Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги навоий давлат педагогика институти
II. боб. Россия империяси томонидан Каспийорти вилоятига аҳолини кўчириш сиёсатини ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши (XIX асрнинг иккинчи ярми)
Download 360.98 Kb.
|
Завқиддин диссертация 28.02.2023
II. боб. Россия империяси томонидан Каспийорти вилоятига аҳолини кўчириш сиёсатини ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши (XIX асрнинг иккинчи ярми).II.I. Россия империяси томонидан Каспийорти вилоятига аҳолини кўчириш сиёсатининг дастлабки даврдаги хусусиятлари ва усуллари.Ватан тарихшунослигида “кўчириш сиёсати” яхши ўрганилишига қарамай, уни ҳар бир вилоят ёки минтақа шароитида алоҳида тадқиқ этиш мақсадга мувофиқдир. Чунки мустамлакачи ҳукумат вилоятларнинг хусусиятларидан келиб чиқиб, унга турли янгича усулларни жорий этган. Маълумки, Россия империяси Туркистон томон ҳарбий ҳаракатларини бошлаган XIX асрнинг 20-йилларидаёқ, Сибирь ва Урал казаклари қозоқ ва кейинчалик қирғизларнинг ҳудудларига мажбурий тарзда кўчирилган ва маҳаллий аҳолидан тортиб олинган ерларда жойлаштирилиши бошланган эди. К.П.Кауфманнинг фикрича, Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил қилинган вақтгача “Казакларга хўжалик жиҳатидан энг яхши ерлар берилган ва қирғиз, қозоқларнинг ҳуқуқлари, эҳтиёжларига эътибор берилмаган. Казаклар майда дарёчаларни ҳам ўз назоратига олиб, қирғиз, қозоқларнинг ерларига сувни бериш ёки бермасликни ҳал қиладиган бўлишди ва уларнинг ҳисобига асосан бой бўла бошлашди”1. Казакларнинг тез тайёр бўладиган ҳарбий куч сифатида инкор этмаган ҳолда Туркистон маъмурияти уларни кўчириб келтиргандан кўра крестьянлар, савдогарлар, саноатчилар кўпроқ келишларини фойдалироқ деб ҳисоблайди. Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилган даврга келиб 15 минг кишилик казаклар таркибида 324 нафар қўшиндан тамомила бўшатилган аскарлар орасида 205 нафар қалмиқлар бор эди2. Қалмиқлар насроний эмас эдилар. Бундан ташқари Красноводскка жойлашган рус армияси бўлинмалари билан биргаликда Астрахан ва Урал казаклари Каспий денгизининг туркманларга тегишли қирғоқларида қатор балиқчилик посёлкалари ташкил этдилар. Шунинг учун, гарчи Еттисувга, кейинроқ эса Каспийортига ҳам казакларни кўчириб келтириб жойлаштириш давом этган ва казаклар сафини крестьянлар, хизмат муддатини ўтаб бўлган, ўз оилаларини келтириб ҳамда гарнизондан ташқарида яшаш ҳуқуқига эга бўлган оддий аскарлар ва ҳатто, қалмоқлар ҳам тўлдирган бўлсада, 60-йиллар охирида Россия қўшинларининг Ўрта Осиё ичкарисига кириб бориш режалари билан боғлиқ равишда, беқиёс даражада бой бўлган ва аҳоли зич жойлашган янги ҳудудларга муайян табақалардаги рус аҳолисини кўчириб келтириш йўли билан ушбу ҳудуддаги ҳукмронликни таъминлаш мезонлари, тамойиллари ва шартлари империянинг олий доираларида тобора фаолроқ муҳокама этила бошланди. Шундай бўлса-да, чоризмнинг мустамлакачи сиёсати ҳамда амалиётида ҳарбийлашган казакларнинг роли сақланиб қолди. Бу ҳақда, аввало, Хитой билан чегарадош қозоқ ва қисман қирғиз ҳудудларига жойлаштирилганидан кейин казаклар шовинистик кайфиятдаги доимо тайёр ҳарбий ва полиция кучи бўлиб қолаверади; иккинчидан, Қўқон хонлиги ҳудудлари – (Пишпак, Марки, Авлиёота, Оқмачит, Чимкент)даги стратегик пунктларни бирлаштирувчи йўллар бўйлаб кўплаб казакларнинг станицалари ҳамда крестьянларнинг қишлоқларига асос солинди. Улар Туркистон ва вилоятларда, жумладан, Фарғона вилоятида, солиқ-ўлпон, катта ер майдонлари бериш, крестьянларни ҳарбий хизматдан 5 йилга озод қилиш каби имтиёзлар билангина эмас, балки озиқ-овқат, пул билан ёрдам кўрсатиш шартлари билан кўчирилганлар. Шунинг учун қашшоқ рус, украин крестьянларигина эмас, балки қалмоқлар, чўқинтирилган татарлар ҳам казакларга тенглаштирилиб жойлаштирилган. Бундай амалиёт аҳолини кўчириш тартиби, турли шартларини белгиловчи биринчи расмий қоидалар 1881 йилда қабул қилингунга қадар ҳукм сурди. Россия мартабали амалдорларининг Фарғона вилоятига аҳолининг қандай ижтимоий гуруҳларини кўчириб келтириш ёки келтирмаслик ҳақидаги мулоҳазалари моҳиятига кўра мустамлакачи, буюк давлатчилик эди. Генерал-губернатор К.П.Кауфман ҳисоботи лойиҳасида таъкидланганидек, “1864 - йилда илгари асос солинган казак ўтроқлари чегараларини юқори Иртишдан нарига, Иссиқкўл ҳавзасигача етказиш таклифи юзага келди. Ўша вақтдаги сиёсий воқеалар, айни дунганлар қўзғолони ҳамда шарқий Туркистоннинг Ёқуббек томонидан босиб олиниши биз мўлжаллаган ишнинг ҳарбий - стратегик жиҳатдан қўйилишига алоҳида муҳимлик бахш этарди. Чегарага одамларни кўчириб келтириш режаси батафсил ўйлаб чиқилганди: гап Бухтарма дарёсидан то Норин ўлкасигача бўлган чегара кенгликларида станицалар ва поселенияларнинг барпо этиш тўғрисида бормоқда эди”3. К.П.Кауфман бундай ёндашувга эътироз билдириб, бундай чораларни амалга ошириш “камида 1500 казак оилаларини” кўчиришга олиб келарди, бу эса вилоят (Еттисув –Б.З.) чегарасида янги икки казак полкини тузишга тенг бўларди,- деб таъкидлаганди. Илгари тузилган икки казак полки бўлгани ҳолда янги казак полкларини жойлаштириш кўчириб келтирилганлар билан туб аҳоли ўртасида муносабатларнинг янада кескинлашувига олиб келиши мумкин эди. Боз устига казаклар Туркистоннинг, Каспийорти вилоятининг ички минтақаларига кўчирилишга, бу ерда мўлжалланган рус давлатчилиги ва фуқаролигини жорий этишга, айниқса, ўлка, вилоят туб халқлари иқтисодиёти, маданий қадриятларини метрополия манфаатларига бўйсундиришга ярамас эди. 1865 йилда Оренбург генерал - губернаторлиги таркибига қўшилган Туркистон вилояти ташкил этилгач, айниқса, Тошкент шаҳри эгалланиб, вилоятнинг маъмурият марказига айлантирилгач, чоризмнинг кейинги босқинчилик режаларининг амалга ошиши яққол аниқ бўлиб қолди. Туркистонга энг аввало рус аҳолисини кўчириб келтиришнинг қоидаларини ва услубларини ишлаб чиқишда Ҳарбий вазирлик ва Ички ишлар вазирлиги, шунингдек, Россиянинг деҳқончилик ва ер тузиш бош бошқармаси империянинг бошқа идораларига қараганда кўпроқ иш қилдилар. Айни шу вазирликлар ва мазкур бош бошқарма Туркистонга метрополиядан насроний аҳолини имкон қадар кўпроқ кўчириш масаласи бўйича моҳиятига кўра бир-бирига яқин таклифларни асослаб беришган эди. Айни маҳалда Ҳарбий ва Ички ишлар вазирликлари мустамлакага айлантирилаётган минтақада, шунингдек, Ўрта Осиё хонликлари ва Бухоро амирлигидан тортиб олинаётган ҳудудларда Россия қўшинлари, полицияси, мустамлакачи маъмурият билан бир қаторда ҳамда туб аҳолининг сиёсий, ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан қаттиқ чеклаш шароитида бу ерда кўп сонли рус жамоасини ташкил қилиш чоризмнинг ҳамда Россия жамиятининг барча манфаатларига хизмат қилишини таъкидлагандилар. Мазкур вазирликларнинг шундай ёндашувларини 60-йиллар охири 70-йилларда империянинг ва мустамлаканинг кўплаб юқори мартабали амалдорлари қўллаб-қувватлаб, жиддий равишда тўлдиришган. 1867 йилда янги тузилган Еттисув ва Сирдарё вилоятларини ўз таркибига олган Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилгач,4 рус аҳолининг бир қисмини кўчириш сиёсатига ёндашув бўйича ўз мулоҳазаларини генерал - губернатор К.П.Кауфман ва Еттисув вилоятининг ҳарбий губернатори, генерал Колпаковский биринчи бўлиб изҳор этишган. Уларнинг таклифлари ўша вақтда қабул қилинмади, лекин Еттисув, Сирдарё кейинчалик Фарғона, Каспийорти ва Самарқанд вилоятларида 1881 йилгача ҳам метрополиядан асосан деҳқон аҳолисини кўчириб келтиришга мойиллик кучлироқ бўлган. Бироқ, рус деҳқонлари Туркистонда асосан ғалла етиштиришга интилгани сабабли улар пахтачилик ривожланган ҳудудларга, масалан Фарғона вилоятига, нисбатан камроқ келтирилган. Шуни ҳам қайд этиш жоизки, К.П.Кауфман 1867 йил июлда Туркистонга генерал - губернатор этиб тайинланиши арафасида “Еттисув ва Сирдарё вилоятларидаги бошқарув тўғрисида Низом” лойиҳасини кўриб чиқиш учун императорга тақдим қилганди. Бу лойиҳада ҳам кўчирувчилик масаласи қўйилган эди. Лекин бу вақтда рус қўшинлари Самарқанддан Бухоро томон ҳаракат қилаётгани, Красноводск томондан эса Хивага ҳужум қилиш мўлжалланаётгани сабабли, шунингдек, метрополиянинг ҳарбий режаларига Қўқон хонлигини босиб олиш, тугатиш ҳам киргани учун мазкур лойиҳа тасдиқланмаган эди. Генерал - губернаторга амалда чекланмаган ҳокимият берилган, бу эса унга ўлкани бошқариш, унинг тузилиши билан боғлиқ муаммоларни, шу жумладан, аҳолини кўчириб келтириш масалаларини ҳам ўз ихтиёрича ҳал этиш имкониятини берарди. К.П.Кауфман шундан келиб чиқиб, энг аввало, Сирдарё вилоятига кўчиб келган рус аҳолига зарур бўлиб қолганда ер сотиб олиш ҳам рухсат берилиши мумкинлигини белгилаган эди, лекин русларни асосан давлат ерларига ҳамда туб аҳолидан тортиб олинган ерларга жойлаштириш кўзга тутилганди. “Зарафшон округини бошқаришнинг Муваққат қоидалари” лойиҳаси (1868 й) ҳамда “Туркистон ўлкасини бошқариш тўғрисида Низом” лойиҳасида (1871 й) ҳам генерал - губернаторнинг шундай ёндашувлари акс этганди. Маркази Семипалатинск шаҳри бўлган Дашт генерал-губернаторлиги 1882 йил 12 майда тузилиши муносабати билан Дашт ҳамда Туркистон генерал-губернаторликлари учун “Низом”ларнинг тугал вариантларини икки йил мобайнида ишлаб чиқишга қарор қилинди. Бироқ бундай ҳужжатларни ишлаб чиқишдаги ҳақиқий қийинчиликлардан кўра кўпроқ Туркистон учун ҳарбий-маъмурий ҳийла-найранг туфайли ҳам “Бошқарув тўғрисида Низом” 1886 йил 12 июн, Дашт генерал-губернаторлиги учун эса 1891 йил 25 мартга келибгина тасдиқланди. Шунинг учун ушбу “Низом”лар қабул қилинишига қадар Туркистонга тадбиқан кўчириш сиёсати ва амалиёти масалалари ҳарбий вазирлик, деҳқончилик ва ер тузиш бош бошқармаси ҳамда Туркистон маъмурияти томонидан ҳал қилиниб келинди. Шу билан бирга вилоятлар ҳарбий губернаторлари, Зарафшон округи Амударё бўлими бошлиқлари ҳам бу борада катта роль ўйнашган. Дашт генерал-губернаторлигида эса бу масалалар империя Ички ишлар вазирлиги, ундан сўнг генерал - губернатор ихтиёрида бўлганди. Чунончи, генерал К.П.Кауфман Петербург ҳукуматига ҳамда қарамоғида бўлган ўлка маъмурий органларига ўзининг хўжалик жиҳатидан мустаҳкам россиялик деҳқонларни, кўпроқ православ русларни кўчириб келтиришга йўл бериши борасидаги ниятини дарҳол билдирди. У, шунингдек, казакларни Еттисув вилоятига, кейинроқ эса Каспийорти вилоятига ҳам, фақат қисман, чекланган кўламда кўчириш мумкин, деб ҳисоблаганди. Генерал-губернаторнинг 60-йиллар охири 70-йиллар бошидаги позицияси янги ҳудудларга кўчишга кўпроқ ислоҳ қилинган Россия қишлоқларида арзон иш кучини ташкил қилувчи ҳамда ривожланаётган саноат ишчилари сафини тўлдираётган ерсиз, қашшоқ деҳқонлар мойиллигини билган ва шунинг учун уларнинг кўчишига тўсқинлик қилишга ҳаракат қилган ҳукуматнинг позициясига кўп жиҳатдан яқин эди. Ўша пайтдаги империя вазири П.А.Валуев шу муносабат билан кўчириш ишига жуда эҳтиёткорлик билан ёндашиш зарурлигини, “ҳукумат қишлоқ аҳолисининг ер билан бир бор таъминлагач, бундай ишни давом эттиришга ҳамда қимматли давлат ерларини муваққат ва тасодифий эҳтиёжларини қондириш учун бераверишга ўзини мажбур деб ҳисобламаслиги”ни таъкидлаганди5. Бироқ ўзбошимчалик билан кўчиб келганларнинг асосий қисми айнан хонавайрон бўлган, қашшоқлашган деҳқонлардан иборат эди. Боз устига Россия ҳукумати 1861 йилги ислоҳотни охирига етказа олиш мушкуллиги аниқ эди, саноат эса янги иш жойлари етарли миқдорда вужудга келадиган даражада кўп тармоқли ва ривожланган эмасди. Натижада юз минглаб деҳқонлар ўзлари расман жўнатилган Приморьега ва жанубий Уссурия ўлкасига эмас, балки ортиқча харажатларсиз жойлашиб олиш мумкин, деб ўйлаган Туркистон ўлкасига - жумладан, Каспийорти вилоятига қараб интилдилар. Ҳосилсизликдан кўп азоб чекаётган Астрахань, Воронеж, Оренбург, Самара ва Харков губернияларидан Фарғона вилоятига айниқса, кўплаб камбағал крестьянлар кела бошлаганди. Туркистон маъмуриятининг ўзбошимчалик билан кўчиб келганларни дастлаб белгиланган жойларга жўнатиб юбориш борасидаги ҳаракати кўпинча самара бермасди. Натижада анча мураккаб вазият юзага келарди, чунки аҳолиси зич жойлашган ва асосан деҳқонлардан иборат бўлган Туркистонда - Фарғона вилоятида мустамлакачи идоралар ва кўчиб келган рус деҳқонлари ерларни ўзлаштириш билан шуғулланмас, шу сабабли, ҳатто туб аҳоли, шу жумладан, кўчманчи аҳолидан ҳам ер аёвсиз тортиб олинган ҳолда ҳам ташкилий равишда кўчириб келтираётган русларга бўлиб бериш учун етарлича ер захираси мавжуд эмасди. Натижада рухсатсиз кўчиб келганлар эса туб деҳқонларнинг ерларини зўрлик билан тортиб олиб жойлашишарди. Бундай аҳвол Каспийорти вилояти деҳқонларининг ғазабини қўзғатибгина қолмай, жисмоний қаршилигини ҳам юзага келтириши тайин эди. Натижада 60-йилларнинг охири - 70-йиллар бошларида ана шундай ҳодисалар юзага чиқа бошлади. Мустамлакачи маъмуриятнинг айрим амалдорлари кўчириб келтирилган русларнинг қўпол ўзбошимчалигининг олдини олиш, бу ҳодисанинг ижтимоий-сиёсий оқибатларини юмшатиш мақсадида маҳаллий аҳолининг қўлидан кетган ер - мулк ўрнини имкон қадар босишни таклиф қилганди, метрополиядан деҳқонларни кўчириб келтиришни бир мунча меъёрида ва пухта ташкил этишга ҳаракат қилганди. Масалан, Еттисув вилоятининг ҳарбий губернатори генерал Колпаковский 1867-1873 йилларда “Туркистон ўлкасини бошқариш тўғрисида Низом”ни ишлаб чиқишда шу маънодаги таклифларни киритганди.6 Бироқ бундай таклифлар туб аҳолига ён босувчи ҳаддан ташқари либерал таклифлар сифатида баҳоланганди. Масалан, Туркистон ҳарбий округи штаби бошлиғи шу муносабат билан: “Бизнинг ишимиз - энг аввало руслар, миллий -рус манфаати эканлигини... қирғизлар (барча туб деҳқонлар шундай аталган –Б.З.) банд қилиб турган ерлар уларнинг эмас, балки давлатнинг мулки эканлигини ахир бир кун ошкора тан олишимиз керак-ку. Рус қишлоқларининг барпо этилиши ҳам Оренбург даштида кўчманчиларнинг энг яхши жойларида ёки қишлов жойларида бунёд этилган истеҳкомлар қурилиши сингари давлат заруриятидир... Рус ўтроқ унсурлар уларни ўлкадан сиқиб чиқариш ёки умуман кўчириб юбориши лозим (таъкид бизники-Б.З.)”-деганди7. Генерал - губернатор ҳам ҳарбий округ бўйича ўз ўринбосарининг бу фикрига, аслида, қўшилганди. Бинобарин, рус амалдорларининг туб аҳолига нисбатан бедодлиги Туркистонга, кейинчалик Дашт ўлкасига ҳам кўчириб келтирилган рус, украин, белорус крестьянлари учун ибрат бўлган эди. Метрополиядан кўчиб келганларнинг маҳаллий аҳолига нисбатан қилган бебошликлари, хусусан, энг яхши ерларни деҳқонлардан, яйловларни кўчманчилардан тортиб олиш эди. Маъмурият томонидан оқибатсиз қолдирилганлигининг сабабларидан бири шунда эдики, туб жой аҳолига қарашли ерларни давлат тасарруфига ўтказиш ҳақида қонунлаштирилган қоидалар 80 - йилларгача бўлмаган. Илк бор қоидалар, улар ҳам вақтинча бўлган ва фақат 1881 йил 10 июлда, “Крестьянларни бўш давлат ерларга кўчириш вақтинча қоидалар”8 қабул қилинди. Кўчирувчиларга уларнинг чиқиш жойидан йўл ҳужжати бериш бўйича 70-йиллар бошида жорий этилган мажбурий тартибга нописандлик билан қаралиши кўчиб келаётганлар, айниқса, ўзбошимчалик билан берухсат кўчиб келаётганлар орасида камбағалларнинг салмоғи катта бўлишига олиб келди. Кўчириб келтирилувчилар таркиби қуйидаги асосий тоифалардан: Хизмат муддатини ўтаб бўлиб, бу ерда катта имтиёзлар эвазига қолган аскарлардан; уларнинг кўпчилиги оила бошига 7 десятинадан ер олиб, уни ерсиз деҳқонларга тенг шерикчилик асосида ижарага берарди; 1861 йил ислоҳоти оқибатида қашшоқлашган, дастлаб Приморье, Сибирга, бошқа минтақаларга жўнатилган, лекин у ёқлардан Туркистонга ҳамда Дашт ўлкасига рухсатсиз кўчиб келган деҳқонлардан; ташкилий равишда, йўл ҳужжатлари асосида кўчиб келган, шу сабабли янги жойда етарли миқдорда ер билан таъминланган, ҳарбий хизматдан, солиқлар ва тўловлардан 3-5 йилга озод қилинган крестьянлардан иборат эди. Шуни ҳам қайд этиб ўтиш лозимки, Туркистон эндигина мустамлакага айлантирилаётганда Еттисув ва Сирдарё вилоятларида рус армиясида хизматини ўтаб бўлган аскарларнинг, метрополиядан кўчиб келган крестьянларнинг ҳар бир эркак нафарига 30 десятинагача ер берилган. Янги кўчиб келган крестьянлар барча солиқ ва тўловлардан озод қилинган. Бундан ташқари, моддий ёрдамга муҳтож бўлган крестьянларнинг ҳар бир оиласига 100 рубл узоқ муддатли қарз (ссуда) берилган эди9. Қатъий қоидалар ва маҳаллий аҳолини кўчиб келаётганларнинг зулмидан ҳимоялаш чоралар бўлмаган шароитда 1864-1881 йилларда Еттисувга деярли 40 минг казаклар ва рус крестьянлари,10 1865-1881 йилларда Сирдарё, Зарафшон округига ва Амударё бўлимига11 95 мингдан кўпроқ рус крестьянлари ва шаҳар камбағаллари кўчириб келтирилди. Ундан ташқари ўлкада 50 мингдан ортиқ аскарлар жойлашган эди, шулардан 15 минг киши Каспийорти областида ва Чоржўйда, янги Бухорода эди12. Россиядан кўчириб келтирилганларнинг деярли ҳаммаси, баъзи истиснолар билан, туб аҳолига, айниқса, қишлоқ аҳолисига нисбатан буюк давлатчилик-шовинистик муносабатда бўлган. Боз устига, метрополиядан кўчириб келтирилганларнинг немислар ва насроний сектантлардан бошқа, ҳаммаси жанговар милтиқлар билан таъминланган. Айниқса, иккинчи тоифага киритилганларнинг аскарияти ўзини ёвузларча ва сурбетларча тутганлиги маълум. Шуни таъкидлаш лозимки, ноқулай ерларга жойлаштирилган насронийлар секталарининг мухлислари - меннонитлар, баптистлар ва бошқалар туб аҳоли билан анча чиқишиб яшасада, ҳарбий мажбуриятдан озод қилиш, эътиқод эркинлигини кафолатлаш ва ҳоказо талаблар билан мустамлакачи маъмуриятга анча ташвиш келтиришган. Бироқ, асосан немислардан иборат бўлган меннонитлар оммаси Америкага жўнаб кетиб, кейин Россияга қайтиб келишга мажбур бўлганлиги учун уларнинг талаблари рад этилган. Шундай бўлсада, империя ҳукумати меннонитларга (немисларнинг бир диний айирмачи оқими) жойлашишда анча енгил шароит яратиб берилишини ваъда қилиб Фарғона вилоятига кўчишни таклиф қилган. Шундан кейин, 1879-1882 йилларда юзлаб немис оилалари бу ўлкага кўчиб кела бошлади. Айни маҳалда берухсат кўчиб келганлар маҳаллий аҳоли орасида ўғрилик, талончилик билан шуғулланишига, ҳатто берилган ер майдонида меҳнат қилишни хоҳламаганлигига қарши тегишли чора кўрилаётган шароитда Россиядан Каспийорти вилоятига кўчиб келувчилар оқими кучайиб борди. Бироқ, рус крестьянлари Каспийорти вилоятидан ҳеч қаёққа кетишмади. Боз устига, К.П.Кауфманнинг ҳисоботида таъкидланганидек, 80-йиллар бошида Туркистонга Россиядан кўчириб келтирилганлар анча зич жойлаштирилди ва “бу ерда руслар яшайдиган жойлар орасида ҳозир (1882 йил боши ҳақида гап бормоқда, Б.З.) ярмини татарлар банд қилган кичик шаҳарчаларгина ва казакларнинг Сибирнинг ярим дайди аҳолиси яшайдиган якка-дуккам станцияларгина эмас, балки баракотли ўлканинг кенг даштларида фаровон бўлиб камол топаётган крестьянлар қишлоқлари ва жамоалари кўзга ташланади”13. Шу билан бирга мустамлакачи маъмурият метрополиянинг ҳарбий - сиёсий ҳамда иқтисодий манфаатлари (энг аввало, пахта етказиб беришни кўпайтириш) кўчириб келтирилган русларнинг ушбу мустамлакалардаги Россиянинг ҳукмронлигини янада мустаҳкамлашига хизмат қилувчи расмий ҳужжатлар қабул қилинишини талаб этади, деб ҳисоблашарди. Империя шу мақсадда 1881 йил 10 июлда “Крестьянларни бўш давлат ерларига кўчириш тўғрисида муваққат қоидалар”ни тасдиқлади14. Илк бор қабул қилинган бу қоидалар, бўш ерлар деярли йўқлигига қарамай, метрополиядан мустамлакаларга кўчиб келувчилар оқими кўпайишига сабаб бўлди. Крестьянлар қатори шаҳар камбағаллари ҳам кўчиб келиши кучайди. Айни маҳалда ўзбошимчалик билан кўчиб келувчилар сони ҳам ортди, бу эса минтақада, айниқса, туб аҳоли учун ижтимоий - сиёсий вазиятни жиддий равишда кескинлаштириб юборди. Масалан, маҳаллий ҳунармандчиликни қисиш, деҳқонларга нисбатан зўравонлик, адолатсизлик кучайди. Боз устига, 1881-1883 йилларда Шарқий Туркистондан Еттисув ва Фарғона вилоятларига (Россия билан Хитой ўртасида 1881 йил 12 февралда тузилган битимга биноан) 60 мингдан зиёд уйғур ва дунган қочоқлари кўчиб келди15. Империя ҳукумати ва мустамлакачи маъмуриятнинг уларга муносабати, гарчи Хитой ҳукумати қочоқлар учун контрибуция ёки товон тарзида Россияга 9 миллион рубль тўлаган бўлсада, Россиядан кўчириб келтирилганларга бўлган муносабатга қараганда бутунлай бошқача эди. 1881 йил кузида К.П.Кауфман бетоблиги даврида Туркистон генерал-губернатори вазифасини бажарган генерал Колпаковский хитойлик қочоқларнинг оғир аҳволи ҳақида Вернийда қуйидаги хабар берилган эди: “Халқ бечораҳол ва бола-чақаси оз. Ҳатто биттадан от ёки буқа бўлсада, ҳаммасида ҳам йўқ. Айримлар фақат битта эшак миниб келишган”16. Бироқ ҳукумат уйғурлар ва дунганларга оз ёрдам кўрсатибгина қолмай, уларни тарихий ватанларига қайтишга даъват ҳам қиларди. Қочоқларга ёрдам ҳам туб аҳоли ҳисобидан кўрсатиларди, чунки қочоқлар уларнинг ерига жойлаштирилган ва шу ерда хўжалик юритардилар. Юқори маъмуриятнинг фикрича, мусулмон қочоқларнинг жойлашишига, тирикчилик юритишига маҳаллий аҳоли жон куйдириши керак эди. 80-йилларнинг бошида Россия ичида ижтимоий-сиёсий вазият сезиларли даражада ёмонлашди ва унинг жаҳон майдонидаги, биринчи навбатда Европадаги мавқеи заифлашди. Зеро, Россия Европадаги бир қатор мамлакатлар орқали АҚШдан пахта толасини келтирарди. Шу боис Туркистон иқтисодиётини эксплуатация қилишни кучайтириш ҳамда Россия фуқароларининг ҳукмрон мавқеини метрополиядан кўчириб келтириладиганларнинг таркиби ва сони мустамлакачилик мақсадларга янада самарали хизмат қилишига эришишга мажбур этарди. Гарчи бу давлат ерлари бўлмаган ва маҳаллий деҳқонлар кам ерли, анчаси эса умуман ерсиз бўлган чоғда бу ерга Россиядан крестьянларни кўчириб келтириш учун янги ерларни ирригациялаб ва мелиорациялаб кенг ўзлаштириш, саноат, транспорт, йўл қурилишини ривожлантириш зарурлигини Туркистон маъмурияти ҳамда империянинг ҳукмрон доиралари яхши билишсада, 1883 йилдан бошлаб империя ҳукумати метрополиядан мустамлакага аҳолини кўчириш бўйича янги қоидаларни жорий этди. Бу қоидага мувофиқ, бундан буён православ эътиқодидаги русларгина Туркистонга кўчиб келишга рухсат бериладиган бўлди. Бошқа одамлар кўчиш учун ҳукумат органларидан рухсат олишга мажбур эди. Янги жойда ҳар бир рус оиласига 9 десятина (10 гектарга яқин) ер ажратилиб, солиқлар, ўлпонлар ва ҳоказолар бўйича жиддий имтиёзлар берилганди17. Бундай кўчириш амалиётида илк бор 1883 йил қоидаларига мувофиқ ҳар бир қишлоқдаги кўчиб келганлар умуман яйловдан фойдаланиши, ҳайдалма ер бўлаги эса 10 йилдан кейингина, шунда ҳам бу ердан қишлоқ хўжалик маҳсулотини етиштириш учун ҳар йили фойдалансагина, кўчиб келганлар мулкига айланиши назарда тутилган18. Бу пайтига келиб қишлоқ аҳолисининг ҳамда Сибир, Оренбург казакларининг бир қисмини Каспийорти вилоятига кўчириш бўйича аввал белгиланган миқдорий кўрсаткичлар ошириб бажарилган эди. Бироқ янги босиб олинган ҳудудларни, жумладан, Кавказ ноиблигига бўйсундирилган Каспийорти вилоятини ташкил қилган (1882 йил) туркман ерларининг кенгайтирилиши ҳам, Россиянинг ички ижтимоий-иқтисодий муаммолари ҳам, империя ҳукуматининг экспансиячилик ҳаракатлари ҳам улар томонидан қатор жиддий маъмурий ва сиёсий чоралар қўлланилишининг олдиндан белгилаб берди. 1883 йилда, фақат ҳарбий-сиёсий ҳукмронликни мустаҳкамлаш мақсадидагина эмас, балки туб халқларни маъмурий-ҳудудий жиҳатдан пароканда қилиш, шунингдек, минтақанинг бойликларидан метрополия манфаатлари йўлида фойдаланишда Россиядан кўчириб келтирилганларнинг, айниқса, русларнинг ролини ошириш учун ҳам, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, Кавказ ноиблигига (маркази - Тифлис шаҳри) киритилган. Каспийорти вилоятининг ажратиб олинишидан ташқари, Туркистондан яна Еттисув вилояти ҳам ажратиб олиниб, Дашт генерал - губернаторлиги таркибига киритилди. Чиндан ҳам, 80-йилларнинг биринчи ярмида Туркистоннинг турли қисмларига Россиядан кўчириб келтирилганларни алоҳида-алоҳида жойлаштириш амалиёти унумлироқ чиқди ва мустамлакачи маъмурият боғлаган умид тўла оқланди. Империя ҳукумати 1881-1885 йилларда Туркистон шаҳарларини боғлайдиган йўллар бўйлаб рус қишлоқлари барпо этишга катта аҳамият берганди. Бу жойда ер, энг аввало, истеъфодаги аскарларга ажратилар, улардан кейингина крестьянларга бериларди. Туб аҳоли ғалаёнлари, қўзғолонлари содир бўлган ҳолатларда бундай қишлоқлар фойда беради, деб тахмин қилинган19. Айни маҳалда Туркистонда Ф.К.Гирс (1881й), граф Игнатьев (1884й) томонидан олиб борилган тафтишлар Россиядан Туркистонга кўчириб келтирилганларнинг сони кўпайиши билан бирга туб аҳолига нисбатан уларнинг бедодлиги, ижтимоий ва миллий зулми кучайганини ҳам кўрсатди. Бироқ ҳукумат қабул қилган 1881 йилги ҳамда 1883 йилги аҳолини кўчириш қоидалари ўзбошимчалик билан кўчиб келишни тўхтатиш у ёқда турсин, ҳатто қисқартиришга ҳам ёрдам бермади. Империя ҳукумати аввалги йилларда рус аҳолини ва умуман славян аҳоли сонини кўпайтириш бўйича тажрибаси кўчиб келганларга бериладиган ер майдонлари энди кескин камайишига олиб келганини тушунардилар. Александр III томонидан 1886 йил 12 июлда тасдиқланган кўчириш бўйича узоқ муддатга мўлжалланган қоидаларда буларнинг барчаси ва айрим янги шартлар ҳам ўз аксини топганди. Бу қоидаларда, энг аввало, рус қишлоқ обивателларини (асосан ўрта ҳолларни) кўчирилишигагина йўл қўйиш ва шуни рағбатлантириш зарурлиги таъкидланган. Кўчириб келтирилган рус аҳоли суғорма деҳқончилик тажрибасини ёмон ўзлаштираётганликлари, ҳатто “буғдой сепилган ерни ... суғориш зарурлиги”ни уларнинг ақли бовар қилмаслиги, шу боис оила бошига 9 десятинадан ерга эга бўла туриб, ўз хўжаликларини яхши ривожлантирмаганликларни ҳисобга олиб, империя ҳукумати Туркистонга кўчириб келтирилган рус оилаларидаги меҳнатга яроқли ҳар бир ишловчи ходим ҳисобига 10 десятинадан ер ажратиш зарурлигини назарга тутган20. Рус крестьян оилаларида эса ишловчи ходимлар, яъни эркак шахслар, 3-4 кишидан бор эди. Бинобарин, шу қоидага мувофиқ, кўчириб келтирилган оила 20 десятинадан 40 десятинагача ер олиши мумкин эди. Бу эса Туркистон мустамлакага айлантирилган дастлабки йилларда Россиядан кўчириб келтирилганлар учун ажратилган ер майдонидан анча кўп эди21. Аввалги йиллардаги каби, 80-йилларда ҳам, Туркистон ва Дашт генерал-губернаторликларига кўчиб келаётган россияликлар орасида ўзбошимчалик билан келганлар 50 фоизни, баъзида эса ҳатто ундан ҳам зиёдни ташкил қилгани учун мустамлака маъмуриятнинг на уларни қайтариб юборишга, на жойлаштиришга қурби етмасди. Бироқ ҳукумат Туркистонга келиб қолганларнинг ортига қайтишини империя обрўсига путур етказувчи, унга йўл қўйиб бўлмайдиган ҳол деб ҳисоблади. Боз устига империя доиралари шарқий мамлакатларда, айниқса, Туркистонда, рус аҳолиси ҳиссасини янада кўпайтириб бориш ҳар томонлама фойдали эканлигига ишонардилар. Шу сабабли ҳукумат Сенати 1889 йил 13 июлда, 1886 йил 12 июндаги қоидаларда кўзда тутилганидек, фақат қишлоқ, обивателларини эмас, балки мешчанларнинг ҳам давлат ерларига кўчишига, шунингдек, 1889 йил 13 июлгача бўлган даврда Туркистон ва Дашт ўлкаларига кўчирилган барча рус деҳқонлари ва ҳунарманд кишиларни обивателлар ва мешчанлар табақасига қўшишга рухсат берувчи қонун қабул қилди. Шу пайтдан бошлаб кўчиб келаётган руслар оқими анча кучайгани қайд этилди. 1891-1892 йилларда эса Россиянинг бир қатор ички губернияларида рўй берган қурғоқчилик, оммавий очарчилик сабабли ўзбошимчалик билан рухсатсиз кўчиб келувчилар ҳам бор эди. Айни шу икки йил ичида Россиядан кўчиб келганлар томонидан Фарғона вилоятида 3 қишлоқ барпо этилди22. 1903 йилда Россия ҳукумати Туркистон ва Дашт генерал-губернаторликлари маъмуриятига “Қурол олиб юришга яроқли барча лаёқатли аҳолини, иккинчи ва учинчи навбатдаги имтиёзли казакларни ҳам истисно этилмаган ҳолда, бердан милтиқлари билан қуроллантириш”га рухсат берди. “Ушбу сўнгиларнинг хизматга чақиришда, сафарбарлик бўладиган ҳолатларда уларнинг милтиқлари қарияларни, кичик ёшли болаларни, жуда бўлмаганда, аёлларни қуроллантириш учун фойдаланилади”23. Туркистондаги ҳамда Дашт ўлкадаги халқ кўзғолонларидан жиддий ташвишга тушган, шунингдек, мазкур мустамлакалардан барча нарсани империянинг барча ички ва ташқи муаммоларини ҳал этиш учун охиригача фойдаланишга интилган Россия ҳукмрон доиралари провослав эътиқоддаги русларни, ҳамда Ички ишлар вазирлиги рухсати билан диний айирмачи (староотрядчи)ларни ҳам кўчириш ва жойлаштиришнинг янги қоидаларини яна ишлаб чиқди, император эса уларни 1903 йил 10 июнда маъқуллади. Тўғри, энди ҳар бир ишловчи одам ҳисобига ер бўлаги 3 десятинани ташкил этиши лозим эди; солиқ -ўлпон имтиёзлари ҳам қисқартирилганди24. Россия кўчириб келтирилганларни Туркистонга, жумладан, Каспийорти вилоятига жойлаштириш имтиёзлари кейинроқ, анча камайган бўлсада, барибир метрополиядан Ўрта Осиёга, айниқса, Каспийорти вилоятига аҳолининг кўчиб келиш ҳаракати кенгайиб борди. Чунончи, агар 1896-1902 йилларда Россиядан Туркистонга 45 фоиз, ўзбошимчалик билан, яъни йўл гувоҳномаларисиз кўчиб келган бўлса, 1906-1909 йилларда кўчиб келганларнинг ўртача сони йилига 500 минг кишидан ошиб кетди, шу жумладан, берухсат кўчиб келганлар 60 фоиздан зиёдни ташкил қиларди25. Шундай бўлсада, империя ҳукумати ва мустамлака маъмурияти ўлкага аҳолини кўчириш сиёсатини кучайтириш Туркистонни “Россиянинг ажралмас таркибий қисмига” айлантириш мақсадларига хизмат қилишга қатъий ишонган эди. Империянинг Туркистон, жумладан, Каспийорти вилоятига аҳолини кўчириш сиёсатининг дастлабки даврдаги хусусиятлари ва усулларини таърифловчи кўпгина ҳужжатли ва бошқа манбалар гувоҳлик беришича, Россия ташқи сиёсий, мустамлакачилик мақсадларини кўзлаб Ўрта Осиёда босқинчилик ҳаракатларини олиб бораётгандаёқ забт этилган ҳудудларга ҳарбийлашган казакларни ва рус фуқароларини имкон қадар кўпроқ кўчиришга турли имтиёзлар билан таъминлашга катта аҳамият берган эди. Бу масала Россиянинг ички губернияларидаги ижтимоий аҳволни енгиллаштириш вазифаси билан бевосита боғлиқ бўлмаган, чунки XIX асрнинг биринчи ярмида ҳам (қозоқ хонликларини йўқ қилиш, Қўқон хонлигига қарашли Сирдарёнинг қуйи қисмини босиб олиш вақтларида) кейинчалик ҳам минтақада забт этилган ҳудудларга энг аввал православ эътиқодига мансуб аҳолини кўчириш сиёсати империя ҳукмрон доираларининг геостратегик ҳарбий-сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва мафкуравий режаларининг таркибий қисми бўлган. Шу билан бирга, Туркистонни, Каспийорти вилоятини мустамлакага айлантириш ва бу ўлкада 50 йилдан ортиқроқ ҳукмронлик қилиш даврида ҳукумат метрополиядан аҳолини кўчириш сиёсатида турлича ёндашганлиги сабабли у ёки бу поғонада кўчирувчилик амалиёти ўзига хос хусусиятларга ва усулларга эга бўлган. Илк бор рус аҳоли, кейинчалик Туркистон области (1865 й), генерал-губернаторлиги (1867 й) таркибига кирган ҳудудларга XIX асрнинг 50-йилларида кўчиб келиб, жойлашишини бошлаган. Шуни ва аҳолини кўчириш масаласи бўйича биринчи қонун-қоидалар 1881 йилда қабул қилинганини назарда тутган ҳолда кўчирувчилик сиёсатининг дастлабки даври сифатида Туркистонга тадбиқан XIX асрнинг 60-80-йилларнинг бошланишини кўчиришнинг биринчи даври деб белгилаш мумкин. Мазкур даврда метрополиядан Каспийортига аҳолини кўчириш хусусиятлари ана шунда эдики, Каспийорти вилоятидаги Ашхабод, Қизилравот, Марв, Чоржўй каби шаҳарлари рус (янги) ва маҳаллий (эски) қисмларга бўлинди ҳамда шаҳарларни боғловчи йўллар бўйида казакларнинг станицалари, рус крестьянларнинг поселениялари барпо этилди. Каспийорти вилоятига Россиядан аҳолини кўчириш усуллари эса дастлабки даврда ҳам, кейинги вақтда ҳам деярли бир хил бўлган ва мустамлака маъмуриятининг ҳарбий-полициячи, буюк давлатчилик бошқарув тизимининг моҳияти билан белгиланган. Метрополиядан кўчиб келганлар эса, айниқса, казаклар ва русларнинг аксарияти, ўзларини бу ерда ғолиб мамлакатнинг вакилларидек ҳис этишган ва маҳаллий аҳолига нисбатан кўпинча қўпол муомала қилишган. Бундай таъриф биринчи навбатда казакларга, бошқарув ва ҳарбий-полиция органларидаги мансабдорларга ҳамда ҳеч қандай рухсатсиз ўзбошимчалик билан кўчиб келганларга таалуқлидир. Download 360.98 Kb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling