11.3. Қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари.
Қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:
-қимматли қоғозлар бозоридаги ўз таваккалчиликларини суғурта қилиш;
-қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари тўғрисида, қимматли қоғозларнинг эмиссиясини тўхтатиб қўйишга, қимматли қоғозлар бозоридаги профессионал фаолиятни амалга оширишга доир лицензияларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш ва уларни бекор қилишга доир барча ҳоллар ҳақида, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчилари ва эмитентлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида, шунингдек қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг даъво аризалари бўйича эмитентларга ёки қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиларига нисбатан чиқарилган суд қарорлари ҳақида қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органидан ахборот олиш;
давлат органларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш;
қимматли қоғозлар бозорида ўз ҳуқуқлари бузилганлиги тўғрисидаги ва етказилган зарарларнинг ўрнини қоплаш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилиш.
Инвесторлар ва қимматли қоғозлар эгалари, ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқлардан ташқари:
қимматли қоғозларнинг чиқарилиши рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги, эмитентнинг жорий молиявий ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари ҳақидаги ахборотни тақдим этишни эмитентдан талаб қилишга;
пул ва бошқа тўлов воситалари, мол-мулк билан, шунингдек пул қийматига эга бўлган ҳуқуқлар (шу жумладан, мулкий ҳуқуқлар) асосида қимматли қоғозларга қонун ҳужжатларида ва эмитентнинг таъсис ҳужжатларида белгиланган тартибда инвестицияларни амалга оширишга;
қимматли қоғозлар бозорида ўз хизматларини таклиф этаётган қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиларидан ўзлари тўғрисидаги ахборотни ушбу Қонунга мувофиқ талаб қилишга ҳам ҳақли.
қимматли қоғозлар бозори иштирокчилари қимматли қоғозлар бозори тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига ва қимматли қоғозлар бозорида ўзлари тузган шартномалар шартларига риоя этишлари шарт.
қонун ҳужжатларига мувофиқ қимматли қоғозлар бозорининг иштирокчилари бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари ва уларнинг зиммаларида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |