Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги навоий давлат педагогика институти


III. 2. Кўчирувчилик сиёсатининг Каспийорти вилояти туб халқларининг сиёсий, фуқаролик аҳволига таъсири


Download 360.98 Kb.
bet19/25
Sana28.03.2023
Hajmi360.98 Kb.
#1304173
TuriДиссертация
1   ...   15   16   17   18   19   20   21   22   ...   25
Bog'liq
Завқиддин диссертация 28.02.2023

III. 2. Кўчирувчилик сиёсатининг Каспийорти вилояти туб халқларининг сиёсий, фуқаролик аҳволига таъсири.


Мустамлака маъмурияти томонидан аҳолининг ижтимоий, маънавий манфаатларига ҳамда маданиятига нисбатан ташкилий, мафкуравий ёндашуви олдиндан ишлаб чиқилмаган эди. Бироқ уларнинг мазкур манфаатларни инкор этиш нияти истилодан олдинроқ ҳам маълум эди. Миллий маданиятни эса иқтисодиёт сингари буюкдавлатчилик мақсадларига бўйсундириш назарда тутилганди.
Илк паллада Россия ҳукмрон доиралари ҳамда мустамлакачи маъмуриятнинг Туркистон ўлкаси - жумладан, Каспийорти вилояти учун махсус мўлжалланган ёндашув ва фаолият услублари бўлмаганлигини, қуйидагича изоҳлаш мумкин: Империя ҳукумати Ғарбий Европа давлатлари, энг аввало Буюк Британия ва Франция билан муносабатлар янада мураккаблашиб кетишидан хавфсираб XIX асрнинг 60-йиллари бошида қозоқ хонликларига кириб боришдан ташқари, Қўқон хонлиги ҳудудининг катта қисмини истило этиш билан вақтинча кифояланиш ниятида эди. Устига устак, маълумки, 1865 йил августда Туркистон области тузилганидан кейин империя ҳукумати шу вилоят ўрнига Россия протекторати остида бўлиши лозим бўлган Тошкент хонлигини тузишни мўлжаллаган эди. Оренбург генерал-губернатори Крижановский 1866 йил баҳорида шу мақсадда Тошкентга келганди. Бироқ, бу фақат дипломатик найранг эди, чунки Туркистоннинг ички маъмурий ҳудудий тузилишининг ўзи келажакда соф ҳарбий вазифаларни амалга оширишга мослаштирилган эди24.
Россия империяси туб халқларнинг қуролли қаршилик кўрсатишидан чўчиб 1874 йилда Шимол (Сибирь), Шимолий Кавказ ҳамда Туркистон мусулмон аҳолиси вакилларини ҳарбий хизматга жалб этишни расмий равишда тақиқлади. Бироқ К.Кауфманга бу чора ҳам, мустамлака режимини мустаҳкамлаш бўйича кўрилган бошқа чоралар ҳам етарли эмасдек туюлди, шу боис у ҳарбий вазирга ёзган маърузаномада: “Агар биз ўлкани бундан буён ҳам шу тарзда бошқарадиган бўлсак, унинг аҳолиси ( туб аҳоли назарда тутилмокда- Б.З.) бизни ҳукмдорлар деб ҳисобламай, ихтиёрида ҳар эҳтимолга қарши жиддий ҳарбий куч бўлган полиция агентлари деб адолатли равишда уйлайди”,-25 деб таъкидлаганди. Гарчи империя ҳукмрон доиралари томонида К.Кауфманнинг барча ислоҳотчилик таклифлари ҳисобга олинмаган бўлсада, 1886 йилда қабул қилинган “Туркистон ўлкасини бошқариш тўғрисида Низом”га мувофиқ илгари либерал деб овоза қилинган ҳарбий –халқ бошқаруви маъмурий - полиция бошқарувига алмаштирилди26. Лекин бунда ҳам ўлка, област, уезд бошлиқлари, турли идоралар амалдорлари, аввалгидек, асосан Россия ҳарбийларидан тайинланар эди.
Шу билан бирга Россиянинг ҳукмрон доираларида, Туркистондаги империяча истилочилик, мустамлакачилик сиёсатини қўллаб - қувватлаб чиққан рус зиёлилари муҳитида кўп миллатли туб аҳолининг маданий, маънавий бойлиги ҳамда анъаналарининг мафкуравий таъсирини заифлаштириш усуллари, шунингдек, исломни инкор этиш ва рухонийларнинг машҳур вакилларини мустамлака ҳокимлари тарафига оғдириш ёки православ руҳонийларининг миссионерлик фаолиятини ташкил қилиш билан баробарда мусулмонлик салоҳиятига қарши ошкора таъсир кўрсатиш тўғрисидаги баҳс - мунозаралар тинмай давом этарди.
Туркистон генерал-губернаторлиги тузилгандан, кейинги биринчи даврдаёқ ўлка ва областлар маъмурияти, мусулмон руҳонийлар иерархик тузилмасини ўзгартириш ҳамда мадраса ва мактаблар устидан маъмурий ва сиёсий назорат ўрнатишга дарҳол киришиб кетишди. Йирик шаҳарларда шайхулислом, қозикалон лавозимлари бекор қилинди, анъанавий судлар – ўтроқ аҳолидаги қози ва кўчманчи аҳолидаги бий судлари фаолияти соҳаси чекланди ва ҳоказо. Маҳаллий қишлоқ аҳолисининг экин майдонлари ва яйловларининг катта қисмини босиб олиш, экспроприация қилиш, чорвадорлар кўчиб юрадиган минтақани уруғ - қабила жамоаларида бошқарувнинг янгича тартибини ўрнатиш орқали ҳукмрон доиралар жамоа ички ва жамоалараро алоқаларини, қишлоқ жамоасининг анъанавий ижтимоий тузилишини жиддий равишда заифлаштиришга эришдилар. Буларнинг бари кўчириб келтирилган рус крестьянларини имтиёзли жойлаштириш ва улар ҳукмрон бўлиши учун иқтисодий, сиёсий ва маъмурий шароитларни яратарди ҳамда айни маҳалда туб ўтроқ ва кўчманчи аҳолининг ҳуқуқсиз аҳволини доимо намойиш этиб туриши зарур эди.
Туб миллатлар халқ оммасини сиёсий, фуқаролик ҳуқуқларидан махрум этиш ҳамда мустамлакачи маъмурият, шунингдек, кўчириб келтирилган Россия аҳолиси кўпчилигининг туб аҳолига, айниқса, қишлоқ аҳолисига муносабатидаги қўполлик, менсимаслик иллатлари билан бир қаторда, туб жой халқларини талаш, иқтисодиётини эксплуатация қилиш, ижтимоий- иқтисодий аҳволи ҳамда маънавий ҳаёти учун зарарли оқибатларни келтириб чиқаргани табиийдир.
Бинобарин, 1865 йил 6 августда тасдиқланган “Туркистон вилоятини бошқариш тўғрисида муваққат Низом”га мувофиқ жойларда маъмуриятга, бўлим бошлиқлари, шунингдек, ҳарбий комендантлар ва уларга бўйсунувчи бошлиқлари, шунингдек, ҳарбий комендантлар ва уларга бўйсунувчи рус амалдорлари жумласидан тайинланадиган маҳаллий аҳолини бошқарувчилари раҳбарлик қилишар эди. Бевосита қишлоқ, овулларда оқсоқоллар, закотчилар, миршаблар, кўчманчи ҳудудларда эса манноплар ва бийлар маҳаллий аҳолини бошқарувчилари томонидан тайинланарди. Бунда ўтроқ аҳоли учун қозилик судлари, кўчманчи аҳоли учун бий судлари сақланиб қолинди.
Аммо улар мажбурий равишда уч йилга сайланар ва ўлим жазоси ёки тан жароҳати етказиш тўғрисида қарорни узил-кесил қабул қила олмасди. Бироқ, улар кўраётган низо, жиноятлар мустамлакачи ҳокимият манфаатларига ёки рус фуқароларига тааллуқли бўлса, бундай ишлар барча уезд марказларида ҳамда Тошкент шаҳрида тузилган Россиядаги каби судларга ошириларди.27
1876 йилдан бошлаб, Тошкент, Самарқанд ва Янги Марғилондан ташқари барча шаҳарлар уезд бошлиқлари тасарруфига берилди, ваҳоланки улар бунгача ҳам мустамлака тизимини таъминлаш ҳамда корхоналар ва шаҳарлар туб аҳолисидан солиқ ва ўлпонларни йиғиш учун масъул эдилар.
Генерал-губернаторлик тузилгач, айниқса, кўчириб келтирилган русларни хўжалик ва фуқаролик жиҳатдан имтиёзли жойлаштириш учун имкони борича кўпроқ қулай шароит яратиш мақсадида, шунингдек, мустамлакачи ҳукмдорларнинг туб аҳолига муносабатини янада қатъийлаштириш учун маҳаллий бошқарув ва анъанавий судлар тизимини ўзгартириш бўйича чоралар амалга оширилди. Шаҳарларда қозилик судлари, кўчманчи ҳудудларнинг бий судлари буткул расмий босқичга айлантирилди, уларга олинадиган пул 100 сўмдан ошмайдиган даъволарнигина кўриб чиқишга рухсат берилган эди. Бу судлар, аввалгидек, никоҳ ва ажрашиш билан боғлиқ ишларни кўрар, туб аҳоли бундай масалаларни кўпроқ анъанавий жамоа-уруғ усулида ҳал этарди. Лекин умуман туб аҳолининг деярли 90 фоизи низо, даъво ва ҳоказолар билан уезд, област ва ўлка ҳокимиятларига тўла ҳисоб берадиган анъанавий судларга мурожаат қиларди. Энди барча қози ва бийлар, 1865-1867 йиллардаги каби тайинланмас, балки, ҳокимиятга маъқул номзодлар жумласидан сайланарди. Бунда рус ҳарбийларидан иборат участка приставлари, уезд судлари, област бошқарувларининг ҳамда генерал-губернатор девонининг суд бўлимлари, шунингдек, ҳарбий суд комиссиялари, айниқса, Туркистонда тез-тез жорий этилиб турадиган фавқулодда ёки ҳарбий ҳолатлар даврида, шунингдек, туб аҳолининг хокимият бошбошдоқликларига қарши кўтарган исёни иштирокчиларининг ишини кўриб чиқишда шафқатсиз иш олиб борарди.
Шу билан бир қаторда чоризм ва мустамлакачи маъмурият бошқарув тизими қамоқхоналар, ҳибсхоналар ва гауптвахталар (ҳарбийлар ва полициячилар учун) тармоғини ҳам ўз ичига олиши лозим, деб ҳисоблашарди. Шунинг учун 1868 йилданоқ бундай муассасалар қурилиши учун империя бюджетидан мунтазам равишда катта маблағ ажратила бошланди. Вернийдаги қамоқхона ва гауптвахта, Пишпек, Авлиёота ва Чимкентдаги ҳибсхоналардан кейин 1872 йилда Тошкентда Туркистондаги энг йирик қамоқхона қурилиши тугалланди28. 90-йиллар бошига келиб Фарғона, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларида 13 қамоқхона, шунингдек, шаҳар полицмейстерлари ҳузурида – Тошкент, Янги Марғилон, Қўқон, Хўжанд, Чимкент, Пишпек, Вернийда ва деярли барча уезд бошқармаларида ҳибсхоналар мавжуд эди29.
Кўриниб турибдики, туб аҳолининг мустамлакачи ҳукмдорлари рус хокимиятига қарши курашчиларни қамоқхоналарга қамаб ҳам хотиржамлик топмай, уларни Сибирга сургун қила бошлаганлар. Бундай воқеалар тез-тез бўлиб турарди. Туркистон ҳарбий – полициячи маъмуриятининг сўнгги ва шафқатсизликда энг машъум йирик акцияси 1916 йил қўзғолонида иштирок этган юзлаб эркаклар ва ҳатто аёлларни ҳам Сибирга сургун қилганлигидан ҳам теранроқ англаш мумкин.
Россия империяси юқори ҳарбий доиралари Туркистонда абадий ўрнашиб олишга интилиб янги ҳудудларни босиб олгани қари ҳокимиятнинг мустамлака органларини, ҳарбий таянч базаларини ҳамда қатағон-жазо муассасаларининг кенг тармоқ отган шахобчаларини туза борганидан гувоҳлик бериб турибди. Бу борада кўп ишлар империя ҳукмрон доиралари Волга бўйини айниқса Кавказни мустамлакага айлантиришда қилган ишларига жуда ўхшарди.
Шу билан бирга империя ҳукумати вақти - вақти билан, кўпинча фавқулодда ёки ҳарбий ҳолат эълон қилинган пайтларда туб аҳоли манфаатлари зиёнига рус аҳолиси, рус манзиллари мақомини мустаҳкамлашга махсус равишда йўналтирилган қарорларни қабул қилар эди. Масалан, биринчи жаҳон уруши бошлангач, Россия вазирлар Кенгаши “Осиё Россияси темир йўл ва савдо-саноат посёлкаларида ижтимоий бошқарувни тузиш тўғрисида” 1914 йил 8 ноябрь қарори қабул қилинди. Бу қарор Николай II томонидан 1914 йил 23 ноябрда тасдиқланиб, ички ишлар вазирлиги ҳамда Дашт ва Туркистон генерал –губернаторларига темир йўл ва савдо-саноат посёлкаларида Вазирлар Кенгаши томонидан 1912 йил 22 майда тасдиқланган асосларда қишлоқ жамоа бошқарувини жорий этиш ҳуқуқини берди30. Бунда туб аҳоли вакиллари темир йўлда ишлашга қўйилмаслиги, бевосита темир йўл станциялари, разъездларда ва темир йўлга яқин жойда яшовчи шахслар жандарм полицияси маъмуриятига бўйсуниши белгилаб қўйилди.
Илк йирик темир йўл станцияларида мустамлакачилар учун зарур бўлган маъмурий режимни ўрнатиш Россия империясининг Туркистондаги – Кавказорти вилоятидаги манфаатлари учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Империя ҳукумати томонидан 1888 йил 23 июльда тасдиқланган “Чоржўй ва Бухоро темир йўл станциялари яқинидаги қишлоқларни бошқариш, ободонлаштириш ва уларнинг хўжалиги тўғрисида қоидалар” шундан далолат беради. Шунга мувофиқ 1883 йил 23 июль (1365 йил 25 шаввол) протоколида баён этилган қоидаларнинг бажарилишини назорат қилиш Чоржўй темир йўл станциясига ёндош жойларда эса Россиянинг сиёсий агентлигига вақтинча юкланади. Чоржўй ҳарбий бошлиғига ҳамда Бухоро станцияси қошидаги поселенияга мудирлик қилиш учун тайинланган шахсга Туркистон ўлкаси областларидаги уезд бошлиғи ҳуқуқи берилди31.
Бунда маҳаллий ҳокимлар туб аҳоли вакилларининг станциялвр яқинидаги қишлоқларда, умуман, темирйўл яқинида яшашларига йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблашар эди, ваҳоланки, бундай қишлоқларни ободонлаштиришга туб аҳолидан ҳам маблағ йиғиб олинарди.
Мазкур қоидалар жорий этилганидан кейин анча вақт ўтгач, темир йўл поселениеларини ва ҳарбий гарнизонларни қуриш учун бухоро амирлиги ҳудудининг бир қисми зўрлик билан босиб олишга боғлиқ равишда Туркистон ўлкаси Деҳқончилик ва давлвт мулклари бошқармаси 1915 йил 5 майда: Бухоро амири Олий ҳазратлари томонидан муҳандис Ковалевскийга Самсоново ст.си (Станцияси –З.Б.) ҳудудида кенг суғориш концессияси туҳфа этилаётганлиги туфайли, Туркистон генерал-губернаторлиги ҳузуридаги дипломатик амалдор жаноб ўлка бош бошлиғи топшириғига кўра, Бухородаги Сиёсий агентни Бухоро ҳукумати билан боғлиқ алоқалар учун, мазкур муҳандисга берилаётган майдонни олдиндан ажратиш, юқорида зикр этилган станция қошидаги бўлажак рус поселениеси учун зарур бўлган ер участкасини ажратиб бериш зарурлиги тўғрисида хабардор қилди” – деб ёзган эди.
Ушбу мактубдан сўнг роппа-роса 22 кун ўтгач, Туркистон ўлкаси Деҳқончилик ва давлат мулклари бошқармаси Бухоро амирлигидан ажратиб олинган ерларда “Бухоро темир йўлининг Қарши, Самсоново ва Калиф станциялари ҳудудларида ... бўлажак посёлкалар учун жойни ва талаб этиладиган ер майдонларини” аниқ белгилаб, рус поселенияларини барпо этиш лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифасини қўйди32. Табиийки, Бухоро Каспийорти Ҳарбий ва Тошкент темир йўллари минтақалардаги зикр этилган, яъни бошқа темир йўл станциялари ҳудудидаги рус посёлкалари учун ажратилган ерларда истиқомат қилиб келган туб аҳоли ўз ерларидан кўчирилган.
Туркистон маъмурияти кўчириб келтирилган русларнинг мавжуд қишлоқлари аҳолиси учун чек ер ҳамда жамоа бўлиб фойдаланадиган ер майдонларини кенгайтириш зарур деб ҳисоблаган чоғларда ҳам туб аҳолига нисбатан шундай шафқатсиз чоралар кўрилган. Масалан, 1913 йил февралда Сирдарё областидаги аҳолини кўчирувчилик бўлимининг мудири Авлиёота уездининг бошлиғига йўллаган мактубида: "Максиммаловка селосини ер билан таъминлаш учун ... 1911 йил декабрь ойида Алексеевка селосида яшовчи деҳқонлар хусусий ижара сифатида фойдаланиб турган қирғизларга қарашли ерларнинг 120 десятинага яқин майдони тортиб олинди. Бунинг учун ўша вақтдаёқ, Алексеевка селосига ноқонуний битим бўйича ижарага олинган ер ўрнига, ушбу селонинг чек ерларини яхшилаш мақсадида 100 десятинага яқин ерни қўшиб беришга қарор қилинганди"33, -деб ёзганди. Кўриниб турибдики, ҳокимият туб аҳолидан тортиб олинган 120 десятина ерни Максималовка селосида истиқомат қилувчи руслар манфаати учун ажратиб берган. Алексеевка селосини аҳолиси учун эса яна 100 десятина ерни ажратганлигини қайд этган 34.
Империя ҳукумати туб аҳоли вакилларининг станциялар яқинидаги қишлоқларда ва умуман темир йўл яқинида яшашларига, йўл қуйиб бўлмайди деб ҳисоблашар эди, ваҳоланки бундай қишлоқларни ободонлаштиришга туб аҳолидан ҳам маблағ йиғиб олинарди.
Шундай қилиб, Туркистоннинг маъмурий - ҳудудий бўлиниши, барча хокимият – давлат - бошқарув, суд ва бошқа функцияларининг яхши қуролланган рус армиясига, полиция кучига, казакларга ҳамда милтиқларга эга бўлган рус аҳолисига, шунингдек шовинистик характердаги шавқатсиз қонунларга ҳамда туб аҳоли орасидан чиққан гумашталарга таянган Россиялик ҳарбийлар қўлида жамланиши мустамлакачи маъмуриятга туб халкларни эзиш бўйича чоризм белгилаб қўйган муайян сиёсатни амалга ошириш имконини берган. Бинобарин, бу сиёсатнинг илк оқибати, маълумки, туб аҳолининг тарихан таркиб топган истикомат ҳудудларини маъмурий –ҳудудий жиҳатдан вилоятларга, уездларга, волостларга, шаҳарларда эса эски ва янги шаҳар кисмларига ажратиб ташлаш бўлиб, ўтроқ қишлоқ жамоалари ҳам, кўчманчи аҳолининг ва қариндош-уруғчилик хўжалик алоқалари ҳам бўлинган эди.
Бироқ юқорида айтиб ўтилганидек, кўчириб келтирилган русларни маъмурий ва ҳатто, табақавий жойлаштириш билан боғлиқ муаммолар юзага келганида мустамлакачи маъмурият Каспийорти вилояти туб аҳолиси ҳуқуқлари ва манфаатларини ошкора оёқости қилгани ҳолда лозим даражада тез ва аниқ иш олиб борарди.
Мустамлакачи маъмурият эса антисемитча йўлни хаётнинг барча соҳаларида намоён қилишга ва энг аввало, Бухоро яҳудийларининг рус савдогарлари, саноатчилари билан рақобатини тугатишга интилган. Россия империясининг ўлка ва Каспийорти вилоятида мустамлакачиларча ҳукмронлиги даврида қабул қилинган қонунлар бу йўлнинг сезиларли даражада кучайишига хизмат қилди.
Бундай амалиёт Каспийорти вилоятида бўлган Бухоро яҳудийларининг ҳамда Россия яҳудийларини назорат қилишнинг ўзига хос усулларини келтириб чиқарди.
Империя ҳукуматининг кўчириб келтирилган руслар манфаатлари тақозоси билан юзага келган улуғ рус кайфияти кўпинча Туркистонга – шу жумладан, Каспийорти вилоятига келган Россия яҳудийларига нисбатан ҳам ўзбошимчалик қилинишига олиб келарди.
Шу билан бевосита боғлиқ равишда империянинг ҳукмрон доиралари ҳамда Туркистон маъмурияти доимий ҳарбий ҳукмронликни таъминлаш, ишончли рус аҳолисининг сонини, хўжалик фаровонлигини ошириш, иқтисодиёт ва мехнат заҳираларини Россия манфаатларида фойдаланишнинг сиёсий ва полиция назорати ўрнатиш, унинг учун камситувчи паспорт режимини Туркистон –жумладан, Каспийорти вилояти туб аҳолисининг бориб-келиши бўйича ватандошларнинг пароканда бўлишига сабаб бўладиган бир қатор чеклашларни жорий этиш билан бир қаторда, Россия империяси таркибида бўлишнинг афзаллиги ва мақбуллигига аста-секин ишонтириб бориш чораларига жиддий эътибор берди.
Мустамлака туб аҳолисининг кўплаб исёнлари, бир неча кучли қўзғолонлари шафкатсизлик билан бостирилгач, Туркистондаги -шу жумладан, Каспийорти вилоятидаги рус ҳукмронлигининг мустаҳкамлигига ишонч ҳосил қилган империя ҳукумати 1914-1916 йилларда бу ерга ғарбий фронтдан Австро -Венгрия, Германия ва бошқа бир қатор мамлакатлар армияларининг аскарлари ва зобитларини асир сифатида депортация қилди. Турк ҳарбий асирлари шарқий Сибирдаги концлагерларда сақланди, бироқ уларнинг кўпчилиги Туркистонга Каспийорти вилояти ва бошқа вилоятларга қочиб келиб, мусулмон аҳоли орасига яширинди.
Бу ҳолатлар - мустақил илмий-тарихий тадқиқ қилиб ёритишга арзигулик мавзудир. Биз бу мавзуга мурожаат қилганимизнинг боиси шуки, чоризм ва Туркистон маъмурияти туб аҳолидан ҳарбий солиқ, бошқа йиғимлар олиш ёрдамида, бу қадар кўп сонли ҳарбий асирларни таъминлаш, энг аввало, уларни боқишдек оғир юкни унинг (туб ерли аҳоли) елкасига ағдаришни мўлжаллагандилар, ҳарбий асирларни арзон ишчи кучи сифатида саноат ва қурилишда ишлатиш эса маҳаллий миллатлар аҳолиси орасида ишсизлик кучайишига сабаб бўлди35.
Умуман, Туркистон туб халқларига қўлланилган хатти-ҳаракатларни областларнинг ҳарбий губернаторлари, уезд бошлиқлари нисбатан қўпол шаклда давом эттирдилар. Бу йўлда бирон-бир сезиларли мутараққий мақсад кўйилмаган эди, чунки мустамлакачилар “ ўз ҳукмдорларининг жабр-зулмига асрлар давомида кўникиб келган туб аҳолига нисбатан инсонийлик ва гуманизм принципларини қўллаб бўлмайди”,36 деб ҳисоблашарди.
Сўнгги генерал-губернатор А.А.Куропаткин эътирофига кўра, ҳукумат “туб жой аҳолини ривожланишдан четда тутиб келган” 37 бўлсада бу борада чоризм жиддий натижани қўлга кирита олмади.
Аксинча, туб миллатли халқ, оммасининг фуқаролик, сиёсий ҳуқуқсизлиги ўз-ўзидан норозилик ва қахр-ғазаб уйғотибгина қолмай, балки қаттиқ қаршиликга қарамай, илғор туб аҳоли маълум бир қисмининг сиёсий онгини ва фаоллигини оширишга сабаб бўлди, деб қайд этиш лозим.


III. 3. Россия империясини кўчирувчилик амалиётининг Каспийорти вилояти туб аҳолисининг иктисодий-ижтимоий ва маданий ҳаётига таъсири.


Мустамлакачилик, хусусан, энг аввало ҳукмрон доираларнинг, армиянинг метрополиядан кўчириб келтирилганларнинг истило этилган мамлакат ҳатто, доминион туб аҳолига нисбатан зўрлигини билдиради. Бинобарин, ҳарбий, сиёсий, хўжалик, мафкуравий зўрлик бирон-бир мамлакатдаги мустамлакачилик сиёсати, амалиёти сифатида, барча Ғарб ва Шарқ метрополияларига хос бўлиб, нақд моддий бойликларни талон-тарож қилиш, мустамлаканинг табиий, ишлаб чиқариш, меҳнат заҳираларидан, маданий салоҳиятидан фойдаланишдан иборат эди.
Бироқ Россиянинг ҳукмрон сиёсий ва ҳарбий доиралари Туркистонда, жумладан, Каспийорти вилоятида мустамлакачилик, буюкдавлатчилик ҳукмронлигини қарор топтирар, ҳарбий юришлар воситасида вилоятда империя протекторатини ўрнатар эканлар, бу минтақада ижтимоий ривожланиш даражаси бўйича истилочилардан қолишмайдигангина эмас, балки маънавий, маданий ривожланиш тажрибаси бўйича улардан устун ҳам турадиган туб халқлар вақт етилиб, ўзларига қарши курашишини яхши англашар эди.
Шу боис, бизнинг фикримизча, ташқи омиллар – (Ҳиндистонда ва қисман Афғонистонда ҳукмрон бўлган Англия билан сиёсий, дипломатик рақобат, Хитойнинг Туркистонни чегарадош районларида вақти- вақти билан амалга оширадиган ҳарбий ҳаракатлари, Эрон билан муносабатларнинг беқарорлигига қараганда кўпроқ Россия империяси юқори доираларининг стратегик мақсадлари - Шимолий Эронни Россиянинг мустамлакага айлантириш истиқболи, Ҳиндистонга эҳтимол тутилган ҳарбий юриш ва ҳакозалар) ҳам Россиянинг минтақадаги сиёсатига таъсир қилган. Бошқача айтганда, Россиянинг стратегик мақсадлари, ички манфаатлари Туркистон ва Дашт ўлкаларнинг табиий ва ишлаб чиқариш бойликларидан, арзон меҳнат заҳираларидан метрополия саноати манфаатлари йўлида иложи борича фаолроқ фойдаланишга интилиш, 50 минг кишилик рус армияси, минг-минглаб мустамлакачи хизматчилар, полициячилар бўлгани ҳолда, бу ерга юз минглаб казакларни, рус крестьянларини ва шаҳар камбағалларини кўчиб келишини таъминлаб турганлиги ҳам бежиз эмас эди.
XIX аср охири – XX аср бошларида Туркистон ва Дашт генерал-губернаторликларига ўн минглаб Волгабўйи немислари кўчирилди, Олий православ руҳонийлари қистови бўйича насроний мазҳабчилар (староотрядчилар, молоканлар ва бошқалар) ҳам метрополиядан чиқариб юборилди. Лекин казаклар, рус ҳарбий - полиция маъмуриятидан сўнг, мустамлакачилар таянчи, ифодачиси сифатида туб халқларни бевосита эксплуатация қилувчи куч бўлиб хизмат қилмоғи лозим эди.
Минтақага истило пайтидаёқ, кўчириб келтирилган дастлабки минг-минглаб казаклар ва русларни жойлаштириш, ҳайдалма ер, яйловлар ҳамда фаровон яшаш воситалари билан таъминлабгина қолмай, балки катта солиқ - ўлпон, фуқаролик имтиёзлари бериш, сиёсий устунликларни намоён қилиш зарур эди. Буларнинг барчаси аста-секинлик билан туб аҳоли ҳисобига амалга оширилди. Чунончи, мустамлакачиликнинг илк кунлариданоқ ерни, қишлоқ хўжалик меҳнати қуролларини ва қорамолни ҳарбий-полиция услублари билан мусодара этиш, туб қишлоқ аҳолисига зулм ўтказиш бўйича бошқа қўпол ҳаракатлар амалга оширилганлигини юқорида қайд этиб ўтган эдик. Рус деҳқонлари ва казакларни имкони борича кўпроқ ер-мулк билан таъминлаш учун кўчманчилик минтақаларининг катта қисми мусодара этилар, ажратиб олинар ва ўз имконларини янада кенгайтирар эди.
Туркистон маъмуриятининг туб аҳолига нисбатан буюкдавлатчилик шовинистик муносабати, кейинчалик солиқ ва ўлпонни мунтазам ошириб боришида, турли-туман бир йўла йиғимларни жорий этишда, биринчи жаҳон уруши даврида эса, туб аҳолига ялпи солинган ҳарбий солиқдан ташқари, қишлоқ аҳолисидан қорамол, арава, озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, ҳатто, ўтовни ҳам зўрлик билан мажбурлаб тортиб олишда янада аниқроқ намоён бўлди. Масалан, биринчи жаҳон уруши йилларида ғарбий фронтдаги рус армияси эҳтиёжлари учун 300 минг пуд ғишт, 70 минг от, деярли 13 минг туя, 270 арава ва 13441 ўтов олиб кетилган38.
Туркистон маъмурияти Каспийорти вилоятида бутун мустамлака даврида узоқни кўзловчи ниятларда вақф мулкини, айниқса вақф ерини мусодара этиш, қисқартириш чораларини кўрди. Вақф мулкини ташкил этувчи ердан, савдо дўконларидан, боғлардан, тегирмонлардан ва ҳоказолардан олинадиган даромад ҳисобидан мадрасалар, мактаблар, катта бўлмаган қишлоқларда эса масжидлар ҳам таъминланарди. Зеро, юзаки қараганда, мустамлакачи маъмуриятнинг Россиядан кўчириб келтирилганлар манфаатлари йўлида амалга оширилгандек бўлиб кўринган бу чоралар, аслида ислом таъсирини камайтириш, мусулмон муассасалари ролини заифлаштириш сиёсатининг таркибий ва энг асосий қисми бўлиб қолди. Вақф мулкининг тортиб олиниши, унинг миқдори зўрлик билан камайтириб борилиши маҳаллий деҳқонлар орасида ерсизлар ва ишсизлар сонини ошиб боришига олиб келди. Натижада улар кўпинча батраклар армиясига қўшилиб кетарди. Умуман, рус крестьянларга нисбатан маҳаллий деҳқонлар экинга яроқли ер билан анча кам таъминланган эди.
Империя ҳукмрон доираларининг Туркистоннинг туб қишлоқ аҳолисини бошқа хом ашёлар сингари паст нархда сотиб олинадиган пахта етиштиришга мажбур қилиш ҳисобига Россия тўқимачилик саноатини ривожлантиришни таъминлашга интилиши натижасида, 1867-1916 йиллар оралиғида Россия саноати қайта ишлайдиган пахтанинг умумий ҳажмида Туркистон ҳиссаси 6,6 фоиздан 70 фоизга ортди39. Бу йиллар ичида Туркистондан метрополияга ташиб кетиладиган пахта натурал ифодада 639 193 пуддан 40 20 миллион пудга,41 яъни деярли 30 баробар кўпайди.
Туркистонда пахта етиштириш учун ажратилган ерларнинг майдони 1870-1916 йилларда 54 минг дестятинадан деярли 681 минг десятинагача ошди42. Шу муносабат билан ўлкада ғалла етиштириш йил сайин камайди. Россиядан ғаллани улгуржи етказиб берадиганлар бу аҳволдан фойдаланиб, буғдой билан пахта нархидаги нисбатнинг бузилиши ҳисобига катта даромад олдилар. Чунончи, 1 пуд пахта 8,5 рубл тургани ҳолда, 1 пуд буғдой 7 рубл ва ундан ортиқ баҳолаганда, ваҳоланки уларни етиштириш учун сарфланадиган меҳнат ва маблағ бутунлай турлича эди43.
Красноводскдан Самарқандгача, Оренбургдан Тошкентгача, сўнг Туркистон пахтасининг 60 фоизи етиштириладиган Фарғона водийсида темир йўл ишга туширилгач, бу нисбатнинг бузилиши янада кучайди. Пахтачилик кўлами кенгайиши Туркистон-жумладан, Каспийорти вилоятида дон етиштиришнинг камайиши ҳамда ўлкага, вилоятга Россияда ишлаб чиқарилган кенг истеъмол молларини келтиришнинг кўпайиши, айни маҳалда, закот сақланиб қолган ҳолда ҳунармандчилик солиғи жорий этилиши воситасида анъанавий ҳунармандчилик ишлаб чиқаришининг сиқиб кўйилиши туфайли юзага келадиган оғирлик туб аҳоли елкасига тушарди. Туб аҳолининг 2/3 қисмидан ортиқроғини қишлоқ аҳолиси ташкил қилгани боис шуни таъкидлаш мумкинки, империя сенатори Ф.К.Гирс таклифи асосида мустамлакачилар томонидан киритилган, кўчманчи ўтовидан ва ўтроқ қишлоқ аҳолиси оиласи ёки хонадонидан эмас, умуман, ҳар бир волостдан пул шаклида давлат ер солиғи олиш44, ер рентаси (хирож) ўрнига деҳқончиликдан келадиган даромаддан олинадиган солиқни киритиш, метрополиядан келтириладиган ип – газлама, мато нархи назоратсиз ошиб боргани ҳолда пахта толасига меъёрланган баҳо белгилаш, ирригация тармоғини яхши ҳолатда тутиб туриш учун вақти - вақти билан (1904 ҳамда 1914-1916 йилларда) солиқ тўплаш, ҳарбий солиқ сингари янги тартиб қоидалар ҳам маҳаллий аҳоли зиммасига тушган. Мустамлакачи маъмурият туб қишлоқ аҳолисидан олинадиган солиқларни қандай суръатлар билан ошириб боргани тўғрисида шу ҳолат далолат берадики, 1917 йилга келиб солиқлар миқдори (пул билан ифодаланганда) 1869 йилдагига нисбатан деярли 20 баровар ортган.45
Зотан, биринчидан, маҳаллий меҳнаткашларнинг асосий кўпчилиги саноат ва қурилишда ёрдамчи ва малакасиз меҳнат билан банд эди; иккинчидан, умуман олганда, ишчининг ўртача йиллик иш ҳақи Россия империяси буйича ўртачасидан 60 фоиз кам эди,46 лекин шунда ҳам туб аҳолига мансуб ишчилар ҳажман ва мазмунан тенг меҳнат учун Россиядан кўчириб келтирилган ишчиларга нисбатан икки-уч баровар кам ҳақ олишарди. Масалан, рус кон ишчиси бир кунлик иши учун ўртача 90 тийин, ўзбек, тожик миллатларига мансуб бўлган кон ишчиси эса бор-йўғи 30-60 тийин ҳақ оларди;47 учинчидан, Россия ва чет эл капиталистларига тегишли кўплаб завод ва фабрикаларда маҳаллий ишчиларга нисбатан эса ўлка маъмурияти бундай ҳолга йўл қўймасди;48 туртинчидан, саноат корхоналарида, ишлаб чиқаришда жароҳатланиш ҳоллари кўплаб содир бўлиб турарди;49 бешинчидан, саноат корхоналарининг бор-йўғи 22 фоизида 8-9 соат, 17 фоизидан ортиғида эса 12 соат иш куни жорий этилганди. Айни чоғда хусусий, акциядорлик корхоналарининг кўпчилигида, уларнинг ички иш тартибида айтиб ўтилганидек ишчилар “ўзларининг кундалик ишларига боғлиқ бўлмаган ҳолда ҳафта давомида, ўзларининг энг яқин бошлиқларининг буйруғига кўра, якшанба ва байрам кунлари, кундузги ва тунги пайтда иш вақтидан ташқари ишлаш мажбуриятини бажаришга мажбур бўлганлар;50 олтинчидан, Россия ва чет эл саноатчиларининг қўйилган капиталдан имкони борича кўпроқ фойда олишга интилиши улар ишчилар, айниқса, завод ва фабрикаларда ишлаб пул топиш учун, чидаса бўладиган даражадаги уй-жой, маиший шароит яратишга маблағ ажратмасликларини олдиндан белгилаб берган эди. Шу муносабат билан мустамлаканинг туб аҳолисига аслида хайрихох бўлмаган тадқиқотчилар В.В.Зафская ҳамда К.А.Александер: “Ишчилар учун чинакам казармалар” умуман йўқ, ишчилар завод яқинида ёки заводнинг ўзида, ёхуд шу ерда жойлашган катта бўлмаган бостирмаларда яшашади; учинчи ҳолатда улар ўлка, вилоятлар иқлими йилнинг катта қисмида қулай бўлгани учун бутунлай очиқ ҳавода истиқомат қиладилар. Кўпинча туб жой аҳолининг шундай яшаши кузатилади,51-деб холислик билан ёзишган.
Мустамлака маъмурияти туб аҳолидан ишлов бериладиган ерларни ҳамда яйловларни метрополиядан кўчириб келтирилганларни жойлаштириш, давлат ер фондини вужудга келтириш, буюк князлар имениелари учун ерларни мустамлакачиларча тортиб олиш амалиётини асосан куч билан кенг қўлланган ҳолда саноатчилар, банклар ва савдо ширкатлари, Россия фирмаларининг манфаатли иштироки билан дастлабки йигирма-ўттиз йил ичида ўлка ва вилоятлар қишлоқ хўжалигининг кўп тармоқли универсал хусусиятини жиддий равишда ўзгартириб, Марказий Европа тўқимачилик ва енгил саноатига бўйсундирилган хом ашёга, энг аввало пахтага ихтисослаштирдилар. Пахта якка ҳокимлиги ўрнатилди, туб қишлоқ аҳолиси орасида кам ерли ва ерсизлар сони кескин кўпайганлиги, унинг камбағаллашуви чоризмнинг мустамлакачилик сиёсатининг энг жиддий иқтисодий ва ижтимоий оқибатлари сифатида келтириш мумкин.
Рус крестьянларини деҳқончилик ҳудудларида жойлаштириш билан боғлиқ бўлган темир плуг, механик селкалар, ўриш машиналари, минерал ўғитлар, баҳорикор экинларга ишлов бериш агротехникаси сингари янгиликлар эса кўчириб келтирилган рус аҳоли учунгина бўлиб, ҳукумат уларни ташкилий, сиёсий ва моддий қўллабгина қолмай, қурол билан ҳам таъминлаб, ўзларининг “иқтисодий” имкониятларини ошириб борарди. Ахвол шундай бўлишига қарамай, туб қишлоқ аҳолиси жиноятларга мойил бўлмагани, люмпенлашмагани, ҳалол меҳнатга, жамоа, оила турмуш анъаналарига садоқатини йўқотмагани ва устига-устак ўз турмуш тарзи билан Россиядан кўчириб келтирилганларга муайян таъсир кўрсатганлиги ғоят муҳимдир.
Шунинг учун ҳам ушбу масалани Туркистонга шарқий славян аҳолини кўчириш сиёсатини иқтисодий - ижтимоий ва маданий ҳаётига боғлиқ ҳолда тақиқ этишимизнинг сабабларини қўйидагича изоҳлаш мумкин:

Download 360.98 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   15   16   17   18   19   20   21   22   ...   25




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling