Ўзбекистон республикаси қонун ҳужжатлари тўплами


-модда. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларни чеклаш


Download 1.15 Mb.
bet63/160
Sana08.01.2023
Hajmi1.15 Mb.
#1084166
1   ...   59   60   61   62   63   64   65   66   ...   160
Bog'liq
Qonunlar to\'plami

39-модда. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларни чеклаш
Кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг фаолиятини текширишлар назорат қилувчи органлар томонидан режали тартибда кўпи билан тўрт йилда бир марта, бошқа тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширишлар эса кўпи билан уч йилда бир марта, фақат назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли органнинг қарорига биноан ўтказилиши мумкин.
Хусусий банк ва бошқа хусусий молия институтларининг молия-хўжалик фаолиятини режали текширишлар кўпи билан беш йилда бир марта амалга оширилади.
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси «Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонунининг 20-моддаси.
Янги ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки уч йил мобайнида режали текширувлардан ўтказилмайди, ушбу модданинг тўртинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Акциз тўланадиган товарлар ишлаб чиқарувчи янги ташкил этилган кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг молия-хўжалик фаолияти, шунингдек кичик тадбиркорлик субъектлари ва фермер хўжаликларининг бюджет маблағларидан ҳамда марказлаштирилган маблағлар ва ресурслардан белгиланган мақсадда фойдаланилиши билан боғлиқ молия-хўжалик фаолияти улар давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан дастлабки икки йил мобайнида режали текширувлардан ўтказилмайди.
Ушбу модданинг биринчи — тўртинчи қисмларида кўрсатилган тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар молия йили мобайнида мунтазам равишда тўланмаган тақдирда, режали текширишлардан ўтказилиши мумкин.
(39-модда Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-418-сонли Қонунига асосан бешинчи қисм билан тўлдирилган — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 1-сон, 1-модда)
Тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текширувлардан ўтказиш муддатлари ўттиз календарь кундан ошмаслиги лозим. Алоҳида ҳолларда бу муддат назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли органнинг қарорига биноан узайтирилиши мумкин, бунда ушбу қоида кичик тадбиркорлик субъектларига нисбатан татбиқ этилиши мумкин эмас.
Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган режали текширувларни ўтказиш муддатлари ўн календарь кундан ошмаслиги керак.
Назорат қилувчи орган режали текширув ўтказишнинг бошланиши ҳақида текширувни ўтказиш бошланишидан камида ўттиз календарь кун олдин тадбиркорлик субъектини текширув ўтказиш муддатлари ва предметини кўрсатган ҳолда ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.
Тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текширишлар белгиланган тартибда фақат давлат солиқ хизмати органлари томонидан, улар текширувлар давомида солиқ ва валютага оид жиноятлар аломатларини аниқлаган тақдирда эса, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти томонидан амалга оширилади.
Тадбиркорлик субъекти белгиланган тартибда тақдим этган молия ва солиқ ҳисоботини, шунингдек тадбиркорлик субъектининг фаолияти тўғрисида давлат солиқ хизмати органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатларни ўрганиш ҳамда таҳлил этиш асосида ўтказиладиган камерал назорат натижалари бўйича қоидабузарликлар аниқланган ҳоллардагина давлат солиқ хизмати органлари тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиши мумкин.
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 12-боби («Солиқ назоратининг асослари»).
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг ўтказилаётган текширувлари уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатиши учун тўсиқларни юзага келтирмаслиги керак.
Тадбиркорлик фаолияти субъектлари бирлашмаларининг аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишлар тадбиркорлик фаолияти субъектларининг сўровига кўра мазкур бирлашмалар вакилларининг иштирокида амалга оширилиши мумкин.
Қўзғатилган жиноят ишлари бўйича текширувлар уларни ўтказишнинг барча босқичларида юридик хизмат вакиллари ва (ёки) тадбиркорлик субъектлари томонидан жалб этилган адвокатлар албатта иштирок этган ҳолда (тадбиркорлик субъектлари томонидан ушбу ҳуқуқнинг рад этилиши ҳоллари бундан мустасно) амалга оширилади.
(39-модданинг ўн учинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-418-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 1-сон, 1-модда)
Текшириш бошланишидан олдин, текширувни амалга оширувчи мансабдор шахс томонидан тадбиркорлик субъектининг ваколатли вакилига унинг текширишда иштирок этиш учун юридик хизмат вакилларини ва (ёки) адвокатни жалб этиш ёки уларнинг иштирокини рад этиш ҳуқуқи ёзма шаклда тушунтирилади, бу ҳақда баённома тузилади. Бунда адвокат хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқининг рад этилиши тадбиркорлик субъекти томонидан адвокатни текширувнинг кейинги босқичларига жалб этиш учун монелик қилмайди.
(39-модданинг ўн тўртинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-418-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 1-сон, 1-модда)
Қаранг: «Қўзғатилган жиноят ишлари бўйича тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларда адвокатларнинг мажбурий иштирокини таъминлаш тартиби тўғрисида»ги низом (рўйхат рақами 2757, 28.01.2016 й.).
Бозорлар, савдо мажмуалари ҳудудларидаги ва уларга туташ, автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларидаги тадбиркорлик субъектлари фаолиятини бир марталик йиғим, ижара ҳақининг тўлиқ тушиши ҳамда уларнинг топширилиши ҳисобга олиниши, фискал хотирали назорат-касса машиналаридан, тўловларни пластик карточкалар асосида қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланилиши, шунингдек савдо ва хизмат кўрсатиш қоидаларига риоя этилиши юзасидан қисқа муддатли текширувлар назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли органнинг жисмоний ва юридик шахсларнинг қонун ҳужжатлари бузилганлиги фактлари тўғрисидаги мурожаатлари асосида қабул қилинган қарорига биноан давлат солиқ хизмати органларининг фақат қонун ҳужжатларида ваколат берилган бўлинмалари томонидан ўтказилади.
(39-модданинг ўн бешинчи қисми Ўзбекистон Республикасининг 2016 йил 29 декабрдаги ЎРҚ-418-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2017 й., 1-сон, 1-модда)
Қаранг: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 8 январдаги ПҚ-1257-сонли «Республика солиқ органлари тизимини янада модернизация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори.
Қўзғатилган жиноят ишининг мавжудлиги Ўзбекистон Республикасининг прокуратура, ички ишлар ва Миллий хавфсизлик хизмати органлари томонидан тадбиркорлик фаолияти субъектларининг фаолиятини текширувлардан ўтказиш учун асос бўлади. Бунда тадбиркорлик фаолияти субъектининг фақат қўзғатилган жиноят иши билан боғлиқ фаолиятигина текширув билан қамраб олиниши мумкин, бу ҳақда текширув тайинланганлиги тўғрисидаги қарорда кўрсатилган бўлиши керак.
Тадбиркорлик фаолияти субъектлари текширув ўтказиш учун асосга эга бўлмаган шахсларнинг текширув ўтказишига йўл қўймаслик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг ўз ваколатига кирмайдиган масалалар бўйича қўйган талабларини бажармаслик ҳамда текширув предметига тааллуқли бўлмаган материаллар билан уларни таништирмаслик ҳуқуқига эга.
Текширувлар натижалари далолатнома (маълумотнома) билан расмийлаштирилиб, текшириш тугаган куни унинг бир нусхаси текширилаётган тадбиркорлик фаолияти субъектида қолдирилади.
Қўшимча маълумот учун қаранг: Ўзбекистон Республикасининг «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида»ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг III-бўлими («Солиқ назорати»), «Назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган, тадбиркорлик субъектлари — юридик шахслар фаолиятини текширишларни мувофиқлаштириш тартиби тўғрисида»ги низом (рўйхат рақами 1573, 06.05.2006 й.), «Назорат қилувчи органлар томонидан якка тартибдаги тадбиркорлар фаолиятини текширишларни ташкиллаштириш тартиби тўғрисида»ги низом (рўйхат рақами 1712, 03.09.2007 й.).
(39-модданинг матни Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги ЎРҚ-391-сонли Қонуни таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2015 й., 33-сон, 439-модда)

Download 1.15 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   59   60   61   62   63   64   65   66   ...   160




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling