Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Наманган муҳандислик-технология институти Ғаниев Муҳаматжон Халилович


Тадқиқот натижаларининг апробацияси


Download 0.8 Mb.
bet9/63
Sana13.04.2023
Hajmi0.8 Mb.
#1352647
TuriДиссертация
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   ...   63
Bog'liq
nodir

Тадқиқот натижаларининг апробацияси. Ушбу тадқиқот натижалари 15 та, жумладан, 10 та республика ва 5 та халқаро илмий-амалий конференцияларда муҳокамадан ўтказилган.
Тадқиқот натижаларининг эълон қилинганлиги. Диссертация мавзуси бўйича жами 21 та илмий ишлар, шу жумладан, 4 та илмий монография, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясининг докторлик диссертациялари асосий натижаларини чоп этиш тавсия этилган илмий журналларда 16 та илмий мақолалар, жумладан, 11 таси республикада ва 5 таси хориж журналларида нашр этилган.
Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми. Диссертациянинг таркиби кириш, тўртта боб, хулоса, фойдаланилган адабиётлар рўйхати ва иловалардан иборат. Диссертациянинг ҳажми 272 бетни ташкил қилади.

111Equation Chapter (Next) Section 1I БОБ. МИЛЛИЙ ИҚТИСОДИЁТДА АҲОЛИ КАМБАҒАЛЛИГИНИ ТАДҚИҚ ЭТИШНИНГ НАЗАРИЙ АСОСЛАРИ

1.1. Камбағаллик - иқтисодий категория сифатида


Камбағаллик категорияси барча ижтимоий-иқтисодий тизимларда амал қилиб, бир томондан давлат томонидан олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг нечоғли ижтимоий самара бераётганлигини, иккинчи томондан эса меҳнат бозоридаги талаб ва таклиф нечоғли мувозанатлашганлигини яққол кўрсатиб беради. Ривожланган давлатларда узоқ йиллардан буён ҳукм сураётган бозор иқтисодиёти тенгсизликка асосланган тақсимот муносабатларини намоён қилди ва қилмоқда. Бундай шароитда баъзи хўжалик субъектларида фойда миқдорининг кўпайиб бозорда юқори мавқега эга бўлиши кузатилса, баъзиларида эса ишлаб чиқариш бозор талабларига жавоб бермай, рақобат курашида енгилиб зарар кўриши, инқирозга учраши ҳамда хонавайрон бўлиши табиий ҳолатга айланди. Бундай иқтисодий муносабатлар тизимида ўзини оқламайдиган иқтисодий фаолият турларини тугатилиши билан бирга бошқа янги иқтисодий фаолиятнинг танланиши рўй беради.
Бозор муносабатларида тақсимот тенгсизликка қурилган экан, жамият аъзолари даромадлари табақалашган бўлиб, адолатли ва адолатсиз тенгсизликни юзага келтирадики, биз бу жараёнда юзага келадиган табиий ва ижтимоий сабабларни кўрамиз. Маълумки, кишилар табиатан жисмоний ва ақлий жиҳатдан бир-биридан фарқ қилади. Уларнинг иш қобилияти, билими, малакаси, маҳорати ишбилармонлиги бирлигида кўринади. Лекин киши қобилиятининг камол топиши, ривожланиши ва унинг юзага чиқиши ижтимоий сабабларга боғлиқ жиҳатлари ҳам бор. Жамиятда инсон саводли, қобилиятли ва эгаллаган малакасига яраша иш билан банд бўлиши, умуман, фойдали фаолият билан шуғулланиши шарт12. Биологик жиҳатдан эса ҳар бир киши бир хил истеъдодга эга эмас, қобилиятларда тафовут табиатан мавжуд. Кузатишлар шуни кўрсатадики, кишиларда туғма қобилиятнинг ўзи етарли бўлмай, уни ишга солиш имкониятлари ва иқтисодий-сиёсий тизим ҳам бевосита тенгсизликка таъсир этади. Ўз навбатида даромадлардаги тенгсизлик турмуш даражасини ҳам табақалашувига олиб келди. Бу фарқ, аввало, шаҳар билан қишлоқ аҳолиси ўртасида, айрим кишилар, оилалар, жамоалар ва ҳудудлар ўртасида кузатилади ва кишиларни жамиятда «бой», «ўртаҳол», «мулкдор» ёки «камбағал» ва «қашшоқ» деган қатламларни вужудга келтирди. Кишилар даромадидаги табақалашув эса аҳоли турмуш даражаси кўрсаткичларини фарқланишини ҳам бошлаб берди ва турли давлатларда турли хил кўринишда намоён бўлди. Камбағаллик ва бойлик муаммоси азалдан мавжуд бўлиб, доимо ижтимоий муаммолар ҳамда зиддиятларни ҳаттоки қуроли тўқнашувларни келтириб чиқарган.
Камбағаллик муаммоси жуда мураккаб бўлиб, унга таъсир этувчи омиллар, камбағалликни қисқартириш юзасидан бир қатор олимлар тадқиқот олиб борганлар. Айниқса, Нобель мукофоти совриндори Амартия Сен13 асарларида аҳоли фаровонлигини ошириш, камбағалликни келиб чиқиш сабаблари, камбағалликни камайтириш учун билим эгаллаш, аҳоли саломатлиги ва инсонларни узоқ умр кўриши, касалликлардан ҳоли бўлиш ва бошқа имкониятларни инсонларга яратиш зарурлиги батафсил илмий жиҳатдан ўрганилган. Жаҳонда камбағалликни пасайтириш бўйича олиб борган тадқиқоти учун америкалик Майкл Кремер ва келиб чиқиши асли ҳиндистонлик бўлган Абхиджит Банерджи ҳамда унинг рафиқаси Эстер Дюфло 2019 йили Нобель мукофотига сазовор бўлдилар. Улар камбағалликни аниқлаш ва уни бартараф этиш борасида ижтимоий инновацияларни тадбиқ этишди14.
Америкалик иқтисодчи олим Ангус Стюарт Дитон 2015 йилда «Истеъмол, камбағаллик ва фаровонликни таҳлил қилгани учун» Нобель мукофоти совриндори бўлди. У иқтисодий тараққиётни таъминлайдиган ва камбағалликни қисқартирадиган иқтисодий сиёсатни шакллантириш учун биринчи навбатда аҳамиятли омиллар сифатида ҳар бир истеъмолчи қандай танлов қилишини, аҳоли даромадлари ва қийин вақтларда аҳоли истеъмол даражаси ўртасидаги боғлиқликни таҳлил қилди15. Даниялик олим Геста Эспинг – Андерсон16, америкалик олим Джеффри Сакс17 ва бошқа олимлар томонидан камбағаллик масаласи мавжуд ижтимоий-иқтисодий тизим муаммолари билан боғлиқ ҳолда ҳамда аҳоли фаровонлиги муаммолари сифатида тадқиқ этилган.
Мавжуд иқтисодий адабиётларда камбағаллик категорияси мазмунини очиб беришга қаратилган турли фикрлар ва таърифлар учрайди. Классик иқтисодчи олимлар ҳам ўз асарларида ҳам камбағаллик муаммосига муносабатларини билдирганлар ва келиб чиқиш сабабларини таҳлил этганлар. Классик иқтисодий мактаб асосчилари бўлган А. Смит, Т. Мальтус, Д Рикардолар камбағалликни анъанавий жамиятни саноатлашган жамиятга айлантиришнинг муқаррар натижаси деб ҳисоблашган. 19 асрнинг ўрталарида кенг тарқалган дарвинизм мафкураси камбағалликни табиий ҳодиса сифатида дастлаб маълум бир шахсда ирқнинг, ҳаётнинг давоми учун ўзини ҳимоя қилиш қобилиятига эга эмаслигини англатади, деб ҳисоблайди. Француз иқтисодчиси, файласуф П.Ж. Прудон (1809-1865 йиллар) фикрига кўра, сиёсий иқтисоднинг энг муҳим қонуни қашшоқлик қонунидир. Саноатдаги ҳар қандай тараққиёт ва ишлаб чиқариш муносабатларини яхшиланиши бу ерда ёрдам бермайди. «Қашшоқлик - бизнинг табиатимиз қонунидир. Бу бизни истеъмол қилишимиз керак бўлган нарсаларни ишлаб чиқаришга мажбур қилади, аммо меҳнат учун энг зарур нарсадан бошқа нарса бермайди»18 Прудон камбағалликни табиатнинг ўзгармас ҳодисаси сифатида қарайди.
Замонавий иктисодий назария отаси ҳисобланган Адам Смит камбағаллик – бу инсон табиати ёки одат бўйича талаб килинадиган эҳтиёжни сотиб олишга қурби етмаслигидир19, деб таъриф беради. У таърифда жамият одатлари келтириб чикарган эҳтиёжларни ҳам эътиборга олиш орқали камбағаллик замирида нисбийлик элементи ҳам мавжудлигига ишора қилади, бироқ ўша даврларга хос тарзда моддий эҳтиёжларни қондириш қобилиятини кўриб чикиш билан чекланади20.
Неолиберализм мафкурачиси Фон Хайек камбағалликни инсоният тараққиётидаги табиий ҳодиса ва у жамият манфаати учун зарур21 деб қарайди. Охирги пайтларда камбағаллик, асосан даромаднинг борлиги ёки йўқлиги нуқтаи назаридан, инсоннинг камбағаллиги кўпроқ унинг яхши овқатланиш имкони ёки яшаш уйининг қандайлиги билан белгиланмоқда. Аммо, камбағаллик даромаднинг ёки инсонларнинг истеъмол учун қабул қилган калорияларнинг камлигига қараганда ғоят кенг кўламдаги тушунчадир. Бу –узоқ, соғлом ва онгли ҳаёт кечириш ҳамда яхши турмуш даражаси, озодлик, қадр-қиймат, ғурур ва ўзгаларни ҳам қадрлаш даражасига эришиш учун кенг кўламда зарур бўладиган имкониятлар ва танлаш ҳуқуқидан маҳрумликдир22.
Қамбағаллик – индивид ёки оиланинг асосий эҳтиёжлари уларни қаноатлантириш учун мавжуд бўлган маблағлардан кўпроқ бўладиган бир ҳолат23. Иқтисодчи олим А. Вахабовнинг фикрига кўра, камбағаллик-ҳаёт кечириш, меҳнат қилиш қобилиятини такрор ишлаб чиқариш, авлодлар узвийлигини давом эттириш учун зарур бўлган ҳаётий эҳтиёжларни қондириш имкониятига эга бўлмаган шахс ёки ижтимоий гуруҳларнинг иқтисодий ҳолатини ифодаловчи кўрсаткичдир. Камбағаллик нисбий тушунча ҳисобланиб, ҳар бир жамиятда қабул қилинган турмуш даражасининг умумий стандартига боғлиқ бўлади. Камбағаллик ҳолатида яшаётган аҳоли қатламлари қуйидаги тўққиз ҳолатдан камида тўрттасидан маҳрум бўлган кишилар ҳисобланади:

  • ижара ёки коммунал тўловларни тўлаш;

  • ўз уй-жойини етарли даражада иситиш;

  • тасодифий харажатларни қоплаш;

  • гўшт, балиқ ёки уларнинг ўрнини босувчи маҳсулотларни икки кунда бир истеъмол қилиш;

  • уйдан ташқарида камида бир ҳафталик ҳордиқ чиқариш;

  • автомобил;

  • кир ювиш машинаси;

  • рангли телевизор;

  • уяли алоқа ёки телефон.

Юқоридаги келтирилган тўққизта вазиятдан камида тўрттасини бажара олмайдиган кишилар моддий ресурсларнинг етишмаслиги ҳолатида яшаётган аҳоли қатламлари ҳисобланиб, уларга ижтимоий муҳтожлик нафақалари тайинланади24. Иқтисодчи олим Ш. Шодмоновнинг фикрига кўра, камбағаллик-бу ҳаёт учун муҳим бўлган биламчи эҳтиёжларни қондира олмайдиган, ишга лаёқатли бўлиб ўз наслини давом эттириш учун етарли даромадга эга бўлмаган шахс ёки ижтимоий гуруҳнинг иқтисодий ҳолатидир. Ҳудди марксистлар ғояси каби, ғарб либерал назариясида ҳам камбағаллик, шахс ёки унинг оиласи ҳаётий эҳтиёжларини қондириш учун воситалар бўлмагандаги ҳолатини англатади25.
Иқтисодчи олим Н. Бекнозовнинг фикрича, камбағаллик – киши ўзининг асосий эҳтиёжлари учун пул маблағлари етарли бўлмаган, мулк ва бошқа ресурслар билан нисбатан кам таъминланган, моддий ва маънавий эҳтиёжларининг паст даражада қондирилишидир26. Камбағаллик-моддий неъматлардан ишчи кучини такрор ишлаб чиқаришнинг қуйи чегараси доирасида фойдаланишни ифодалайди.
Иқтисод фанлари доктори Р. Абдуллаевнинг фикрига кўра, «Камбағаллик» деганда – индивид ёки ижтимоий гуруҳнинг шундай иқтисодий ҳолатини тушуниш керакки, бундай ҳолатда улар яшаш, меҳнат қобилиятини сақлаш, кўпайиш учун зарур бўлган маълум минимал эҳтиёжларини қондира олмай қоладилар. «Қашшоқлик» ёки ҳаддан ташқари камбағалчилик, мутлақ камбағаллик, деганда эса – бу одамларнинг, масалан, озиқ-овқат, ичимлик суви, турар-жой каби асосий эҳтиёжлари танқислик билан тавсифланадиган ҳолат, тушунилиши керак27.
«Қашшоқлик тушунчаси аҳоли гуруҳларининг шундай аҳволини тавсифлайдики, ушбу жамиятдаги оқилона минимумга мувофиқ бўлган фаровонлик даражасига эришиш мумкин бўлмайди»28. Демак, биз терминларнинг мазмун-моҳиятини англаган ҳолда бир-биридан фарқлашимиз керак бўлади. Бироқ ҳозирда дунё мамлакатлари бўйича камбағаллик ёки қашшоқлик тушунчаларининг умумқабул қилинган ҳамда ягона келишилган таърифи ишлаб чиқилмаган. Ҳар бир мамлакат ўзи учун белгиланган камбағаллик мезонидан келиб чиқиб тавсифлайди.
Россиялик иқтисодчи А.А. Разумовнинг фикрича, камбағаллик ижтимоий ҳаётнинг турли соҳаларига таъсир қилади, у маълум бир шаxснинг, маълум оиланинг ва умуман жамиятнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Бу аҳолининг сифат кўрсаткичларининг ёмонлашишига, ижтимоий-иқтисодий ва гeндeр тeнгсизлигининг ошишига олиб кeлади, муваффақиятли ижтимоий ривожланишни пасайишига олиб келиб, ижтимоий офатларнинг сабабчиси бўлиши мумкин. Камбағаллик - нафақат озиқ-овқат ва кийим-кeчак, уй-жойнинг eтишмаслиги, одамлар учун зарур бўлган таълим ва соғлиқни сақлаш xизматларидан фойдаланишнинг eтишмаслиги. Ва бу нафақат ҳаёт учун зарур бўлган ҳамма нарсани, ҳeч бўлмаганда энг паст даражада олиш учун eтарли пул eтишмаслигидир. Россия камбағаллигининг ўзига xос xусусияти шундаки, рус камбағалларининг 50 фоиздан ортиғи мeҳнатга лаёқатли, шу жумладан 42 фоизи иш билан банд. Камбағаллик борасидаги бу кўрсаткичлар ҳақиқатан ҳам Россия мeҳнат бозорида ҳамма нарса «xавфсиз» эмаслигини кўрсатади. Агар мeҳнат бозорида мавжуд бўлган муносабатлар ва замонавий иш билан таъминлаш ва иш ҳақи сxeмалари ишчилар орасида бундай юқори даражадаги қашшоқликка олиб кeладиган бўлса, бу туб иқтисодий ислоҳотлар, ижтимоий сиёсат чоралари йўқлиги ёки уларнинг самараси йўқлиги ва юқорида айтиб ўтилганлар ушбу масалаларнинг илмий асосланмаганлигидан далолат бeради29.
Норвегия халқаро иқтисодий муносабатлар институти тадқиқотчиси, иқтисодчи Д. Молдокановнинг фикрича, камбағаллик – бу кўп қиррали ҳодисадир. Бу нафақат одамларнинг қанча пул топишини, балки одамларнинг уй-жойини бор ёки йўқлигини, таълим ва тиббий хизматлардан фойдаланиш имконини намоён қилади. Камбағаллик даромад кўрсаткичлари орқали ўлчанади ва статистик идоралар томонидан уй хўжаликларини ўрганиш орқали истеъмол кўрсаткичлари аниқлаштирилади. Барча камбағаллик кўрсаткичлари инсон истеъмолининг пул эквиваленти билан боғлиқ бўлади. Чунки одамларнинг турли товар ва хизматларни истеъмоли аввало уларнинг тиббий хизматларга бўлган эҳтиёжини қондирилиши билан боғлиқдир30. Машҳур иқтисодчи олимлар С. Фишер, Р Дорнбуш ва Р Шмалензилар фикрича, камбағаллар – бу даромадлари жамиятнинг ҳозирги истеъмол стандартлари доирасида эҳтиёжларини қондириш учун етарлича етарли бўлмаган жисмоний шахслар ва уй хўжаликларидир. Баъзи оилалар жисмонан тирик қолишга имконияти мавжуд бўлсада, аҳлокий-маданий жиҳатдан чекланади. Боиси уларнинг даромадлари белгиланган даражадан анча паст бўлади31, деб таъкидланади.
Камбағаллик табиати, вужудга келиш сабаблари ва унинг ўлчовини аниқлаш билан соҳага улкан ҳисса қўшган социолог тадқиқотчи олим Роунтри ўзининг туғилган шаҳри Йоркда (Буюк Британия) оилалар орасида камбағалликни ўлчаш мақсадида маълумот тўплашга қарор қилади, унинг мақсади камбағалликни ўлчаш билан чекланмай, унинг табиатини ўрганишни ҳам ўз ичига олади. Натижада камбағалликнинг дастлабки таърифларидан бири келтирилади ва Роунтри фикрига кўра камбағал оила – умумий даромадлари жисмоний самарадорликни таъминлаш учун минимал эҳтиёжларни қоплашга ҳам етарли бўлмаган оиладир. Мазкур таърифга тўғри келувчи оилалар салмоғини ҳисоблаш учун Роунтри даромадга асосланган камбағаллик чегарасини яратди32. Бунда даромад оила аъзоларининг озуқавий эҳтиёжлари, кийим-кечак ва уй анжомларини энг кам миқдорда қондириш учун зарур бўлган пул маблағи билан ўлчанди ва ҳозирда кенг қўлланилаётган камбағаллик чегараси концепциясига асос солинди.
Бугунги кунда шаклланган қарашларда эса камбағаллик бирламчи эҳтиёжлардан ташқари, шахснинг ижтимоий ҳаёти билан боғлик эҳтиёжларни ҳам акс эттиради. Камбағаллик назарияси ривожига улкан ҳисса қўшган А.Сен нисбий таъриф тарафдорлари ва мутлақ нуктаи назарни қўллаб-қувватловчилар орасидаги мунозарага ойдинлик киритди. У юқорида келтирилган иккала ёндашув ҳам камчиликдан холи эмас, дея танқид килди. А. Сеннинг фикрига кўра, камбағаллик аслида, инсоннинг имкониятлари доирасида мутлоқ маҳрумлиги бўлсада, у кўпинча товар, даромад ва ресурслардан нисбий маҳрум бўлиш орқали ифодаланади33. У маҳсулотларнинг минимал даражаси ҳар бир одам учун бир хил эмаслигини таъкидлади (масалан, одамлар жинси, ёши ёки география зонасидаги иқлим шароитига қараб турли хил озуқавий эҳтиёжларга эгадир). Муҳими, товарларнинг ўзи эмас, балки улардан фойдаланиш, яъни ҳар бир инсон товарни фаровонликка айлантириш қобилиятидир. Шу аснода, Сеннинг камбағаллик концепцияси нисбий бўлсада, унинг таклиф қилган ўлчов усули мутлақдир: камбағал инсон – бу жамиятнинг бошка аъзоларининг имконларидан қатъий назар, минимал имконларга эга бўлмаган кишидир34.
Инсон онги ва нейрологик хусусиятларини ўрганган олим Женсен камбағаллик – бир канча хавф-хатар омилларининг инсон онги, танаси ва руҳига ножўя таъсир қилиш оркали сурункали равишда заифлаштирувчи вазият – ҳолат, деган хулосага келган35. У камбағалликни шартли равишда олти турга бўлиб ўрганган: вазият, авлодлар, мутлак, нисбий, урбан ва қишлоқ камбағаллиги. Қуйида санаб ўтилган турларнинг хусусиятлари келтирилган.
1. Вазият бўйича камбағаллик тўсатдан инқироз ёки маҳрум бўлиш туфайли келиб чиқади ва кўпинча вақтинчалик бўлади. Мазкур камбағалликни келтириб чиқарувчи ҳодисалар қаторига экологик офатлар, ажралиш ёки соғлиқ билан боғлик жиддий муаммолар киради.
2. Авлодлар камбағаллиги камида иккита авлод қашшоқликда тутилган оилаларда вужудга келади. Ушбу турдаги камбағаллик хос бўлган оилалар ўз ҳолатларидан чиқиб кетиш воситалари билан таъминланмаган бўлади.
3. Мутлақ (абсолют) камбағаллик ўз ичига бошпана, ичимлик суви ва озиқ-овқат эҳтиёжларининг таъминланмаганлигини қамраб олиб, мутлақ камбағал оилалар ўз эътиборларини кунлик тирикчиликка каратишади.
4. Нисбий камбағаллик, бу даромади жамиятнинг ўртача яшаш даражасида турмуш кечиришни қоплай олмайдиган оилалар иктисодий ҳолатидир.
5. Урбан ёки шаҳар қашшоқлиги камида 50000 аҳоли яшайдиган шаҳарларда учрайди. Шаҳарнинг камбағал аҳолиси оломон, зўравонлик, шовқин билан боғлиқ сурункали ва ўткир стрессларни бошдан ўтказади ва кўпинча катта шаҳарларнинг номутаносиб хизматларига қарам бўлади.
6. Қишлоқдаги камбағаллик аҳолиси 50000 дан кам бўлган ҳудудларга хосдир. Қишлоқ жойларда бир боқувчили оилалар кўп учрайди, оилаларнинг ногиронларни қўллаб-қувватлаш хизматларидан фойдаланиш, сифатли таълим олиш имкониятлари чекланган бўлади. Қишлоқларда камбағаллик даражаси ортиб бормоқда.
Халқаро ташкилотлар томонидан ҳам камбағаллик тушунчасига таърифлар берилган ҳамда бу ёндашувлар муайян хусусиятларга эга. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) томонидан камбағаллик категориясига қуйидагича қараш мавжуд. «Камбағаллик – бу танлов ва имкониятларни етишмаслиги ва инсонлар қадр-қимматини поймол қилиниши бўлиб, инсонларни жамиятдаги ижтимоий-иқтисодий муносабатларда иштирок этишдаги имконият ҳамда қобилиятининг етишмаслигини англатади. Бу дегани, оила учун белгиланган миқдорда озиқ-овқат ва кийим-кечак йўқлиги, ўқиш учун мактаб ёки поликлиниканинг мавжуд эмаслиги, озиқ-овқат етиштириш учун ернинг, пул топиш учун ишлашнинг ва кредит олишга зарур шароитнинг яратилмаганидир. Шунингдек, одамлар, уй хўжаликлари ва бошқа иқтисодий субъектлар хавфсизлиги таъминланмаганлиги, ноқулай санитария шароитида яшашини англатади»36.
Бу таърифда камбағалликнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий турларига алоҳида эътибор қаратилганлигини кўришимиз мумкин. Инсон жамиятдаги барча сиёсий жараёнларда фаол иштирокчи бўлиши, бунинг учун дастлабки зарурий моддий неьматлар билан таъминланиши, билим олиши ва турли касалликларда даволаниши керак бўлади. Бунда иш ўринга эга бўлиш, бизнесни юритишда кредит олиш механизмларини яратилганлигига жиддий қаралади. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти 1992 йилнинг 12 декабрида А-RES-47-196-сонли резолюция қабул қилиб, ҳар йили 17 октябрни «Халқаро қашшоқликка қарши кураш куни», деб эълон қилган. Қашшоқлик – инсоннинг ҳаёт кечириши учун зарур бўлган даромад ва ресурслар етишмаслиги, бундан ташқари, очлик ва тўйиб овқатланмаслик, соғлиқни сақлаш, таълим ёки бошқа асосий хизматлардан фойдаланишда чекловларнинг мавжудлиги, турар жойнинг йўқлиги, хавфли табиий ва техноген муҳитда ҳамда ижтимоий тенгсизлик шароитида яшашига нисбатан айтилади. (БМТнинг «Ижтимоий ҳимоя борасида юқори даражадаги Бутунжаҳон саммити»дан).
Жаҳон банки учун ҳам камбағаллик муаммосини қисқартириш муҳим йўналишлардан бири бўлиб, унинг томонидан камбағаллик категорияси қуйидагича изоҳланади. «Камбағаллик – кўп ўлчамга эга бўлиб, инсонларни аниқ даромадларга эга бўлмаслигидир. Бу кам даромадга эга инсонларни яшаш учун зарур бўлган асосий товар ва хизматларни етарли даражада сотиб ололмаслиги, шунингдек, соғлиқни сақлаш ва таълимнинг ёмонлиги, тоза сув ва санитария шароитининг ёмонлашиб бориши, хавфсизликни етарли эмаслигини билдиради»37. Бу таърифнинг муҳим жиҳати шундаки, камбағалликнинг сабаби сифатида етарлича бўлмаган даромадларга эътибор берилади. Аҳоли даромадларини камлиги ёки умуман йўқлиги тирикчилик воситаларини сотиб ололмаслигини келтириб чиқаради. Етарлича овқатланмаслик эса касаллик ҳамда камбағалликка йўл очади. Бугунги кунда ҳар икки халқаро ташкилот ўз фаолиятида умумжаҳон муаммоларга хусусан, жаҳонда камбағалликни қисқартиришга алоҳида эътибор бермоқда.
Юқорида билдирилган фикрлар камбағалликнинг турли жиҳатларини ифодалаб беради. Бизнинг фикримизча, қамбағаллик бу – барча ижтимоий-иқтисодий тизимлардан намоён бўладиган, ўзгарувчан даромадлар тенгсизлиги ва бошқа ижтимоий, иқтисодий, тиббий, экологик ва демографик жараёнлар билан боғланган муносабатларнинг маҳсули бўлиб, инсонларнинг минимал истеъмоли учун зарур неъматларнинг етарли бўлмаслигини намоён қилади. Қашшоқлик эса узоқ давом этган камбағалликнинг натижаси бўлиб, инсоннинг ҳаёт кечириши учун зарур бўлган даромад ва ресурсларни харид қилиш имкониятининг йўқлигини билдиради. Албатта, камбағаллик категорияси орқали ифодаланадиган ижтимоий муносабатларни инсоннинг қобилиятлари ва уларнинг иқтисодий ҳаётда қай даражада ишга солинаётганлигини намоён қилади. Турли иқтисодий тизимларда бу жараён бир-биридан фарқланади.
Инсон ишчи кучи бўлиши билан бир қаторда тадбиркорлик қобилиятига, маънавий-руҳий кучга эга бўлиб, уларни амалиётда ишга солади ҳамда такрор ишлаб чиқаради. Инсоннинг руҳияти, маънавияти, манфаати, эҳтиёжларни қондириш зарурияти уни меҳнатга ундайди, ночор аҳволга тушмаслик чораларини кўради. Шунинг учун ҳам инсон иқтисодий фаолият билан шуғулланади ва иқтисодий муносабатлар занжирида «иқтисодий инсон» тарзида намоён бўлади.
«Иқтисодий инсон» концепциясини биринчи бўлиб, инглиз сиёсий иқтисоди асосчиларидан бири Адам Смит томонидан яратилган. Унинг фикрига кўра, “иқтисодий инсон” ўзининг шахсий манфаати ва эгоистик мақсади йўлида ҳаракат қилиб, ўзининг аҳволини яхшилашга муттасил интилади. Шу боисдан инсон бозор иқтисодиётида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотининг қиймати юқори бўлган ва кўп фойда келтирадиган фаолият турини, соҳасини танлашга ҳаракат қилади. Фақатгина «кўзга кўринмас қўл», яъни эркин рақобат, бозор қонунларигина турли мақсадларда фаолият юритувчи эгоистларни тартибга солинган тизимга бирлаштиради. Шу боисдан «иқтисодий одам» ўз манфаатини кўзлагани билан жамият манфаати учун ҳаракат қилади38. Бу ўринда Ж. Бентамнинг инсон табиати концепцияси муҳим ўрин тутиб, унда инсон хатти-ҳаракатининг мақсади фаровонликка эришиш бўлиб, у маълум вақт ичида олган роҳат-фароғатини унга эришиш йўлидаги уқубатлар ва харажатлари билан таққослайди.
Ушбу концепцияда инсон ҳаракатининг универсаллиги, гедонизмга мойиллиги, яъни барча меҳнат мотивларининг фаровонликка эришишга йўналганлиги, кишининг ҳисобли рационализмга, яъни барча хатти – ҳаракатини ҳисоб-китоб қилиш, режалаштириш қобилиятига эгалигига асосланган39. Шунингдек, ўз вақтида маржиналистлар Бентамнинг «рационал гедонист» моделини ривожлантириб, «оптимизатор инсон» концепциясини яратдилар. Оптимизатор инсоннинг асосий хусусиятлари қуйидагилардан иборат деб тавсифланган:

  • кўпроқ наф ёки фойда олишга ва камроқ харажат қилиш, қийинчиликларни камайтиришга интилиш;

  • шахсий афзалликлар тизимини маълум вақт мобайнида ўзгартирмаслик ва ташқи шароитларга ҳамда ўзгаларга боғлиқ бўлмаслик;

  • мақсадларни амалга ошириш воситалари билан таққослаш, уларнинг оптимал вариантини танлаш қобилиятига эгалик;

  • оптимал вариантни топишга имкон берувчи ахборотга ва хатосиз олдиндан кўра билиш қобилиятига эгалик;

  • ташқи шароитларнинг ўзгаришига мослашувчанлик40.

Иқтисодий муносабатларнинг фаол иштирокчиси бўлган А.Смит таърифидаги иқтисодий одам чекланишлар доирасида яъни даромадлари қисқариб камбағаллик хавф солаётганда максимал даражада харакат қилади. Харажатларни камайтириб максимал натижага интилади. Бозор иқтисодиёти шароитида рақобат курашида рационал ҳаракат қилган кимсагина ютади. Кимки норационал фаолият юритса, бу курашда мағлуб бўлади41 ҳамда унда иқтисодий чекланишлар, даромадларининг камайиши ва камбағалликнинг белгилари пайдо бўлиб, турмуш тарзи кескин пасаяди.
Бозордаги ахборотларнинг номукаммаллиги, талаб ва таклифнинг ўзгарувчанлиги ҳамда турли тахминлар таъсирида хўжалик юритувчи шахслар ўзларининг манфаатларини бир гуруҳга бирлашиб амалга оширадилар. Бунинг оқибатида уларнинг умумий гуруҳий манфаатлари ҳам юзага келади. Лекин турли гуруҳ мақсадлари ўртасида зиддиятлар ҳам юзага келиши мумкин. Уларни мувозанатга келтириш учун давлат кишиларнинг иқтисодий муносабатларига аралашиб уларни тартибга солади42 ва уларнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боради. Бу бозор иқтисодиётида шароитида мунтазам давлат механизмлари устун бўлади ва тенглаштириш амалга оширади деган хулоса бермайди. Жамиятда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожланган сари одамларда янгича фикрлаш ортади, меҳнат фаолиятининг бозорга хос мотивацияси шакллана боради. Бироқ, жамиятда ижтимоий ҳимоя муҳтож, кам таъминланган аҳоли қатлами муайян даражада сақланиб қолади.
Ўзбекистонда инсон қадри ва манфаатлари устуворлигини таъминлаш энг муҳим вазифалардан бири сифатида белгиланган. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги ПФ-4947-сон Фармонининг «Ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари»да 4.1. Аҳоли бандлиги ва реал даромадларни изчил ошириш43нинг муҳим принциплари назарда тутилган. Мазкур Ҳаракатлар стратегияси халқ билан очиқ мулоқот, республикамиз аҳолиси ва тадбиркорларни безовта қилаётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш амалда ижобий натижа берди. Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясининг тўртинчи йўналишида «Адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш»44ни алоҳида белгиланиши билан аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган иқтисодий сиёсат узлуксиз амалга оширилиши таъминланади.

Download 0.8 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   ...   63




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling