12.3.Асосий фаолиятдан олинган бошқа даромадларнинг
ҳисоби
21-сон БҲМСга мувофиқ асосий фаолиятдан олинган бошқа даромадлар қуйидаги счётларда ҳ исобга олинади:
9310 “Асосий воситаларнинг чиқимидан олинган фойда” –бу пассив ва вақтинчалик счётда корхоналар ўзларининг асосий воситаларини сотишдан ва бошқа чиқимларидан олган фойдасини ҳисобга олишда фойдаланадилар. Счётнинг кредитида олинган фойда йил мабойнида тўпланиб боради. Ушбу фойда асосий воситаларнинг сотиш (бериш) қийматидан уларнинг қолдиқ қийматини ва сотишдан олинган ҚҚС суммасини айиргандан қолган суммадан иборат бўлади. Масалан, бошланғич қиймати 50 000 000 сўмлик, жамланган эскириш қиймати 30 000 000 сўмлик жиҳоз 34 500 000 сўмга сотилди дейлик. Сотишдан олинган ҚҚС суммаси ушбу ҳолда 4 500 000 сумни (34 500 000 *15/115), сотишдан олинган фойда суммаси эса – 10 000 000 сумни (34 500 000-20 000 000-4 500 000) ташкил қилади. Ушбу фойда суммаси дебет 9210 “Асосий воситаларнинг чиқими” счетда ва кредит 9310 “ Асосий воситаларнинг чиқимидан олинган фойда”счётида акс эттирилади. Йил якунида ушбу 9310- счётнинг кредитида тўпланган сумма унинг дебетига ва 9900 “ Охирги молиявий натижа” счетининг кредитига ёзилади ва шу асосда у ёпилади.
9320 “Бошқа активларни чиқимидан олинган фойда” - бу пассив ва вақтинчалик счётда корхоналар ўзларининг турли бошқа активларини, масалан материалларини, хўжалик инвентарларини, номоддий активлари ва бошқа активларини сотишдан ва бошқа чиқимларидан олган фойдасини ҳисобга олишда фойдаланадилар. Счётнинг кредитида олинган фойда йил мабойнида тўпланиб боради. Ушбу фойда бошқа активларнинг сотиш (бериш ) қийматидан уларнинг таннархини (қолдиқ қийматини) ва сотишдан олинган ҚҚС суммасини айиргандан қолган суммадан иборат бўлади. Масалан, таннархи 5 000 000 сўмлик материал 7 200 000 сўмга сотилди дейлик. Сотишдан олинган ҚҚС суммаси ушбу ҳолда 939 130 сумни (7 200 000 *15/115), сотишдан олинган фойда суммаси эса – 1 260 870 сумни ( 7 200 000 -5 000 000-939 130) ташкил қилади. Номоддий активларни сотишдан (беришдан) олинган фойда худди асосий воситаларни сотишдагидек топилади. Бошқа активларни чиқимидан олинган фойда суммаси дебет 9220 “Бошқа активларнинг чиқими” счетда ва кредит 9320 “Бошқа активларни чиқимидан олинган фойда”счётида акс эттирилади. Йил якунида 9320- счётнинг кредитида тўпланган сумма унинг дебетига ва 9900 “ Охирги молиявий натижа” счетининг кредитига ёзилади ва шу асосда у ёпилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |