Ўзбекистон республикаси президенти
Совет тузумининг сиёсий-иқтисодий сиёсати ва унинг оқибатлари
Download 5.26 Mb.
|
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009
- Bu sahifa navigatsiya:
- «социалистик индустрлаштириш»ни авж олдириш негизида
Совет тузумининг сиёсий-иқтисодий сиёсати ва унинг оқибатлариХХ асрнинг 20-йилларида Совет ҳокимияти олдида Туркистон халқ хўжалигини тиклаш вазифаси кўндаланг бўлиши билан бирга саноат билан қишлоқ хўжалиги ўртасида янги иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш зарурати ҳам юзага келганди. Янги сиёсат асоси (ЯИС) - маҳсулот ишлаб чиқарувчи якка деҳқонлар манфаатини ошириш, унинг ерга эгалик қилишини таъминлаш, имтиёзли солиқ олиш ва бозор иқтисодиёти, товар-пул муносабатларига ўтишдан иборат эди. Янги иқтисодий сиёсатда аграр масала марказий ўринни эгаллади. ЯИС таркибидаги ер-сув ислоҳотлари Туркистон Коммунистик партияси V съезди ва Туркистон советларининг IХ қурултойида (1920 й. сентябрь) кўриб чиқилгач, 1921 йил баҳоридан Еттисув, Сирдарё, Фарғона вилоятларида бошланди. Ер ислоҳотларида аҳолидан белгиланган нормадан ортиқ бўлган ерлар, Подшо Россиясининг кўчириш сиёсати натижасида рус деҳқонлари томонидан эгаллаб олинган ерлар тортиб олиниб ерсиз ва кам ерли деҳқонларга бўлиб берилди Шу йўл билан бой хўжаликларни тугатиш ҳам зарур эди. Ер-сув ислоҳотларининг натижалари қуйидагича бўлди:
Ер-сув ислоҳоти 1922 йил кузида ўз поёнига етди. Уни амалга ошириш давомида жойларда, қишлоқ ва овулларнинг ерсиз, кам ерли маҳаллий деҳқонларнинг озчилик қисмини бирлаштирган, маҳаллий характерга эга бўлган “Қўшчи” уюшмалари муҳим аҳамият касб этди. 1921 йил ёзига келиб ўлка қишлоқ ва овулларида 6 мингга яқин шундай уюшмалар мавжуд бўлиб, улар 9 мингга яқин аъзосига эга эди. Ушбу уюшма қишлоқ ва овулларда совет ҳокимиятининг таянчи бўлиб, ўзига тўқ бўлган деҳқонлар мол-мулкларини аниқлашда, советлар сиёсатидан норози бўлган деҳқонлар чиқишини бостириш ва уларнинг олдини олишда ҳам қатнашарди. Уларнинг ҳаракати қишлоқни “социалистик асосдан қайта қуриш”га қаратилган эди. Туркистон пахта хом ашёси етиштириб берувчи асосий ўлка бўлганлиги сабабли ислоҳотларда пахтачиликка алоҳида эътибор берилди. Пахтачиликни тиклаш ва ривожлантириш ишларига раҳбарлик қилиш учун 1920 йил «Пахтачиликни, пахта тозалаш саноати ва пахта тозалашнинг давлат ташкилотлари тўғрисидаги Низом» асосида қишлоқ хўжалиги Олий Кенгаши Президиуми қошида Бош Пахтачилик Қўмитаси ва пахта етиштирувчи республикаларда унга бўйсунувчи пахтачилик қўмиталари тузилди. Пахта қўмитасининг низомига биноан Россия истеъмол қилувчи объект сифатида, Туркистон, Озарбайжон, Арманистон эса ишлаб чиқарувчилар сифатида тан олинди. Бош Пахтачилик қўмитаси катта ваколатларга, яъни бошқа қишлоқ хўжалик экинлари ҳисобига чигит экиладиган майдонларни кенгайтириш, пахта харид нархларини белгилаш, марказий давлат органларининг рухсатисиз махсус қарорлар қабул қилиш ҳуқуқларига эга эди. Туркистон республикасидаги барча ҳайдаладиган майдонлар, селекция станциялари, ирригация иншоотлари Пахтачилик қўмитаси ихтиёрига ўтказилди. Туркистон республикасида пахтачиликни ривожлантириш ишлари, суғориш иншоотларини тикламасдан туриб амалга ошириб бўлмасди. 1919 йилдан дастлабки мелиоратив ширкатлар тузила бошлади. 1921 йилнинг февралида ТАССР ҳудудидаги барча сувларни республика мулки деб эълон қилган Сув тўғрисида қонун қабул қилинди. Қонунда сувни тақсимлаш одат (бой ва руҳонийларга бериладиган имтиёзлар) бўйича эмас, балки, биринчи навбатда, деҳқонлар манфаатини кўзлаган ҳолда берилиши керак деб айтилган эди. Шу орқали сув иншоотларини тиклашга деҳқонлар мажбуран жалб қилинди. Туркистон деҳқонларининг бундай мажбурий бепул меҳнати ирригация шахобчаларини таъмирлаш масалаларини қисман ҳал қилишга ёрдам берди. Совет давлати синфий курашни авж олдирган ҳолда бой - судхўрлик ва савдо капиталига қарши кредит кооперациясини бошлади. Давлатнинг кооператив қурилиш сиёсати асосида майда товар хўжалигини социализмга жалб қилиш, хусусий секторни сиқиб чиқариш мақсадлари турди. У кредит ва ссуда шаклларида бўлди. Туркистонда у, энг аввало, қарз берувчи ташкилот сифатида пайдо бўлди. 1918 йилда Туркистонда қарз берувчи кооперацияларнинг 958 та қуйи бўғини мавжуд бўлиб, уларнинг 700 дан зиёди Ўзбекистон ҳудудида жойлашган эди. 1923 йилда Туркистонда кооперациялар тизими ташкилий жиҳатдан тугал равишда шаклланди. Деҳқонлар қарз олиши зарур бўлганлиги учун кооперцияга қизиқиб кирди. Марказ қишлоқ хўжалик кредити - қишлоқ хўжалигининг асосий сармоясини (мол-мулки, уруғ фонди, қурилишларни) тиклаш учун фойланиш, бу ресурсларни чорвачилик, пахтачилик ишлари, ирригация, боғдорчилик ва узумчиликни ривожлантиришга йўналтирди. Бироқ, совет давлатида синфий танлов мавжуд бўлганлиги сабабли турли кишилар кооперативга қабул қилинавермасди. Камбағалларга устуворлик берилган, аҳолининг ўзига тўқ қатламларига нисбатан қатъий талаблар белгиланган эди. Масалан, “бой”, “қулоқ”лар тоифасидаги шахслар биринчи тўлов сифатида ўрта ҳоллар тўлайдиган тўлов миқдоридан икки баробар, камбағалларникидан эса ўн икки баробар кўп ҳақ тўлашлари керак бўлган. Кооперативларга қабул қилишдаги бундай синфий ёндашув ўз навбатида, аксарият қишлоқ аҳлининг фуқаролик ҳуқуларининг поймол этилишига, ишбилармон деҳқонларнинг иқтисодий ривожланган жамият қуриш ишидан сунъий бегоналаштирилишига олиб келди. 1927 йилдан кооперативларни “давлатлаштириш” сиёсати бошланиб, унинг хўжалик ҳисоби асосидаги негизлари бузилди. Қишлоқ хўжалигини юксалтириш масалалари давлатга келиб тақаладиган бўлди. Туркистондаги сиёсий ўзгаришлар миллий давлатчилик қурилиши масаласида турли қарашларни ҳам юзага келтирди. Миллий мухолиф кучлар халқнинг ўз тақдирини ўзи белгилаши лозимлигини афзал билдилар. Аҳолининг аксарияти Қизил армиянинг қуроли ёрдамида зўрлик билан олиб кирилган совет хокимиятини тан олмас, улар ташкил этаётган советлар ва уларнинг ижроия қўмиталари туб аҳоли орасида обрўга эга эмасди. Марказ бундай вазиятда ўлкада ўз таъсир доирасини сақлаб қолишни кўзлар, шу мақсадда Туркистон КП (1921 йил 11-20 август) VI қурултойида миллий масалага эътибор қаратиб, юқори давлат-партия органларида миллий кадрларни кўпайтириш масаласини қўйди. Марказ топшириқлари билан А.Раҳимбобоев, Н.Тўрақулов, Д.Устабоев, Д.Манжара, И.Хидиралиев, А.Раҳимбоевлар Туркистон КП МҚга сайландилар. Н.Тўрақулов ва А.Раҳимбоевлар Туркистон бюроси аъзоси бўлдилар. Лекин уларнинг имкониятлар чекланган эди. Туркистонни иқтисодий-сиёсий жиҳатдан мустақил бўлишига интилган бу кучлар дастлабки кунларданоқ марказнинг ҳаддан ошган буюк давлатчилик сиёсатига қарши норозилигини билдирди. Улар Туркистон КПни РКП(б)дан тўлиқ мустақил бўлишини, Турккомиссия бекор қилинишини талаб қилиб чиқдилар. 1921 йилда маҳаллий миллат вакиллари Москвага Туркбюронинг ўлкадаги фаолиятини кескин қораловчи мактуб йўлладилар. Улар марказдан юборилган эмиссарларнинг маҳаллий халқларга нисбатан қўллаётган усулларини танқид қилиб, Россиядан келган ходимлар туб аҳолининг ўлкани мустақил бошқара олиш қобилиятига ишонмаётганликлари, ўзлари эса Туркистоннинг турмуш-шароитини яхши билмасдан туриб, ҳокимиятнинг масъул лавозимларига даъвогарлик қилишлари ҳақида ўз фикрларни билдирган эдилар. А.Раҳимбобоевнинг Москвага ёзган хатида Туркбюро раиси М.Томский ва Туркистон ВЧК раиси Ф.Э.Дзержинскийнинг ўринбосари Я.Х.Петерсларнинг ўлкадаги фаолиятлари кескин танқид остига олинди. Туркбюро аъзоси Н.Тўрақулов бундай ҳаракатларда 20-йилларнинг бошларида ўлка партия-давлат органларининг раҳбарлик лавозимларида ишлаган таниқли давлат ва жамоат арбоби Қ. Турккомиссия ва Туркбюронинг ўлкада буюк давлатчилик ғояларига нисбатан норозилик белгиси сифатида бу органлар таркибидан чиқиш ҳақида ариза ҳам берди. Отабоев ҳам фаол бўлди. У ҳам марказнинг айримачилик, шовинистик сиёсатига қарши бир неча бор ўзининг дадил фикрлари билан чиқди. И. Хидиралиев маҳаллий аҳолининг манфаатларини ҳимоя қилган миллий раҳбарлардан эди. У 1922 йилнинг охирида Бутунроссия МИҚга махсус хат билан мурожаат қилиб: “Маҳаллий аҳолининг барча қатламларини совет ишларига жалб қилишга, бу ишларни аҳолининг миллий турмуш тарзига мослаштирган ҳолда амалга оширишга, Туркистонда иш юритишни маҳаллий аҳоли тилига ўтказишга” эътиборни қаратган эди. Унинг фикрича, октябрь тўнтаришидан сўнг деярли 5 йил ўтган бўлса ҳам, қўйидан юқоригача бошқарув аппаратида, асосан, европалик кишилар ўтирганлиги маҳаллий аҳолида чоризм мустамлакачилик сиёсати советлар даврида ҳам давом этмоқда деган хулосани келтириб чиқармоқда эди. Марказ Туркистондаги назорат қилувчи ташкилотларнинг нуфузи бу тариқа пасайиб боришини олдини олиш, марказнинг ўлкадаги мунтазам назоратини сақлаб қолиш мақсадида маҳаллий миллат раҳбарларининг талабларини инобатга олди. 1921 йил 31 декабрда РКП(б) МҚ Туркистон тўғрисидаги масалани қайта кўриб чиқиб, Турккомиссия ва Туркбюронинг янги таркибини тасдиқлади. Янгиланаётган бу ташкилотлар таркибига Н.Тўрақулов, А.Рахимбоев, Қ.С.Отабоев, С.Хўжанов, С.И.Гусев, Я.З.Суриц, И.Г.Сольц кирдилар. Турккомиссия ва Туркбюро раиси этиб С.И.Гусев тайинланди. Бу комиссиялар Туркистоннинг тўлиқ мустақиллигини ҳал эта олмасди. 1920 йил бошидаёқ Турккомиссия Туркистон АССРни бўлиб ташлаб, кун тартибига миллий тил белгисига қараб мухтор республикалар ташкил қилиш масаласини қўйди. Турар Рисқулов ва унинг маслакдошлари бу ҳаракатлари билан туркий халқлар бирлиги ғоясини илгари суриб, Ўрта Осиё давлатчилигининг тарихий таркиб топган шакллари, аҳоли турмуш тарзи, ижтимоий-иқтисодий, маданий тараққиётга амал қилган ўз давлат тузумини шакллантириш масаласини илгари сурган эдилар. Марказ туркийлар бирлиги асосида давлат тузумини шакллантириш империяча манфаатларини амалга оширишга имкон бермаслигини тушунарди, шу сабабли Россия таркибида миллий давлат тузилмалари тузишни маъқуллади. 1920 йил июнда РКП(б) МҚ Сиёсий бюроси ТуркМИҚга «Туркистоннинг маъмурий округларини унинг миллий таркибига мувофиқ қайта тақсимлашга киришиш»ни топширди. Бу ҳаракатлар 20-йилларнинг ўрталарига келиб анча кенгайиб, РКП(б) МҚ Ўрта Осиё бюроси аъзолари Туркистон, Бухоро, Хоразм компартиялари раҳбариятини Ўрта Осиёнинг миллий чегараланиши тўғрисидаги марказ ғоясини амалга ошириш зарур эканлигига кўндирди. РКП(б)нинг 1924 йил 31 январдаги Ташкилий бюроси Туркистон, Бухоро, Хоразм республикаларининг миллий-ҳудудий чегараланиши масаласини кўриб чиқиб, Я.Э. Рудзутакка мазкур республикаларнинг масъул ходимлари билан биргаликда бу ғояни амалда қандай руёбга чиқариш мумкинлигини олдиндан муҳокама қилишни топширди. Миллий чегараланишни ўтказиш масаласи ТКП МҚнинг 1924 йил 23-24 мартда бўлиб ўтган пленумида узил-кесил ҳал қилинди. Пленумда миллий чегараланиш зарурлиги таъкидланди. Туркистон Республикаси доирасида учта миллий республика -Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон республикаларини тузиш мўлжалланди. Совет давлатининг бу сиёсатига қарши Бухоро Республикаси ҳукумати бошлиғи Ф.Хўжаев ҳам ўзининг бир қанча танқидий фикрларини билдирди. У миллий-ҳудудий чегараланишга қарши ўз фикрларини илгари сурди ва марказнинг туркий халқлар илдизи бирлигини ҳисобга олмаётганлиги, чегаралаш ғоялари ўтмиш истилочилари сиёсатидан фарқ қилмаётганлигини айтиб ўтди. Туркистон, Бухоро, Хоразм республикаларида ташкилий ва ташвиқот ишлари олиб борилгандан сўнг, 1924 йилнинг 11 октябрида РКП(б) Сиёсий бюроси Ўрта Осиёни қайтадан бўлиб, чегаралаш ҳақидаги қарорни қабул қилди. Миллий чегараланиш натижаларига кўра, Ўрта Осиёда Ўзбекистон ва Туркманистон Совет Социалистик Республикалари, ЎзССР таркибида бўлган Тожикистон Автоном республикаси, РСФСР таркибида Қорақирғиз (Қирғизистон) ва Қорақалпоғистон Автоном вилоятлари ташкил топди. Собиқ Туркистон АССРнинг қозоқ вилоятлари эса, Қирғизистон (Қозоғистон) АССР таркибига киритилди. Шу тариқа, 1924 йилнинг кузида миллий-ҳудудий чегараланиш ҳукумат қарорлари билан қонуний тарзда расмийлаштирилди. 1925 йилнинг 13 февралида ЎзССР Советларининг Бухорода очилган I Умумўзбек қурултойида “Ўзбекистон ССР тузилгани тўғрисида декларация” қабул қилинди. Ўзбекистон ССР советлари МИҚнинг раиси этиб Йўлдош Охунбобоев сайланди. Ўзбекистон ХКС раиси этиб Файзулла Хўжаев тасдиқланди. Миллий-чегараланишдан сўнг, Ўзбекистон Советларининг I қурултойи (1925 йил 13-17 феврал) “Ўзбекистон ССРнинг ташкил топиши ҳақидаги Декларация”ни тасдиқлагач, Иттифоқ Советларининг 3-қурултойида (1925 йил,13 май) эса, Ўзбекистон Республикаси СССР таркибига киритилди. Шу тариқа, Ўзбекистон ССРнинг қонунан расмийлаштириш жараёни тугалланди. Ўзбекистон сиёсий ҳаётида фаолиятини бошлаган Й.Охунбобоев қишлоқ хўжалигини тиклашда фаол бўлди. У қишлоқ хўжалиги ишларини мукаммал билганлиги сабабли марказ сиёсати таъсирида бўлса ҳам деҳқонлар учун яхши маслаҳатгўй бўлиб қолди. У Лоғон канали, Катта Фарғона канали қурилишида катта хизмат қилди. Й.Охунбобоев 1943 йилда Тошкентда вафот этди. Ўзбекистон ССРда давлат ва сиёсат арбоби бўлган Акмал Икромов эса ер-сув ислоҳоти ва жамоалаштириш даврида «бой хўжаликлар»ни тугатишда фаол иштирок этди. Шунингдек, у “18лар гуруҳи”, “иноғомовчилик”ка қарши чиқишлар қилиб, уларни миллатчиликда айблайди ва уларга қарши кураш олиб боришга чақиради. Лекин мустабид тузумнинг содиқ хизматчиси бўлган Акмал Икромов ҳам, 1938 йилда “халқ душмани” сифатида отиб ташланади. Туркистонда миллий чегараланишнинг ўтказилиши миллий давлатчилик ривожланиши тарихига путур етказди. CCCР таркибидаги ушбу тузилмалар марказ ихтиёрида бўлиб, илгаригидек арзон хом ашё етказиб беришга ихтисослаштирилган мустамлакалар бўлиб қолаверди. 1924 йилда миллий-ҳудудий чегараланиш натижасида Ўрта Осиё харитасида иттифоқчи республикалар билан бирга мухтор тузилмалар ҳам пайдо бўлди. Шулар орасида Қорақалпоғистон мухтор вилояти ҳам бор эди. Ушбу вилоят Қирғизистон (Қозоғистон) АССР таркибида бўлиб, унга волостлардан иборат Тўрткўл, Чимбой, Хўжайли ва Қўнғирот округлари кирди. 1925 йил 12-19 февралда вилоят маркази Тўрткўл шаҳрида бўлиб ўтган Қорақалпоғистон автоном вилояти Советларининг биринчи қурултойида “Қорақалпоғистон автоном вилояти ташкил топганлиги тўғрисида Декларация” қабул қилинди ва “қорақалпоқ миллий давлатчилиги” ташкил этилганлиги қонуний расмийлаштирилди. Қорақалпоғистон автоном вилояти Ижроия Қўмитасининг раиси этиб А. Қудабоев сайланди. Қорақалпоғистонда яшайдиган асосий элатлар қорақалпоқлар-38,5%, ўзбеклар-28,7%, қозоқлар-28,6%дан иборат эди. Қорақалпоғистон Мухтор вилояти ташкил этилгандан сўнг, советлар бу ерда ҳам социалистик қурилишни авж олдириб юбордилар. Жумладан, овул ва қишлоқларни советлаштириш кенг миқёсда олиб борилди. Советларга батрак ва камбағаллар сайланиб, уларнинг асосийларини коммунист ва комсомоллар ташкил қилди. Бой ва руҳонийлардан тортиб олинган ерлар ҳисобига ерсиз ва кам ерли деҳқонлар ер билан таъминланди. Мамлакатда вайрон бўлган саноатнинг турли соҳалари - қишлоқ хўжалиги ва суғориш ишларини тиклаш амалга оширилди. Қорақалпоғистон иқтисодиётининг тараққиёти бир томонлама хусусиятга эга бўлиб, СССРнинг марказий минтақалари саноатини ривожлантириш эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган эди. 1933 йилдан СССР Ер ишлари Халқ Комиссарлиги Қорақалпоғистонни мамлакатнинг беда уруғи етказиб берувчи асосий базаси деб тан олди. Мухтор вилоят саноатининг етакчи тармоқларини пахта тозалаш ва балиқ-консерва заводлари ташкил этди. 1932 йилнинг 20 мартида эса, СССР МИҚ “Қорақалпоғистон автоном вилоятини Автоном Совет Социалистик Республикасига айлантириш ва уни РСФСРга кириши тўғрисида” Қарор қабул қилди. Ўша йилнинг май ойида автоном республика Советларининг I Таъсис қурултойи томонидан хукумат тузилди. Унда ҚҚАССР МИҚ Раиси этиб, Коптлеу Нурмуҳамедов, Халқ Комиссарлари Кенгаши раиси этиб эса Қосим Авезовлар сайландилар. 1936 йилда СССРнинг янги Конституциясида ҚҚАССРни Ўзбекистон ССР таркибига киритиш кўзда тутилди. Бунинг асосий сабаби ҳудудий яқинлик, ягона тарихга эга бўлганлиги деб эътироф этилди. Совет давлати раҳбарияти «социалистик индустрлаштириш»ни авж олдириш негизида ёш Ўзбекистон ССР раҳбарияти олдига “Совет Ўзбекистон”ини СССРнинг асосий пахта базасига айлантириш стратегик вазифасини қўйди. Ўзбекистонда саноатлаштириш қийинчилик билан амалга оширилди. 1927-28 йилларда иқтисодиётда қишлоқ хўжалигининг ҳиссаси 61,6%ни, саноатники эса 38,4 %ни ташкил қилар эди. Мавжуд саноат корхоналарининг 90%и ҳам қишлоқ хўжалик хом ашёсини қайта ишлашга ихтисослашган эди. 1928-1932 йилларда 289 та янги саноат корхонаси, жумладан, Тошкент қишлоқ хўжалик машинасозлик заводи, Қувасой цемент ва оҳак заводи ишга туширилди, Чирчиққурилиш, Олмалиққурилиш, Тошкент тўқимачилик комбинати қурилиши давом этди. Фарғонада тўқимачилик фабрикаси ва ёғ заводи, Тошкент, Бухоро, Марғилон ва бошқа шаҳарларда тикувчилик фабрикалари ишга туширилди. Саноатлаштириш йиллари республика пахта тозалаш заводларининг техник имкониятлари ошиб, 1927-28 йилларда пахта тозалаш саноатининг ялпи маҳсулоти 165,7 млн рублни ташкил этди. Республикани саноатлаштиришда электрлаштириш ҳам муҳим ўринлардан бирини эгаллаганлиги туфайли, электрстанциялар қурилиши авж олдирилди. Масалан, Тошкент яқинида қуввати 4 минг киловатни ташкил этган Бўзсув ГЭСи барпо этилди. 1932 йилга келиб эса, электр станцияларининг сони 49 тага етди. Шунингдек, республикада нефть саноати ҳам ўсди, 1925-26 йилларда нефть ишлаб чиқариш 5,6 тонна бўлган бўлса, 1927-28 йилларда бу кўрсаткич 47,7 тоннани ташкил этди. 20-йиллардан Ўзбекистонда автомобиль траспорти вужудга келди. 1921 йилда республика автомобиль транспорти ихтиёрида 40 та енгил ва 15 та юк автомобили ҳамда Тошкент автомобиль таъмирлаш устахонаси бор эди. 1940 йилгача Ленин номидаги катта автомобиль йўли (710 км), Фарғона автомобиль йўли (343 км) қайта таъмирланди ва бир қанча янги йўллар қуриб битказилди. 1940 йилда узунлиги 708 км бўлган Катта Ўзбек трактини (Тошкент-Термиз автомобиль йўли) қуриш ҳақида махсус Қарор қабул қилинди. Бу йўлнинг 376 км.и Тошкент, 222 км.и Самарқанд, 162 км.и Бухоро вилоятлари меҳнаткашлари томонидан 1941 йилнинг 4 ойида қуриб тугалланди. Шунингдек, шаҳар ва портларни бирлаштирувчи Фарғона (Искобил) - Қувасой (1922), Қарши – Китоб (1924), Амударё (Самсоново) - Термиз (1925) янги темир йўллар ҳам қурилди. 1928-29 йилларда пахтачиликни ривожлантириш мақсадида Асака – Шаҳрихон, Сирдарё - Пахтаорол темир йўллари қурилди, Қорасув - Ош (1935) ва бошқа темир йўл линиялари қурилиб, фойдаланишга топиширилди. 1929-1931 йилларда узунлиги 1452 км бўлган Туркистон - Сибирь (Турксиб) темир йўли қурилди. Янги иқтисодий сиёсат (НЭП) туфайли Ўзбекистон қишлоқларидаги аҳвол анча яхшиланди, деҳқонлар ўз маҳсулотини сотиш, ғўза ва бошқа экин майдонларини кенгайтириш орқали турмуш даражасини яхшилаш имкониятига эга бўлишди. Лекин, 20-йилларнинг иккинчи ярмидан ЯИС ўз моҳиятини йўқотиб, эркин савдо ва хусусий тадбиркорликка чек қўйила бошлади. Совет давлати ЯИС туфайли хўжалигини тиклаб олган ўзига тўқ хўжаликларни тугатиш орқали қишлоқларда “социалистик ижтимоий тузум”нинг асоси бўлган жамоалаштириш сиёсатини бошлади. 1925 йил 2 декабрда ЎЗССР МИҚнинг Фавқулодда Сессиясида хусусий мулкчилик муносабатларига барҳам бериб, социалистик ишлаб чиқаришга бўйсунадиган “Ер ва сувни национализация қилиш” тўғрисида Декрет қабул қилинди. Бу ислоҳотларни ғоявий-сиёсий жиҳатдан таъминлаш учун марказий партия-давлат комиссияси, жойларда эса вилоят, уездь, волость комиссиялари ташкил этилди, барча жойларда ташвиқот-тарғибот ишлари бошлаб юборилди. «Қўшчи» иттифоқи аъзолари иштирокида чорикор, мардикор, ерсиз деҳқонлардан иборат бўлинмалар тузилди. Улар ерга мухтож кишилар рўйхатини тузиб, кимларда ортиқча ер, иш ҳайвонлари, иш қуроллари борлигини аниқлашга ўтдилар. Фақат Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларидаги ер-сув ислоҳоти давомида суғориладиган 20 га ва 45 га ортиқ лалми ерлар, собиқ амир ва хон хизматчилари, руҳоний ҳамда савдогар, судхўрларнинг хўжаликлари мусодара қилинди. Умуман, 1925-29 йиллардаги ер-сув ислоҳоти натижасида Ўзбекистонда ўзига тўқ бўлган 1492 та хўжалик тугатилди. 27.992 та хўжаликнинг ери тортиб олинди ёки қисқартирилди. 89.492 та ерсиз ва кам ерли деҳқон хўжаликлари чек ерлари олишди. Ер билан бирга кўпгина хўжаликлар мол-мулк, уруғ, асбоб-ускуналарга ҳам эга бўлдилар. Бу совет давлатининг синфсиз жамият қуриш учун кўрган тадбирларидан бири эди. Тортиб олинган ерларнинг асосий қисми колхозлар ва совхозлар ихтиёрига топширилди ва бу бозор-савдо муносабатларининг ривожланишини тўсқинлик қилди. Бундай йўл билан бошланган оммавий жамоалаштириш (коллективлаштириш) «қулоқлаштириш» сиёсатини ҳам бошлаб берган эди. 1929 йил деҳқонлар синфини ижтимоий қатлам ва меҳнаткаш омма сифатида мақсадли йўқ қилишнинг бошланиш даври бўлди. Ўзбекистонда қулоқлаштириш ЎзКП МҚнинг 1930 йил февралда қабул қилган “Коллективлаштириш ва қулоқ хўжаликларини тугатиш” тўғрисидаги Қарори эълон қилингандан сўнг бошланди. Шу мақсадда Ўзбекистонга Москва, Ленинград, Иваново-Вознесенк ва СССРнинг бошқа саноат марказларидан 25 000 та ташкилий–сиёсий тажрибага эга бўлган рус ишчилари юборилди. “25 мингчилар”, асосан, ўзбек қишлоқларида колхозлар тузиш ҳамда “қулоқ қилиш” кампаниясида “фаол” иштирок этдилар. 1930 йилнинг ўзида республикада 2.648 та бой ва “қулоқ” хўжаликлари тугатилди. ”Қулоқ қилиш” деҳқонларда ишончсизлик ва хавотирни кучайтирди. Кўплаб деҳқонлар ўз хўжаликларини ташлаб қочдилар. Чорва сони кескин камайиб кетди. Республикадаги сиёсий вазият кескинлашиб борди. Совет ҳукуматининг жамоалаштириш сиёсати деҳқонларнинг норозилик ҳаракатларини ҳам бошлаб берди. 1930 йил 25 февралда Фарғона округида ғалаён бошланди. Норозилик чиқишлари Андижон, Тошкент, Хоразм, Самарқанд округларига ҳам ёйилди. Мана шундай норозилик чиқишларининг олдини олиш учун 1930 йилда Ўз МҚ КП(б) қошида “қулоқ” ва бойларни йўқ қилиш бўйича махсус республика комиссияси тузилади ва “қулоқ қилиш” сиёсати янада шиддатли тус олади. Ўзбекистонда жамоалаштириш, асосан, 1932 йилнинг охири 1933 йилнинг бошларида тугалланди. Республиканинг 79 туманидан 61 тасида деҳқон хўжаликларини колхозларга бирлаштириш ниҳоясига етказилди. Ўзбекистонда жамолаштирилган хўжаликлар 74,9%ни ташкил этди. 1928-1932 йилларда республикада 9.734 колхоз ва 94 та совхоз ташкил этилди. Оқибатда республикада бир хил шаклдаги колхоз тузуми қарор топди. Якка деҳқон хўжаликларини бу тариқа тугатилиши социалистик тараққиётнинг тантанаси деб баҳоланса-да, аслида бу қишлоқда бозор муносабатларининг барбод бўлиши, мулкчиликнинг турли шакллари тугатилиши, охир-оқибатда аграр ишлаб чиқаришнинг издан чиқишига олиб келди. Лекин колхозларга бирлашган бу хўжаликларнинг иқтисодий аҳволи оғир бўлиб, навбатдаги вазифалар жамоалаштиришнинг муҳим бўғини бўлган МТСларни (машина-трактор станцияси) ташкил қилишни тақозо этарди. Ўзбекистонда дастлабки машина-трактор станцияси 1929 йилда Асака туманида ташкил этилди. 1931 йилда машина-трактор станциялари 48 та туманда ташкил қилинди. 1937 йилга келиб МТСлар сони 163 тага, 1940 йилда эса 189 тага етди. Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини тиклаш учун сув иншоотлари қуриш муҳим эди. 1939 йилдан бундай қурилишлар умумхалқ ҳашари билан амалга оширилди. 1939 йил 1 августда бошланган 270 км узунликдаги Катта Фарғона канали халқнинг машаққатли меҳнати эвазига 45 кунда барпо этилди. Канал қурилишида 160 минг киши иштирок этди ва асосан, қўл меҳнатидан фойдаланилди. Республика қишлоқ хўжалигида мевалар ва узум етиштириш соҳаси ҳам муҳим бўлиб, асосий эътибор пахтачиликка қаратилган вақтда тоғ ва тоғ этаклари зоналарида жойлашган жамоа хўжаликларида боғдорчилик ва токчиликдан иборат давлат хўжаликлари барпо этилди. Меваларнинг нав таркиби сифатини ошириш мақсадида олма, нок, узум ва бошқа мева навлари Европа мамлакатларидан келтириб экилди. Ўзбекистоннинг 1937 йилда етиштирган мева ҳосили 800 минг центнерни ташкил этди. Шундан учдан бир қисми Собиқ иттифоқнинг турли вилоятларига юборилар эди. Қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи чорвачилик ҳам советлар даврида муҳим ўрин эгаллади. Хусусан, 1932 йилдан 1937 йилгача йирик қорамоллар сони 150 мингга, қўйлар 230 мингга кўпайди. Лекин шунга қарамасдан чорвачилик қишлоқ хўжалигининг бошқа соҳаларига қараганда орқада эди. Бунинг асосий сабаби пахтачиликка эътиборнинг кучайтирилганлиги ва чорвадорларнинг моддий рағбатлантирилмаганлиги бўлди. Пиллачилик эса республика қишлоқ хўжалигининг асосий тармоқларидан бири эди. 1922 йилда Тошкентда “Туркипак” акционерлик жамияти ташкил этилди. 1927 йилда Тошкент ипакчилик станцияси негизида Ўрта Осиё ипакчилик илмий-тадқиқот институти ташкил этилди. Мазкур йилларда Ўзбекистон етакчи ўринларда турди. 1932 йилда 5674 тонна пилла етиштирилган бўлса, ушбу кўрсаткич 1937 йилда 11 422 тоннага кўпайди. Шундай бўлса-да, Ўзбекистон собиқ иттифоқдош республикалар орасида қишлоқ хўжалигининг турли маҳсулотларини етиштириш бўйича олдинги ўринларда турди. Download 5.26 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling