Ўзбекистон республикаси президенти
Download 5.26 Mb.
|
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009
Қўқон хонлиги
XVIII аср бошларида Бухоро хонлигида сиёсий парокандалик унга расман қарам бўлган Фарғона водийсига ҳам ўз таъсирини кўрсатди. 1709 йилда Чодак хўжалари исён кўтариб, Фарғонанинг бир қисмини эгаллаб олиб, мустақил давлат тузилганлигини эълон қилдилар. 1710 йилда водийда анча кучли таъсирга эга бўлган, ўзбекларнинг минг уруғи бошлиғи Шоҳруҳбий (1710-1721) ҳокимиятни қўлга олди. Шоҳруҳбий ўз ҳукмронлиги даврида Қўқон, Наманган, Марғилон, Конибодом, Исфара атрофларини бўйсундириб, ўз ҳокимиятини мустаҳкамлади. Унинг вориси Муҳаммад Абдураҳимбий (1721-1733) Хўжанд, Ўратепа, Самарқанд, Жиззах ҳатто Шаҳрисабзни ўзига бўйсундириб мамлакат ҳудудларини анча кенгайтирди. Шунинг билан бирга у қурдира бошлаган шаҳар дастлаб “Қалъаи Раҳимбий” деб аталди. Абдураҳимбийнинг бевақт вафоти сабабли укаси Абдулкаримбий (1733-1750) шаҳар қурилишини якунлаб, Тепақўрғондан пойтахтни янги шаҳарга кўчирди ва Эски ўрда деган жойида ўрда-қалъа қурдиради. Ўш, Андижон, Марғилонни эгаллаган қалмоқлар 1745 йилда Қўқонни қамал қилганда Абдукаримбий Ўратепа ҳокими Фозилбек ёрдами билан қалмоқларни мамлакат ҳудудидан ҳайдаб чиқариб, давлат мустақиллигини сақлаб қолди. Қалмоқлар гаров тариқасида Муҳаммад Абдураҳимбийнинг ўғли Бобобекни олиб кетишади. Абдукаримбий вафотидан кейин хонлар тез-тез алмаштирилади. 1750-1754 йилларда Абдураҳмонбий (1750-1751), Эрдонабий (1751-1753), Бобобек (1753-1754) хонлик қилганлар. Ниҳоят, 1755 йилда Эрдонабий 2-марта ҳокимиятга келгач, хонлик анча мустаҳкамланди. У Ўш ва Ўзганни бўйсундириб, 1758-1759 йилларда Шарқий Туркистонга ҳам юриш қилган. Бу даврда Қўқон хонлиги Бухоро ва Хитой билан тенгма-тенг курашадиган давлатга айланди. Лекин Эрдонабий даврида олиб борилган урушлар меҳнаткаш халқнинг аҳолини анча оғирлаштирди. Эрдонабий 1769 йилга қадар тахтни бошқарган. Ундан кейин тахтга ўтирган Сулаймонбек бор йўғи 6 ой хонлик қилди. Қўқон хонлигини 1770-1800 йилларда бошқарган Норбўтабек марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаш ва бўйсунмас ҳокимлар қаршилигини бостиришда бир мунча муваффақият қозонди. У Чуст ва Наманган ҳокимларининг ўзбошимчаликларини тугатиб, қўзғолон кўтарган Хўжанд шаҳрини бўйсундирди ва уни хонликка бутунлай қўшиб олди. Лекин 1799 йилда унинг Тошкентни эгаллаш учун юборган қўшини мағлубиятга учради. Унинг ҳукмронлиги даврида олинган мўл ҳосил натижасида халқ фаравонлиги бир мунча яхшиланди, Хитой ҳукмдорлари Норбўтабек мустақил хон эканлигини тан олган. Унинг вориси Олимхон (1800-1810) даврида Қўқон хонлигининг сиёсий қудрати мустаҳкамланди. Ҳарбий ислоҳот ўтказиб, қўшинни анча мустаҳкамлаган Олимхон Ангрен воҳасини, Тошкент, Чимкент ва Туркистонни ўзига бўйсундирди. Натижада Қўқон савдогарлари Россия билан бевосита савдо қила бошладилар. 1805 йилдан Қўқон хонлигидаги ҳукмдорлар расман хон деб юритила бошладилар. Бунгача улар “бий” ва “бек” деб аталардилар. Олимхон исён кўтарган Тошкентни бўйсундириш, Ўратепани эгаллаш ва босиб олинган ҳудудларда ўз мавқени мустаҳкамлаш учун тинимсиз урушлар олиб борди. У Ўратепани бўйсундириш учун 10 дан ортиқ юриш қилган. Олимхон олиб борган сиёсат бутун халқнинг Олимхондан норозилигига олиб келди ва бу фитнага сабаб бўлди. Олимхон 1810 йилда укаси Умархоннинг тахтга чиқарилганини эшитиб, Қўқонга кетаётганда Олтиқуш деган жойда фитначилар томонидан ўғли Шоҳруххон билан бирга отиб ўлдирилади. Ўзини амир деб атаган Умархон (1810-1822) даврида сиёсий жараён мураккаблашиб, Чимкент, Туркистон ва бошқа шаҳарларда ғалаёнлар кўтарилди. Давлатни бошқаришда йирик ер эгалари, диндорлар, ҳарбий саркардалар манфаатини ҳимоя қилиб, улар билан иттифоқда бўлган Умархон бу ғалаёнларни бостириб, хонлик ҳудудини парчаланишдан сақлаб қолди. Узоқ уринишлар натижасида 1817 йилда Ўратепани босиб олди. Россия билан алоқаларни мустаҳкамлади. 1818 йилда Умархон “Амир ул-муслимин” унвонини олиб хонликдаги диний ҳокимиятни ҳам эгаллади. Амирий тахаллуси билан шеърлар ёзган Умархон даврида Қўқонда адабиёт, шеърият анча юксалди. 1822 йилда Умархон касалланиб вафот этди. Умархоннинг ўғли Муҳаммад Алихон (1822-1842) ҳукмронлигининг дастабки йилларида Қўқон хонлигининг ерлари анча кенгайди. У 1826-1831 йилларда Қашғарга бир неча марта юриш қилиб, у ердаги Хитой ҳукумати билан ўзи учун фойдали шартнома имзолаган бўлса, 1834 йилгача Қўқон қўшинлари Қоратегин, Кулоб, Дарвоз вилоятларини босиб олган. Ички сиёсатда Мадалихон хонлик ҳаётида катта таъсирга эга бўлган, отаси томонидан қўллаб-қувватланган йирик амалдорларни сургун қилди, кўпчиликни қатл қилдирди. Бу ҳолат хонликда ундан норози бўлган кучларнинг бирлашишувига, душманларининг кўпайишига сабаб бўлди. Муҳаммад Алихоннинг Шарқий Туркистон ва Олтой тоғлари ортида қўлга киритган ғалабаси сабабли хушомадгўйлари уни “ғозий” деб улуғлашгани билан мамлакатда ундан норозилар кўпчиликни ташкил қилар эди. Муҳаммад Алихоннинг шариатга зид аҳлоқий бузуқликлари ҳам унга қарши айбнома бўлди. Натижада, хонга қарши фитна тайёрлана бошланди. Лекин фитначилар ўз кучларига ишонмай 1839 йилда Бухоро амири Насруллодан ёрдам сўраб, хоннинг устидан шикоят қилишди. Амир Насруллонинг Мадалихонни “кофир” деб фатво жўнатиши 1840 йилда Қўқон ва Бухоро ўртасидаги урушга баҳона бўлди. Аслида Бухоро ва Қўқон чегара шаҳарлар учун тинимсиз урушлар олиб боришган. Бу урушда Мадалихон қўшинлари мағлубиятга учраб, унинг ўзи Бухоро ҳукмронлигини тан олишга ва Хўжандни топширишга мажбур бўлди. 1842 йилда Қўқон хонлигида кўтарилган қўзғолондан фойдаланиб, амир қўшинлари Қўқонни эгаллашди ва Насрулло Мадалихонни оила аъзолари билан тутиб келтириб, унинг ўзини, онаси-шоира Нодирабегимни, катта ўғли Муҳаммад Аминни, укаси Султон Маҳмудни ва бошқаларни қатл эттирди. “Қассоб амир” Қўқон хонлигининг Бухоро амирлигига қўшиб олинганини эълон қилиб, Иброҳим додхоҳни Қўқонга нойиб этиб тайинлади. Кўп ўтмай Тошкент ҳам Бухорога бўйсундирилди. Лекин бухороликларнинг талончилик сиёсати халқнинг нарозилигига сабаб бўлди ва орадан уч ой ўтгач, қипчоқлар мададига таянган қўқонликлар Бухоро амалдорларини ҳайдаб, Норбўтабийнинг укаси Шералихон (1842-1845)ни тахтга ўтқаздилар. У шаҳарни мустаҳкамлади. Натижада, Бухоро қўшинлари Қўқонни 40 кун қамал қилиб, қўлга ололмагач, қайтиб кетишга мажбур бўлдилар. Кўп ўтмай Хўжанд ўз ихтиёри билан Қўқон хонлигига қўшилди ва Тошкент ҳам қайта эгалланди. Ҳамда хонлик ҳудудлари қайта тикланди. Бу жараёнда алоҳида хизмат кўрсатган қипчоқлар хонликда юқори мавқега эга бўла бошлайдилар. 1845 йилда Қўқон тахти давогарларидан бири Муродхон амир ёрдами билан тахтни эгаллаб, бор йўғи 8 кун ҳукмронлик қилди. Бу сиёсий ўйинни кузатиб турган амири лашкар Мусулмонқул ўз қизини унинг ўғли 13 ёшли Худоёрхонга никоҳлаб берди ва Муродхонни фитначи сифатида қатл қилдириб, куёвини Қўқон хони деб эълон қилди. Худоёрхон (1845-1858; 1863 (4 ой), (1865-1875 йй.) ёш бўлганлиги сабабли хонликдаги бошқарув Мусулмонқул бошлиқ қипчоқлар қўлига ўтди. Саройда чексиз ҳокимиятга эга бўлган, бош вазир, биринчи амалдор Мусулмонқулнинг ўз мавқеидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланиши 1853 йил охирларигача давом этиб, бу ҳолат хонликда кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлди. Ўратепа, Хўжанд, Марғилон ҳокимлари Тошкент ҳокими Нурмуҳаммад бошчилигида Мусулмонқулга қарши гуруҳ ташкил этишди. 1852 йил феврал ва июн ойларида Мусулмонқул Тошкентга катта қўшин билан юриш қилди. Лекин июн ойидаги жангда қайин отаси васийлигидан норози бўлган Худоёрхон қўзғолончилар томонга ўтди. 1853 йил кузига келиб Мусулмонқул ҳам қўлга олиниб қатл этилди. Бу пайтда рус қўшинлари хонлик сарҳадларига бостириб кириб, Оқмачит, Жўлак, Кумушқўрғонни босиб олаётган эди. Россия билан Қўқон уруш ҳолатига ўтди. Россиядек ташқи душман хонлик сарҳадларига хавф солиб турган бир пайтда хон амалдорлари, хонлар бирлашиш ўрнига улар орасидаги ўзаро кураш, фитна авж олди. Натижада, Қўқон хонлиги ҳудудлари чет эл босқинчиларининг зулми остига тушиб қолди. 1876 йилда Қўқон хонлиги тугатилди. Миразиз бин Муҳаммад Ризо Марғилонийнинг “Тарихи Азизий”, Отабек Фозил ўғлининг “Муфассал Тарихи Фарғона”, Шавқийнинг “Тарихи Туркистон”, Жунайдуллахожа ўғли Ибратнинг “Тарихи Фарғона”, Муҳаммад Солиҳ Тошкандийнинг “Тарихи жадиди Тошканд” каби асарлари Қўқон хонлиги тарихи ҳақидаги муҳим манбалар ҳисобланади. Шунингдек рус элчилари, сайёҳлари, ҳарбийлари томонидан ёзилган ҳисоботлар ва архив ҳужжатлари ҳам маълум қимматга эга манбалардир. Умархон даврида шаклланган ва ривожланган Қўқон адабий муҳити таъсирида яратилган адабиёт ва шеърият намуналари маданият ривожининг кўриниши бўлди. Умархон буйруғи билан Фазлий ва Мушрифлар томонидан тузилган “Мажмуат уш-шуаро” номли тазкира XVIII аср охири XIX аср бошларида Қўқонда яшаб ижод қилган ижодкорлар ҳақида муҳим маълумотлар берувчи қимматли асардир. “Девони Ҳувайдо”, “Роҳати дил” асарларининг муаллифи Хўжаназар Ҳувайдо, “Ҳапалак”, “Таърифи вилояти Қурама” каби шеърлар ижодкори Махмур, ҳажвчи шоир Гулханий (у “Зарбулмасал” асари билан машҳур”), Фазлий, Мушриф, Ғозий, Содиқ, Хотиф, Амирий ва бошқалар бу даврнинг кўзга кўринган ижодкорларидир. Улар қаторида Увайсий, Нодирабегим, Дилшоди Барно, Маҳзуна каби ижодкор аёлларнинг ҳам сезиларли ўрни бор. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак XVI-XIX асрдаги ўлкамиздаги ижтимоий, маданий ҳаёт кўриб ўтганимиздек ўзига хосликлардан иборат. Бир томондан адабиёт, тарих, меъморчилик, санъат соҳаларида катта юксалишларни, бетакрор ютуқларни қўлга киритган бўлсак, иккинчи томондан бирликнинг йўқотилиши, ўзаро низоларнинг авж олиши, табиий ва техника фанларига эътиборнинг йўқотилиши ўрта Осиё халқларини нафақат жаҳон тараққиётидан орқада қолишига, балки халқимизнинг чет эл босқинчилари зулми остига тушиб қолишига сабаб бўлдики, бу юртимизнинг 130 йилдан ортиқ қарамликда қолиб кетишига олиб келди. ТАКРОРЛАШ УЧУН САВОЛЛАР. Бухоро хонлигининг ташкил топиши Марказий Осиёдаги геосиёсий вазиятга қандай таъсир кўрсатди? Бухоро хонлигида давлат бошқаруви қандай тамоилларга асосланиб амалга оширилган? Бухоро хонлигида илм-фан, маданиятнинг қайси соҳалари ривожланди ёки аксинча инқирозга учради? Хива хонлигининг ўзбек давлатчилиги тарихида тутган ўрнини аниқлаштиринг. Қўқон хонлигиниг ташкил топишининг ижтимоий-сиёсий сабаблари ва оқибатлари нималарда кўзга ташланади? Ўзбек хонликларининг ўзаро муносабатларида қандай омиллар етакчи ўрин тутган? Ўзбек хонликларининг Россия ва қўшни мамлакатлар билан иқтисодий-маданий ва сиёсий алоқаларида қайси омиллар етакчи ўрин тутган? АДАБИЁТЛАР Каримов И.А. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. -Т.: “Ўзбекистон”, 1999. Каримов И.А. Юксак маънавият — енгилмас куч. -Т.: “Маънавият”, 2008. Абулғози Баҳодирхон. Шажарайи турк. -Т.: “Чўлпон”, 1992. Аҳмад Дониш. История династии Мангитов. -Душанбе: “Дониш”, 1967. Аҳмедов Б. Ўзбекистон халқлари тарихи манбалари. -Т.: “Ўқитувчи”, 1991. Аҳмедов Б. Ўзбек улуси. -Т.: “Нур”, 1992. Аҳмедов Б.А. Тарихдан сабоқлар. -Т.: “Ўқитувчи”, 1994. Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. -Т.: “Юлдузча”, 1989. Мавлонов Ў., Маҳкамова Д. Маданий алоқалар ва савдо йўллари. -Т.: “Akademiyа”, 2004. Мавлонов Ў. Марказий Осиёнинг қадимги йўллари. -Т.: “Akademiyа”, 2008. Муҳаммад Азиз Марғилоний. Тарихи Азизий. -Т.: “Маънавият”, 1999. Сагдуллаев А. ва бошқ. Ўзбекистон тарихи: давлат ва жамият тараққиёти. -Т.: “Академия”, 2000. Саййид Ҳамид Тўра Комёб. Таворих ул-хавонин. -Т.: “Академия”, 2002. Хожа Самандар Термизий. Дастур ул-мулук. -Т.: Ғ.Ғулом номидаги “Адабиёт ва санъат” нашриёти, 1971. Ҳофиз Таниш Бухорий. Абдулланома. (Шарафномайи шохий). -Т.: “Шарқ”, 1-китоб 1999, 2-китоб 2000. Хива: Город тысячи куполов. -Т.: “Шарқ”, 1997. Ўзбекистон тарихи. Муаллифлар жамоаси. -Т.: “Университет”, 2003. Ўзбекистон давлатчилиги тарихидан лавҳалар. -Т.: “Шарқ”, 2001. Download 5.26 Mb. Do'stlaringiz bilan baham: |
Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling
ma'muriyatiga murojaat qiling