Ўзбекистон республикаси президенти
IV. Ўзбекистон шўролар ҳукмронлиги даврида
Download 5.26 Mb.
|
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009
IV. Ўзбекистон шўролар ҳукмронлиги даврида
13-мавзу. Туркистонда шўро ҳокимиятининг ўрнатилиши ва унга қарши қуролли ҳаракат. 1917 йил феврал инқилобининг Туркистонга таъсири. Мухториятчилик ҳаракати 1917 йил 27 февралда Петроградда бўлган демократик инқилоб Туркистон ўлкасига ҳам ўз таъсирини ўтказди. 1917 йилнинг март-апрель ойлари ўлканинг сиёсий уйғонишида бурилиш даври бўлди. Туркистон жадидлари, зиёлилари ва ислом уламоларининг етакчилари бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий (1875-1919), Мунаввар Қори (1878-1931), Убайдуллахўжа Асадуллахўжаев (Убайдулла Хўжаев; 1882-1938), Фитрат (1886-1938), Файзулла Хўжаев (1896-1938), Садриддин Айний (1878-1954), Абдулвоҳид Бурҳонов (1875-1934), Мустафо Чўқай (1886-1941), Муҳаммаджон Тинишбоев (1879-1939), Шерали Лапин (1868-1919), Аҳмад Закий Валидий (1890-1970), Обиджон Маҳмудов (1858-1936) ўлкада янги ташкил қилинган “Шўрои Исломия” (1917 йил март), “Шўрои Уламо” (1917 йил июн), “Турон” жамиятлари ва “Турк адами Марказият (федералистлар) фирқаси” (1917 йил июл), “Иттифоқи муслимин” (1917 йил сентябр) сиёсий партияларининг тузилишида муҳим роль ўйнадилар. 1917 йил 7 апрелда Петрограддаги Муваққат ҳукумат қарори билан кадет Н.Н.Шчепкин раислигида Муваққат ҳукуматнинг Туркистон Комитети ташкил қилинди. Комитет таркибига 9 киши кирган бўлиб, уларнинг тўрттаси: Алихон Букейхонов, М.Тинишбоев, Садри Мақсудов, А. Давлетшинлар туркий халқлар вакиллари эди. Кейинчалик, Туркистон Комитетининг таркиби ўзгартирилди. 1917 йилнинг ўзида тўрт марта Бутунтуркистон мусулмонлари қурултойи ўтказилди. 1917 йил 16-23 апрелда Тошкентда бўлган I-қурултойда демократик Россия таркибида Туркистон Мухториятини ташкил этиш ғояси олға сурилди. Туркистон мусулмонлари Маркази Кенгашига Мустафо Чўқай раис, Валидий бош котиб, Мунаввар Қори, Беҳбудий, У.Хўжаев, О.Маҳмудов, Тошпўлатбек Норбўтабеков, Ислом Шоаҳмедов ва бошқалар аъзо қилиб сайланди. Мунаввар Қори ва Садриддинхон Шарифхўжа Қози ўғли бошчилигида Тошкент қўмитаси тузилди. Шунингдек, Беҳбудий раҳбарлигида Самарқанд ва Носирхон тўра етакчилигида Фарғона бўлими ҳам ташкил топди. Марказий шўронинг органи сифатида “Нажот” (муҳаррири-Мунаввар Қори), кейинчалик “Кенгаш” (муҳаррири-Валидий) газеталари чиқа бошлади. Шунингдек, 1917 йилда нашр қилинган “Улуғ Туркистон”, “Турон” газеталарида мухториятчилик ғояси билан суғорилган мақолалар чоп қилинди. 1917 йил 14 мартда Тошкентда “Шўрои Исломия” ташкил топди. Аксарияти жадидлардан иборат бу ташкилот аъзолари Туркистон мустақиллиги учун кураш олиб бордилар. 1917 йил июнь ойида Мунаввар Қори бошчилигидаги “Шўрои Исломия” ташкилотидан “Шўрои Уламо” ажралиб чиқди. Шерали Лапин унинг Тошкент шуъбасига асос солди. Орадан кўп вақт ўтмай, Қўқон шаҳрида ҳам “Шўрои Уламо” жамияти тузилди. “Шўрои Уламо” жамияти ўз мақсадлари тарғиботи учун “Ал - Изоҳ” журналини чиқара бошлади (муҳаррири-Абдумалик ҳожи Набиев). Ҳар икки жамият ўртасида ғоявий кураш, хусусан, матбуот саҳифаларида авж олиб кетди. 1917 йил 10 сентябрда Тошкентда Бутунтуркистон мусулмонларининг II қурултойи очилди. “Шўрои Исломия” ташаббуси билан чақирилган ушбу қурултой ҳокимиятни ишчи, солдат ва дехқон депутатлари Советларига беришга қарши чиқди. 1917 йил 20 сентябрда Тошкентда бўлиб ўтган Туркистон ва Қозоғистон мусулмонларининг қурултойи “уламочилар” билан “шўрои исломчилар” ўртасидаги узоқ ва қизғин бахсларга қарамай, ниҳоят, келишиш ва муроса йўлини топди. Қурултойда “Шўрои Исломия”, “Шўрои Уламо”, “Турон” ва бошқа сиёсий ташкилотларни бирлаштириш йўли билан бутун Туркистон минтақаси учун умумий бўлган “Иттифоқи муслимин” деган сиёсий партия тузишга қарор қилинди. Қурултой ишидаги асосий масала Туркистон ўлкасининг бўлажак сиёсий тузумини белгилаш эди. Ўша пайтда Тошкентда нашр қилинган “Улуғ Туркистон” газетасида ёзилишича, “Қурултой Мулла Муҳаммадхўжа эшон ва Мулла Сиддиқхўжа эшонларнинг бошқарув шакли ҳақида”ги нутқларини тинглаб, дуою ижобат ила Туркистон Мухториятини тайин этишга жазм қилди. Қурултой мухториятга “Туркистон Федератив Республикаси” деган номни қўйиб, парламент республикаси асосида тузилажак бўлғуси давлат тузумининг бош тамойил ва меъёрларини белгилаб берди. Такрорлаш учун саволлар. Россия босқини арафасида Ўрта Осиёнинг ҳарбий-сиёсий ва иқтисодий ҳолатини қандай таърифлаш мумкин? Ўрта Осиёнинг Россия империяси тамонидан босиб олинишининг асосий сабаблари нимада эди? Туркистон Генерал-губернаторлигининг ташкил топиши Марказий Осиёда қандай янги геосиёсий вазиятни келтириб чиқарди? Вассал Бухоро амирлиги ва вассал Хива хонлигининг Россия империясида тутган мавқеи қандай эди? Россия босқинига қарши ҳаракатлар ва уларнинг мағлубияти сабаблари нимада? Жадид маърифатпарварлари фаолиятига баҳо беринг. АДАБИЁТЛАР Каримов И.А. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. -Т.: “Ўзбекистон”, 1999. Каримов И.А. Юксак маънавият — енгилмас куч. -Т.: “Маънавият”, 2008. Адираҳимова Н., Рустамова Г. Колониальная система власти в Туркестане во второй половине XIX — I четверти XX вв. - Т.: “Университет”, 1999. Аҳмад Дониш. История династии Мангитов. -Душанбе: “Дониш”, 1967. Зиёев Ҳ. Туркистонда Россия тажовузи ва ҳукмронлигига қарши кураш. -Т.: “Шарқ”, 1998. Жадидчилик: ислоҳот, янгиланиш, мустақиллик ва тараққиёт учун кураш. -Т.: “Университет”, 1999. Муҳаммад Азиз Марғилоний. Тарихи Азизий. -Т.: “Маънавият”, 1999. Саййид Ҳамид Тўра Комёб. Таворих ул-хавонин. -Т.: “Академия”, 2002. Хуршид Даврон. Тарих мезони ҳақиқатдир. //Шарқ юлдузи. 1989 йил, 11-сон. Ўзбекистоннинг тарихи: янги нигоҳ. - Т.: 1998. Ўзбекистоннинг янги тарихи. Биринчи китоб. Туркистон Чор Россияси мустамлакачилиги даврида. -Т.: “Шарқ”, 2000. Муаллифлар жамоаси. Ўзбекистон тарихи. -Т.: “Университет”, 2003. “Ойина” (1914-1915 й.). -Т.: “Академия”, 2001. Эргашев Ф. Туркистонда рус мустамлака бошқаруви. / Инновацион менежмент (дарслик). -Т.: “Akademiyа”, 2005. Ўзбекистон давлатчилиги тарихидан лавҳалар. -Т.: “Шарқ”, 2001. Download 5.26 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling