Ўзбекистон республикаси президенти
Туркистон минтақасида совет ҳокимиятига қарши қуролли ҳаракат ва унинг тарихий аҳамияти
Download 5.26 Mb.
|
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009
Туркистон минтақасида совет ҳокимиятига қарши қуролли ҳаракат ва унинг тарихий аҳамияти
Мустақиллик осонликча қўлга киритилмаслигини тушуниб етган миллий ватанпарварлар қўлга қурол олиб, большевиклар ва босқинчи қизил армияга қарши қуролли ҳаракат бошлаб юбордилар. Бироқ совет тузуми ва коммунистик мафкура ҳукмронлиги йилларида, уларга “босмачи” деб ноҳақ тамға босилди. Бу ҳаракат ҳақида сўз юритилган 1918-1919 йилларнинг ўрталаригача бўлган даврга тегишли архив ҳужжатларида ҳам “босмачи” сўзи учрамайди. Бу ҳужжатларда “қароқчи” (разбойник), “шайка”, жуда бўлмаса “босқинчи” (бандит) иборалари қўлланган. 1919 йилнинг ўрталаридан бошлаб аввал айрим расмий ҳужжатларда, кейинчалик эса совет вақтли матбуотида “босмачи” ибораси қўлланила бошлаган. Ўзбекистон Республикаси мустақилликка эришгач, “босмачи” ёрлиғи ёпиштирилган ота-боболаримизнинг муборак номлари қайта тикланди ва уларнинг ҳақиқий қиёфалари истиқлолчилар сифатида намоён бўлди. Туркистон Мухторияти ҳукуматининг тугатилиши бу ҳаракатнинг бутун Фарғона водийсида оммавий равишда бошланишига бир туртки вазифасини ўтади, холос. Россия империясининг мустамлакачилик зулми остида эзилиб келган фарғоналиклар Туркистонда биринчи бўлиб большевиклар режимига қарши қуролли курашга отландилар. Шу тариқа, Туркистонда совет ҳокимияти ва большевикча тузумга қарши истиқлолчилик ҳаракати 1918 йил февраль ойининг охирларида бошланган эди. Бу ҳаракатнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи деҳқонлар, чорикорлар, мардикорлар, ҳунармандлар ва косиблар бўлган. Дастлабки миллий ҳарбий ҳаракатнинг ташкил топиши Кичик Эргаш (тахминан 1885-1918) ва Катта Эргаш (тахминан 1880-1921)нинг номлари билан боғлиқдир. 1918 йил 27 февралда Қўқон атрофидаги Бачқирда бўлган жангларнинг бирида Кичик Эргаш шаҳид бўлгач, унинг ўрнига Катта Эргаш (уни Мулла Эргаш ҳам дейишган) Фарғона водийсида большевикларнинг мустамлакачилик тартибига қарши озодлик байроғини кўтарди. Марғилонда эса милициянинг собиқ бошлиғи Муҳаммад Аминбек Аҳмадбек ўғли - Мадаминбек (1892-1920) кураш бошлади. “Ўз олдига совет ҳокимиятини ағдариш ва Фарғона мухториятини тиклаш вазифасини қўйган Мадаминбек устомон сиёсатчи ва уддабурон ташкилотчи фазилатларига эга эди”, - деб тан олинади 1918 йилга оид архив ҳужжатларининг бирида. 1918 йилнинг ўрталарига келиб, Фарғона водийсида тахминан юзга яқин қўрбошилар ўз дасталари билан қизил армия қисмларига қарши кураш олиб бордилар. Бу гуруҳларда 15000 йигит бор эди. Фарғона водийсидаги бу ҳаракат 1919 йил ёзининг охири ва кузида ўзининг энг юқори чўққисига чиқди. Мадаминбек бошчилигидаги истиқлолчилар сафига Жалолободда турган рус крестьянлари армиясининг қўшилиши водийда совет ҳокимиятини ағдариш учун реал куч эди. Сентябрь ойининг дастлабки кунларида Мадаминбек лашкарлари Жалолобод ва Ўш шаҳарларини эгаллашди. Улар 13 сентябр Эски Марғилон шаҳрини қизил босқинчилардан озод қилдилар. Шу билан бирга водийдаги энг йирик стратегик шаҳар - Андижонни қамал қилишга киришдилар. Мадаминбек бошчилигидаги қўшиннинг ҳужуми Фарғона водийсини ларзага келтирди. 1919 йил 22 октябрда Помирнинг Эргаштом (Иркештам) овулида бўлган анжуманда Мадаминбек бошчилигида Фарғона муваққат мухторият ҳукумати тузилди. Ҳукумат таркибига 16 киши туб аҳолидан ва 8 та европалик киритилди. Мадаминбек ҳукумат бошлиғи бўлиш билан бир қаторда Фарғона водийсидаги бу ҳаракатнинг Олий бош қўмондони ҳам этиб сайланди. 1919 йилнинг кеч кузига келиб Мадаминбек қўл остида 30000га яқин йигит Қизил армияга қарши жанглар олиб борди. Бу пайтда Шермуҳаммадбек қўл остида 20000, Катта Эргаш қўрбошида 8000 та аскар бўлган. Ана шу учта лашкарбоши водийдаги жанговар ҳаракатларни йўналтириб турдилар. Туркистондаги бу ҳаракат 1920 йилнинг ёзи ва кузида ўзининг янги босқичига қадам қўйди. Фарғона водийсидаги бутун қўрбошилар ва тинч аҳоли вакиллари Олтиариқ туманидаги Ғойибота қишлоғида ўзларининг навбатдаги қурултойларига тўпландилар. Қурутой 1920 йил 3 майда Шермуҳаммадбек бошчилигида Туркистон-турк мустақил ислом жумҳурияти ёки қисқача айтганда, Туркистон муваққат ҳукуматини тузди. Туркистон МИК раиси Иномжон Хидиралиевнинг кейинчалик ёзишича, “1920 йил сентябрда босмачиларнинг сони 70000 кишига етди ва кучли ваҳима уйғотди”. Қуролли ҳаракатни ташкилий жиҳатдан уюштиришда Фарғона водийси, Бухоро ва Хоразмдаги қўрбошиларнинг мазкур даврда бўлиб ўтган ўттиздан ортиқ қурултойларининг аҳамияти катта бўлган. Бу қурултойларда ҳаракат раҳбарлари сайланган қўрбошилар ягона қўмондонлик остига бирлаштирилган. Баъзи қўрбошилар Олий бош қўмондонга бўйсунмай, ўзларича мустақил ҳаракат қилган. Холхўжа Эшон каби маишатпараст кимсалар бўлганлиги ҳам ҳақиқат. Наманганлик Носирхон тўра Саид Камолхон тўра ўғли, тошкентлик муфтий Садриддинхон Махсум Шарифхўжа қози ўғли, Туркистон МИК раисининг собиқ ўринбосари Тўрақул Жонузоқов, асли бошқирдистонлик Аҳмад Закий Валидий ва бошқалар бу ҳаракатнинг ғоявий мафкурачилари эдилар. Ҳаракатга раҳбарлик қилган ислом уламолари орасида яссавийлик ва нақшбандийлик тариқатининг пирлари ҳам кўп бўлган. Маълумки, Туркистон аёллари учун Ватан озодлиги ва унинг тинчлиги муқаддас ҳисобланган. Карманалик Нодира қиз эса Иброҳимбек қўшинида махсус аёллар гуруҳига бошчилик қилиб, Шарқий Бухорода қизил аскарларга қарши мардонавор курашган. Фарғона водийсидаги ватанпарварлар қўшинига 1923-1924 йилларда олдин Ислом Полвон (тахминан 1882-1923), сўнг Ёрмат Махсум (1929 йил ҳалок бўлган) каби қўрбошилар раҳбарлик қилдилар. Бу пайтда қўрбошиларнинг кичик-кичик гуруҳлари жанг ҳаракатларини олиб бордилар. Фарғонада уларнинг сони 1923 йилда 350-400 атрофида эди. Лекин қўрбошилар курашнинг мазкур босқичида турли сабаб ва маҳаллий шарт-шароитлар натижасида доим ҳам бир-бирлари билан келишиб иш кўрмадилар. 1920-1924 йилларда бу ҳаракат Бухоро ва Хоразм республикаларида ҳам авж олди. Бухоро ва Хоразмдаги миллий мухолифатнинг озодлик курашлари алоҳида ўзига хос йўналиш ва хусусиятга эга бўлиб, ўта мураккаблиги ва зиддиятлилиги билан Туркистон республикасидаги қуролли ҳаракатдан ажралиб туради. Большевиклар Қизил армия ёрдамида Бухоро амирлиги ва Хива хонлигини куч билан ағдариб, ҳокимиятни Бухорода асосан “Ёш бухороликлар”дан, Хоразмда эса “Ёш хиваликлар”дан иборат демократик кучлар қўлига берди. Бухоро ва Хоразм Халқ Совет Республикаларида юзага келган қуролли мухолифат шу боисдан ҳам бир йўла икки кучга қарши: биринчидан, бу давлатлар ҳудудида жойлашиб олган Қизил армия қисмларига қарши, иккинчидан эса большевиклар ёрдамида ҳокимиятни эгаллаб олган жадидларга қарши мухолифлик урушини олиб бордилар. Бу урушнинг Туркистондаги, хусусан, Фарғона водийсидаги ҳаракатдан фарқи ҳам ана шунда. Бухоро мамлакатидаги бу ҳаракат Қизил армия ва большевикларнинг тажовузкорлиги, зўравонлиги ва талончиликка қарши қаратилганлиги билан алоҳида аҳамиятга эга. Мужоҳидларнинг асосий мақсади қизил қўшинни ҳайдаб юбориш, миллий қадриятлар, асрий эътиқод ва урф-одатларнинг поймол қилиниши, хўрланишига барҳам бериш эди. Юқорида ҳам айтиб ўтилганидек, ватанпарварлар Бухорода икки жабҳада туриб кураш олиб боришларига тўғри келди. Бир томондан, амирлик тузуми тарафдорлари бўлган истиқлолчилар (улар ўзларини мужоҳидлар деб аташган) жадидлардан иборат ёш Бухоро ҳукуматига, шунингдек, Қизил армия қўшинларига қарши кураш олиб бордилар (Иброҳмбек, Мулла Абдулқаҳҳор ва б.). Иккинчи томондан, миллий истиқлол ғояларига содиқ бўлган истиқлолчилар Файзулла Хўжаев бошлиқ Бухоро Халқ Республикаси ҳукумати билан яширин алоқалар ўрнатиб, Бухоронинг муқаддас тупроғидан босқинчи қизил аскарларнинг олиб кетилиши, Бухоро республикасининг мустақиллиги амалда қарор топиши учун курашдилар (Анвар Пошшо, Давлатмандбек, Жабборбек ва б.). Айнан улар сафига кейинчалик Бухоро республикасининг жуда кўпчилик раҳбарлари (Бухоро МИКнинг биринчи раиси Усмонхўжа Пўлатхўжаев, ҳарбий ишлар нозири Абдулҳамид Орипов, республика милицияси ва Чека бошлиғи Али Ризо Афанди ва б.) қўшилдиларки, бу арбобларнинг аксарияти кечаги жадидлар ва “Ёш бухороликлар” эди. Афсуски, Бухоро ҳукумати таркибидаги миллий ватанпарвар кучлар билан мухолифатдаги қуролли истиқлол гуруҳларининг йўлбошчилари ўртасидаги очиқ битишув амалга ошмади. Хоразм республикасида ҳам 1920 йил баҳоридан бошлаб қизил аскарларнинг мисли кўрилмаган талончилик ва зўравонликларига қарши ҳаракат бошланди. Қуролли курашни туркманларнинг ёвмут уруғи бошлиғи Қурбон, Мамед, Сардор-Жунаидхон (1857-1938) бошчилигидаги гуруҳлар кўп йиллар давомида олиб борди. Унинг қўшини сафларида ўзбек, қорақалпоқ ва қозоқлар ҳам кўпчилик эди. Қисқа муддатда Жунаидхон ўз қўшинини 20000 кишига етказди. Ўзбек деҳқонлари ва ҳунармандларидан иборат гуруҳларга Мадраимбой, Саъдулла бола, Шокир бола, Мавлонбек ва бошқалар раҳбарлик қилдилар. Хоразм воҳасида истиқлолчилик ҳаракати айрим гуруҳлар томонидан 1935 йилгачаШарқий Бухоро ва Фарғона водийсида ҳам баъзи узилишлар билан юқоридаги давргача , давом этди. Туркистон минтақасидаги қуролли ҳаракат тарихига якун ясаб, бу ҳаракатни кенг халқ оммаси, биринчи навбатда деҳқонлар ва ҳунармандлар қаҳр-ғазаби ҳамда норозилигининг юксак даражага кўтарилганлиги ифодаси деб эътироф этишга тўғри келади. Download 5.26 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling