Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги навоий давлат педагогика институти


Download 360.98 Kb.
bet11/25
Sana28.03.2023
Hajmi360.98 Kb.
#1304173
TuriДиссертация
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   ...   25
Bog'liq
Завқиддин диссертация 28.02.2023

Тўртинчи босқич: Туркистон даврининг (1899 июл - 1917 феврал)нинг ўзига хос томони шундан иборат эдики, вилоят бевосита Ҳарбий вазирга эмас, балки Туркистон генерал-губернаторига бўйсунган. У ҳали ҳам аввалги "Вақтли низом" асосида бошқарилган. Вилоят бошлиғи ҳарбий бошқарув ваколатларидан маҳрум эди. Шу билан бирга ҳукумат ва ҳарбий бошқарув олий органлари бошқарув тизимининг "хонлик" усулидан воз кечиб Туркистонни умумроссия бошқарув тизимига қўшиш масаласини кўндаланг қўйган. Гарчи Каспийорти вилояти 1899 йил Туркистон генерал-губернаторлиги таркибига киритилган бўлса-да, Каспийорти вилоятида вилоят бошқаруви алоҳида Низом асосида юритилган. Империя маркази томонидан тузилган Тошкент комиссияси вилоятни Туркистон генерал-губернаторлиги бошқарувининг умумий қоидаларига яқин келажакда бўйсундиришнинг ҳеч қандай имкони йўқ, деган хулосага келган. 1901 йилда А.Н.Куропаткин Каспийорти вилояти бошқарув Низоми (1890 йил) ни яна 5 йилга амал қилишини сўраб ҳукуматга мурожаат қилган (1906 йил 18 декабргача). 1906 йил 9 июнда вазирлар кенгашининг қарори билан бу муддат 1908 йил 1 январгача чўзилган42. Туркистон даврининг (1899-1917 йй) яна бир ўзига хос хусусияти Каспийорти вилоятидаги хорижий фуқаролар тўғрисида қоидаларнинг вилоят бошлиғи билан Туркистон генерал-губернатори ўртасида ишлаб чиқилганлиги бўлди.
Таъкидлаш лозимки, маъмурий бўлинишларга ҳам тез-тез ўзгартиришлар киритиб борилган. 1882 йилда вилоятдаги округ ва приставликлар уездларга ўзгартирилди. Натижада 1882 йил 10 июнда Каспийорти вилояти 3 уездга бўлинган:
Аҳалтекин уезди - маркази Ашхобод шаҳри;
Красноводск уезди - маркази Красноводск шаҳри;
Манғишлоқ уезди - маркази Форд-Александровицкий шаҳри бўлган.
1884 йил 1 февралда Марв ва Тажан округи тузилади43.
Марв округи - маркази Марв шаҳри.
Тажан округи - маркази Тажан қўрғони бўлган.
1890 йилда Марв ва Тажан округлари уездларга ўзгартирилди. Шу билан бир вақтда Ашхабод уездида Дурун, Красноводск уездида Кара-кала ва Чикишлар приставликлари ташкил этилди. 1891 йил Ашхобод уездидан Атек приставлиги ва Марв уездидан Сарахс приставликлари ажратилиб Тажан уезди таркибига киритилди. Маъмурий жиҳатдан бундай бўлиниш 1917 йилга қадар сақланиб қолди.
Шундай қилиб Каспийорти вилояти 1890 йил 6 февралда 5 та уезддан иборат бўлган:
Ашхабод уезди (Дурун приставлиги) - маркази Ашхабод шаҳри;
Красноводск уезди (Чикишляр ва Каракалинск приставликлари) - маркази Красноводск шаҳри;
Манғишлоқ уезди - маркази Форд-Александровский шаҳри;
Марв уезди (Пендин ва Иолатан приставликлари) - маркази Марв шаҳри;
Тежен уезди (Серахс ва Атек приставликлари) - маркази Тежен қўрғони бўлган.44
Каспийорти вилояти 1881 йил ташкил топган бўлса-да у 1899 йилгача Кавказ ноиблиги ихтиёрида бўлган. 1899 йили Каспийорти вилояти Туркистон генерал-губернаторлиги таркибига бешинчи вилоят бўлиб киритилган45. Паленнинг таъкидлашича, Каспийорти вилояти алоҳида маъмурий ҳарбий бирлик сифатида 1890-1899 йилларда тўғридан тўғри Ҳарбий вазирликнинг Осиё бош штабига бўйсундирилган. Генерал Духовский бошқаруви даврида Туркистон маъмурий ҳаётидаги энг йирик воқеа Россия империяси вазирлар қўмитасининг 1899 йил 11 июнидаги қарорига асосан Каспийорти вилояти Туркистон генерал-губернаторлиги тасарруфига ўтказилиши бўлди. Худди шу йили 4 июлдаги № 98 буйруққа биноан Туркистон генерал-губернаторлиги таркибига Каспийорти вилояти киритилди46.
Каспийорти вилоятини Туркистонга қўшиш масаласи унинг мақомини белгилаш контексида бир неча маротаба кўтарилган. Вилоят 1881 йилда тузилган. 1885 йилда унга Марв, Пенда, Тажан воҳалари қўшилган, бунинг оқибатида ҳудуднинг Кавказ ўлкаси таркибида қолиши вилоят учун айрим ноқулайликларни яратган.
1887 йил император барча вазирликлар ва Кавказ фуқаролар қисми бошлиғи иштирокида махсус кенгаш чақириб, ушбу кенгаш кун тартибида иккита масала турган: 1) Каспийорти вилоятини Туркистонга қўшиш; 2) Каспийортида алоҳида маъмурий район ташкил этиш. Ички ишлар, Ҳарбий, Молия ва Адлия вазирликлари биринчи фикрни қўллаб қувватладилар. Ташқи ишлар вазирлиги ва Кавказ фуқаролар қисми бошлиғи (кавалерия генерали А.Д.Дондуков-Корсаков) иккинчи фикрни маъқулладилар. 1888 йил 4 мартда ушбу кенгаш қарорига биноан Каспийорти вилояти алоҳида маъмурий районга айлантирилди. Бу қарор вилоятдаги қўшинларни тезкор бошқарувини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. Ўша пайтда Каспийорти вилоятини Туркистон ўлкасига қўшилиши генерал-губернаторлик ҳудудини жуда кенгайтириш оқибатида унинг бошқарувини мураккаблаштиради деган фикр устун бўлган47.
1890 йил 6 февралда "Каспийорти вилоятини бошқариш тўғрисидаги Вақтли Низом" тасдиқланиши билан Каспийорти вилояти Кавказ ҳарбий округи таркибидан чиқарилиб, бевосита ҳарбий вазирлик ихтиёрига ўтказилган. Лекин тез орада ушбу вилоятнинг Туркистонга қўшиш масаласига яна қайтилади. Империя ҳарбий вазирлиги Бош штаби Осиё қисми бошлиғи А.П.Проценконинг ёзишича, 1895 йилда император Николай II Каспийорти вилоятини Туркистонга қўшиш масаласига қизиқиб қолган. У Каспийорти вилояти бошлиғи А.Н.Куропаткин билан шахсан олиб борган суҳбатида ҳарбий шароитларда ушбу иккала ҳудудни бирлаштириш мумкинлиги ҳақида фикр билдирган.
Куропаткин 1886 йилги "Туркистон ўлкасини бошқариш ҳақидаги Низом"ни муҳокама қилган вазирликлараро комиссия аъзоси бўлиб, айнан шу ерда у Каспийорти вилоятини Туркистон генерал-губернаторлиги таркибига киритиш мумкинлиги ҳақида илк маротаба фикр билдирди. Унинг фикрича, бу ҳудудда алоҳида бошқарув аппаратини яратиш борасида ҳукумат харажатларини четлаб ўтиш имконини берарди. Бундай қарор Бухоро ва Хива хонлигининг мустақиллигини тугатишга олиб келади деган фикрлар билан Куропаткиннинг таклифи рад этилди.
Каспийорти вилояти алоҳида маъмурий бирлик сифатида ҳарбий вазирликка бўйсундирилгач, Куропаткин унинг бошлиғи этиб тайинлаган (1890-1898). Ҳарбий вазирликка тўғридан-тўғри бўйсуниш Куропаткинга вилоятда анча мустақил маъмурий сиёсат олиб бориш имкониятини яратган. Шу боис Куропаткин Каспийортини Туркистон генерал-губернаторлигига ўтказиш ҳақидаги фикрларга қарши чиқа бошлаган. Ўз қарашини Каспийортида мураккаб муаммолар Туркистондаги масалалар ечимини секинлаштиради деб асослаган. Ундан ташқари, вилоятда Эрон ва Каспийорти орасида кўчиб юрадиган ва қароқчилик қиладиган туркман қабилалари мавжуд бўлганлиги туфайли Каспийортида кучли ҳарбий ҳокимият зарурлигини уқтирган. Лекин император билан бўлган суҳбатдан сўнг ўз қарашларини ўзгартирган.
Империя Вазирлар комитетининг таъкидлашича, Туркистон учта фронт: Афғонистон, Ғарбий Хитой, Эронга нисбатан мудофаа ва ҳужум қилиш мажбуриятларига эга фаол районга айланган. 1897 йил 26 декабрда императорнинг фармони билан Еттисув ҳамда Каспийорти вилоятлари Туркистон ўлкаси таркибига киритилган48.
Вилоят ўзига хос геосиёсий хусусиятлари сабабли унинг бошлиғи бошқа уезд ва приставликлар бошлиқлари каби Россия империяси зобитларида тайинланган бўлиб, катта ваколатга эга эди. 1890 йили маъмурий аппаратининг қуйи поғонасидаги мансабдор шахслар алмашинувининг сайлов тартиби эълон қилинган. Унгача оқсоқолларни тайинлаш бевосита юқоридаги бошлиқларнинг буйруғи билан амалга оширилган. Овул старшиналари, мироб, қози, эминларнинг овуллар йиғинида бўлиб ўтадиган "сайловлари" одатда бир расмиятчилик эди холос, чунки вилоят бошлиғи сайлаган старшина номзодларини, уезд бошлиқлари эса мироб, эмин, қозиларни тасдиқлаши лозим эди.
Каспийорти вилоятига оид меъёрий ҳужжатлар ва маъмурий соҳадаги амалиётлар ушбу ҳудудда Россия империяси маъмурий муассасаларининг аста-секинлик билан жорий этилганлигини кўрсатди. Бу ерда ҳокимиятнинг янги тури шаклланган. Бунинг моҳияти умумимперия маъмурияти ва анъанавий маҳаллий институтлар симбиозидан иборат. Россия маъмурияти Каспийорти вилоятида юритган сиёсатини К.К.Кауфманнинг Туркистон сиёсатига муқобиллигини кўриш мумкин. К.К.Кауфманнинг сиёсати ўлкада умумимперия қарорларини жорий этишга қаратилган эди. Петербург ҳукумати ва рус савдо-саноат доиралари ушбу икки йўлдан бирини, яъни энг тезкорини танлади. Амалда бу Каспийорти вилоятининг Туркистон ўлкаси таркибига киритилиши ва вилоятдаги ҳолатнинг Туркистондаги қоидаларга мослаштирилишидаги ниҳоясиз уринишларда намоён бўлди.
Каспийорти вилояти бошлиғи А.Н.Куропаткин Ҳарбий вазир бўлгач ҳам вилоятга ўз эътибори ва давлат маблағларини аямаган. Армиянинг фавқулодда заруриятлари учун ажратилган вазирлик фондидаги давлат маблағларини ҳам вилоятга йўналтирган. Туркистон қонунчилигини такомиллаштиришга ҳаракат қилган. Бироқ 1904 йилнинг февралида А.Н.Куропаткин Ҳарбий вазир лавозимидан четлаштирилган. Шу йили Тошкентда Туркистон генерал-губернатори Н.А.Иванов ҳам вафот этган. Унинг издошлари Н.Н.Тевяшев (1904-1905 йй.) ва Д.И.Субботичлар (1905-1906 йй.) даврида бирон бир фаол ўзгаришлар бўлмаган. 1906 йилнинг 17 апрелида Туркистон ўлкасининг бошқаруви Ҳарбий вазирлик тасарруфидан Ички ишлар вазирлигига берилди49.
1913 йил бошида "оқ подшо" Вазирлар кенгаши ишлаб чиққан Туркистон ўлкаси бошқарув тизимини ислоҳ қилиш асосий тамойилларини тасдиқлади. Бироқ қарор амалга оширилиши охирига етказилмаган. Ушбу масала Давлат кенгаши ва Давлат думаси муҳокамасига олиб чиқилмаган. Масала бўйича қонун лойиҳаси тузиш бўйича жонланиш 1916 йил августида А.Н.Куропаткиннинг генерал-губернатор этиб тайинланишидан бошланган. 1917 йил баҳорига келиб Туркистон ўлкасини бошқариш ҳақидаги Низом лойиҳасининг асосий қисми ишлаб чиқилган эди50. Бироқ 1917 йилдаги инқилобий воқеалар ушбу жараённи охирига етказиш имконини бермади.
Таъкидлаш лозимки, Каспийорти вилояти маъмурий-ҳуқуқий бошқаруви бир неча бор ўзгаришларга дуч келган. Бу ўзгаришлар билан Ҳарбий вазирликнинг мақсади Туркистон ўлкасининг чегараларини ўзгартириш эмас эди, балки бу муаммо ташқи сиёсий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда Сибир ва Марказий Осиё ҳарбий округлари чегараларини ислоҳ қилиш каби муҳим масаланинг бир қисми бўлган. Ҳарбий вазирлик нуқтайи назаридан Туркистон генерал-губернаторлиги маъмурий чегараларининг ўзгартирилиши улкан аҳамиятга эга эди. Натижада ушбу ўзгаришлар Туркистон Ҳарбий округи қўшинларини бутун ўлка бўйлаб эркин жойлаштирилиш имконини берарди.
Туб аҳолини бошқариш ҳам рус амалдорлари қўлида эди. Бу бошқарув маҳаллий аҳоли вакиллари миршаб сифатида жалб етилган полиция назорати ҳам, солиқ йиғиш ҳам, мажбуриятларнинг бажарилишини назорат қилиш ва ҳоказолар ҳам эди. Тошкентнинг эски шаҳар қисмида, қишлоқ ва овулларда аҳоли юмушларини бошлиқлар томонидан тайинланадиган ёки тасдиқланадиган оқсоқоллар, муфтийлар, мироблар, закотчилар бошқаришарди. Маҳаллий миллатли халқларнинг ижтимоий ҳаётининг анъанавий негизларидан ўтроқ аҳолида қозилик суди, кўчманчи аҳоли эса бий судларигина сақланиб қолганди. Бироқ, уларнинг ваколатлари жиддий равишда ўзгартирилиб, қозикалон лавозими бекор қилинганди. Қози ва бийларнинг ўлим жазоси ёки жисмоний жазо белгилайдиган ҳукмлари область ҳарбий губернаторига кўриб чиқиш учун тақдим этиладиган бўлди. Туб аҳолига нисбатан бошқа бир қанча чеклашлар ҳам жорий қилинди.
Хулоса қилиб айтганда Ўрта Осиёни, айниқса, унинг энг бой ва стратегик жиҳатидан энг муҳим минтақаси – Каспийорти вилоятини забт этиш, мустамлакага айлантириш Россиянинг келажакка мўлжалланган кенг стратегик режаларининг бир қисми бўлган. Фақатгина Шарқ ва Ғарб давлатларининг, хусусан, Австро-Венгрия, Германия, Франция ва айниқса, Буюк Британиянинг кескин қаршилигига учрашдан хавфсираган ҳамда босиб олинган ҳудудларда туб халқларнинг кураши билан машғул бўлишини билган Россия империяси қулай пайт келгунча шу энг катта мустамлака билан кифояланишни лозим топди. Россиянинг бошқа мустамлакаларига ва ундаги қарам мамлакатларига нисбатан Туркистоннинг стратегик, иқтисодий, ижтимоий аҳамияти анча юқори бўлган. Туркистонда, шунингдек, Каспийорти вилоятида империя ўрнатган ҳарбий - маъмурий тизим, бу ерда жойлаштирилган кўп сонли рус кўшинлари ва кўчириб келтирилаётган рус, умуман, насроний динига мансуб аҳоли империянинг стратегик мавқеини мустаҳкамлашга, ташқи сиёсий интилишларини қўллаб-қувватлашга, мустамлакадан олиб кетиладиган нафақат моддий, балки маданий бойликларни метрополия манфаатларига кўпроқ фойда беришига хизмат қилишлари керак эди.



Download 360.98 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   7   8   9   10   11   12   13   14   ...   25




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling