Ходимлар даромадларидан ушланмаларнинг ҳисоби. Ўзбекистон Республикасининг меҳнат ва солиқ қонунчилиги ҳужжатларига кўра ходимларга корхона ва ташкилотларда ҳисобланган даромадлардан турли ушланмалар амалга оширилади. Ушбу ушланмалар 2 турга, яъни мажбурий ва ихтиёрий ушланмаларга бўлинади.
Мажбурий ушланмалар деганда ходимларга ҳисобланган уларнинг даромадларидан қонун ва ижро ҳужжатлари асосида ушланадиган ушланмалар тушунилади. Уларга даромад солиғи, суд ижро ҳужжатлари асосидаги ушланмалар ва иш ҳақи бўйича олдиндан тўланган бўнак суммаси киради.
Ихтиёрий ушланмалар деганда ходимларнинг ҳисобланган даромадларидан уларнинг аризасига кўра ушланадиган ушланма ва тўловлар тушунилади. Уларга касаба уюшмалари, сиёсий партиялар, турли ассоциацияларга аъзолик бадаллари, ўзи ва фарзандларининг ўқиш ҳақлари учун тўловлар, олинган қарз ва кредитлар учун тўловлар, коммунал хизматлар учун тўловлар ва бошқа ушланмалар киради.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ (164-модда) иш ҳақини ҳар гал тўлаш вақтида ушлаб қолинадиган ҳақнинг умумий миқдори ходимга тегишли бўлган меҳнат ҳақининг эллик фоизидан ортиб кетмаслиги лозим.
Даромад солиғининг ҳисобланиши. Республикамизнинг Солиқ кодексига мувофиқ (386-модда) ишлаётган ходимлардан даромад солиғини белгиланган тартибда ушлаб қолиш ва ўз вақтида бюджетга ўтказиб бериш мажбурияти солиқ агентлари ҳисобланган корхоналар зиммасига юклатилган. Мазкур солиқ суммаси ушлаб қолинмаган тақдирда, солиқ агенти ушлаб қолинмаган суммани ҳамда у билан боғлиқ пеняни бюджетга тўлаши шарт.
Ходимлардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблаб чиқариш ва ушлаб қолиш учун иккита кўрсаткич асос қилиб олинади:
(1) солиқ солинадиган база;
(2) солиқ ставкалари.
Солиқ солинадиган база ходимнинг Солиқ кодексининг 371-377-моддаларида рўйхати келтирилган жами даромадидан ушбу кодекснинг 378 ва 380- моддаларида келтирилган солиқ солинмайдиган даромадлари ва солиқ имтиёзларини айириб ташлагандан кейин қолган қисмидан иборатдир.
Солиқ ставкаси – бу ходимларнинг солиқ солинадиган даромадларидан улар турлари бўйича белгиланган фоизлар.
Республикамизда 2019 йилнинг 1 январидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг табақалаштирилган ставкалари ўрнига ягона 12 фоизлик даромад солиғи, ходимларнинг фоиз ва дивиденд кўринишидаги даромадларидан 5 фоизлик даромад солиғини ундириш тартиби белгиланди. Ушбу солиқ ставкалари 2020 ва 2021 йилларда ҳам ўзгаришсиз қолдирилди.
Ходимлардан олинадиган даромад солиғи суммаси улар солиққа тортиладиган даромадларини белгиланган солиқ ставкасига кўпайтириш орқали топилади. Ходимлардан олинадиган даромад солиғининг ҳисоблаб чиқарилган суммаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жисмоний шахсларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига (ШЖБПҲ) ўтказиладиган ҳар ойлик 0,1 фоизлик мажбурий бадаллар суммасига камайтирилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |