Байрам – туркийча катта йиғин, тўй маъноларини англатади. Истилоҳда эса кенг нишонланадиган тантанали кундир. Ижтимоий-иқтисодий тараққиёт давомида келиб чиқиши, мазмуни, ижтимоий ҳаётда қарор топишига кўра анъанавий, диний, миллий байрамлар вужудга келади.
Авлоддан-авлодга мерос тариқасида ўтиб келадиган байрам анъанавий байрам дейилади (масалан, Наврўз байрами). Бу турдаги байрамлар бирор халқ ёки миллатнинг айни вақтдаги ижтимоий ҳаёти, турмуш тарзи билан бевосита боғлиқ бўлмайди.
Диний байрамда эса ҳар бир диннинг ақидаларида белгилаб қўйилган маросимлар нишонланади. Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда диний маросим ва байрамлар тўғрисида кўплаб маълумотлар берилган. (Масалан, Рўза ҳайити ва Қурбон ҳайити).
Миллий байрамларда у ёки бу миллатнинг тарихидаги муҳим воқеа-ҳодисалар нишонланади. (Масалан, Мустақиллик куни ва бошқа кунлар). Шунингдек, байрам кунлари расман дам олиш кунлари деб эълон қилинади.
Байрам тушунчасига “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да уч хил таъриф келтирилган:
Байрам – муҳим тарихий воқеа, ҳодиса шарафига шодлик, расмий тантана ўтказиш учун белгиланган муборак кун (Масалан, Мустақиллик куни).
Байрам – бирор муносабат билан қувонч, шодлик, тантана ва ўйин-кулги билан кутиб олиш, нишонлаш одат бўлиб қолган кун (Масалан, Янги йил, Ҳосил байрами).
Байрам – муҳим, қувончли ҳодиса юз берган, катта муваффақият қўлга киритилган ва шу сабабли шодлик ўтказиладиган кун (Масалан, Оилавий байрам).
Диний маросим деганда фуқароларнинг диний таълимотларидан, уларнинг қонун-қоидалари ва ақидаларидан келиб чиқадиган диний фаолият ва хатти-ҳаракатлари тушунилади. Диний маросим ҳар қайси дин вакилларининг ўз диний таълимотлари асосидан келиб чиққан.
Do'stlaringiz bilan baham: |