Ўзбекистон республикаси президенти


Хива хонлигининг тугатилиши. Хоразм Халқ Совет Республикасининг тузилиши ва ундаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар


Download 5.26 Mb.
bet55/87
Sana17.06.2023
Hajmi5.26 Mb.
#1544154
1   ...   51   52   53   54   55   56   57   58   ...   87
Bog'liq
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009

Хива хонлигининг тугатилиши. Хоразм Халқ Совет Республикасининг тузилиши ва ундаги ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар
XX аср бошларида ҳам Россия империясининг ярим мустамлакаси ҳисобланган Хива хонлигидаги ижтимоий-иқтисодий муносабатлар, бошқарув тизими руслар босқинига қадар шаклланган ҳолатда қолган эди. Мамлакатда хон бошлиқ феодал амалдорлар, диндор руҳонийлар мамлакат бошқарувида чекланмаган ҳуқуққа эга бўлиб, иқтисодий ҳаётда эса ерга эгалик муносабатлари ҳам аввалгидек сақланиб қолган эди. Империя ҳукмронлиги таъсирида кўпгина юқори мансаблар (иноқ, оталиқ, бий) олдингидек иқтисодий асосини йўқотган бўлса ҳам, лекин юқори унвон сифатида мамлакат сиёсий ҳаётида катта таъсирга эга эди.
Хива хонлигидаги асосий шаҳарларга Хива, Урганч, Тошҳовуз, Ҳазорасп, Питнак ва бошқалар кирган. Хонлик ҳудуди Россия босқинидан кейин 62.236 кв.км бўлиб, у 20 та беклик ва 2 та ноибликдан иборат эди. Аҳоли аниқ рўйхатга олинмаган бўлиб, бу даврга оид манбаларда, у 600 мингдан 900 мингга қадар деб кўрсатилади. Уларнинг 60 фоиздан кўпроғини ўзбеклар, 28 фоизини туркманлар, қолганларини қозоқ, қорақалпоқ, форс (эроний),араб, рус ва бошқа миллат вакиллари ташкил этган.
Ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётда анча орқада қолган Хива хонлигида саноат ишлаб чиқариши йўқ даражада бўлиб, бу ерда ўндан ортиқ пахта, ёғ заводларигина бор эди. Аҳолининг асосий қисми деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик, косибчилик билан шуғулланган. Халқ оммасининг турмуш шароити анча оғир бўлиб, улар ҳосилдор ерлар, суғориш манбаларини ўз қўлида тўплаб олган амалдорлар ва руҳонийларга кўплаб солиқлар тўлаб турганлар. Ўша давр манбаларида қайд қилинишича, Хива хонлигида 20 дан ортиқ солиқ тўловлари ва мажбуриятлар бўлган. Айниқса, Биринчи жаҳон уруши йилларида солиқ ва тўловларнинг миқдори ҳамда тури янада ошган.
XX аср биринчи чорагида бутун Туркистон ўлкаси, Бухоро амирлиги каби Хива хонлигида ҳам халқ ҳаракатининг мафкуравий асосини жадидчилик ҳаракати, жадидчилик ғоялари ташкил этди. Туркистон ва Бухородан фарқли ўлароқ, Хива хонлигидаги жадидчилик ҳаракатининг шаклланишида, ҳаракатнинг асосий йўналиши ҳисобланган мактаб, маориф ишлари тараққиётида Хива хони Муҳаммад Раҳимхон II (Феруз), қозикалон Салим Охун ва унинг ўғли Бобо Охун, вазир Исломхўжа, мирзабоши ва девонбеги лавозимида ишлаган Паҳлавонниёз Комил Хоразмий, Хонқа ҳокими Муҳаммад катта роль ўйнадилар. Улар ўз ҳисобларидан бир қанча мактаблар очишди. Бобо Охун Салимов дўсти Бекжон Раҳмонов билан бу мактаблар учун дарслик китобларини ҳам ёзишган. Хонликда жадидчилик ҳаракатининг шаклланиши жараёнида Мунис, Огаҳийлар асос солган ва кейинчалик Баёний бошчилигида давом эттирилган тарихчилик ва таржимонлик мактабининг мавжудлиги, тарих ва ўтмишга эътиборнинг кучлилиги ҳам катта роль ўйнаган. Шунингдек, Туркистон ва Бухородаги каби Хива хонлигида жадидчилик ҳаракатининг шаклланишида ташқи омил, яъни Россиядан келган илғор фикрли зиёлилар, инқилобий руҳдаги сургун қилинган ёшлар ва Россиядаги ўзгаришлар ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Жадидчиликнинг асосий ўйналишларидан бири бўлган матбуот Хива хонлиги ҳудудида мавжуд бўлмаса ҳам, хонликдаги илғор зиёлилар Туркия, Эрон, Россия, шунингдек, Тошкент Самарқанд ва Бухорода чиқадиган жадид газеталари ва журналлари билан танишиб борганлар.
Хоразмдаги жадидчилик ҳаракатидан 1914 йил август ойида “Ёш хиваликлар” ташкилоти тузилди, унга раис қилиб Полвонниёз Ҳожи Юсупов (1861-1936) сайланган. “Ёш хиваликлар” ҳаракатида бу даврда қозикалон Бобо Охун Салимов (1874-1929)нинг ҳам ўрни бўлакча эди. “Ёш хиваликлар” ташкилоти дастурининг асосини мавжуд тузум доирасида ислоҳотлар ўтказиш, мактаб-маориф ишини яхшилаш, хон ҳокимиятини чеклаш каби масалалар ташкил қилар эди.
Иқтисодий қийин шароитда яшаётган хонлик аҳолисининг аҳволи бошланиб кетган Биринчи жаҳон уруши боис янада оғирлашди. Хонлик истибдодига қарши 1915-1916 йилларда туркманлар Жунаидхон бошчилигида қўзғолон кўтардилар. Туркман, ўзбек, қозоқ аҳолисининг мавжуд тузумга қарши курашини “Ёш хиваликлар” партияси раҳбарлари фаол қўллаб-қувватлашди.
1917 йил февраль инқилоби пайтида Хива хони Асфандиёрхон Ялтада дам олаётган эди. Шунинг учун ҳам у Россия императорининг тахтдан воз кечганини эшитган заҳоти хонликка шошилди. Асфандиёрхонни кутиб олишга чиққан давлат арбоблари орасида Ҳусайнбек Матмуродов, Полвонниёз Ҳожи Юсуповлар ҳам бор эдилар. Хива гарнизонидаги солдатлар ҳам худди Россиядаги каби ўз советларини ташкил қилишган эдилар. Ана шу советларнинг фаолларидан Латипов, Тиниев ва бошқаларнинг ташвиқотлари билан Полвонниёз Ҳожи Юсупов бошлиқ “Ёш хиваликлар” 4 апрелда солдатларнинг Муваққат ҳукуматга қасамёд қилиши учун тўпланган тантанага кишиларни йиғиб бориб, солдатлардан Хива хонини ағдариб ташлашни сўрашди. Гарнизон бошлиғи хонни тахтдан олиб ташламаслик талаби билан “Ёш хиваликлар”га ёрдам беришга рухсат берди. 5 апрель куни Асфандиёрхон рус солдатлари ҳимоясида саройга келиб, халқ номидан қўйиладиган талаб (манифест)ни имзолашга мажбур бўлди. Манифестга асосан хон ҳокимияти қошида қонун чиқарувчи орган - Мажлис ва Нозирлар кенгаши ташкил этилди. Мажлиснинг биринчи йиғини 1917 йил 26 апрелда бўлиб ўтди. Унда Мажлис раиси этиб Бобо Охун Салимов, нозирлар кенгашининг раиси этиб Ҳусайнбек Матмуродов сайландилар. Бу ташкил қилинган давлат органлари таркибида “Ёш хиваликлар”нинг аъзолари кўпчиликни ташкил қилар эди. Лекин кейинчалик Асфандиёрхон Хива гарнизони бошлиғи генерал Мирбадалов ва Зайцевларнинг ёрдами билан Мажлисдан Ёш хиваликларнинг аъзоларини сиқиб чиқаришга муваффақ бўлди. Турли баҳоналар билан Ҳусайнбек Матмуродов ва бир қанча ташкилот аъзоларини зиндонга ташлади. Полвонниёз Ҳожи Юсупов, Назир Шоликоров, Бобо Охун Салимов, Жуманиёз Султонмуродов, Бобожон Яқубов ва бошқалар хоннинг таъқибидан қутулиш учун Тўрткўл, Чоржўй, Тошкент каби шаҳарларга қочиб кетишди. Бу пайтда Тўрткўл ва Тошкентда совет ҳокимияти ўрнатилган эди. Совет ҳукумати орқали “Ёш хиваликлар”нинг Асфандиёрхон, Зайцев, Жунаидхонларга ўз ҳамфикрларини зиндондан озод қилишни талаб қилиб юборган бир қанча телеграммалари ҳеч қандай натижа бергани йўқ. Аксинча, октябрь тўнтаришидан кейин Хива шаҳридан рус аскарлари олиб чиқиб кетилди ва Асфандиёрхон ўзининг ҳарбий таянчидан маҳрум бўлди. Бу 1916 йил қўзғолонидан кейин Эронга қочиб кетган Жунаидхоннинг Хива хонлигига қайтиб келиши ва бу ерда катта мавқега эга бўлишига сабаб бўлди. Чунки мингдан ортиқ қуролланган сарбозларга эга бўлган Жунаидхон билан муроса қилмасдан Асфандиёрхон ва унинг атрофидаги аъёнлар бундан кейин ҳокимиятни сақлаб қолишга таянчлари йўқ эди. Шунинг учун ҳам Асфандиёрхон Жунаидхонни “сардори карим”, яъни хоннинг лашкарбошиси қилиб тайинлади. Шу билан ўзи Жунаидхон қўлидаги қўғирчоқ хонга айланиб қолди. Хонликдаги ҳокимият эса тўла равишда Жунаидхон қўлига ўтди. Тошкентга етиб келган Полвонниёз Ҳожи Юсупов бошлиқ Ёш хиваликлар 1918 йил баҳорида совет ҳокимиятининг фаолларидан бири бўлган Юсуф Ибрагимовнинг маслаҳати билан ўзлари тўрт киши бўлишига қарамасдан “Ёш хиваликлар” партиясининг Марказий Қўмитасини ташкил қилдилар.
1918 йил октябр ойларига келганда “Ёш хиваликлар” ташкилоти аъзолари таъсири билан Жунаидхон ва Асфандиёрхон ўртасига низо солинди ва бунинг натижаси ўлароқ Жунаидхоннинг ўғли Эшши томонидан Асфандиёрхон қатл қилинди. Унинг ўрнига акаси Саид Абдуллохон хон деб эълон қилинди. Жунаидхон Хива хонлиги ҳудудида большевиклардан мустақил бўлган давлатни сақлаб қолишга ҳаракат қилди. 1918 йил ноябр ойида Амударёнинг ўнг қирғоғидаги ерларда ташкил қилинган совет ҳукуматига қарши Жунаидхон бир неча маротаба муваффақиятсиз уруш олиб борди. 1919 йил апрель ойида совет ҳукумати билан Жунаидхон ўртасида Тахта шартномаси тузилди. Унга совет ҳукумати томонидан Христофоров, Хива хонлиги томонидан Жунаидхон имзо чекдилар. Бу вақтинчалик келишув бўлиб, унга иккала томон ҳам амал қилмади. Бу пайтда Тўрткўлда мулла Жуманиёз Султонмуродов бошлиқ “Ёш хиваликлар” партиясининг қўмитаси тузилган бўлиб, уларнинг сони Хива хонлиги ҳудудидан қочиб ўтганлар ҳисобига кундан-кунга кўпаётган эди. Уларни совет ҳукумати хивалик инқилобчилар деб, большевиклар партияси сафига қайд қилишган. Мана шу “Ёш хиваликлар”нинг талаблари ва туркман уруғлари орасида Қўшмамедхон, Ғуломалихон каби уруғ сардорларининг Жунаидхон билан келишмай қолганлиги ҳақидаги хабарни ҳисобга олган большевиклар Скалов раҳбарлигида 1919 йил 22 декабрда мустақил давлат - Хива хонлиги ҳудудига бостириб кирдилар. 1920 йил 1 февралда Жунаидхон қўшинларини тор-мор қилган Қизил армия Хива шаҳрига кириб борди. 2 феврал куни сўнгги Хива хони Саид Абдуллохон тахтдан воз кечди.
Хивада Жуманиёз Султонмуродов раислигида Муваққат инқилобий қўмита ташкил этилди. 1920 йил 26-30 апрель кунлари Хоразм меҳнаткашларининг биринчи қурултойи бўлиб ўтиб, унда Хива хонлиги ҳудудида Хоразм Халқ Совет Республикаси ташкил этилганлиги эълон қилинди ва Полвонниёз Ҳожи Юсупов раислигида Халқ Нозирлар Шўроси тузилди. Бу ҳукумат таркибига, асосан, “Ёш хиваликлар” партиясининг аъзолари кирган бўлиб, улар мамлакатда демократик тузумни ўрнатиш, мустақил давлатни барқарорлаштириш борасида катта ишларни амалга оширдилар. Ана шундай ишлардан бири сифатида Бобо Охун Салимов раислигидаги делегациянинг уч ой давомида Москва ва Петроград шаҳарларида бўлиб, 1920 йил 13 сентябрда РСФСР билан ХХСР ўртасидаги иқтисодий-сиёсий шартноманинг имзоланиши бўлди. Бу ҳужжатга асосан ХХСР мустақил давлат ҳисобланиб, совет Россияси билан ўзаро тенг ва бир-бирларининг ички ишларига аралашмасликка келишиб олинди. Лекин ХХСР ҳукумати раҳбарлари олиб борган мустақил сиёсат совет тузуми ва унинг республика худудидаги вакилларига ёқмади. Чунки Полвонниёз Ҳожи Юсупов бошлиқ ҳукумат хусусий мулк, вақф ерлари, диний муассасаларни тарқатиб юбориш ўрнига уларни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлашга ҳаракат қилаётган эди. ХХСРнинг Конституциясида ҳам хусусий мулк эътироф этилган эди. Бу нарса ўша пайтдаги совет ҳукуматининг Хоразмдаги вакиллари Скалов, Иоффе, Дубянский, Шокиров ва бошқаларга ёқмади. Дубянский ва Шокировлар 1920 йил август ойида Қўшмамедхон ва Ғуломалихонларни Хивага чақириб, уларни йигитлари билан қатл қилиш ва бу билан маҳаллий ўтроқ аҳоли ва туркман чорвадорлари ўртасида низо туғдиришга ҳаракат қилишди. Ғуломалихон қочиб қутилган бўлса ҳам Қўшмамедхон ва унинг йигитлари қатл этилди. Бироқ буларнинг ҳаммаси “Ёш хиваликлар” ҳукумати зиммасига юклатилди. Натижада, 1921 йил 6 мартда Хива шаҳрида қизил аскарлар томонидан намойиш уюштирилиб, инқилобий қўмита тузилди ва Полвонниёз Ҳожи Юсупов бошлиқ ҳукумат аъзолари қамоққа олинди. Полвонниёз Ҳожи Юсупов ва Назир Шоликоровлар қочиб яширинишга улгуришди.
ХХСРда коммунистлар олиб борган сиёсат маҳаллий кадрлар, зиёлилар ҳамда мустақил фикрга эга бўлган инсонларни йўқотишга қаратилган эди. Хоразм республикаси мавжуд бўлган атиги 5 йилга яқин муддат ичида республика ҳукумати - Халқ Нозирлар Шўроси ва Хоразм МИК раислари ўн марта ўзгартирилганлиги фикримизнинг яққол исботидир.
1920-1921 йилларда аграр соҳада дастлабки ўзгаришлар амалга оширилиб, 10000 десятина ер деҳқонларга бўлиб берилди. Бундан ташқари, уларга уруғ, деҳқончилик асбоблари ҳамда ссуда (қарз) ажратилди. Деҳқонларга кредит ҳисобидан 5000 чорва мол сотилди. Эски суғориш иншоотларини қайта тиклаш билан бирга янгилари ҳам қурилди. Масалан, 1922 йил охиригача Хоразм деҳқонлари Ҳазораспдан Хўжайлигача бўлган ҳудудда 12 та дамба қурдилар. 1922 йилда чоракор ва камбағалларга ер бўлиб бериш учун давлат ер фонди тузишга ҳамда деҳқонларга узоқ муддатли ва қайтариб олинмайдиган ссудалар бериш учун давлат деҳқонлар банкини таъсис этишга қарор қилинди. Банкка 3 млрд. сўм маблағ ажратилган. Хуллас, 1921-1922 йилларда 400000 танобдан ортиқроқ ер камбағал деҳқонларга берилди.
XX асрда иқтисодий сиёсат ва хўжалик соҳасидаги ислоҳотлар зиддиятли тарзда кечди. Хоразм Республикасидаги солиқ сиёсатида совет Россиясининг таъсири кучлироқ бўлганлиги учун синфий ёндашув яққол намоён бўлди. Солиқнинг оғир юки савдогарлар, судхўрлар ва йирик ер эгалари зиммасига тўғри келди. Қишлоқ хўжалигида ягона солиқ тизими (1922 й. декабр) жорий қилинди. Солиқ тўлашни тўғри йўлга қўйиш мақсадида давлат банки ва солиқ палатаси ташкил қилинди. Янги иқтисодий сиёсат (НЭП)нинг эълон қилиниши билан карвонсаройлар, корхоналар, кўллар ва тўқайлар ижарага берила бошланди. Симлари тортилиб, дарё кемачилигини тиклашга киришилди. Бир қанча йирик кўприклар қурилди. Пахта майдонларининг ҳудуди 1921 йилдаги 10000 танобдан 1924 йилда 85000 танобга, ҳосилдорлик 100000 пуддан 800000 пудга кўтарилди. Умумий экин майдонлари 1913 йилдаги даражанинг 62 %ни, ҳосилдорлик 70-75 %ни ташкил қилди. 1924 йилга келиб 6 та пахта тозалаш заводи, 10 та ғишт заводи, ёғ заводи, босмахона, электростанция тикланди. Қоғоз ва шиша заводлари қурилди. Саноатда давлат сектори устувор мавқени эгаллади.
Ҳукумат маданий-маърифий ва соғлиқни сақлаш ишларига ҳам катта эътибор қаратди. 1920 йил баҳорида Республикада янги типдаги мактаблар ташкил қилина бошлади. 1921 йил сентябрида Хивада очилган халқ дорилфунуни республика маданий ҳаётида катта воқеа бўлди.
Хоразм республикаси тузилган дастлабки ойлардан бошлаб ғоявий-сиёсий вазият кескинлашиб борди. “Ёш хиваликлар” ҳукумати, демократик кучлар маҳаллий шароитни тушунган ҳолда аҳолининг урф-одатлари ва қадриятларини эъзозлаб иш олиб бордилар. Аммо Хивани босиб олиш жараёнида кириб келган Қизил армия, унинг қўмондонлари, европалик большевиклар республикадаги ижтимоий-сиёсий ҳаётга салбий таъсир кўрсатдилар. Улар маҳаллий шароит, халқ оммаси кайфияти ва қарашларини назар-писанд қилмай тезкорлик билан инқилобий чора-тадбирларни амалга оширишга киришдилар. Бу ишларни амалга оширишда Хоразм Компартияси (1921 йил декабрда тузилган) уларнинг энг яқин ёрдамчисига айланди.
Хоразм республикасида кейинги йилларда ҳам ғоявий-сиёсий кураш давом этди. Республиканинг кўплаб раҳбарлари мустақиллик учун, адолатсизликка қарши курашни тўхтатмадилар. 1923 йил баҳорида Савдо-саноат нозири Нуруллаев Москвада РСФСР билан бўлаётган музокараларда қатъийлик кўрсатгани учун Хоразмга чақирилиб, қамоққа олинди. Совет Россиясининг кўрсатмалари асосида 1923 йил ёз-кузида Хоразм республикасида туб сиёсий тўнтариш амалга оширилди. 1923 йил октябрда ХХСР Хоразм Совет Социалистик Республикаси (ХССР)га айлантирилди. ХССРнинг янги Конституцияси қабул қилинди. Афсуски, бу Конституция мамлакатни социалистик қурилиш йўлига ўтишини қонун йўли билан мустаҳкамлади.
Хулоса қилиб айтганда, 1923 йил кузидан бошлаб Хоразм республикасидаги демократик ўзгаришларга бутунлай чек қўйилди. Хоразмни советлаштириш жараёни ўзининг юқори босқичига кўтарилди. Бу ҳолат 1924 йилнинг охиригача давом этди.



Download 5.26 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   51   52   53   54   55   56   57   58   ...   87




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling