Ўзбекистон республикаси президенти


Уруш йилларида фан ва маданият


Download 5.26 Mb.
bet64/87
Sana17.06.2023
Hajmi5.26 Mb.
#1544154
1   ...   60   61   62   63   64   65   66   67   ...   87
Bog'liq
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009

Уруш йилларида фан ва маданият
Ўзбекистон ишчи ва меҳнаткашлари билан бир қаторда фан, маориф ва маданият ходимлари ҳам немис-фашист босқинчилари устидан қозонилган ғалабага ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшдилар. “Ҳамма нарса фронт учун, ҳамма нарса ғалаба учун!” шиорига “лаббай!” деб жавоб берган кўпгина олимлар урушнинг биринчи кунлариданоқ фронтга кетдилар. Улар орасида Ўзбекистоннинг машҳур олимларидан - У.А.Орифов, Я.Х.Тўрақулов, И.Исмоилов, Х.Усманов ва бошқалар бор эди. Т.Н. Қори-Ниёзов, В.И.Рамоновский, Т.З.Зоҳидов, И.А.Райкова, О.С.Содиқов каби олимлар халқ хўжалиги ва фронт зарурияти учун хизмат қилган муаммоларни ҳал қилишда катта куч билан меҳнат қилдилар.
Ўзбек математик, механик ва астрономлари авиация, ўқ-дори, ҳарбий техника сифатини оширишга алоқадор бўлган бир қанча муҳим илмий муаммоларни ҳал қилдилар. Бунда Т.А.Саримсоқов, В.И.Рамоновский, М.Камолов, Н.Н.Назаров каби олимлар ҳиссаси катта бўлди.
Геолог олимлар фойдали қазилма бойликларини қидириб топиш, саноатни зарур хом ашё билан таъминлаш вазифаларини бажаришга катта эътибор бердилар. Ўзбекистон тоғлари ва чўлларида 1943 йилнинг ўзидагина 35 та геология экспедицияси иш олиб борди. Ўзбекистонлик кимёгарлар пахта чиқиндисидан халқ хўжалигида фойдаланиш таклифини, этил спиртини, сирка кислотаси, қамишни қуруқ қайта ишлаш натижасида кўмир брикетини олишнинг янги усулларини ишлаб чиқдилар. Бунда академик О.С.Содиқов бошлиқ гуруҳ ишлари алоҳида аҳамият касб этди. Ўзбекистон ўсимликларининг алколоидлик хусусиятини ўрганиш юзасидан академик С.Ю.Юнусов раҳбарлигида катта ишлар олиб борилди. Ўрта Осиё давлат университети (ЎзМУ)нинг Кимё факультетида уруш даврида муҳим аҳамиятга эга бўлган наркоз эфири, хлорли кальций, кофеин, стрептоцид, сульфидин, никотин кислотаси ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Факультет базасида Тошкент фармацевтика заводи ташкил этилди. Ўзбекистонлик фармацевтлар маҳаллий хом ашёдан 15 та янги дори препаратларини ишлаб чиқариш усулларини кашф этдилар.
Илмий тадқиқот ишларига раҳбарлик қилиш, уларни мувофиқлаштиришни дастлаб 1940 йилда ташкил этилган СССР ФАнинг Ўзбекистон филиали (ЎзФАН), кейинчалик 1943 йил ноябрда очилган ЎзФА амалга оширди. ЎзФА нинг биринчи президенти қилиб Т.Н. Қори Ниёзов сайланди. Бу ўзбек халқи ҳаётида муҳим воқеа бўлди. 1943-1945 йилларда қўлга киритилган муваффақиятлар билан ЎзФА Иттифоқда танилган илмий марказга айланди. Бу пайтда академия таркибидаги 22 та илмий муассасада 818 илмий ходим фан оламининг турли жабҳаларида тадқиқот ишларини олиб бордилар. ЎзФАнинг фаолиятида кўчириб келтирилган илмий ходимларнинг ҳам ўзига хос ҳиссаси бўлди.
Уруш йилларининг қийинчиликларига қарамасдан Ўзбекистонда Олий ва ўрта махсус юртлари ҳамда маориф муассасаларининг фаолияти ҳам тўхтаб қолмади. Ўзбекистонда 29 та олий ва 52 та ўрта махсус ўқув юрти ишлаб турди, уларнинг сони марказдан кўчириб келтирилган 31 та олий ўқув юрти ва 7 та ҳарбий академия ҳисобига яна ортиб борди. Бу ўқув юртларида уруш йиллари мобайнида 11.750 нафар юқори малакали мутахассис ва 6.673 нафар кадрлар тайёрланди.
Халқ таълими соҳасида ҳам ўқитувчиларнинг фронтга кетиши, кўпгина биноларнинг госпиталлар, болалар уйи ва ҳарбий-ўқув пунктларига берилиши, дарслик ва ўқув қўлланмалари, мутахассис кадрларнинг етишмовчилиги анчагина қийинчиликларни келтириб чиқарган эди. Шундай бўлса ҳам, уруш йилларида ўқитиш ишлари мунтазам олиб борилди. Ўқувчилар мактабда ўқиш билан бирга ярадорлар, фронтга кетганларнинг оила аъзолари, уруш ногиронлари оилаларига ёрдам бердилар.
Ўзбек адабиёти ҳам халқимизнинг ёвуз душманга қарши кураш йилларида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Ойбек, Ҳамид Олимжон, Шайхзода, Ғофур Ғулом, Уйғун, Собир Абдулла, Зулфия, Темур Фаттоҳ каби шоир ва ёзувчилар уруш майдонларига сафарбар этувчи шеърлари ва мақолалари билан халқни ғалабага руҳлантирдилар. Ойбекнинг “Ёвга ўлим!” шеъри, “Навоий” романи, “Мен яҳудий”, Ҳамид Олимжоннинг “Йигитларни фронтга жўнатиш”, “Жангчи Турсун”, “Роксананинг кўз ёшлари” ва бошқа асарлар уруш йилларидаги ўзбек адабиётининг ёрқин намуналаридир. М. Исмоилий, Илёс Муслим, Назармат, Адҳам Раҳмат, Н. Сафаров, Иброҳим Раҳим, З. Фатхуллин, Адҳам Ҳамдам каби ёзувчи ва журналистлар фронтда иштирок этиб, “Қизил армия”, “Фронт ҳақиқати”, “Қизил аскар ҳақиқати”, “Суворовчи”, “Ватан шарафи учун” каби фронт газеталарида хизмат қилиш жараёнида, Ҳамид Олимжон, Ойбек, А.Умарий, Ғафур Ғулом, Раъно Узоқова ва бошқа шоир ҳамда ёзувчилар ҳукумат делегациялари таркибида фронтнинг олдинги марраларига бориб, ўз қаҳрамонлари билан танишдилар, юртдошларининг жасоратларини тараннум этдилар.
А.Ахматова, И. Вирта, С. Городецкий, А. Дейч, К. Зелинский, Я. Колас, Н. Погодин, А. Толстой, В. Ян каби ёзувчи-шоирлар ҳам Ўзбекистонда яшаб, ўзбек адабиётчилари билан ҳамкорликда ажойиб асарлар яратдилар. Бунда республика Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик қилган Ҳ. Олимжоннинг хизмати катта бўлди. Драматургия соҳасида Н. Погодин, Ҳамид Олимжон, Уйғун ва Собир Абдуллалар ёзган “Ўзбекистон қиличи” ва А. Умарийнинг “Қасос”, Яшин ва Собир Абдулланинг “Даврон ота” каби асарлари билан бирга Уйғун ва Иззат Султоннинг “Алишер Навоий”, Ҳамид Олимжоннинг “Муқанна”, Мақсуд Шайхзоданинг “Жалолиддин Мангуберди”, Ойбекнинг “Маҳмуд Таробий” каби драматик асарлари яратилдики, уларда ўзбек халқининг босқинчиларга қарши кураш саҳифалари акс эттирилди.
1941-1945 йиллардаги уруш даврида Ўзбекистонда таъсирчан восита ҳисобланган театр ва санъат ҳам ривожланди. Театр ва санъат арбоблари фронтнинг олдинги марраларида бўлдилар. Бу даврда Ўзбекистонда 35 та маҳаллий ва 16 та кўчириб келтирилган театр жамоаси фаолият кўрсатиб, бутун уруш давомида 203 та янги постановка тайёрладилар ва 6 667 303 томошабинга 13.568 та спектакль ва концертлар кўрсатдилар.
Иккинчи жаҳон уруши йилларида республикамизда 30 дан ортиқ концерт бригадалари ташкил этилиб, улар ҳаракатдаги армия қисмларида 35 мингдан ортиқ, Туркистон ҳарбий округи қисмлари ва госпиталдаги ногиронларга 26 мингта концерт қўйиб бериб, жангчиларни руҳлантирдилар, уларни фашизм устидан ғалабага ундадилар. Айниқса, Тамарахоним, Ҳалима Носирова, Мукаррама Турғунбоева, Сора Эшонтўраева, Аброр Ҳидоятов, Шукур Бурҳонов каби санъаткорлар иштирокидаги концерт ва томошалар жангчилар, томошабинлар қалбига зўр кўтаринкилик бахшида этган. А.Абдуллаев, Ч.Аҳмаров, Ў.Тансиқбоев каби рассомлар уруш лавҳалари, бадиий йилномаларни яратиб, халқимизнинг фронт ва фронт орқасидаги фидокорона меҳнатини маҳорат билан тасвирладилар.
Қисқа метражли фильмлар ва 10 та овозли бадиий фильмлар яратиш билан И.Аъзамов, К.Ёрматов, Н. Ғаниев, С.Муҳамедов каби ўзбек режиссёрлари уруш йилларида киномотографияни ривожлантирдилар. Бу даврда ишланган “Насриддин Бухорода”, “Тоҳир ва Зуҳра” каби фильмлар “Ўзбекфильм”нинг олтин фондига айланди.
Умуман олганда, урушда қўлга киритилган ғалабага ўзбекистонлик фан ва маданият вакиллари ўзларининг фидокорона меҳнатлари билан катта ҳисса қўшдилар.



Download 5.26 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   60   61   62   63   64   65   66   67   ...   87




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling