Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги навоий давлат педагогика институти
I.2. Каспийорти вилоятига аҳоли кўчирилишини ташкил этилишининг тарихий омиллари
Download 360.98 Kb.
|
Завқиддин диссертация 28.02.2023
I.2. Каспийорти вилоятига аҳоли кўчирилишини ташкил этилишининг тарихий омиллариРоссия империясининг бойлигини кўпайтиришга хизмат қиладиган Узоқ Шарқ ҳамда бепоён Сибирни Россия империяси ва савдо-саноат доиралари ўзлаштириш, қолаверса ривожлантириш бўйича ҳаракатлар, ташкилий чоралар устида бош қотирмай, бу ерда мустаҳкамроқ илдиз отишга, шунингдек, тайёр бойликлар (ўрмон, мўйна, балиқ ва ҳ.к.)дан фойдаланишга имкон қадар ҳаракат қилдилар. Бироқ, ҳокимиятнинг бирорта ҳам тузилмаси ёки саноат, молия эгалари шаклланиб келаётган капиталистик мақсадларда бу ҳудудларнинг иқтисодиётини ривожлантириш билан астойдил шуғулланмаган эдилар. Россия қишлоқ аҳолиси эса Сибирь, Узоқ Шарқда кам ўтроқ бўлиб қолгандилар, шунда ҳам йирик шаҳарларда ва уларга яқин жойларда жойлашганлар. Лекин уларнинг кўпчилиги Россия империяси томонидан XIX асрнинг 20-30-йилларидаёқ ҳарбий ҳаракатларсиз, сиёсий ҳийла-найранг билан қозоқларнинг Ўрта ва Кичик жузларидан тортиб олинган ерларга ўзбошимчалик билан кўчиб келиб жойлашган. XIX асрнинг 70 - йилларидан бошлаб Россиянинг ички губернияларида крепостнойлик ҳуқуқини бекор қилиш билан боғлиқ оқибатлари аҳолининг йўқсил қатламларини жуда оғир аҳволга солди. Минглаб рус крестьянлари қашшоқликдан, очликдан қутулиш мақсадида янги босиб олинган ва олинаётган ҳудудларга интилишарди. Гап шундаки, крепостнойлик ҳуқуқини бекор қилиш тўғрисидаги қонунга кўра крестьянлар ихтиёридаги ерларнинг 5/1 қисми помешчик ва қулоқларга ўтди, ерни сотиб олмоқчи бўлганлар унинг қийматининг 20-25 фоизини тўлаши зарур эди, қолган қийматини давлат тўлаши керак эди, крестьянлар эса давлатга ўз қарзларини 49 йил мобайнида тўлашлари лозим эди. Табийки, бундай шартларга крестьянлар кўниши қийин эди. Ундан ташқари Россияда қурғоқчилик, ҳосилсизлик рўй берган йилларда метрополиядан аҳоли кўчишини бошқариш, назорат қилишнинг иложи мавжуд эмас эди. Масалан, 1889-1891 йилларда ички губернияларда кўчиш гувоҳномалари 17289 та оилага берилди, кўчиб келган оилалар сони эса аслида 28911 га етди51. Империянинг ғалла етиштириладиган кўплаб губернияларида рўй берган очарчилик сабабли 1892 йилда кўчувчилар оқими кескин кўпайиб, 100 минг кишидан ортиқни ташкил қилди52. Россия империясининг Туркистон ўлкасидаги сиёсати билан бевосита боғлиқ Хива хонлиги ва Бухоро амирлиги ҳудудларининг катта қисмини босиб олиш ҳамда у ерда ҳарбий-маъмурий бошқарув тартиби Ватан тарихшунослигида, асосан, Амударё бўлими ва 1881 йил Каспийорти вилояти ташкил қилиниши билан белгиланар эди. Аслида эса 1874 йилдаёқ Манғишлоқ ва Красноводск маъмурий-ҳудудий тузилмалари (приставстволар)дан иборат Каспийорти ўлкасининг бошқариш тўғрисида Муваққат Низом император томонидан тасдиқланган эди. Кейинроқ Ахалтекин, Тажан, Ашхобод ва Марв ҳудудларини бирлаштирган Каспийорти области 1881 йил ташкил қилинди ва 1889 йилгача Кавказ ноиблигининг таркибида бўлди. Туркистон генерал-губернаторлигининг таркибига ўтказилгунга қадар Каспийорти вилоятига рус аҳолини кўчириш тартиби, жойлаштириш шароитлари бирор қонун ёки низомга кўра эмас, балки ҳарбий губернатор ва уезд бошлиқларининг топшириқлари, буйруқлари билан белгиланган. Масалан, туркманларнинг ерларида руслар XIX асрнинг биринчи ярмида (1849 й.), Александровск порти ва Николаевское номли балиқчилар посёлкасини барпо этишган. XIX асрнинг 70-80-йилларида оғир жанглар натижасида кўпгина маҳаллий аҳоли ўзининг ерларидан сиқиб чиқарилди ва бу ерларда рус аҳолисининг қишлоқлари бирин-кетин ташкил этила бошланди. Бундай маконлар асосан деҳқончилик учун қулай ҳудудларда, хусусан, Ашхобод, Марв ва Тажан уездларида кўплаб пайдо бўлди. Улар орасида энг йириклари Гармоб (Михайловское), Козельское, Дмитриевское, Крестовое, Александровка ва бир қатор бошқалар эди. Вилоят маъмурияти кўчиб келаётган ва қишлоқ хўжалиги билан шуғулланмоқчи бўлган рус аҳолисининг суғориладиган ҳамда яйлов ерлари билан, қорамол, от-улов сотиб олиш учун ссуда билан таъминлашга жиддий эътибор бериб турган.53 Бундан ташқари, Англия ва Россия ўрталарида тузилган конвенцияга (1881 й.) биноан Шарқий Эрон Россия империяси таъсир зонасига айлантирилди. Шундан фойдаланиб Россия империяси бу янги қарам ҳудудга ҳам бир неча минг рус ва арман миллатига мансуб шахсларни кўчиришга киришди. Ташкилий вазифаларни бажариш Сирдарё кўчирувчилик бўлимига топширилган эди. Дарҳақиқат, босиб олинган ҳудудларда бошқарувни жориш этиш баробарида унга таянч бўлган аҳоли қатламини жойлаштириш ҳукуматнинг стратегик мақсадларидан бири эди. Империя ҳукуматининг ва мустамлака маъмуриятининг аҳолини кўчириш сиёсати билан Россиянинг қатор губернияларидаги аграр аҳоли кўпайиб кетиши “муаммоси”нинг ўзаро алоқадорлигини асослаш учун сиёсатчилар, баъзан тадқиқотчилар келтирган далил - исботлар орасида метрополия билан мустамлакалар, шу жумладан, Туркистон ҳудудлари - Фарғона вилояти туташлиги, Россиянинг аҳолиси унинг жами мустамлакалари аҳолисидан ҳам анча ортиқлиги кўрсатилган. Чунончи, агар Россиянинг ўз аҳолиси унинг мустамлакалари империяга бўйсунувчи Польша ва Финляндия аҳолисидан 4 баробар кўп бўлган бўлса, у ҳолда, масалан, Франция мустамлакалари аҳолисининг сони метрополия аҳолиси сонидан 1,5 баробар кўпроқ эди. Буюк Британия мустамлакалари аҳолисининг сони метрополиянинг аҳолисидан 9 баровар кўп эди. Россияда фақат марказий саноат, жанубий кон-саноат, Петербург ва Болтиқ бўйи минтақаларида аҳоли зич эди. Асосан деҳқончилик билан шуғулланадиган губернияларда эса аҳоли жуда кам бўлган. Бинобарин, таъкидлаш мумкинки, Россия ҳукмрон доираларининг айнан империяга, босқинчилик манфаатлари XIX аср ўртасида ҳамда кейинги йиллар давомида ҳар қанча ортиқча аҳолини Россиянинг ўз ҳудудида оқилона жойлаштиришга тўсқинлик қилди. Шундай бўлмаганда келажакда бу мамлакатнинг ўзи фойда қилган бўларди. Шунингдек, Волга бўйига, Шимолий Кавказга, Кавказортининг Туркия ва Эрон билан чегарадош минтақаларига, Хитой билан ёндош қозоқ ва қирғизларнинг ҳудудларига казакларни, Россия фуқаролари бўлган бошқа христианларни кўчириб келтириш крепостнойлик ҳуқуқ бекор қилинишидан, марказий губернияларда қишлоқ аҳолиси кўпаяётгани тўғрисидаги хулосалар пайдо бўлишидан анча олдин бошланган эди. Таъкидлаш лозимки, Россия ҳукумати Каспийорти вилоятига, Дашт ўлкасига метрополиядан христиан аҳолини кўчириб, жойлаштириш борасидаги буюк давлатчилик - шовинистик амалиётини оқлашга, асослашга ҳаракат қилиб, XIX аср охирида 5 та губернияда гўёки, 12 миллион ортиқча аҳоли мавжуд эканлигини эълон қилди.54 Кейинчалик Столипиннинг аграр ислоҳоти ҳам шу билан асосланди. Ваҳоланки, ҳукумат метрополия аҳолисини империяга қарам бўлган Польша ва Финляндияга ҳам оммавий равишда кўчириш тадбирларини амалга оширмаган эди. Бу шу билан изоҳланадики, аввало, Польша ва Финляндиянинг мақоми бутунлай бошқача эди; иккинчидан, империянинг ҳукмрон доиралари Россияга қарам бу ҳудудларни узоқ вақт қўлда тутиб тура олмасликларини тушунсаларда, тан олгилари келмасди. Кавказ, Туркистон ва Дашт ўлкаси эса абадул - абад босиб олинган, деб тасаввур этиларди. Туркистон ўлкасига аҳолини кўчириш амалиётининг ўзига хослиги, ўлкани ҳарбий - маъмурий бошқариш тизими империя ҳукмрон доиралари ўз мустамлакаларига, айниқса, Каспийорти вилоятига Россиянинг православ, баъзан эса, насроний динидаги аҳолисининг бир қисмини кўчириб келтириш чораларини, энг аввало, ҳарбий - сиёсий стратегик манфаатлардан келиб чиқиб (бу метрополиянинг иқтисодий мақсадларига ҳам мос келарди) ишлаб чиққанликлари ҳам яна бир исботи бўлди. Бу ҳақда қуйироқда гап боради, бу ерда эса шуни таъкидлаш лозимки, Дашт ўлкаси империя Ички ишлар вазирлиги ихтиёрига берилган эди. Туркистон генерал-губернаторлиги эса доимо Ҳарбий вазирлик ихтиёрида бўлган. Лекин Буюк Британия, Испания, Италия, Германия, Франция Россиядан фарқли равишда ўз аҳолисининг бир қисмини мустамлакаларга кўчириш амалиётини қўлламай (Австралияга, янги Зеландияга метрополиядан аҳолини кўчириш амалиёти бундан мустасно), у ерларда ҳарбий, полиция бўлинмаларини сақлаб туриш, тегишли бошқарув ва суд органларини, насроний миссионерлик ва тарғибот муассасаларини тузиш билан чекланган бўлсалар, Россия ҳукумати шундай чоралар билан бир қаторда, Каспийорти вилоятидаги ҳукмронлигининг қалтислигини англагани ҳолда, ўлкага ўз аҳолисининг бир қисмини изчиллик билан кўчиришга ҳаракат қилиб кўчишни истовчилар орасидан кўчириладиганларни саралаб олишга эътибор берган. Шу сабабли ўлканинг биринчи генерал-губернатори К.П.Кауфман, масалан, Украина минтақаларидан казакларнинг кўчириб келтирилишига норозилик билдирган ва асосан рус қишлоқ аҳолисини кўчириб келтиришни талаб қилган.55 Ва, ниҳоят, аҳолини Каспийорти вилоятига кўчириш ҳаракатининг турли йиллардаги хусусиятлари Фарғона минтақаларида рус аҳолини жойлаштириш шартлари империя ҳукумати учун аҳолини кўчириш сиёсатининг ҳарбий - сиёсий мақсадлари устун бўлганидан далолат беради. Масалан, Туркистон генерал-губернаторлиги тузилгунига (1867 йил) қадар бўлган даврда кўчирилувчилар армия билан биргаликда ва унинг ортидан, Россиянинг деярли барча губернияларидан, ҳатто, Сибир, Узоқ Шарқдан ҳам келишарди. Ўшанда, яъни 1840-1867 йилларда Еттисув, Иссиқкўлбўйи, жанубий Қирғизистон ва қисман Каспий орти ҳудудига, лекин, айниқса, шу вақтда Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлигига қарашли бўлган ва рус лашкарлари босиб олган ҳудудларга казаклар зич қилиб жойлаштирилди. Ўша йилларда аҳолини кўчириш ҳаракатини тартибга солувчи бирон - бир қоида, ҳужжатлар бўлмагани ҳамда кўчирилувчилар маъмурият, ҳарбий кучнинг қўллаб-қувватлаши остида ўзбошимчалик билан туб аҳолидан ер, қорамол, меҳнат қуролларини тортиб олиш йўллари туфайли жойлашганлар. Бу даврга кўчирувчилик ҳаракатининг бетартиблиги, ўзини ғолиб ҳисоблаган кўчиб келаётганларнинг туб аҳолига, айниқса, қишлоқ аҳолисига нисбатан бедодлиги, уларнинг аксари кўпчилиги шаҳарларда ҳамда рус гарнизонлари, истеҳкомлари атрофида жойлашганликлари билан характерлидир. Устига - устак бедодлик рус аскарлари ва зобитларининг ғоят фаол иштироки билан амалга оширилганди. Кўчувчиларнинг турли губерниялардан чиқиши ва Туркистоннинг қайси жойларида ўрнашиб қолиши ҳали яхши назорат қилинмас ва бошқарилмас эди. Бу ҳол энг аввало, ушбу босқичда босиб олинган барча ҳудудларда мустамлака ҳарбий - маъмурий бошқарув органларининг ҳали тузилмагани билан изоҳланади. Ички ижтимоий - иқтисодий муаммоларини ўз имкониятлари ҳисобига эмас, балки янги ҳудудларни босиб олиш ҳамда уларнинг табиий бойликларидан ва аҳоли салоҳиятидан фойдаланиш ҳисобига ҳал этишни афзал кўрадиган Россия ҳукмрон доиралари, қишлоқ хўжалик ва саноат - товар ишлаб чиқарувчилари, савдо ва молия тузилмалари учун деярли бутун Ўрта Осиёни, айниқса, Туркистонни мустамлакага айлантириш ҳамда Каспийорти вилояти устидан протекторат ўрнатиш катта аҳамият касб этарди. Шу туфайли Россия Америкадан қиммат пахтани, Италия ва Хитойдан ипакни, кўплаб бошқа хом-ашёни юқори нархларда ва омонат тарзда импорт қилишдан анча халос бўлди, шунингдек, хомашё сотиб олиш ва тайёр маҳсулотни сотиш учун катта бозорга ҳам эга бўлди. Минтақадаги кўчирувчилик амалиёти турли босқичларининг сонидан, Россия фуқароларини кўчириш ва жойлаштириш қоидалари, шакллари ва услубларидаги ўзгаришлар моҳиятидан қатъий назар мустамлакачилик ва буюк давлатчилик мазмунига эга эди. Бу ҳолатни энг аввало, Россиядан насроний, асосан православ аҳолининг бир қисмини Каспийорти вилоятига кўчириш сиёсати ва амалиётига империя ҳукмрон доираларининг ҳамда мустамлака маъмуриятининг ёндашувларидаги ўзгаришларнинг сабабларини ва моҳиятини ўрганиш натижалари яққол тасдиқлайди. Россия империясининг ҳамда Туркистон маъмуриятининг Каспийорти вилоятига казаклар, крестьянларни, шаҳар ишчиларини кўчириш масаласига катта аҳамият бергани билан бирга янги мустамлаканинг ер ости бойликларини аниқлаш, қазиб олиш ва қайта ишлашни ташкил қилиш учун, қишлоқ хўжалигини такомиллаштириб, метрополияга тобора кўпроқ хом ашё етказиш ва вилоятга Россиядан саноат маҳсулотини келтириш мақсадларида бу ерга геологлар, саноатчилар, агрономлар, савдогарлар келишини таъминлашга интилишган. Бу борада биринчи навбатда хусусий ер мулкчилигини қисқартириб, ерларнинг анчагина қисми давлат (амлок) мулкига айлантирилди, вақф мулки ҳисобланган ерларнинг ҳам бир қисмини эгаларидан турли баҳоналар билан тортиб олиш йўли билан давлат ер фонди ташкил қилинди. Бироқ, Россиядан 70-80 йилларда кўчиб келган крестьянларнинг кўпчилиги шу фонддан берилган ерлар билан кифояланмасдан, маҳаллий деҳқонларни, шунингдек, вақфларга қарашли ерларни зўравонлик билан ўзлаштиргани ҳам маълум. Масалан, ўзбошимчалик билан кўчиб келган крестьянлар айнан шундай йўл билан жойлашишга интилишган, маъмурият эса бунга деярли қаршилик қилмаган. Мисол учун айтиш мумкинки, 1889-1891 йилларда тегишли рухсатнома билан кўчиб келган 17289 та оиладан ташқари, 11622 та оила ҳеч қандай рухсатномаларсиз кўчиб келган.56 Шунинг учун баъзи йилларда ўзбошимчалик билан ташкилий равишда кўчиб келган крестьянлар бирданига 17 та, бошқа областларда 24-36 та (Еттисув, Каспийорти областлари) рус поселенияларни барпо этишган.57 Шуни ҳам қайд этиш жоиздирки, 1881-1883 йилларда Хитойдан минг-минглаб қочиб келган уйғур ва дунганларни жойлаштиришда маъмурият фаоллик кўрсатмаган ва бу оғир ташвишни маҳаллий аҳолининг зиммасига юклаган эди.58 Туркистонга кўчирилувчилар оқимининг буюкдавлатчилик ва шовинистик характери ҳамда кўлами кўп жиҳатдан шу билан белгиланган эдики, маъмурий маркази Чимкент шаҳрида, босиб олингач эса - Тошкент шаҳрида бўлган Туркистон области ташкил қилинган 1865 йил 2 мартдан бошлаб ўлка Оренбург губернаторлигига қарарди. Оренбург губернияси эса Россиянинг энг йирик губернияларидан бири бўлган. Бинобарин, рус аҳолисининг бир қисмини Туркистонга, жумладан, Каспийорти вилоятига кўчирилиши оддий бир ҳол сифатидагина эмас, балки зарурий иш сифатида қараларди. Гап шундаки, Россия империяси нуқтаи назаридан, Туркистон области иқтисодий вазифалардан кўра кўпроқ, стратегик сиёсий - ҳарбий вазифаларни ҳал этиш учун ташкил этилган ҳарбий - маъмурий тузилма эди. Кейинчалик бу ният Қўқон хонлигини тугатиш ҳамда Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги устидан протекторатни ўрнатиш жараёнида ўз тасдиғини топди. Шуни қайд этиб ўтиш керакки, аҳолини кўчириш амалиётининг айни биринчи босқичида Каспийорти вилоятида - биринчидан, Россиянинг ўлкадаги ҳукмронлигини намойиш қилиш, иккинчидан рус қўшинларининг орқа томони хавфсизлигини таъминлаш, мумкин бўлган исёнларнинг олдини олиш лозим бўлган казакларнинг, рус аҳолисининг ўлкадаги сонини кўпайтиришга интилиш юзага келди ва ҳукумат томонидан фаол рағбатлантирилди. Таъкидлаш жоизки, Россия империясининг бу Каспийорти областига аҳолини кўчириш сиёсатининг дастлабки йиллари кўчириб келтирилган казакларга, русларга энг кўп қулайлик яратиб бериш, уларнинг сонини кўпайтириш давригина бўлмай, балки, кейинчалик такомиллаштирилган мустамлакачи маъмуриятнинг асосий ҳарбий-сиёсий ва бошқа тузилмаларини вужудга келтиришнинг ташкилий жиҳатдан якунланиш даври ҳам бўлди. Ўрнатилган ҳокимият тизими аслида Туркистонда - Каспийорти вилоятида юзага келган вазиятни акс эттирарди: Россия империяси улкан ҳудудларни босиб олган, туб аҳолига ҳар қандай зуғум ўтказиш учун ва унинг устидан назорат қилиш учун етарли имкониятларга эга бўлган эди. Каспий денгизи орқали охирги областга ва Россиянинг таъсир доирасида бўлган Шимолий Эрон ҳудудига метрополиядан аҳолини кўпроқ кўчириш мақсадида ҳамда туркманларни батамом бўйсундиришни кўзлаб империя раҳбарияти бу областни Кавказ ноиблигининг таркибига (1882 й.) ўтказди. Шу билан бирга 1868 йилда Бухоро амири ва Хива хони (1873й) ташқи, қолаверса, ҳарбий сиёсатда ҳуқуқларини, имкониятларини Россия томонидан чекланган битимларни имзолашга мажбур этилди. Бу хусусият минтақада Россиянинг ҳарбий-сиёсий ва иқтисодий мавқеини мустаҳкамлашга омил бўлди. Ўрта Осиёда, хусусан, Туркистонда - шунингдек, Каспийорти вилоятида ўз ҳукмронлигини ўрнатиш туфайли Россия, Хитой ва Эрон билан янги чегараларга эга бўлди, бевосита Афғонистон чегараларига чиқиб, Амударё ҳарбий флотилиясини, Кушка, Термиз ҳарбий гарнизонларини ташкил этиб, Буюк Британиянинг бу минтақалардаги манфаатларига, режаларига қаршилик қилиш шароити вужудга келтирилди. Шу ҳарбий-сиёсий муваффақиятларга таянган ҳолда, келажакда Туркистон ва Бухоро амирлиги, Хива хонлиги бозорлари, табиий бойликларидан, туб аҳолининг арзон меҳнатидан империя манфаатларида фойдаланишни вазият тақозо қилса, аскарларни, қурол - аслаҳаларни тез ва кўплаб етказишни кўзлаб Россия ҳукумати минтақада темир йўл ўтказиш ишларини 7-8 йил мобайнида амалга оширди. Натижада, 1887 йилда Красноводск - Ашхобод - Қизил Арвот темир йўли Самарқандгача етказилди. Бу йўлга Каспийорти ҳарбий темир йўли номи берилгани ҳам унинг асосий вазифасининг моҳиятини кўрсатар эди. Мазкур темир йўл Россия ҳарбий вазирлигининг режаларида жуда муҳим ҳисобланганлигини қуйидаги ҳужжатлардан ҳам англаш мумкин. Туркистон генерал-губернатори томонидан 1888 йил 23 июлда “Чоржўй ва Бухоро темир йўл станциялари яқинидаги хўжаликларни бошқариш ва поселенияларни ободонлаштириш қоидалари ” тасдиқланиб, бу қоидаларга биноан ҳудудларда бошқарув ва назорат Чоржўй ҳарбий бошлиғи зиммасига, Бухоро темир йўл станциясида унинг яқинидаги поселенияларида эса бу вазифалар Россиянинг бу ердаги сиёсий агентлигининг зиммасига юклатилди; иккинчидан, мазкур станцияларда ва уларнинг яқинида маҳаллий аҳоли яшаши ҳамда бевосита темир йўлда ишлаши мумкин эмас эди59. Кейинчалик, Туркистон маъмурияти Фарғона вилоятидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, энг аввало, пахтани, ипакни, меваларни, ҳамда минерал хом ашёни Россияга кўпроқ ҳажмларда тезроқ олиб чиқиб кетиш ва метрополиядан тайёр маҳсулотни, қўшинларни, кўчмоқчи бўлган аҳолини ўлкага етказиш мақсадида Оренбург - Андижон темир йўлини ўтказишга муваффақ бўлди. Туркистон сиёсий ва иқтисодий ҳаётидаги энг муҳим вилоятларидан бири бу Каспийорти вилояти бўлиб, у Россия империяси томонидан 1881 йил таъсис этилган маркази Ашхобод шаҳри бўлган маъмурий бирлик ҳисобланган60. Немис тадқиқотчиси G.Krahmer Каспийорти вилоятига доир тадқиқотлар олиб борган61. Яна бошқа бир тадқиқотчи Berhard Stern Ашхабод шаҳри ҳақида қуйидаги фикрларни келтирган: "Ашхобод аҳолиси 10 000 кишини ташкил этади. Унда тошдан қурилган бинолар, казармалар, шифохоналар, озиқ-овқат магазинлари, бой бозорлар мавжуд бўлиб, савдо-сотиқ ривожланган гавжум шаҳар. Ашхабодда битта китоб нашриёти, суратхона, жуда кўп миқдорда ҳунармандларга тегишли дўконлар, баққоллик дўконлари ва ароқ сотиладиган дўконлар мавжуд бўлган"62. 1897 йилнинг маълумотига асосан Каспийорти вилояти аҳолиси 382.487 кишини (212.638 эркак ва 169.849 аёл) ташкил қилган, улардан 41.877 киши шаҳарлик аҳоли бўлган63. Каспийорти аҳолисининг уездлар бўйича тақсимланиши тенг бўлмаган(Қаранг: Илова №6). Каспийорти вилояти 5 уездга бўлинган(Қаранг: Илова №7). Каспийорти вилоятини бошқариш тўғрисидаги вақтли Низомнинг 3-моддасида ҳар бир уезд бошлиғи ўзи бошқараётган уезд ҳудудида яшаши лозимлиги кўрсатилган64. 1897 йилги рўйхат бўйича Каспийорти вилояти аҳолисининг миллий таркиби хилма-хил бўлган (Қаранг: Илова №8). Туркистон генерал-губернаторлиги ўзининг ташкил қилинган пайтидан бошлаб Россия ва Британия империяси манфаатлари тўқнашган Марказий Осиё минтақасида Россия империяси позициясини мустаҳкамлаш учун қулай майдон вазифасини ўтаган. Британия империяси ушбу ҳудуднинг иқтисодий ва ҳарбий экспансиясидан манфаатдор бўлиб, биринчидан, Британия империясининг минтақага Россиянинг ўрнашиб олишига қаршилик кўрсатиши Россия томонидан Ҳиндистонга бўлажак ҳужумнинг олдини олиш зарурати билан боғлиқ эди. Иккинчидан, Яқин ва Ўрта Шарқ, Ҳиндистон ва Хитойга Россия товарларининг йўлини ёпиш зарурати бўлган.Учинчидан, Британия империяси Ҳиндистонда ўрнашиб, Помир, Афғонистон ва Эронга ўз таъсирини кенгайтиришни мақсад қилган. К.П. фон Кауфмандан бошлаб барча генерал-губернаторлар ушбу ташқи сиёсий жиҳатни инобатга олганлар ва ўлка бошқарувида бу омил етакчи ўринни эгаллаган. 1906 йил 17 апрелдан эътиборан ўлкада бошқарувнинг умумимперия маъмурий тизимини жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилади65. Биринчи жаҳон урушига қадар Туркистон ўлкасини бошқарувидаги қатор ислоҳотлар тамойиллари ишлаб чиқилади, лекин амалга оширилмаган. 1917 йилдан кейинги жараёнлар инқилобий характерга эга эди. "Осиёнинг юрагида жойлашган ва ҳудудининг катталиги жиҳатидан Марказий Европага тенг келадиган ушбу мамлакат ер юзидаги энг серҳосил ва қимматбаҳо маҳсулотларга бой ҳудуд бўлиб, сўнгги йилларда, ҳозирча Россиянинг воситачилигида бўлса-да, Европа билан мулоқотга очилди"66. Немис сиёсий доиралари, айниқса, тадбиркорлари Туркистон билн иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор эдилар. Руслар бу ерларни эгаллашидан анча аввал улар ўз савдо фирмаларини очиб, Туркистонда кенг савдо-сотиқ ишларини йўлга қўйганлар. Немис тадбиркорларини Туркистон фойдали қазилмалари ҳамда шифобахш ўсимликлари жуда қизиқтирган. Ушбу тадбиркорлар уларни сотиб олиб Германияга жўнатганлар. Немис фармацевт тадбиркорларининг ичида энг машҳури Драгендорф бўлган. Фойдали қазилмалар ичида озокерит (тоғ табиий муми) га талаб катта бўлган. У немис фирмалари томонидан сотиб олиниб Боку ва Боруми орқали Германияга юборилган. 1912 йилда озокерит қазиб олиш билан фақат битта Люборад фирмаси шуғулланган. 1913-1914 йилларда Люборад билан бирга Фейсфлог, Бахши-Бахшиев фирмалари ҳам озокерит қазиб олишган67. Архив ҳужжатларининг гувоҳлик беришича, Каспийорти областининг 1892 йилдан бошлиғи бўлган генерал-лейтенант А.Н.Куропаткин Каспийорти ҳарбий темир йўлида ишлаш учун ва област ҳудудида яшовчи туркман, қорақалпоқ, ўзбек деҳқонларидан, чорвадорларидан тортиб олинган ерларда жойлашиб, хўжалик юритишлари учун кўплаб рус аҳолини келтиришга катта аҳамият берган. Гап шундаки, Туркистоннинг бошқа областларига нисбатан бу областда иқлим ва яшаш шароитлари (жазирама, иссиқ, қумли шамоллар, сувсизлик, аҳолининг мустамлакачиларга нафрати ва ҳ.к.) анча ноқулай эди. Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, 1892 йилда Каспийорти областида содир бўлган вабо эпидемияси шаҳарларда, балиқчилар посёлкаларида, темир йўл станциялари яқинида яшовчи рус казаклар Каспийорти областига эмас, балки Самарқанд, Сирдарё областларига, Амударё бўлимига қарашли ҳудудга кўчиришга ҳаракат қилишган эди. 68 Каспийорти областида генерал А.Н.Куропаткин бошлиқ бўлган йилларда бир қатор ташкилий, молиявий, ҳарбий чоралар ва Красноводск-Ашхобод-Самарқанд темир йўли ўтказилиши туфайли Россиядан ва Кавказдан аҳолини кўчириб келтириш, жойлаштириш амалиёти анча кенгайди. Рус аҳолисини жойлаштириш учун энг аввал Ашхобод уездининг ҳудуди танланди ва бу ерда яшовчи туркманларнинг аксарияти Шарқий Эронга, Марв, Иолатин уездларига кўчиришга мажбур қилинди. Кўчириб келтирилган ва ўзича кўчиб келган руслар XIX асрнинг 90-чи йилларида Козельское (Ванновский), Кулкулаб (Дмитриевка), Саратовское (1911 йилдан Самсоновское), Калтачинов (1896 йилдан Куропаткинский), Высокое (Обручевский) қишлоқ поселениеларини ташкил қилишди. Марв уездида Афғонистон чегараси яқинида, Кушка ҳарбий истеҳкомига қўшни сифатида Алексевское номли катта қишлоқ Эрон чегарасига яқин бўлган ҳудудда ҳам шу йилларда Крестовое (Теджен уезди); Красноводск уездида Петровский; Александровка, Аннековский, Никольский, Марв уездида Полтовское номли қишлоқлар пайдо бўлди. 69 Булардан ташқари, Туркиядан келган деярли 3 минг армани қочоқлар ҳам Каспийорти областида, асосан, Ашхобод уездига жойлаштирилди. Натижада 1897 йилда бу областда 4803 армани ва 11 мингдан кўпроқ руслар бор эди. 70 Мустамлакачи маъмурият, хусусан, генерал-губернатор К.П.Кауфман ўзининг Россиядан Каспийорти вилоятига кўчирилиб келтирилаётган аҳолининг сонини, ижтимоий ва миллий таркибини, сиёсий ишончлилигини назорат қиладиган бўлишди. Биринчи навбатда, хизмат муддатини ўтаб бўлган ҳарбийлар оилалари билан вилоятда доимий яшаб қолишларига рағбатлантирадиган чоралар белгиланди. 60-йилларнинг охири 70-йилларда, Фарғона вилоятига аҳоли, асосан, Астрахань, Харьков, Воронеж, айниқса, Оренбург, Самара губернияларидан кўчириб келтирилганлиги, уларнинг кўпчилиги қашшоқ бўлгани учун ҳукумат уларнинг кўчиши йўналиши манзилларини олдиндан аниқлашга қарор қилди.71 Айни маҳалда мазкур мезонлар тегишли равишда танлаб олингач, кўчишга тайёр бўлганларга ўтиш гувоҳномаси деб аталган ҳужжат берилиши ва шу ҳужжатга асосан уларнинг жойлашувида маъмурият кўмаклашиши назарда тутилганди. Бу тартиб ўзбошимчалик билан кўчиб келувчилар оқимини энг кам даражага етказиш учун йўлга қўйилганди, чунки улар кўчиб келган жойларида туб қишлоқ аҳолисининг ери, қорамоли ва ҳатто, уй-рўзғор буюмларини ҳам зўрлик билан тортиб олишарди. Гарчи ҳукумат бундай ҳодисаларга кўпинча эътибор бермаган бўлса-да, деҳқонларни оммавий ғалаёнларининг олдини олишни истаганди. Ундан ташқари Туркистон маъмуриятининг жойларда аҳолини кўчириш амалиётини тартибга солишга қаратилган чоралари доим ҳам самара баравермади. Бу борадаги масалаларни ҳал этиш йўлларини белгиловчи бирорта ҳам қонун - қоидалар то 1881 йилгача мавжуд эмас эди. Шу сабабли империя ҳукумати, мустамлака маъмурияти таклифи билан 1881 йил 10 июлда “Деҳқонларни бўш давлат ерларига кўчириш бўйича муваққат тартиб-қоидалар”ни тасдиқлади.72 Тадқиқот материалларининг кўрсатишича, XIX асрнинг охири XX асрнинг бошларида зўрлик билан тортиб олинган ҳудудлар кўчириб келтирилган рус аҳолини, 1915 йилдан бошлаб эса хорижий асирларни ҳам жойлаштириш учун фойдаланилган. Бу эса туб аҳоли учун ҳам жуда оғир бўлган. 1914 йил август ойининг охири сентябрь ойининг бошида Россиянинг ҳарбий ва ички ишлар вазирликлари Туркистон маъмурияти билан биргаликда Австро-Венгрия, Германия армияларига мансуб ҳарбий асирларни Тошкент, Самарқанд, Скобелев, Ашхобод, Қўқон, Андижонда жойлаштириш ва асирлар меҳнат билан бажариладиган ишларнинг ҳажми, турлари режалаштирилган эди.73 Чоризмнинг кўчирувчилик сиёсати буюк давлатчилик ва мустамлакачилик тамойилларига асосланганлигини Каспийортидаги йирик шаҳарларни рус ва “тузем” қисмларга бўлинишида ҳамда рус аҳоли яшаётган қисмда ободонлаштириш, бошқарув ишларига сарфланаётган харажатларни маҳаллий аҳолидан ундирилишида, маҳаллий ҳунармандлардан, ер эгаларидан, ўтроқ ва кўчманчи аҳолидан олинадиган турли солиқларнинг ҳажмини, савдогарлардан эса бож тўловларининг бир неча баробар оширилишида ҳам яққол намоён бўлган. Бундан ташқари, маҳаллий аҳоли мунтазам равишда ариқларни тозалашга, каналларни қазишга ва бошқа ишларни текин бажаришга мажбуран жалб этилар эди. Метрополиядан кўчиб келган аҳолига бир қатор имтиёзлар берилган бўлиб, маҳаллий аҳолининг завод, фабрикаларда, бошқа корхоналарда ишловчи (аҳолининг) вакилларига тўланадиган меҳнат ҳақи рус ишчиларига кўра 40-50 фоизга кам эди,74 айрим корхоналарда эса бу фақат 3-3,5 баробарга етган75. Хуллас, Туркистон генерал-губернаторлиги вилоятлари ва Каспийорти вилояти маъмурий-ҳудудий тузилишида табиий-географик омиллар муҳим ўрин эгаллаган. Мустамлака маъмурияти жой номларини руслаштирган бўлса-да, лекин географик омиллар бу масалада бирламчи турган. Россия империяси Туркистонни эгаллаб жаҳон сиёсий майдонида катта ғалабага эришди. Россия иқтисодий ҳаётида ҳам Туркистоннинг забт этилиши ижобий натижаларга олиб келди, чунки ўлканинг табиий бойликлари тўла-тўкис империя манфаатларига хизмат қила бошлади. Шунингдек, ўз навбатида, вилоятларнинг иқтисодий инфратузилмаси шаклланишида табиий-географик омиллар ҳал қилувчи аҳамият касб этган. Ушбу ҳолат ўлка вилоятлари маъмурий бошқарувининг характерини белгилаб берди. Хулоса қилиб айтганда, Туркистон ўлкасининг ажралмас қисми бўлган Каспийорти вилоятига аҳолини кўчириб келиш сиёсати империянинг стратегик режаларининг асосий қисми ҳисобланган. Бунда, аввало мазкур аҳоли ҳукуматнинг доимий равишда таянч кучи сифатида тан олинганлигини унутмаслик лозим. Download 360.98 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling