Ўзбекистон республикаси президенти
-мавзу. Ўзбекистонда давлат мустақиллигининг қўлга
Download 5.26 Mb.
|
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009
- Bu sahifa navigatsiya:
- Давлат мустақиллигининг қўлга киритилиши
10-мавзу. Ўзбекистонда давлат мустақиллигининг қўлга киритилиши. Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг иқтисодий, маънавий-маданий тараққиёти
Давлат мустақиллигининг қўлга киритилишиУшбу мавзу бугунги кунда долзарб бўлиб, ижтимоий соҳа вакиллари тадқиқотлари диққат марказидан ўрин олган. Жумладан, Н.Жўраев ва Қ.Усмонов тадқиқотларида мавзунинг тарихий жиҳатлари таҳлил этилган бўлса, Ўзбекистоннинг мустақилликка эришув йўлидаги ҳаракатлари А.Азизхўжаев илмий изланишларида ўз аксини топган. Мустақил Ўзбекистондаги демократик жараёнлар, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар ҳамда иқтисодий ҳаёт талқини таниқли олимлар – А.Саидов ва М.Шарифхўжаевлар илмий ишларидан ўрин олган. Умуман, ушбу мавзуни атрофлича ўрганиш ўз долзарблигини йўқотмаган. XX аср 90-йилларига келиб жаҳон ва собиқ Иттифоқдаги ўзгаришлар, ҳамда юзага келган вазият ўзбек халқининг мустақиллик учун бўлган курашини тезлаштириб юборди. Ўзбекистоннинг мустақил давлат деб эълон қилинишида Республикаси Олий Кенгашининг XII чақириқ навбатдан ташқари 1991 йил 31 августдаги VI сессияси катта тарихий аҳамиятга эга бўлди. Унда “Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида” ҳамда “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида”ги масалалар кун тартибига қўйилиб, қизғин муҳокама қилинди. Сессияда Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги тўғрисида Президент И.А. Каримов маъруза қилди. У ўз нутқида Марказий Ҳукумат олиб бораётган ички сиёсатни таҳлил қилди. 19-21 август кунлари Москва Фавқулодда ҳолат давлат комитети (ГКЧП) аъзолари фаолиятининг халқлар озодлиги, жумҳуриятлар мустақиллигига қарши қаратилганлиги халққа рўйи-рост билдирилди. Олий Кенгаш депутатлари ҳар бир модданинг муҳокамасидан сўнг, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Сўнгра Республика Давлат мустақиллиги тўғрисида”ги Баёнот қабул қилинди. Ўзбекистон ССР нинг номи Ўзбекистон Республикаси деб ўзгартирилди. Мустақиллик белгиланган кун – 1 сентябрь – 1991 йилдан бошлаб миллий байрам ва дам олиш куни деб эълон қилинди. “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мустақиллиги тўғрисида”ги қонун 17 моддадан иборат бўлиб, мустақил республика учун вақтинча конституция ролини ўйнайдиган бўлди. Ушбу қонунда Ўзбекистоннинг маъмурий-ҳудудий тузилиши, ҳокимият ва бошқарув идоралари тизимини мустақил белгилаш қонунлаштирилди. Республиканинг давлат бўлиниши ҳамда иқтисодий асослари ҳам Қонунда ўз аксини топди. Ҳужжатда Ўзбекистоннинг Қорақолпоғистон билан муносабатлари хусусида сўз бориб, Ўзбекистон Қорақолпоғистоннинг ҳудудий яхлитлигини тан олди, у Ўзбекистон таркибида эканлиги эътироф этилди. Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги эълон қилиниши билан бирга Давлат мустақиллиги билан боғлиқ қонунлар тизимини яратиш зарур эди. Ўзбекистон эришган истиқлолни мустаҳкамлаш учун мамлакатда референдум ўтказишга қарор қилинди. 1991 йили 18 ноябрда Олий Кенгаш VIII сессияси Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш тўғрисида Қарор қабул қилди. Шунга мувофиқ, 29 декабрда “Сиз Олий Кенгаш томонидан Ўзбекистон Республикаси мустақил давлат деб эълон қилинишини маъқуллайсизми?” мавзуида референдум ўтказишга катта тайёргарлик кўрилди. Референдум якунига кўра унда қатнашган аҳолининг 98,2 фоизи Ўзбекистон мустақиллигини ёқлаб овоз берди. Ўзбекистон мустақил республика деб эълон қилиниши жаҳон жамоатчилиги томонидан ҳам зўр қониқиш билан кутиб олинди. 1991 йил 14 сентябрида эса Ўзбекистон Компартиясининг фавқулодда XXIII съездида Ўзбекистон Компартияси КПСС таркибидан чиққанлиги эълон қилинди. Партиянинг бундай буён фаолият кўрсатмаслиги эътиборга олиниб, ушбу партия ўрнида Халқ Демократик партияси тузилди. Ўзбекистон мустақил давлат деб эълон қилинган куннинг ўзидаёқ мустақил давлат рамзларини жорий қилиш юзасидан амалий чоралар кўрилди. Ўзбекистон Республикасининг Давлат Байроғи тўғрисида, республика гербининг нусхаси ва Давлат мадҳиясининг мусиқий баёни ҳақида махсус қарор қабул қилинди. Унда Конституция комиссиясининг эксперт гуруҳига Давлат байроғининг вариантлари устида ишлашни давом эттириш, Олий Кенгашнинг тегишли қўмиталарига Конституция комиссияси ижодий гуруҳи билан ҳамкорликда Давлат байроғи, мадҳияси ҳақида қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиб, навбатдаги сессияга тақдим этиш топширилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1991 йил 18 ноябрида бўлиб ўтган VIII сессияси “Ўзбекистон Республикасининг Давлат Байроғи тўғрисида” Қонун қабул қилди. Ўзбекистон Республикасининг Давлат Байроғи улуғ аждодларимизнинг ақида ва маслакларига мос келувчи, миллат табиати ва халқимиз руҳиятидан келиб чиқиб, унинг миллий ва маънавий жиҳатларини ҳам ўзида акс эттирмоғи керак эди. Мамлакатимиз давлат байроғи юртимизнинг ўтмиши, бугунги куни ва келажаги ёрқин рамзи бўлиб қолди. 1992 йил 2 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг X сессиясида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат Герби” тўғрисида Қонун қабул қилинди. Давлат гербидаги ҳар бир белги чуқур маънога эга. Герб рангли тасвирда бўлиб, Хумо қуши кумуш рангда, қуёш, бошоқлар, пахта чаноғи ва “Ўзбекистон” деган ёзувлар тилла рангда, ғўза шохлари, барглари ва водийлар яшил рангда, тоғлар ҳаво рангда, чаноқдаги пахта, дарёлар, ярим ой ва юлдуз оқ рангда. Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тасвирланган лента тўрт хил рангда берилган. Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 1992 йил 10 декабрида бўлиб ўтган XI сессиясида “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Сессияда шоир Абдулла Орипов ва бастакор Мутал Бурхонов томонидан тайёрланган мадҳия нусҳаси тасдиқланди. Ўзбекистон Республикасининг Асосий Қонуни 1992 йили 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг XII чақириқ XI сессиясида қабул қилинди. Конституция муқаддима, олти бўлим, 26 боб, 128 моддадан иборат бўлиб, биринчи бўлимда Конституциянинг асосий принциплари баён этилди, унда Давлат суверенитети, халқ ҳокимиятчилиги, Конституция ва қонуннинг устунлиги, ташқи сиёсатнинг бош йўналишлари ўз ифодасини топди. Асосий Қонуннинг Иккинчи бўлими 35 моддадан иборат бўлиб, Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига бағишланган. Бунда, Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари бир хил ҳуқуқ ва эркинликларига эга эканлиги, Ўзбекистоннинг бутун ҳудудида ягона фуқаролик ўрнатилганлиги, фуқароларнинг шахсий ҳуқуқлари ва эркинликлари, виждон эркинлиги ва унинг кафолатланиши ёритилган. Инсоннинг давлат ва жамият ишларини бошқаришга бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали қатнашиши, сиёсий партиялар ва ҳаракатларга қўшилиш ҳуқуқлари таққослаб кўрсатилган. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан кейин давлат бошқарувининг Президентлик шакли ривожланди. 1991 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайловлар бўлиб ўтди. Сайлов муқобиллик тарзида бўлиб ўтди. Бу лавозимга икки номзод - Ўзбекистон ХДП ва Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси номзоди И.А.Каримов ва “Эрк” Демократик партияси вакили Салой Мадаминов (Муҳаммад Солиҳ) номзоди қўйилди. Сайловлар якунига кўра 8 миллион 514 минг 136 овоз ёки овоз беришда қатнашганларнинг 86 фоизи Ислом Каримов номзодини, 1 миллион 220 минг 474 сайловчи (12,3 %) Салой Мадаминов номзодини ёқлаб овоз берди. Марказий сайлов комиссияси округ комиссиялари мажлис баёнларини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисидаги қонуннинг 35-моддасига асосан Ислом Абдуғаниевич Каримовни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланган деб ҳисоблашга қарор қилди. Мамлакатда кенг миқёсли ислоҳотларни узлуксиз давом эттириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси 1995 йил 26 мартда Президент И. Каримовнинг ваколатини 1997 йилдан 2000 йилгача узайтириш юзасидан умумхалқ референдумини ўтказди. 2000 йил 11 январда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси - 2000 йил 9 январь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови натижалари тасдиқланди. Шу куни «Фидокорлар” миллий демократик партиясидан номзоди кўрсатилган И.Каримов учун 11 миллион 147 минг 621 сайловчи ёки сайловчиларнинг 91,90 фоизи овоз берди. Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан номзоди кўрсатилган Абдулҳафиз Жалолов учун 505 минг 161 сайловчи, яъни 4,17 фоиз сайловчи овоз берди. “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 35-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси И.А.Каримовни Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига сайланганлиги тўғрисида қарор қабул қилди. Амалдаги Конституцияда Президент давлат ва ижро этувчи ҳокимиятнинг бошлиғи қилиб белгиланиши ижро этувчи ҳокимиятни кучайтиришга қаратилган тадбир деб айтиш мумкин. Мамлакатимизнинг ижро этувчи ҳокимиятининг таркиби Президент томонидан тайинланиб, Олий Мажлис томонидан тасдиқланади. Ўзбекистонда президентлик институти ўрнатилган дастлабки даврда Вазирлар кенгаши ҳукумат сифатидаги ҳуқуқий мақомини ва ваколатларини сақлаб қолган эди. Унинг 1990 йил 30 мартида Олий Кенгаш тасдиқлаган янги таркиби 41 киши, яъни Раис, Бош вазир, унинг икки биринчи ўринбосари, тўрт ўринбосар, 19 вазир, 14 давлат қўмитаси раисидан иборат эди. Бошқарув идоралари фаолиятни такомиллаштириш мақсадида 1995 йил 5 майда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг II сессияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 35 кишидан иборат янги таркибини тасдиқлади. 2000 йил иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси биринчи сессияси иккинчи йиғилиши (11 феврал) Вазирлар Маҳкамасининг яна янги таркибини тасдиқлади. Бошқарув тизимининг бошқа бўғинлари ҳам бозор иқтисодининг Ўзбекистонга хос йўлига мослаштирилди. 1991 йил 6 сентябрида Республика мустақиллиги ҳамда ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилиш мақсадида Мудофаа ишлари вазирлиги тузилди. Шу мақсадларни кўзлаб унинг таркибида 1992 йил январь ойида 7 тест Ўзбекистон Республикаси миллий гвардия бригадаси барпо этиш лозим деб топилди. 1992 йил июлида у Мудофаа Вазирлигига бўйсундирилди. Мустақил Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш билан шуғулланувчи давлат идоралари тизимида тубдан ўзгаришлар амалга оширилди. Мамлакатда 1990 йил декабрида Давлат режа қўмитаси Иқтисод комиссиясига айлантирилди. 1992 йил 5 августида эса ушбу қўмита ва статистика давлат қўмитаси негизида Вазирлар Маҳкамасининг Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитаси ҳамда жойларда унинг тегишли идоралари барпо этилди. 1997 йилдан ушбу Қўмита Макроиқтисодиёт Вазирлигига айлантирилди. Халқ хўжалигини бошқаришнинг янги усули сифатида концернлар вужудга келтирилди. Бу, аввало, иқтисодий мустақиллик ва бозор иқтисодига ўтиш зарурияти билан боғлиқ бўлди. “Ўздонмаҳсулот”, “Ўзбекнефтгаз” ва бошқа кўплаб концернлар шулар жумласидандир. 1991 йил 7 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ташкил қилинди. 1993 йил 28 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловлар тўғрисида”ги Қонунга кўра республика парламентига сайловлар умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси I чақириқ Олий Мажлисига сайловда 250 депутатдан иборат Олий Мажлис - Янги Парламент демократик ва кўппартиявийлик асосида тузилди. Ўтган вақтлар давомида Олий Мажлис “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тўғрисида”, “Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий принциплари тўғрисида”, “Фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар ва қарорлар устидан судга шикоят қилиш тўғрисида”, “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунлар, Меҳнат кодекси (1995), “Фуқаролик Кодекси” (1996) (биринчи ва иккинчи қисмлари) каби кўплаб қонун ва қарорлар қабул қилди. Ўзбекистон Республика Олий Мажлиси 1997 йил 29 августда “Жамият ҳуқуқий маданиятини юксалтириш Миллий дастури”ни тасдиқлади. Дастурнинг мақсади аҳолининг барча қатламларини ҳуқуқий саводхонликка эришишлари, юксак даражадаги ҳуқуқий онгга эга бўлишлари ҳамда ҳуқуқий билимларни кундалик ҳаётда қўллай олишлари учун ҳуқуқий маданиятни шакллантиришнинг кенг қамровли мунтазам тизимини яратишдан иборат бўлди. Олий Мажлис фаолиятини эркинлаштириш мақсадида икки палатали парламент тузиш тўғрисида 2002 йил 27 январда умумхалқ референдуми ўтказилди. Референдумда қатнашган фуқароларнинг 93,65 фоизи парламентнинг икки палатадан иборат бўлишини қўллаб-қувватлади. 2004-2005 йилнинг декабр-январида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг икки палатасига сайловлар бўлиб ўтди. Ўзбекистон фуқароларининг фаол иштироки, маҳаллий ва халқаро ташкилотлар, хорижий мамлакатлар вакилларининг назоратида ўтган сайлов натижасида Қонунчилик палатасига 120 депутат сайланди. Буларнинг 28 нафари Халқ Демократик партиясидан, 41 нафари Либерал-демократик партиясидан, 18 нафари “Фидокорлар” миллий демократик партиясидан, 11 нафари Миллий тикланиш демократик партиясидан, 10 нафари “Адолат” социал-демократик партиясидан сайланди. 12 депутат ташаббускор гуруҳлардан бўлди. Маҳаллий ҳокимият органларидан юқори палата - Сенатга ҳар вилоятдан 6 нафардан жами 84 сенатор сайланди, яна 16 сенатор Президент томонидан кўрсатилди. Республикада инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза қилишнинг таъсирли воситасини барпо этиш, халқаро ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, давлат муассасалари ходимлари ва барча республика аҳолисининг инсон ҳуқуқлари бўйича маданиятини ошириш мақсадида 1996 йил 31 октябрда Ўзбекистон Президенти И.Каримовнинг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий Марказини тузиш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. 1997 йил апрелда Олий Мажлис таркибида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакиллик (Омбудсман) ташкил қилинди. Вакил Олий Мажлиснинг ёрдамчи институти бўлиб, у ижтимоий манфаатларнинг мувозанатига, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича энг мақбул давлат тизими яратилишига кўмаклашади. Омбудсман фуқароларнинг ариза ва мурожаатларини кўриб чиқишда, зарур ахборотни талаб қилиб олишда мансабдор шахслар ва давлат органлари билан ҳамкорлик қилади. Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятини таҳлили шуни кўрсатадики, Ўзбекистонда ҳуқуқий, инсонпарварлик, демократик ва фуқаролик жамияти қурилиши учун мустаҳкам пойдевор қўйилди. Download 5.26 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling