Ўзбекистон республикаси президенти
Download 5.26 Mb.
|
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009
- Bu sahifa navigatsiya:
- “Қосимовчилик”
- Бадриддиновчилар”
“Иноғомовчилик” 1926-1931 йилларда совет ҳукумати томонидан миллий раҳбар ва зиёлиларнинг қатағон қилинишига сабаб бўлган уйдирма. “Иноғомовчилик”- ўша йилларда ЎзССР Маориф Халқ Комиссари вазифасини бажариб келган Раҳим Иноғомов (1902-1938) номи билан боғлиқ. Р.Иноғомов халқ таълими ва маданиятини пролетарлаштиришга қарши чиқиб, ВКП (б) МҚ Ўрта Осиё бюроси фаолиятини тугатиш талабини кўтариб чиқади. Шунингдек, Р.Иноғомов ва унинг тарафдорлари ўзбек меҳнаткашларининг октябрь тўнтаришига тайёр бўлмаганликлари ва унинг европалик пролетар кучлар томонидан амалга оширилганлиги ҳамда рус истибдодига қарши мустақиллик ҳаракатида тарихий ролни фақат зиёлилар ўйнаган, бизда эса ҳали пролетариат йўқ деган дадил фикрларни билдиради. Махсус уюштирилган вилоят пленумларида “иноғомовчилик” қораланиб, у билан аёвсиз кураш олиб боришга даъват этилади. Ҳатто “иноғомовчилик” ни партия сафларидаги буржуазия агентураси деб баҳолашади. “Иноғомовчилик”ка қарши кураш матбуотда ҳам давом этади. Ўрта Осиё бюросининг “За партию” деган журналида И.Зеленский “иноғомовчилик” ни қаттиқ танқид қилиб, унинг коммунистлар томонидан қўллаб-қувватланмаганлиги, унга қатъий зарба берилганлиги алоҳида таъкидланади.
Раҳим Иноғомовга шу каби асоссиз айбномалар қўйилгандан сўнг, уни Қашқадарё вилоятининг энг чекка қишлоқларининг бирига ишга юборишади. Қувғин ва таъқиблар таъсирида Р.Иноғомов матбуот орқали тавба-тазарру мазмунидаги «очиқ хат»и билан чиқади. “Қосимовчилик”-1929 йилда ЎзССР Олий Судининг раиси Саъдулла Қосимовнинг “қосимовчилик” деб номланган ишини кўриб чиқиш бошланади. С.Қосимов билан биргаликда тарих ўқитувчиси Олимов, суд идораси ходимлари Мусабоев ва Спиридоновлар ҳам қамалади. С.Қосимов ва унинг тарафдорлари “босмачилар”ни қўллаб-қувватлаш, “аксилинқилобчи миллатчи ташкилотлар” аъзолари билан алоқа боғлаганлик, ислом динини ҳимоя қилишда айбландилар. Ҳолбуки, С.Қосимов ва Б.Шарипов ўз хизмат вазифаларини бажариш вақтида туб миллат манфаатларини имконият доирасида ҳимоя қилишган эди. С.Қосимов тергов ва суд жараёнида СССР Олий суди томонидан Ўзбекистоннинг суверенлик ҳуқуқи ва миллий манфаатлари поймол қилинаётганлигини очиб ташлашдан чўчимади. Бироқ, уларга қўйилган айбномалар вақтли матбуотда ҳам эълон қилинади. 1930 йилнинг 22 июнида хукм эълон қилинади. Уларнинг ҳаммаси ёт синф манфаатларини ҳимоя қилганликда, Шарипов эса босмачиларга фаол ёрдам берганликда айбланади. С.Қосимов, Шарипов, Олимов, Мусабеков ва Спиридоновлар ўлим жазосига ҳукм қилинадилар, уларнинг тарафдорларидан қолганлари 10 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинадилар. “Бадриддиновчилар” устидан суд бошланади. “Бадриддиновчилик”-Ўзбекистон ССР Олий судининг прокурори Шамсутдин Бадриддинов номи билан боғлиқ иш. Ш.Бадриддиновга “Миллий иттиҳод” ташкилоти аъзолари ва босмачилар билан алоқа боғлаган, Мунаввар Қори ва С.Қосимовнинг яқин дўсти ва ҳамфикри бўлган деган айблар қўйилган. Ш.Бадриддинов ва унинг 5 тарафдори устидан суд жараёни 1932 йил 5 май 15 июнда Тошкентда бўлиб ўтади. Ана шу судда фош этувчи нутқ билан сўзга чиққан Олимов исмли гувоҳ Чўлпоннинг ҳам номини ғайрли ниятда тилга олади. Бу унинг 1937 йилда қамоққа олинишига сабаб бўлади. Чўлпон ўз олдига совет ҳокимиятини қурол билан ағдариб ташлаш ва Ўзбекистон музофотида буржуа давлатини барпо этиш мақсадини қўйган, аксилинқилобий миллатчилик ташкилот аъзоси бўлган..., совет ҳокимиятига қарши кураш учун миллий кадрлар тайёрлаган..., ташкилотнинг топшириғига мувофиқ аксилшўровий - миллатчилик руҳидаги шеърлар ёзган. Хорижий разведка органлари айғоқчилари Шоҳид Эсон Мусаев, Фитрат ва Ғози Олим Юнусов билан доимий алоқада бўлган...”, деган сохта айбномалар асосида советларнинг жазо органлари томонидан 1938 йил 4 октябрда қатл этилади. Фитрат эса 1938 йил 4 октябрда “...совет ҳокимиятига қарши аксилинқилобий, пантуркистик ишлар олиб борганликда” айбланиб, отиб ташланади. Совет режими А.Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асари китобхонларни совет воқелигидан узоқлаштиради ва унда миллатчилик қарашлари очиқ акс этган деб танқид остига олади ва бу унинг 1937 йилда қамоққа олиниши учун асос бўлиб хизмат қилади. Адабиётимизнинг энг сара арбоблари қаторида А.Қодирий ҳам 1938 йил 4 октябрда отиб ташланади. Таниқли ўзбек шоири, драматург ва таржимон Усмон Носир ўзининг “Юрак”, “Меҳрим, “Норбўта, “Нахшон” ва бошқа шеърий достонлари билан шуҳрат қозонган. Шунингдек, у Добролюбов, Лермонтов асарларини ҳам ўзбек тилига таржима қилган. Усмон Носир ҳам 1944 йилда совет режимининг бегуноҳ қурбони бўлган. Минглаб зиёлилар йўқ қилинишининг чўққиси 1937-39 йилларга тўғри келди.1937 йил декабр-1938 йил январида ХКС ва ЎЗ КП (б ) МҚнинг “ЎзССР Халқ Маориф Комиссарлиги тизимида зиёнчилик оқибатларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори эълон қилингандан сўнг, халқ таълимининг барча соҳаларида, айниқса, маҳаллий тилда дарс бериладиган мактаблар, педагогик билим юртлари ва институтларида ўқитувчи кадрлар ва талабаларни “тозалаш” ишлари авж олдириб юборилди. 1925 йил февралидан ЎзКП МҚнинг масъул котиби, 1929 йилдан МҚнинг биринчи котиби лавозимларида ишлаган А.Икромов ҳам мустабид тузум қатағонларидан четда қолмади. Лекин, А.Икромов совет ҳукуматига сидқидилдан хизмат қилган. У «иноғомовчилик»ка қарши чиққан. 1929 йил Мунаввар Қори бошчилигидаги миллий тараққийпарвар кучларнинг қатағон қилинишида ҳам хизмати бўлган. Шундай бўлса-да, совет ҳукумати А.Икромовни ҳам 1937 йил сентябрида Тошкентда ҳибсга олди ва у 1938 йил март ойида Москвада отиб ташланди. 1925 йил февралидан Ўзбекистон ССР Халқ Комиссарлар Кенгашига раислик қилган Ф.Хўжаев ҳам қатағонлардан четда қолмади. У «18лар гуруҳи»нинг ғоявий илҳомчиси эди. Ф.Хўжаев 1937 йил ўз лавозимида ишлаб турган вақтида Москвада қамоққа олинади ва 1938 йил 13 мартда отиб ташланади. Шунингдек, улар билан жиноий жавобгарликка тортилган И.Каримовга ҳам А.Икромов, Ф.Хўжаев билан биргаликда ўзларининг Маориф комиссарлигидаги “одамлари”- Усмонов, Рўзиев, Сорокин, Кожуховлар орқали халқ маорифига катта зиён етказишган, деган бўҳтонлар қўйилади. Гўёки, улар турли чоралар билан ўзбек халқини социалистик маданиятнинг илғор вакили - буюк рус халқидан ажратмоқчи бўлганлар, ёшларни миллатчилик билан заҳарлашга ҳаракат қилганлар. Шунингдек, қўйилган айбномаларда ўзбек мактабларида Ленин ва Сталин асарларини ўрганишга имкон берувчи рус тили ўқитилишига қаршилик кўрсатиб, марксизм-ленинизм классикларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилинишига тўсқинлик қилганликлари ҳам таъкидлаб ўтилади. «Қизил террор» ўша даврда қанчалик оммавий тус олганлигини ҳақида қуйидаги маълумотлар далолат беради: 1936 йилнинг охиридан 1940 йилгача бўлган даврда республика бўйича ёзувчилар, журналистлар, давлат, жамоат арбоблари ва ҳоказолардан 5.758 киши қамоққа олинган, улардан 4.811 киши отиб ташланган. Ўйлаб чиқилган сохта айбловлар бўйича Ўзбекистонда 1937-1939 йилларда ҳаммаси бўлиб 41 мингдан ортиқ киши жазоланган, 6 минг 920 киши эса отиб ташланган. Шундай қилиб, 30-йилларнинг охири бутун иттифоқда бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам мустабид тузум бошлаган қатағонларнинг мислсиз азоблари ўзбек халқи тарихида фожеали из қолдирди. Хуллас, 20-30 йиллардаги мустабид тузумнинг қатағонлик сиёсати жиддий ва фожиали оқибатларга олиб келди. Миллий зиёлиларнинг жисмонан йўқ қилиниши оқибатида миллий маданият тўла-тўкис ривожлана олмади. Миллатнинг ақл-идрокли кишилари қатағон қилиниб, Ватанга содиқ неча ўн минглаб кишиларни қириб ташлаган мустабид тартибот қарор топди ва кучая борди. Совет ҳукумати даврида диний эътиқод ҳам гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона тарзда тазйиққа олинди. 30-йиллар боши диндор ва эътиқодли кишиларга зўравонлик ва сиёсий қатағонликнинг чўққиси бўлди. 1949 йилнинг мартида чақирилган Ўзбекистон коммунистларининг X съезди республика меҳнаткашларини коммунистик руҳда тарбиялаш, миллий қадриятларга, “диний хурофот”га қарши курашни кучайтириш вазифаларини қўйди. Бу билан жамиятда социалистик мафкуранинг вайронкорлик роли яна ҳам кучайтирилди. Бу сиёсат 80-йилларда ҳам давом этди. КПСС МҚнинг 1981 йил 22 сентябрида «Атеистик пропагандани кучайтириш» тўғрисидаги Қарори эълон қилинди. Ушбу Қарор асосида Ўзбекистонда ҳам алоҳида қарор қабул қилинди. Унга кўра партия ва совет ташкилотлари дин ва диний идоралар фаолиятига муносабатда коммунистик мафкура принципларига риоя қилиши шарт экани кўрсатиб ўтилди. Натижада, партия аъзоларидан иборат бўлган, диндорлар ва диний муассасалар фаолиятини назорат қилиб турувчи комиссиялар ташкил этилди. Республикадаги 74 та муқаддас ҳисобланган қадамжолар комиссиялар назорати остига олинди. Масалан, Сурхондарё вилоятида рўйхатдан ўтган 16 та муқаддас қадамжо бўлган, Диний байрам кунлари Саросиё туманидаги «Оқ Остона», Денов туманидаги «Султон Санжар», «Шайх Аттор Вали», «Каптар хона», Шўрчи туманидаги «Хўжаи пок», Шеробод туманидаги «Сулаймон ота», «Ҳазрати Ахтам», Гагарин туманидаги «Жаҳонгир ота» каби муқаддас ҳисобланган қадамжоларни кунига 500 дан ортиқ киши зиёрат қилган. Комиссиялар иштирокида ана шундай жойларда турли атеистик бурчаклар, совет ҳукумати «доҳийлари» ҳаётини ёритувчи музейлар ташкил этилди. Вилоятнинг ўзида 647 та «Ёш маърузачи» тўгараклари фаолият олиб борди. 1983 йил июнда КПСС МҚнинг махсус пленуми идеология ишини янада такомиллаштиришга бағишланган янги вазифаларни белгилаб берди. Пленумдан сўнг мамлакатда дин, урф-одатларга қарши кураш кучайиб кетди. «Наврўз» байрами таъқиб остига олинди. 1986 йил 14 апрелда «2-КБ 1090» рақамли ҳужжатда «Наврўз» байрамини «Навбаҳор» деб номланиши ва уни ўтказиш ҳар йилнинг апрель ойининг биринчи якшанбасига белгиланди. Урушдан кейинги йилларда мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий тизимида партиянинг якка ҳукумронлиги кучайиб борди. 40-йилларнинг охири 50-йилларнинг бошларида совет ҳукумати «мафкуравий кураш»ни янада кенгроқ авж олдириб, ижодкор зиёлиларга қарши ҳужумни авж олдирган. Агар 30-йилларда қатағонликни Ички ишлар халқ комиссарлари (НКВД) олиб борган бўлса, эндиликда бу мудҳиш ишларни коммунистик партиянинг марказий комитети ва унинг қуйи ташкилотлари бажарди. Бу йилларда адабиёт, санъат, ижтимоий фанларни «сиёсатдан ажратиб» қўйишга уринганлар танқид ва таъқиб қилинди. Жойларда ижодкор ва илмий зиёлиларнинг бошқача фикрловчи вакиллари йўқ қилинди. Республика давлат ҳавфсизлиги органлари 1951 йилда Ёзувчилар уюшмаси ва айрим матбуот органларидан 12 кишини советларга қарши миллатчиликда айблади. Бу гуруҳда шоир ва ёзувчилардан Шукрулло Юсупов (Шукрулло), Ғулом Алимов (Шуҳрат), Мақсуд Шайхзода, Ғ.Ғулом бор эди. Уларнинг баъзилари «советларга қарши миллатчиликда айбланиб», 25 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилиндилар. Ўзбекистонда 1937 йилдан 1953 йилгача республикада НКВД «учлиги» томонидан 100 минг киши қамоққа олинди ва турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинди, улардан 15 минг нафари отиб ташланди. Улар орасида турли раҳбар ходимлар, адабиёт ва фан арбоблари, ўқитувчилар ва журналистлар, ишчилар ва деҳқонлар, турли қатлам ва миллатлар вакиллари бор эди. 1949-1952 йилларда кўпчилик машҳур ўзбек ижодий зиёлилари асоссиз равишда айбланиб, қатағон қилинди. Ўзкомпартиянинг 1949 йил 25 июндаги бюро мажлисида бир гуруҳ ёзувчилар миллатчиликда, эски феодал маданияти олдида бош эгиш, ўтмишни идеаллаштиришда айбланди. Ойбек, Абдулла Қаҳҳор, Мамарасул Бобоев, Миртемир, Шайхзода каби ўзбек ёзувчилари бадном қилинди. Хуршид, Чустий, Ғайрат эса ёзувчилар уюшмасидан ҳайдалди. Ўша йилларда мусиқа санъати намояндалари ҳам таъқиб остига олинди. 1951 йил апрелида Ўзкомпартия бюро мажлиси “Мусиқа санъатининг аҳволи ва уни янада яхшилашнинг чоралари тўғрисида”ги масалани муҳокама қилди. Мажлисда санъат ишлари бўйича бошқарма кўп йиллар давомида “Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Тоҳир ва Зуҳра” каби афсонавий мазмунда опера, балет ва мусиқали драматик спектаклларни яратиб, зарарли ишларни амалга оширяпти, деб қайд этилди. Мажлис Қарорида жанр репертуарлари ва радио эшиттириш программаларини қайта кўриб чиқиш тавсия этилди. Мазкур спектакллар саҳнадан олиб ташланди. Ўзбекистонда асоссиз қатағон қилинганларни оқлаш «халқлар отаси» Сталин вафотидан сўнг бошланди. Ўзбекистон бўйича қатағон қилинганларнинг 40 мингга яқини оқланди. Қатағон тўлқини бу билан тўхтаб қолмади. 1980 йиллардан КПСС МҚ раҳбарлигида Ўзбекистонда навбатдаги ошкора қатағон бошланди. Тарихда “Пахта иши”, “Ўзбеклар иши” деб аталган машъум сиёсат ниқоби остида минглаб кишилар жиноий жавобгарликка тортилди. 80-йилларга келиб совет давлатида марказдан бошқаришнинг амалдаги тизими емирилиб, марказнинг иқтисодий инқирозларни ҳал қилишга қодир эмаслиги яққол кўзга ташланиб қолди. Барбод бўлаётган бу иқтисодий сиёсатни беркитиш учун марказ ўғрилик, порахўрлик, қўшиб ёзиш каби ҳолатлар «айбдорларини» миллий республикалардан қидира бошлади. 1983 йилнинг охирида Ўзбекистонда жиноятчиликка қарши курашиш учун марказдан тергов гуруҳи юборилди. Ваҳоланки, бу вақтларда халқ хўжалигидаги қўшиб ёзиш ҳолатлари мамлакатнинг турли минтақаларида кучайиб кетиб, бу одатий ҳолатга айланган эди. Марказдан берилаётган топшириқларни ўз вақтида бажаришнинг қатъий талаби етиштирилган маҳсулотлар ҳажмининг барчасига қўшиб ёзишга мажбур этарди. Ўзбекистон юборилган Гдлян бошлиқ тергов гуруҳи иштирокида 1989 йилгача 4,5 мингдан кўпроқ киши судланди. Гдлян гуруҳи Ўзбекистон ҳудудида чекланмаган ваколатларга эга бўлди. Айбсиз одамларни, уларнинг оила аъзоларини қамоққа олиш, жисмоний ва руҳий қийноққа солиш авж олди. Ҳибсга олинганлар тергов усулларига дош беролмай, ўз жонларига қасд қилишгача бориб етдилар. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари беҳад топталаётганлиги ҳақида Москвага минглаб хатлар жўнатилди. Афсуски, бу хатлар текширилмасдан, тўғри кўриб чиқиш учун Гдляннинг қўлига тушаверди. 1989 йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида, “пахта иши”ни кўриб чиқиш учун махсус комиссия тузилди. Комиссия 40 минг томдан иборат ишни кўриб чиқди. 1990 йилнинг июнь ойига келиб, комиссия судланганларни оқлаш масаласини қўйди. Икки йилдан кўпроқ вақт давомида 3,5 мингдан кўпроқ киши оқланди. Қолганларнинг жазо муддатлари камайтирилиб, бир қисми Президент томонидан авф этилди. Download 5.26 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling