Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги навоий давлат педагогика институти
III. Боб. Россия империяси томонидан Каспийорти вилоятига аҳолини кўчириш сиёсатининг авж олдирилиши (XX аср бошлари)
Download 360.98 Kb.
|
Завқиддин диссертация 28.02.2023
III. Боб. Россия империяси томонидан Каспийорти вилоятига аҳолини кўчириш сиёсатининг авж олдирилиши (XX аср бошлари)III. 1. Россия империяси томонидан аҳолини Каспийорти вилоятига кўчириш сиёсатининг оммавий тус олиши.XIX асрнинг охири - XX асрнинг бошларида Россия империяси учун оғир давр бўлди. Ғарбда Германия ва Австро - Венгрия билан муносабатларини мураккаблашишига, АҚШ билан эса муносабатларини умуман ёмонлашишига олиб келган эди. Россия Япония билан 1904-1905 йилларда урушда мағлубиятга учрагани ҳам империянинг аҳволини янада оғирлаштирди. Россиянинг ҳукмрон доиралари мамлакатдаги иқтисодий, ижтимоий, сиёсий жараёнларни таҳлили асосида биринчи навбатда қишлоқ хўжалигида янги ва чуқур ислоҳотларни амалга ошириш зарурлигини, ички губернияларда саноатнинг ривожланишини кенгайтириш ва жадаллаштириш аҳамиятини англашди. Боз устига иқтисодий инқироз ва 1900-1901 йиллардаги ҳосилсизлик, қурғоқчиликнинг оқибатлари Россиянинг 42 ички губернияларида ҳамда Кавказда крестьянларнинг ғалаёнлари содир бўлгани чоризмни ташвишга солган эди. Шундай вазиятда Россияда иқтисодий - ижтимоий инқирозни бартараф қилиш бўйича турли таклифлар, мулоҳазалар пайдо бўлди. Шу муносабат билан алоҳида қайд этиш зарурки, агар ўлка забт этилган вақтдан XX асргача ўлкада рус аҳоли салмоғини ошириш асосан Россия Туркистон генерал- губернаторлиги ва Бухоро амирлиги, Хива хонлигида стратегик ҳарбий – сиёсий ҳукмронлигини мустаҳкамлаш билан изоҳланган бўлса, янги асрда биринчи ўринга метрополиядан мумкин қадар кўпроқ кресьтянларни мустамлакага кўчириш ҳамда Туркистоннинг, шу жумладан, Каспийорти вилоятининг ресурсларини Россиядаги капитализм ривожига хизмат қилдириш вазифаси чиқди. Турли ғоялар, ёндашувлардан қатъий назар, бу вазифани ҳал этиш учун энг аввало аграр масала ўз ечимини топиши керак эди. Россияда кўп йиллар мобайнида мавжуд бўлган амалиёт янги шароитда ҳам аҳолини четга кўчиришни тақозо этгандай эди. Каспийорти вилоятига алоҳида урғу берилганининг сабаблари эса Россия саноати пахта, ипак, тери, жун ва бошқа қишлоқ хўжалик хом-ашёсига муҳтожлиги билан ва бу ерда туб аҳолининг ҳисобидан русларни жойлаштириш, айниқса, Андижон қўзғолонидан кейин кўрилган аёвсиз чоралардан сўнг ишлаб чиқилган режалар билан белгиланар эди. Амалдор ва олим А.А. Кауфманнинг ёзишича, 1901 йил 8 июнда қабул қилинган қонунга биноан Осиё Россиясида дворянларга деҳқончилик учун ер бериш мўлжалланган эди, лекин бу қонун амалга ошмади, чунки, масалан, Ўрта Осиёда ҳамда Сибирда помешчиклик ер эгалиги жорий бўлмаган эди.1 Туркистон 1895 йилдан кўчирувчилик учун ёпиқ ҳисобланса ҳам, 1901-1903 йилларда Россиядан бу ерга кўп шаҳарлик камбағаллар ва крестьянлар ҳеч қандай рухсатсиз кўчиб келишди. Биргина Фарғона областида ўша йилларда 8 та рус посёлкалари пайдо бўлди.2 Кейинги даврда Самарқанд, Сирдарё, Фарғона вилоятларига метрополиядан биринчи навбатда иқтисодий бақувват қишлоқ аҳолисини кўчириш анча кенгайди. Россия ҳарбий вазирлиги қошида 1900 йилда тузилган махсус комиссияси ўлка иқтисодиётидан, ижтимоий имкониятларидан Россиянинг ички иқтисодий, ижтимоий муаммоларини ҳал этишда фаолроқ фойдаланишга қаратилган турли лойиҳаларни ишлаб чиққан эди. Шулардан бири Туркистонда пахта етиштиришни янада ошириш, рус аҳолининг мавқеини мустаҳкамлаш масаласи билан боғлиқ бўлиб, 1903 йил 10 июнда қабул қилинган “Сирдарё , Фарғона, Самарқанд вилоятларига, давлат ерларига рус қишлоқ обивателларини (оддий крестьянларни – Б.З.) ва мешчанларини ихтиёрий кўчириш қоидалари”га асос бўлди.3 Қонун кучига эга бўлган бу “Қоидалар” мазкур областларда очиқдан - очиқ буюкдавлатчилик руҳидаги аграр ва ижтимоий амалиётга кенг йўл очиб берди. Чунки туб аҳолининг сон бошига фақат Тошкент ва Хўжанд уездларида 1,1 десятина, бошқа уездларда 0,5-0,7 десятина суғориладиган ер тўғри келган шароитда4 Сирдарё, Фарғона ва Самарқанд вилоятларига кўчиб келадиган русларга (ҳар бир эркак ҳисобига) 3 десятина суғориладиган ҳамда жамоатчилик асосида фойдаланиш учун керагича ва имкониятларга кўра бошқа ерлар берилиши режалаштирилган эди. 1904 йил 6 июнда Сибирга, Туркистон ўлкасига, шунингдек, Каспийорти вилоятига ҳам ва Дашт ўлкасига рус қишлоқ аҳолисининг эркин кўчириш тўғрисидаги қонун эълон қилинди5. Айни вақтда деҳқончилик ва давлат мулклари Бош бошқармаси Туркистон ўлкаси, жумладан, Каспийорти вилояти туб аҳолиси учун ортиқча деб топиладиган ерларни мусодара қилиш, тортиб олиш масаласи бўйича бир қатор таклифларни тайёрлаган эди. Бироқ 1904-1905 йиллардаги рус-япон уруши бу борадаги режаларни ва умуман аграр ислоҳотларни амалга оширишга тўсқинлик қилди. 1906 йил 9 ноябрда эълон қилинган аграр ислоҳот Россиянинг ички губернияларида крестьянларнинг аҳволини оғирлаштиришга олиб келди ва уларни чет ўлкаларда нажот исташга ундади. Шунинг учун ҳам кўчирувчилик ҳаракати кенгайиб бораверди. 1907-1908 йилларда Туркистон генерал-губернатори бўлган Н.И. Гродеков мустамлакада насроний аҳолининг салмоғи жуда ошганини, бўш ерлар йўқлиги ва туб жой аҳолига тегишли ерларни мунтазам равишда мусодара қилишнинг хавфли эканлигини ҳисобга олиб, Россиядан аҳолини кўчириб келтиришни бироз камайтириш ва ўлкада - вилоятларда янги ерларни суғориш, ўзлаштириш ҳақида ўз таклифларини империя раҳбариятига киритди6. Бу таклифлар инобатга олинмасада, кейинроқ улар граф К.К. Пален ва деҳқончилик Бош бошқармасининг бошлиғи А.В.Кривошеин томонидан қўллаб- қувватланди ва тўлдирилди. Кўчирувчиларнинг яхши назорат қилинмаётган оқими кўламининг бу қадар катталиги кўчиб келганларнинг туб аҳолига нисбатан бедодлиги билан бирга мустамлакачи маъмуриятнинг ишини қийинлаштириб қўйишини яхши англаган П.А. Столипин таклиф этган аграр ислоҳотининг Россия ичидаги оқибатларини мустамлакалар ҳисобига юмшатишга ҳаракат қилган империя асосий муаммосини ҳал этиш йўлини излай бошлади. Гап шундаки, бу даврда Туркистонда шу жумладан, Каспийорти вилоятида бўш давлат ерлари қолмагани ҳолда ўтроқ аҳолидан ҳам , кўчманчи аҳолидан ҳам экиладиган ва яйлов ерларни зўрлик билан тортиб олиш амалиётини давом эттириш имконияти ҳам қолмаганди. Бу хақда империя ҳукуматига ва Россиянинг саноат-молия доираларига Туркистонни текшириш, тафтиш қилиш натижалари бўйича ҳисоботлардан, мустамлакачи ҳарбий-маъмурий органларнинг маърузаларидан ҳам маълум эди. Масалан, 1907 йилда Туркистонга 427339 нафар кўчирилганлар етиб келгач ва ўлкада 15 та янги рус қишлоқлари пайдо бўлгач,7 Туркистон округининг Бош штаби 1908 йил 13 январда Россия ҳарбий вазирига йўлланган маърузаномада, хусусан, қуйидагиларни билдирди: “Ер тузиш ва деҳқончилик Бош бошқармаси томонидан Туркистондаги кўчириш сиёсати йўналиши билан Туркистон генерал-губернаторининг фикри ўртасидаги туб зиддият шундан иборатки, мазкур Бошқарма Россиянинг ички , асосан Европа қисми губернияларидан аҳолини Туркистонга - шунингдек, Каспийорти вилоятига бағоят жадаллик билан кўчириб келтириб жойлаштиришни мумкин бўлган ва жуда муҳим иш деб ва Туркистон - шу жумладан, Каспийорти вилояти маъмурияти бу ишга кўмаклашишни, юмшоқ қилиб айтганда, асло истамаётганини бу ишга ягона тўсиқ деб ҳисоблайди. Генерал-губернатор эса, ўз томонидан, ўлкадаги – Каспийорти вилоятидаги маъмуриятнинг бошқа вакиллари сингари, бундай жойлаштириш давлат аҳамиятига эгалигини тўлиқ англагани ҳолда, айни маҳалда (ўлкада) Фарғона вилоятида бўш суғорма ерлар йўқлигини (таъкид –бизники-Б.З.) амалда исботламоқда”8. Туркистонда 1906 йилгача казаклар ва рус крестьянлари учун маҳаллий деҳқонлардан ва кўчманчи аҳолидан 1 млн. 100 минг десятина - шу жумладан, Фарғона вилоятида 9925 десятина ер тортиб олинган эди9. Россиянинг Ўрта Осиёдаги ҳукмронлигини мустаҳкамлаштиришга қаратилган ер тузиш ва деҳқончилик Бош бошқармаси Илмий қўмитасининг аъзоси А.А. Кауфман, сенатор, граф К.К. Пален сингари ва бошқа бир қатор амалдорлар аҳолини кўчириш ишини такомиллаштириш бўйича анча амалий таклифларни, тавсияларни баён этдилар. Уларнинг таклиф ва тавсиялари, асосан Туркистонни талончи рус амалдорларидан тозалаш, порахўрликни, солиқ-ўлпондан келган даромадларни яширишни тугатиш, Россиядан кўчириб келтирилганлар учун “ҳар қанақа косиб-ҳунармандчилик эркинлигини, ерга хусусий мулкчиликни, кўчмас мулкни бириктириб қўйишнинг соддалаштирилган ва арзон усулларини” яратиб беришдан, кўчириб келтирилганларнинг деҳқончилик ва хўжалик юритиш маданиятини юксалтириш бўйича чораларни амалга ошириш ва ҳоказолардан иборат эди. Турли даражадаги амалдорларнинг ушбу ва бошқа айрим таклифлари ҳисобга олинган бўлсада, империянинг Каспийорти вилоятидаги кўчириш сиёсатига ёндашувида буюкдавлатчилик –шовинистик мақсадлар ва услублар устунлигича қолаверди. Шу сабабли 1906 йилда Туркистонда кўчирувчилик бошқармаси тузилиб, император томонидан крестьянларни Сибирь ва Ўрта Осиёга кўчиришнинг янги қоидалари тасдиқланди. Амалга оширилган чоралар натижасида Туркистоннинг нафақат Каспийорти ва Еттисув областларига, балки асосий ҳамда энг бой ҳисобланган Фарғона, Самарқанд, Сирдарё вилоятларига русларни кўчириш анча фаоллашди. Масалан, Фарғона, Сирдарё ва Самарқанд вилоятларида кўчирилиб келтирилаётган ва ўзбошимчалик билан кўчиб келаётган рус аҳолини таъминлаш учун 1906 -1910 йилларда 4432 десятина суғориладиган ерлар туб аҳолидан тортиб олинди10. Бу ерларда 8 мингдан кўпроқ руслар янги посёлкалар барпо қилишди11. Боз устига, Туркистонга кўчиб борган ва бораётган рус (белорус, украин) аҳолисининг шароитларини яхшилаш ҳамда туб аҳолига нисбатан миллий, ижтимоий зуғумни кучайтириш мақсадларида 1910 йил 19 декабрда “Кўчириш участкаларига айлантириш мақсадида ва бошқа давлат эҳтиёжлари учун Туркистон, Фарғона вилояти кўчманчиларининг ортиқча ерларини уларнинг тасарруфидан чиқариб, мусодара қилиш тўғрисида” қонун қабул қилинди12. Бу қонун, аслида, кўчириб келтирилганлар, асосан православ эътиқодидагилар томонидан туб қишлоқ аҳоли ерларининг, мехнат қуролларининг ва кўпинча мол-ҳолининг ҳам тортиб олинишини расмий равишда рағбатлантирди деса бўлади. Кўчиб келган Россия крестьянлари шаҳарлар яқинига, шу шаҳарларни боғловчи йўллар бўйларига, дарёлар бўйларига жойлашиб олдилар, кўчманчиларнинг қулай яйловларини босиб олиб, ўзлаштириш билан чекландилар. Суғорма деҳқончилик минтақаларида маҳаллий деҳқонларнинг бўш ерларигина эмас, балки озгина бўлса-да, ортиқча ерлари ҳам бўлмагани ҳолда ҳукумат минглаб рус крестьянларини жойлаштириш учун туб аҳолидан ўзи деҳқончилик қиладиган ернинг бир қисмини ёки ҳаммасини тортиб олиш йўлини тутди, кўпинча эса бу ишни кўчиб келганларнинг ўзлари ҳам амалга оширар эди. Бироқ туб аҳолидан тортиб олинган “ортиқча” ерларга ўзига тўқ крестьянлар эмас, балки энг қашшоқлашган одамлар кўчувчиларни ташкил қилишди. Янги ерда кун кўриши қийин бўлганлиги сабабли, масалан, 1911 йилда 81 фоизи, 1913 йилда эса 99 фоизи ўз юртига, илгари яшаган минтақаларга қайтиб кетишди13. Шундай вазиятни ҳисобга олган империя ҳукумати тайёрлаган ва 1914 йил 28 июнда подшо тасдиқлаган Қонунга кўра Фарғона вилоятига “моддий таъминланган, энг ками 1000 руб. турадиган мулкка эга насронийларгина кўчиши мумкин эди”14. Лекин ўша йилнинг 1 августида бошланган биринчи жаҳон уруши ҳукуматнинг аҳолини кўчириш сиёсатини кескин ўзгартирди. Масалан, Биргина Каспийорти областига 1915 йилда 27027 киши, 1916 йилда 9826 киши кўчиб келди. Шуларнинг учдан икки қисми ҳеч қандай аҳолининг кўчирувчилик ҳужжатларига эга бўлишмаган15. Бундай кўрсаткичлар бу минтақага илгари мавжуд бўлмаган Каспийорти областида 1917 йилнинг бошида деярли 40 посёлкаларда ва Ашхабод, Қизил Арвот, Красноводск шаҳарларида ҳарбий гарнизонлар, темир йўл станциялари атрофида 50 мингга яқин руслар, арманлар яшаган16. Масалан, Фарғона, Самарқанд ва Сирдарё вилоятларига 1901-1917 йилларда Россиянинг ички губернияларидан ва Кавказдан насроний аҳолини кўчириш илгариги даврга қараганда анча фаолрок ва кенг миқёсда амалга оширилиши бир қанча омиллар билан белгиланди. Биринчидан, бошқа ҳеч қандай ҳудудларга пахтани, ипакни етиштириш иложи йўқ эди. Иккинчидан, айни шу вилоятларда саноат, ҳунармандчилик, қишлоқ хўжалиги ва савдо жуда ривожланган бўлиб, маҳаллий аҳолининг иқтисодий, хўжалик мавқеи мустамлакачи тадбиркорларга кучли рақобат қилаётган эди. Учинчидан, айни шу вилоятларда суғориладиган ва ўзлаштирилиши мумкин бўлган, масалан, Мирзачўлда, Марказий Фарғонада, Зарафшон воҳасида ерлар кўп эди. Бу эса Россиянинг тўқимачилик саноати қайта ишлашга ихтисослашганлигининг хусусиятларига биноан пахтанинг америка навларини кўплаб етиштириш истиқболларини кенгайтирди. Download 360.98 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling