Қўқон хонлигида маданий ва маънавий ривожланиш. Хонликда нисбий осойишталик даврларидаги иқтисодий ривожланиш маънавий ҳаётнинг ҳам юксалишига олиб келган. XIX аср бошларида Қўқонда 40 та мадраса, 129 та мактаб, Марғилонда 10 мадраса, 80 та мактаб бўлган. Давлат арбоби Умархон ва унинг умр йўлдоши Нодирабегим даврида адабиёт айниқса ривожланган. Умархоннинг ўзи ўзбек ва форс тилларида шеърлар ёзган, Нодирабегим ўзбек ва тожик тилларида ижод қилган; шунингдек, Увайсий, Махмур, Гулханий, Машраб каби таниқли адиблар улкан меросни ёзиб қолдирганлар. Ўрганилаётган даврда хонликда бир нечта тарихий асар яратилди: Мирза Қаландар Мушриф Исфарачи – “Шоҳнома”, Муҳаммадҳакимхонтўра Хўқандий – “Мунтахаб ат-таворих”, Мулла Ниёз Муҳаммад Хўқандий – “Тарихи Шоҳрухий”, Аваз Муҳаммад – “Тарихи Жаҳоннома” ва Мулла Мирза Олим – “Ансаб ас-салотин ва Таворих ал-хавоқин”. Меъморчиликнинг ажойиб намуналари бўлган масжид, мадраса, карвонсарой ва жамоа бинолари қад кўтарди. Норбўтабий мадрасаси (1799), жомеъ масжиди (1815) ва Қўқон Ўрдаси (Хон саройи, 1870) ва б. Шулар жумласидандир. Мактаб ва мадрасаларда диний билимлар билан қисман дунёвий билимлар ҳам ўргатилган.
Минглар сулоласи:
Шоҳрухбий (1710 – 1721),
Абдураҳимбий (1721 – 1733),
Абдулкаримбий (1733 – 1750),
Абдураҳмон (1750 – 1751),
Эрдонабий (1751 – 1762; орада 10 ой Бобобек хонлик қилган),
Сулаймонбек (1762 – 1763),
Норбўтабий (1763 – 1798),
Олимхон (1798 – 1809),
Умархон (1809 – 1822),
Муҳаммад Алихон (1822 – 1842),
Шералихон (1842 – 1844),
Муродхон (1844),
Худоёрхон (1845 – 1858),
Маллахон (1858 – 1862), Худоёрхон (2 марта 1862 – 1863),
Султон Саидов (1863 – 1865),
Худоёрхон (3 марта 1865 – 1875),
Насриддинбек (1875 – 1876).
Бироқ, ўзаро уруш ва тахт талашишлар натижасида хонларнинг тез-тез алмашиниб туришидан фан ва маданият узвий ривожланиш имконига эга бўлмади.
Қўқон хонлигининг вужудга келиши унинг минтақадаги мавқеини таъминлашда ҳамда бир қанча кўчманчи қабилаларни ўтоқлашуви ва илғорлашишига ижобий таъсир кўрсатди. Хонликнинг шимолий сарҳадларидаги даштларда қурилган истеҳкомларнинг кейинчалик шаҳарларга айланиши ижобий воқеа бўлди. Хонлик даврида ўзбек, тожик, қозоқ ва қирғизларнинг ўзаро алоқалари янада самарали бўлди. Улар ҳар жиҳатдан бир-бирларининг тили ва маданиятини бойитдилар, ички ва ташқи душманларга биргаликда курашдилар.
Do'stlaringiz bilan baham: |