Ўзбекистон республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги самарқанд давлат университети


Download 300.38 Kb.
bet34/44
Sana13.05.2023
Hajmi300.38 Kb.
#1456897
1   ...   30   31   32   33   34   35   36   37   ...   44
Bog'liq
РАШИДОВА УМИДА

6. Кўз, қўл ва юрак компонентли ФБларнинг экспрессив вазифаси
«Экспрессивлик» атамаси кўпинча, «эмоционаллик» билан қориштирилади, улар ўзаро синоним сифатида қўлланилади. Бунга академик А.Ҳожиевнинг «Тилшунослик терминларининг изоҳли луғати»да бу икки атамага берилган қуйидаги изоҳларни қиёслаш орқали ҳам тўла ишонч ҳосил қилиш мумкин: «Экспрессия (лот. expression – ифода)– нутқнинг таъсирчанлик хусусияти. Бу хусусият лексик, грамматик ва бошқа воситалар ёрдамида юзага келади» (ТТИЛ, 132). «Эмоционал-экспрессив бўёқ. Асосий маъно (мазмун)га қўшимча тарздаги эмоционал-экспрессив маъно» (ТТИЛ, 134). А.Абдуллаевнинг фикрича, «ФБлар яхлитлигича ёки компонентларидан бирининг кўчма маъноси асосига қурилган бўлади. Бинобарин, улар нутқда маълум стилистик мақсадлар, айниқса, эмоционал-экспрессив оттенкалар ифодалаш учун хизмат қилади. Тилда экспрессивлик ифодаловчи воситалар анчагина. Лекин фразеологизмлар бундай хусусиятининг ўзига хослиги билан ажралиб туради. Фразеологизмлар номинатив ва қўшимча оттенкаларнинг ажралмас бирлигидан иборат бўлган махсус нутқий фигуралардир. Уларнинг кўпчилиги нутқда маълум стилистик мақсадлар, айниқса, экспрессивлик учун хизмат қилади».81 ФБларнинг эмоционал ва экспрессив вазифасини яхлит ҳолда эмоционал-экспрессив вазифа дейиш ҳам мумкин. Чунки «тилда эмоциянинг ифодаланиши доим экспрессивдир, бироқ тилдаги экспрессия доим эмоционал бўлмайди» (Е.Ф.Галкина-Федорук). Бошқача айтганда, эмоционалликнинг экспрессивликка муносабати хусусий ҳолатнинг умумий ҳолатига муносабатидек хусусиятга эгадир. Баъзи олимларнинг таъкидлашича, «ҳар қандай эмоционаллик экспрессивликдир. Шунинг учун фанда «эмоционал-экспрессив» атамаси қўлланилади» (А.И.Чижик-Полейко). Бунга қўшимча қилиб шуни айтиш мумкинки, «экспрессия» сўзининг биринчи маъноси «ифодалилик» бўлса, иккинчи маъноси «ҳис-ҳаяжонларнинг намоён бўлиш кучи»дир. «Эмоционал-экспрессив» жуфт атама таркибида «экспрессив» сўзи ифодалиликдан ташқари англатилаётган тушунчага нисбатан сўзловчининг эмоционал муносабати ҳам кучли, ҳам ифодали намоён бўлишини билдиради, яъни «фразеологизмларнинг эмоционал-экспрессив вазифаси» атамаси биз ўрганаётган соматик иборалар моҳиятини тўлароқ акс эттиришга хизмат қилади.
А.Маматовнинг фикрича, экспрессивлик фикрни тез, кучли, таъсирчан ифодалашга хизмат қиладиган маънодир82 .
Умуман, ибора таркибидаги фонетик, лексик ва айрим грамматик ўзгаришлар ундаги экспрессивлик даражасининг кучайишига олиб келади: а) ибора таркибидаги фонетик ўзгариш туфайли экспрессивлик даражасининг кучайиши; б) грамматик ўзгариш туфайли экспрессивликнинг кучайиши: кўзи қиймайди - кўзлари қиймайди - кўзгинаси қиймайди; кўзининг пахтасини чиқармоқ – кўзларининг пахтасини чиқармоқ каби: Ранги қув учиб, юпқа лаблари титраб, кўзларининг пахтаси чиқиб кетди (Ҳ.Назир).
в) лексик ўзгариш туфайли экспрессивликнинг кучайиши: кўзи очилди – ақл кўзи очилди, кўзи тўрт бўлиб – икки кўзи тўрт бўлиб каби.
Гулхан ёнди
Кўкка ўрлаб
Чўғи ҳар ён сочилди
Шу оловдан
Элнинг, ажаб, ақл кўзи очилди (Э.Воҳидов, Руҳлар исёни, 2-том).
Тилимизда тақлид сўзлар товушга ва ҳолатга нисбатан қўлланади. Ибора таркибига тақлид сўзларнинг қўшилиши оқибатида маъно янада кучаяди, образлашади. Масалан, қўрқув концептини ифодаловчи юраги шув этди, юраги шиғ этди, юраги зир этди, юраги тарс ёрилди, чумчуқ пирр этса, юраги ширр этмоқ кабиларда ваҳм ҳисси янада ортган.
Тақлид сўзлар аслида товушга ёки ҳолатга тақлид сифатида пайдо бўлган бўлса ҳам, ҳозир уларнинг маъносида мавҳумликка томон силжиш сезилади. Ҳолатга тақлид орқали ифодалаган ҳодисаларга товуш орқали тақлид қилиш мумкин бўлмаса ҳам, кишида у ифодалаган ҳодиса ҳақида маълум таассурот пайдо бўлади. Бундай характердаги тақлид сўзлар сўзловчи билан бевосита боғланган. Шунинг учун улар ифодалаган ҳодисани асосан сўзловчининг ўзи сезади. Адресатда эса у аниқ тасаввур ҳосил қила олмайди. Товушга тақлидий сўзлар эшитиш билан, ҳолатга тақлид сўзлар кўриш билан боғланган ҳодисаларни ифодалайди. Лекин юрак сўзи билан бирга келганда, бу сўзлар ифодалаган ҳодисаларни на кўра оламиз, на эшита оламиз: Бир маҳал ит товуши қулоғимга кирди-ю, юрагим шув этиб кетди; Холмат... Пичоқни шу Ҳасан аканг урадими?! Чумчуқ пир этса, юраги шир этади-ю, бунинг; Юрагим тарс ёрилиб кетай деб турибди; «Дўнг» этган товуш чиққанда юраги шув этган Ойшабону бекнинг ... бурилганини кўриб, кўкрагига туфлаб қўйди (П.Қодиров, Она лочин видоси).
Тилимизда юрак компонентли юраги жиз этмоқ, юраги жаз этмоқ каби иборалар ҳам экпрессив хусусиятга эга бўлиб, “қалбида кескин ёқимли ҳис туйғу уйғонмоқ” маъносини англатади: Бу либос унинг чеҳрасига юракни жиз эттирувчи маъсум бир маъюслик бахш этибди. Ўзиям, тўлин ойдай юмалоқ юзи хиёл чўзилиб, катта-катта кўзлари бўталоқнинг кўзларидай мўлтираб қопти! (Л.Бўрихон, Жазирамадаги одамлар).



Download 300.38 Kb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   30   31   32   33   34   35   36   37   ...   44




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling