12.1.Корхона даромадларининг турлари ва улар
ҳисобининг вазифалари
Корхоналар молиявий-хўжалик фаолиятининг муҳим кўрсаткичи бўлиб даромадлар ҳисобланади. Ушбу кўрсаткичнинг моҳияти, таснифи ва тавсифи, тан олиниши, счётлар тизими ва уларни юритиш тартиблари республикамизда қабул қилинган қуйидаги меъёрий ҳужжатларда атрофлича очиб берилган:
«Маҳсулот (иш, хизмат)ларни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида Низом».
БҲМС «Молиявий ҳисоботни тузиш ва тақдим этиш учун концептуал асос»
2-сон БҲМС «Асосий хўжалик фаолиятидан олинган даромадлар»
Ушбу меъёрий хужжатларга мувофиқ даромад деганда, умумий олганда, ҳисобот даврида корхона активларини қўпайиши ёки унинг мажбуриятларини камайиши тушунилади. Корхоналарнинг барча даромадлари 2-сон БҲМСда иккита катта гуруҳга, яъни асосий фаолиятдан олинган даромадлар ва асосий бўлмаган фаолиятдан олинган даромадларга ажратилган.
Асосий фаолиятдан олинган даромадлар деганда корхона уставида белгиланган асосий фаолиятдан олинган даромадлар тушунилади. «Маҳсулот (иш, хизмат)ларни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида Низом»га мувофиқ корхоналарнинг асосий фаолиятдан олинган даромадлари, ўз навбатида, қуйидаги икки гуруҳга ажратилади:
Сотишдан олинган даромадлар – буларга маҳсулот, товарлар, ишлар ва хизматларни сотишдан олинган тушумлар (акциз, ҚҚС ва экспорт бўйича божхона божидан ташқари) киради.
Асосий фаолиятдан олинган бошқа даромадлар – буларга корхонанинг асосий воситалари ва бошқа активларини сотишдан олинган фойда, ўндирилган жарималар, воз кечилган кредиторлик қарзлари, бепул келиб тушган активлар, инвентаризацияда аниқланган ортиқчалар, ТМБ ларни қайта баҳолашдан олинган даромадлар ва бошқалар киради.
Асосий бўлмаган фаолиятдан олинган даромадлар деганда бевосита асосий фаолиятга тааллуқли бўлмаган фаолият турларидан олинган даромадлар тушунилади. Бундай даромадлар Низомга мувофиқ молиявий фаолиятдан олинган даромадларга ва фавқулотдаги даромадларга бўлинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |