Бухгалтерия ҳисобининг таснифи ва тавсифи
Хўжалик юритувчи субъектлар бошқарув тизимида, уларнинг бизнес фаолиятини узлуксиз ривожланишида бухгалтерия ҳисобининг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.
Бухгалтерия ҳисобининг бош мақсади бўлиб иқтисодиётнинг қуйи бўғини ташкил қилувчи хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти, фаолият натижалари, мулки2, мулкни ташкил топиш манбалари тўғрисидаги ахборотларни қайд этиш, ҳужжатлаштириш, гуруҳлаш, жамлаш ҳамда бу ахборотларни тегишли бошқарув қарорларини қабул қилувчи фойдаланувчиларга етказиш ҳисобланади.
Бухгалтерия ҳисоби хизматларини кўрсатувчи ходимларнинг асосий вазифалари бўлиб юз берган хўжалик жараёнлари ва операцияларини ҳужжатлаштириш, уларни қайд этиш, тегишли счётларда гуруҳлаш ва жамлаш, ҳисоб маълумотларини ҳисоботлар кўринишида умумлаштириш, тузилган ҳисоботларни белгиланган тартибларда турли бошқарув органларига етказиш, шунингдек корхона фаолиятини дастлабки, жорий ва кейинги назоратларини олиб бориш, эришилган натижаларни таҳлил қилиш ҳамда келгуси даврлар учун молиявий режаларни тузиш ҳисобланади.
Халқаро таълимотда бухгалтерия ҳисоби унда шаклланадиган ахборотларнинг шакл ва мазмуни, уларни ким учун мўлжалланганлига қараб, иккита қисмга ажратилади. Булар: бухгалтерия молиявий ҳисоби; (2) бухгалтерия бошқарув ҳисоби.
Бухгалтерия молиявий ҳисоби - бу хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти, фаолият натижалари, мулки ва мулкни ташкил топиш манбалари тўғрисидаги молиявий характердаги ахборотларни йиғиш, қайд этиш, гуруҳлаш, жамлаш ҳамда уларни ички ва ташқи фойдаланувчилар ҳукмига тегишли шакл ва мазмунда тақдим этиш тизимидир.
Бухгалтерия бошқарув ҳисоби - бу хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти, фаолият натижалари, мулки ва мулкни ташкил топиш манбалари тўғрисидаги турли ўлчов бирликларидаги батафсил ахборотларни ички бошқарув сегментлари, яъни объектлар, субъектлар ва жавобгарлик марказлари кесимида йиғиш, қайд этиш, гуруҳлаш, жамлаш ҳамда уларни ички бошқарув органлари ҳукмига тезкор бошқарув қарорларини қабул қилиш учун мақбул шакл ва мазмунда тақдим этиш тизимидир.
Бухгалтерия молиявий ҳисоби ва бухгалтерия бошқарув ҳисобини бир-биридан фарқловчи тавсифлари қуйидагиларда ёрқин намоён бўлади (1.1-жадвал).
Do'stlaringiz bilan baham: |