5. Кўз, қўл ва юрак компонентли ФБларнинг эмоционал вазифаси
Ўзбек тили фразеологик хазинасидаги ибораларнинг катта гуруҳи фақат асосий маънони ифодалаб қолмасдан, балки сўзловчининг шодлиги, ғазаби, нафрати, ўкинчи, қўрқуви, кинояси, жирканиши сингари эмоционал муносабатларни ҳам ифодалаб келади. Масалан, кўз ёши тўкмоқ ибораси қаттиқ йиғламоқ маъносини билдиради ва кўпинча услубий жиҳатдан нейтрал саналади:
Қўй кўзи ёш тўкди маъраб,
Исён қилмади лекин
Кетаркан маъюс қараб
Раҳмат деб қўйди секин (Э.Воҳидов, 3-том, 82).
Шуниси эътиборлики, Ҳ.Олимжон шеърларида кўз ёши билан боғлиқ иборалар сони анчагина. Уларнинг аксарияти фақат шоир ижодига хос бўлган индивидуал ФБлардир: кўз ёши тўкилмоқ, кўз ёши кўл бўлмоқ, кўзда ёшлар жимжит қолмоқ ва бошқалар. Кўз ёши тўкилмоқ ибораси таркибида қон бўлиб ерга бирикмасини киритиб қўллаган шоир Ҳ.Олимжон “Чирчиқ бўйларида” шеърида муболаға санъати орқали ҳис-туйғуни кучайтириб тасвирлаган:
Ҳеч ажаб эмаским, Шарқнинг деҳқони,
Чирчиқ қурганларни кўргиси келса;
Ҳеч ажаб эмаским, сувни кўрганда,
Кўз ёши қон бўлиб ерга тўкилса.
Ҳ.Олимжон “Бўл омон” шеърида ҳам кучли эмоция уйғотувчи кўз ёши билан боғлиқ кўз ёши кўл бўлмоқ иборасини қўллаган. Муболаға санъатини юзага келтирган бу иборадан шоир унинг таркибини “қайтадан” сўзи ҳисобига актуаллаштириб, орзу -истак маъносини ифодалашда фойдаланган:
Бу онангнинг кўзда ёши
Қайтадан кўл бўлмасин,
Ёвни қувгил юртимиздан
Халқимиз қул бўлмасин.
Ҳ.Олимжон тасвирийликни кучайтириш мақсадида кўз ёши билан боғлиқ кўзда ёшлар жим-жит қолмоқ иборасини шакллантириб, унинг структур тузилишини тўрт компонентдан етти компонентга кенгайтирган. Метафоризация орқали шаклантирилган иборада ўхшатиш семасини “тоғлар каби”, сабаб семасини “ҳайратидан” сўзлари англатиб, мазмунни тўлдириш вазифасини бажарган:
Буюк эди ҳаттоки тошлар
Куйлаганда сеза олурди.
Do'stlaringiz bilan baham: |