Солиқ қонунчилиги принциплари. Солиқ қонунчилиги мажбурийлик, муайянлик, солиққа тортишнинг адолатлилиги, солиқ тизимининг ягоналиги, солиқ қонунчилигининг ошкоралиги ва солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпциясига асосланади.
Солиққа тортишнинг мажбурийлиги принципи. Ҳар бир шахс Солиқ кодексида белгилаб берилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашга мажбур.
Ҳеч кимга Солиқ кодексида кўрсатилмаган ёки ушбу кодекс нормаларини бузган ҳолда белгиланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш мажбурияти юклатилиши мумкин эмас.
Солиққа тортишнинг муайянлик принципи. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар муайян белгилаб қўйилган бўлиши шарт. Солиқ қонунчилиги актлари шу тарзда шакллантирилиши керакки, ҳар бир солиқ тўловчи қайси солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни қачон, қандай ҳажмда ва қандай тартибда тўлаши кераклигини аниқ билиши шарт.
Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар белгиланаётганда солиқ тўловчилар, шунингдек, солиқ ҳамда бошқа мажбурий тўловлар элементлари аниқланиши керак.
Солиққа тортишнинг адолатлилиги принципи. Солиққа тортиш умумий ҳисобланади.
Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларга доир имтиёзларнинг белгиланиши ижтимоий адолат принципларига мос келиши лозим. Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларга доир имтиёзларнинг якка тартибда берилишига йўл қўйилмайди.
Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар камситиш хусусиятидан йироқ бўлиши шарт, улар ижтимоий, ирқий, миллий келиб чиқиши, диний эътиқоди ва бошқа шу каби мезонлардан келиб чиқиб қўлланилиши мумкин эмас.
Солиқ тизимининг ягоналиги принципи. Солиқ тизими барча солиқ тўловчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудуди учун ягона ҳисобланади.
Товарлар (ишлар, хизматлар) ёки молиявий воситаларнинг Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудуди ичида эркин кўчиб юришини бевосита ёки билвосита чеклайдиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг белгиланишига йўл қўйилмайди.
Солиқ қонунчилигининг ошкоралиги принципи. Солиққа тортиш масаласини бошқарувчи норматив-ҳуқуқий актлар расмий нашрларда эълон қилиниши шарт. Умумий маълумот учун нашр қилинмаган норматив-ҳуқуқий актлар кучга кирмаган актларга ўхшаш ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди ва солиқ муносабатларини бошқариш, ушбу актлардаги кўрсатмаларнинг бажарилмагани учун солиқ муносабатлари субъектларига нисбатан бирон-бир санкциялар қўллашга асос бўлиб хизмат қила олмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |