтисодий ночор ва фаолият кўрсатмаётган корхоналарни қайта тиклаш, кичик корхоналар ва микрофирмалар яратиш ва қўллаб-қувватлаш, якка тартибдаги тадбиркорлик, фермер ва деҳқон хўжаликлари, оилавий бизнес ва касаначиликни рағбатлантириш, ижтимоий ва бозор инфратузилмасини ривожлантириш орқали жойларда янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган. Ушбу мақсадга эришиш учун меҳнат бозорини мувофиқлаштириш, янги, қўшимча иш ўринлари ташкил этишнинг турли механизмлари сафарбар этилмоқда. Қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш ва қишлоқ меҳнат бозорини ривожлантиришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг таъсири катта. Чунки кичик тадбиркорлик янги корхоналар ва иш ўринлари яратиш орқали аҳоли бандлигини, бозорни турли-туман товар ва хизматлар билан тўлдириб келмоқда. Бундан ташқари, кичик корхоналар бозор конъюнктурасидаги ўзгаришларни дарров илғаб, инвестицион жараёнларнинг фаол иштирокчисига айланиб, янги технологиялар базасида иш ўринлари ташкил этиб, ишчи кучининг сифат ва малака даражасига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Ҳудудлардаги маҳаллий ҳокимиятлар томонидан барча ҳудудларда, айниқса, олис ва бориш қийин ҳамда меҳнат ресурслари ортиқча бўлган туманларда банк хизматлари турларини кенгроқ тарғиб қилиш, шунингдек, ҳудудий дастурларга киритилган лойиҳа ташаббускорларига яқиндан амалий ёрдам бериш мақсадида аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказилмоқда. Шунингдек, «Коллеж битирувчиларини молиявий қўллаб-қувватлаш орқали янги иш ўринларини ташкил этиш имкониятлари» мавзуида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида қабул қилинган қонун ҳужжатлари, уларга мувофиқ яратилган имтиёзлар, соҳа субъектлари учун кредитлар ажратиш шарт-шароитлари юзасидан жойларда манфаатдор вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалий учрашув ва семинарлар ташкил этиб борилмоқда. Аҳолининг айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантириш ва аҳоли бандлигини ошириш омили бўлаётган бундай учрашувларда оилавий бюджетни шакллантириш, тадбиркорлик кўникмаларини ҳосил қилиш, ёш оилаларнинг молиявий саводхонлигини ошириш, оилавий бизнесни йўлга қўйиш бўйича тренинглар ташкил этилмоқда, иқтидорли ва фаол хотин-қизларни рағбатлантириш чоралари кўриб борилмоқда. Бундан ташқари, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш мақсадида тижорат банклари филиаллари вакиллари республиканинг ҳар бир маҳалласига, касб-ҳунар коллежига бириктириб қўйилган ва бу банклар ва аҳоли ўртасида доимий мулоқот муҳитини шакллантирган. Тижорат банклари кичик тадбиркорлик субъектларининг бизнес режаларини фаол молиялаштириш билан мамлакатимизда аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва янги иш ўринлари ташкил этишга йўналтирилган устувор вазифалар ижросини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб бораверади. Ҳақиқатдан ҳам, бугунги кунда қишлоқ меҳнат бозорлари амал этишининг мазмун қонуниятлари ва хусусиятларини таҳлил этиш уларнинг давлат томонидан тартибга солиниши, аҳолининг иш билан самарали бандлигини таъминлаш учун иш кучига талаб ва унинг таклифи, меҳнат баҳосига таъсир кўрсатадиган таъсирчан механизмларни шакллантириш объектив зарурат эканлигидан яққол далолат бермоқда. Меҳнат бозорида рўй бераётган жараёнларга аралашмасликни тарғиб этувчи турли илмий назариялар мавжудлигига қарамасдан тараққий этган давлатлар амалиётида, аксинча, бу бозорга таъсир кўрсатишни кучайтириш, уни тартибга солишнинг самарали усул ва шаклларини излаб топишга интилиш тенденцияси кузатилмоқда. Чунки, Ж.Кейнснинг назарий хулосалари ва ривожланган давлатларнинг тажрибаси, айниқса иқтисодий ва молиявий инқирозлар, ишлаб чиқариш суръатларининг пасайиши шароитларида “эркин меҳнат бозори” олдинда турган вазифаларни ҳал этишга ожизлик қилишидан яққол далолат беради. С.А.Кузьмин асосли равишда кўрсатганидек, “бозор механизмларининг ижобий таъсир кўрсатиши... жуда узоқ вақтни талаб этади, бу вақт эса ҳозирги жаҳон хўжалигида бирорта миллатда йўқдир”47. Жаҳон амалиётида давлат томонидан меҳнат бозорини тартибга солишнинг турли иқтисодий механизмларидан фойдаланилган бир неча босқичларини ажратиб кўрсатиш мумкин. Жумладан, ХХ асрнинг 70–йилларида инфляция даражаси юқори бўлган шароитларда ҳаражатлар жамланмасининг ўсиши ва талабга қараб иш тутиш ишсизлик даражасини пасайтиришга олиб келади деган назария ўзини оқламай қолди. Кўпгина мамлакатларда иш билан бандлик даражасининг ортиши нарх–наво кўтарилиши билан биргаликда рўй берди. Шу билан бирга иш ҳақи ва иш билан бандликнинг ўзаро алоқадорлиги масаласи баҳс талаблигича қолмоқда. Қатор иқтисодчилар иш ҳақининг ортиши ва унинг юқорилиги меҳнатга талаб камайишининг асосий сабаби деб ҳисоблайдилар. Давлат томонидан меҳнат бозори, шу жумладан қишлоқ меҳнат бозорини тартибга солиш тажрибасини таҳлил этиш бу қуйидагиларни назарда тутишини кўрсатди: давлат томонидан иш кучига талаб, унинг таклифи, баҳоси, миқдор ва сифат кўрсаткичлари, шу жумладан ҳаракатчанлигига аниқ мақсадга қаратилган таъсир чораларини амалга ошириш; иш берувчиларга имтиёзлар бериш, солиқ, молия–кредит ва инвестиция сиёсати орқали янги иш жойлари яратиш ва самарали амал этаётган мавжуд иш жойларини сақлаб қолишни ҳар тарафлама қўллаб–қувватлаш; иш билан бандликнинг муқобил шаклларини ривожлантириш ва аҳолининг ўзини мустақил иш билан таъминлашни дастаклаш; турғун ишсизлик даражасини пасайтириш ва ишсиз фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш учун иқтисодий шарт–шароитлар яратиш. Қишлоқ меҳнат бозорини давлат томонидан тартибга солиш бўйича ривожланган мамлакатлар тажрибаси эътиборга моликдир. Мисол учун, Германияда ишсизларни ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатлари яратилиши билан бирга қишлоқ меҳнат бозорларини давлат томонидан тартибга солишнинг муҳим чоралари сифатида қуйидагилар қўлланилади: собиқ ишсизларни ишга жойлаштирганлик учун тадбиркорларга давлат томонидан устамалар тўлаш; янги иш жойлари яратиш ва уларни ўзлаштириш учун устамалар тўлаш, янги рақобатбардош кичик ва ўрта корхоналар яратилишини қўллаб–қувватлаш; қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини таркибий ўзгартиришда янги иш жойларини ўзлаштириш учун дотация тўлаш, фермерларга ўз корхоналарини модернизация қилишда молиявий ёрдам кўрсатиш48. Ўзбекистонда ҳам янги иш ўринларини, айниқса қишлоқ жойларида яратиш энг муҳим ижтимоий-иқтисодий вазифа ҳисобланади. Иқтисодчиларнинг ҳисоблаб чиқишларича, мамлакат ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 4,0-6,0 % га ўсиши аҳолининг иш билан бандлик даражасини 2,7 % га кўпайтириш имконини беради. Кичик бизнесни ривожлантиришда шу даражада ўсиш эса иш билан бандликни 7,9 % га оширади. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик меҳнат сиғими кўп талаб этиладиган, ижтимоий меҳнатни ташкил қилишнинг улкан соҳаси бўлганлиги билан ҳам жуда аҳамиятлидир. Жумладан: кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик кам капитал сиғимига эга янги иш ўринларини тез ташкил этишга қодир. Яъни, кичик корхоналарда ҳар бир иш ўрнига капитал сарфи йирик корхоналардагига нисбатан анча кам бўлади; иқтисодий фаол аҳоли учун кичик бизнес тузилмаларида меҳнат фаолиятини амалга ошириш мақбулроқдир. Бу уларга ташаббус кўрсатиш ва ижодий ғояларини амалга ошириш учун кенг имкониятлар яратади; бевосита кичик корхоналарда иш билан бандликнинг мослашувчан: тўлиқсиз бўлмаган иш куни ёки ҳафтаси, ўриндошлик, сирпанувчан иш графиги шаклларини қўллаш мумкин. Кичик бизнес Осиё мамлакатларида ҳам жадал ривожланиб бормоқда. Жумладан Корея Республикасидаги барча фирма ва компанияларнинг 99,8 % ни кичик ва ўрта бизнес субъектлари ҳиссасига тўғри келади. Уларнинг умумий сони 3 млн.тадан ортади, бунинг 900 мингтаси 50-300 нафар ходим ишлайдиган ўрта, 240 мингтаси 10-50 нафар ходимдан иборат кичик ва 2 млн. 680 мингтаси 10 нафаргача ходим ишлайдиган микрофирмалардир. Марказий ва тижорат банклари йил давомида манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда жойларда амалий семинарлар ташкил этиб, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, уларга яратилаётган шарт-шароитлар, имтиёз ва преференцияларни кенг тарғиб қилиб бормоқда. Тижорат банкларининг жойлардаги филиаллари томонидан ҳар бир маҳалла фуқаролари йиғинларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, хусусан оилавий бизнес ва ҳунармандликни ривожлантириш борасида аҳоли вакиллари билан учрашувлар ташкил этилди. Бундан ташқари, тадбиркорликни рағбатлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, ёш авлоднинг бизнес ғояларини амалга ошириш мақсадида манфаатдор ташкилотлар билан қатор тадбирлар ўтказилди. Хусусан, “Ёш тадбиркор-келажакка пойдевор”, “Диплом билан бизнесга”, “Энг яхши инновацион лойиҳа”, “Энг яхши ишлаб чиқариш лойиҳаси”, “Энг яхши ёш тадбиркор лойиҳаси”, “Энг яхши тадбиркор аёл лойиҳаси” ва бошқа номинацияларда танловлар ташкил этилди. Мазкур тадбирлар доирасида танлаб олинган бизнес-лойиҳалар тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари ҳисобига молиялаштирилмоқда. Қишлоқ аҳолисини иш билан таъминлаш даражасини оширишнинг самарали воситаларидан бири–оилавий тадбиркорликни ҳар тарафлама ривожлантиришдир. Тадбиркорликнинг бу тури янги иш жойлари яратиш учун катта маблағ талаб этмайди, шу билан бирга иш билан бандликнинг эгилувчан шаклларидан кенг фойдаланиш имконини беради. Мамлакатимизда бизнесни ташкил қилишнинг ушбу шакли бизнесни юритишда юзага келган миллий анъаналаримизга, хўжалик юритиш фаолиятининг мавжуд ҳолатига тўла мос келади. Ишончим комилки, бундай бизнесни ташкил қилишнинг қонунчилик базаси яратилса, оилавий бизнеснинг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш, иқтисодиётнинг турли соҳаларида унинг жадал ва кенг ривожланиши ва янги иш ўринларининг очилишига шароит туғилади. Ҳақиқатан ҳам оилавий бизнеснинг афзалликлари кўп. Жумладан у: иш берувчилар томонидан аҳолининг кўп ҳолларда фойдаланмайдиган тофалари–пенсионерлар, талаба ёшлар, ногиронлар меҳнатидан фойдаланиш имконини беради; оилавий тадбиркорлик иштирокчиларининг жамоавий ижтимоий маъсулиятини кучайтиради, оила маркаси нуфузини қадрлаш ва оширишга ундайди; оила аъзоларининг ўз меҳнат пировард натижалари учун манфаатдорлигига асосланган, тадбиркорликнинг бу турини фарзандлар тарбияси ва уй меҳнати билан қўшиб олиб бориш имконияти мавжуд; жамиятда ижтимоий–вазиятни барқарорлаштиришга хизмат қилади, келажакка йўналтирилган амалий муҳитни шакллантиради. Шунинг учун ҳам Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Халқаро меҳнат ташкилоти оилавий тадбиркорликни камбағалликка қарши курашнинг стратегик йўналиши сифатида эътироф этган. Халқаро меҳнат ташкилотининг 2003 йилда бўлиб ўтган 91–сессиясида “Меҳнат қашшоқликка қарши кураш воситаси сифатида” резлюцияси қабул қилинган. Унда ривожланаётган мамлакатларда “ишлаб чиқариш корхонаси–кўп ҳолларда оиланинг уч авлоди биргаликда меҳнат қила оладиган ва иш ҳақларини жамлай имкониятларига эга бўлган оилавий тадбиркорликдир” деб қайд қилинган49. Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, қишлоқ аҳолисини иш билан таъминлаш даражасини ошириш учун кўрилаётган бу чораларга қарамасдан мазкур тармоқда ҳали жиддий муаммолар мавжуд. Аграр соҳа ўз хусусиятлари–қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг мавсумийлиги, сертармоқлилиги, табиий омилларнинг таъсири, қўл меҳнати салмоғининг юқорилиги ва ҳоказолар билан меҳнат ресурсларидан фойдаланишга жиддий таьсир кўрсатади. Айни пайтда тармоқда меҳнат унумдорлиги пастлиги, капиталнинг табиий тузилмаси оқилона эмаслиги учун қишлоқ хўжалиги иш кучининг йирик истеъмолчиси ҳисобланади. Қишлоқ аҳолиси ўртасида иш билан банд бўлмаганлар даражаси шаҳардагига нисбатан юқори бўлишига қарамай, хўжалик ишлари авжига чиққан баҳорги экин-тикин, ҳосилни йиғиштириб олишда иш кучи тақчиллиги, айниқса сезилади. Бу эса ўз навбатида, қишлоқ меҳнат бозорида иш кучига талаб ва таклифни мутаносиблаштириш, аҳолининг иш билан бандлиги бўйича ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш асосида тартибга солиш учун таъсирчан чораларни кўриш зарурлигини билдиради. Download 230.47 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling