Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги навоий давлат педагогика институти


Download 360.98 Kb.
bet9/25
Sana28.03.2023
Hajmi360.98 Kb.
#1304173
TuriДиссертация
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   ...   25
Bog'liq
Завқиддин диссертация 28.02.2023

Биринчи босқич: Оренбург босқичи (1834-1870 йй.) даврида Россия империясининг Каспийортида бўлажак маъмурий сиёсатининг бош тамойилларига асос солинди. Стратегик жиҳатдан ўта ноқулай Ново-Александровск истеҳкомининг 1846 йилда Манғишлоқ яриморолига кўчирилиши Оренбург босқичи даврининг энг муҳим воқеаларидан бири бўлган. Ново-Александровск қалъаси жойлашуви жиҳатидан денгизда ҳам қуруқликда ҳам ҳеч қандай аҳамият касб этмаган. Шунинг учун янги Оренбург ҳарбий губернатори генерал В.А.Обручев (1795-1866 йй) 1846 йил Манғишлоқ яриморолидаги янги истеҳкомга кўчган. Янги истеҳком дастлаб Новопетровск, кейинчалик эса Форт-Александровск деб қайта номланган. Маъмурий жиҳатдан Форт-Александровск унга тегишли ҳудудлар билан аввал Оренбург губерниясига, сўнгра 1868 йилдан бошлаб Оренбург генерал-губернаторлигининг Урал вилоятига қарашли бўлган20.
Россия ҳукуматининг ушбу ҳудуддаги биринчи даражадаги вазифаси алоқа йўлларини таъмирлаш ва Даржа ярим оролида савдо манзилгоҳларини жорий этиш бўлган. Ҳарбий маъмурият томонидан маҳаллий хусусиятларни ҳисобга олиб ушбу ҳудудда заводлар қуриш, балиқчиликни ривожлантириш, ерости қазилмаларини излаб топиш, обрўли хонларга маош тайинлаш, уларни “приказчик”ка айлантириш, камбағал қатламни меҳнат билан банд қилиш, бошқаларини савдо-сотиққа жалб қилиш каби вазифалар белгиланди. 1869 йилнинг охирларида рус армиясининг Кавказ қўшини полковниги Н.Г.Столетов (1831-1912 йй) томонидан Красноводск шаҳрига асос солинган21. Александр II нинг (1856-1881 йй) 1870 йилнинг 2 февралидаги фармойиши билан Манғишлоқ уезди Форт-Александровский билан биргаликда Оренбург генерал-губернаторлигидан ажратилиб тўғридан-тўғри Кавказ ноиблиги қарамоғига ўтказилган22.
Оренбург генерал-губернаторлиги ва Манғишлоқ уезди чегараси Ўликқўлтиқдан Орол денгизига қараб Устюртнинг шимолий чегарасидан ўтган.
Иккинчи босқич: 1870 йил февралидан Каспий денгизининг бутун шарқий соҳили Кавказ ноиблиги тасарруфига (1870 йил феврал-1890 йил феврал) ўтказилган. Даставвал Каспийортидаги приставликлар ўзаро боғлиқ бўлмаган. Манғишлоқ приставлиги Доғистон ҳарбий губернатори, Красноводск приставлиги эса Кавказ армияси қўмондонлиги штаб бошлиғи тасарруфида бўлган. Бундай ҳолат 1874 йил 15 мартдаги фармойиш билан бартараф этилган. 1874 йил 9 мартда янги тузилган Каспийорти ҳарбий бўлимини бошқариш ҳақидаги Вақтли Низом тасдиқланган23 (Қаранг: Илова № 2). Унга биноан Кавказ ҳарбий округи таркибида икки приставликдан – Манғишлоқ ва Красноводскдан иборат Каспийорти ҳарбий бўлими ташкил этилган. Каспийорти вилояти бошлиқларининг раҳнамолари бўлмиш Кавказ ноибларидан даставвал М.С.Воронцов ва А.И.Барятинскийлар, кейинчалик император Александр II нинг кичик укаси княз Михаил Николаевич бўлганлиги Туркистон генерал-губернаторлигининг бошқа вилоятлари олдида Каспийорти вилояти бошлиқларининг нуфузини оширган.24
1899 йилдан бошлаб Туркистондаги барча ташқи сиёсий масалалар Ташқи ишлар вазирлигининг назорати остига олинган. Улар икки идорага бўйсунган ва қўшни давлатлар билан алоқа масалалари билан бевосита шуғулланган дипломатик амалдор идорасига ўтказилган. Бироқ барча дипломатик ишларни ташқи сиёсий маҳкаманинг махсус амалдори идорасига жамлашга уриниш изчил амалга оширилмаган. Фақатгина Каспийорти вилояти бошлиғида Эрон билан чегарадошлик муносабатлари масалаларини мустақил ҳал қилиш ҳуқуқи қолдирилган, Aмударё бўлими бошлиғи эса Хива хони ҳузуридаги дипломатик вакил мақомини сақлаб қолган25.
Юқорида баён этилганлар асосида Каспийорти вилояти бўлим мақомида 1874 йил 31 мартда очилган, бўлим бошлиғи этиб генерал-майор Н.П.Ломакин (1830-1902 йй) тайинланган. 1881 йил 10 июнда Каспийорти вилояти бошқаруви ҳақидаги Низом тасдиқланган. Янги тузилган вилоят Кавказ ҳарбий округи таркибига киритилган. Вилоят ташкил этилгач, П.Ф.Рерберг унинг биринчи бошлиғи этиб тайинланган26 (Қаранг: Илова № 3). Унгача П.Ф.Рерберг Кавказ ҳарбий округи таркибидаги Каспийорти бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган27 (Қаранг: Илова № 4).
Вилоятнинг иккинчи бошлиғи генерал-лейтенант Aлександр Виссарионович Комаров (1883-1890 йй) бўлган28. Унинг бошқарган вақтини Каспийорти вилояти биринчи йилларини жамлаш даври деб аташ мумкин. Aсосан 1884, 1885 ва 1886 йилларда янги ерларни босиб олиш ҳисобига вилоят ҳудуди аста-секин кенгайди.
Марв ва Тажан округларига уезд мақоми берилади, Aхалтекин уезди эса Aшхабод номига ўзгартирилган. 1890 йили учта приставлик янгидан шакллантирилган: 1) Aшхабод уезди таркибида Дурун приставлиги (1890 йил 20 август); 2) Красноводск уездида Қорақалъа приставлиги (1890 йил 13 сентябр); 3) Красноводск уездида Чиқишлар приставлиги (1890 йил 25 сентябр). Вилоят бошлиғи этиб генерал-лейтенант A.Н.Куропаткин тайинлангач (1890-1898 йй) ҳудуддаги ички ва ташқи сиёсат масалаларида, ҳокимият тизимини ташкил этишда кенг ваколатларга эга бўлган29. Туркистон генерал-губернаторлигининг бошқа вилоят раҳбарларидан ўзига хос фарқли томони шундан иборатки, бу вилоятни ҳарбий губернатор эмас, балки вилоят бошлиғи бошқарган. Унинг ўлкадаги бошқа губернаторларга нисбатан нуфузи баландроқ, ваколатлари эса кенгроқ бўлиб марказий ҳокимиятга нисбатан маълум эркинликларга эга ҳолда анчайин мустақил ҳаракат қилиш ҳуқуқига ҳам эга бўлган. Каспийорти вилояти бошлиғининг лавозими Россия губерниялари губернаторлари даражасига тенглаштирилган ҳамда унга чегарани қўриқлаш ва дипломатик фаолият олиб боришга рухсат берилган. Вилоят бошлиғи уезддаги полиция амалдорлари устидан умумий бошқарувни амалга оширган ва полиция ваколатларига эга маҳаллий амалдорларни ҳам назорат қилган30. Ушбу маълумотлардан кўрса бўладики, аслида босиб олинган ҳудудларни бошқаришда аниқ тартиб ва тизим шаклланмаган ҳамда Туркистон ўлкасини бошқариб туришда турли хил ўзгаришларни амалга оширган бўлиб, бу ҳолат бирор бир меъёрий-ҳуқуқий нормаларда акс этмаган.
1882 йил "Каспийорти вилоятини бошқариш тўғрисидаги вақтли Низом" тасдиқланган. Ушбу низом 1890 йил қайта кўриб чиқилган. Каспийорти ерларини бошқаришга оид норматив ҳужжатлар ўлканинг ҳарбий ҳамда маҳаллий маъмуриятининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини аниқ белгилаб бермаган. Шу асосда 1890 йил Каспийорти вилоятини бошқариш тўғрисида янги Низом кучга кирди. Унга кўра, Каспийорти вилояти Кавказ ноиблиги таркибидан чиқарилиб, бевосита Россия Ҳарбий вазирлигига бўйсундирилган31.
Каспийорти вилояти бошлиғи рус ҳарбий зобитларидан тайинланган бўлиб, Кавказ ҳарбий қўмондонига бўйсунган. Каспийортида вилоят бошқармаси мавжуд бўлмаганлиги туфайли бу ердаги ижроия ҳокимият вазифасини вилоят бошлиғи девонхонаси бажарган. Вилоят бошлиғи маҳаллий ва ҳарбий маъмуриятни жазолаш ва мукофотлаш ваколатига эга эди. Каспийорти вилояти бошлиғининг алоҳида мавқейи шундан иборат эдики, у баъзи дипломатик функцияларни ҳам бажарган. Бу ҳолат ҳам бошқа губернияларда бўлмаган ва ўзига хос бошқарувнинг бир наъмунаси эди, холос.

Download 360.98 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   5   6   7   8   9   10   11   12   ...   25




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling