Ўзбекистон республикаси президенти


Download 5.26 Mb.
bet46/87
Sana17.06.2023
Hajmi5.26 Mb.
#1544154
1   ...   42   43   44   45   46   47   48   49   ...   87
Bog'liq
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009

Бухоро амирлиги
Манғитлар сулоласининг асосчиси Муҳаммад Раҳимбий 1747 йилда эроний қизил бошларни тор-мор келтириб, Бухорода ҳокимиятни тўла ўз қўлига олган эди. У барча вилоят, шаҳар ва қабилалар бошлиқларини Бухорога таклиф қилиб, марказий ҳокимиятни кучайтиришга қаратилган дастурини эълон қилиб, бўйсунмаганларни қатл қиламан деб огоҳлантирди.
Муҳаммад Раҳимбий Абдулмўмин (1747-1748), Убайдулла Султон (1748-1756) номларидан давлатни бошқарган даврида Миёнқалъа, Нурота, Ҳисор, Қободиён, Бойсун, Шаҳрисабз, Ургут вилоятларига бир неча бор юриш қилиб, уларни ўзига бўйсундирди. Бу муваффақиятлар унинг расмий ҳокимиятни ҳам қўлга олишига йўл очиб берди. Абулфайзхоннинг қизига уйланиб, хонлар авлоди билан қариндош бўлган Муҳаммад Раҳимбийга амир унвони берилди ва оқ кигизда кўтарилиб олий ҳукмдор деб тан олинди. Унинг 1757-1758 йилларда марказий ҳокимиятни кучайтириш учун олиб борган урушлари бир қанча вайронагарчиликларга сабаб бўлди. Хива хонлигига ўз таъсирини ўтказишга муваффақ бўлган Муҳаммад Раҳимбийни Қўқон, Балх, Тошкент, Марв ва Қундуз каби мустақил мулклар ҳукмдорлари Бухоронинг қонуний ҳукмдори деб ўз элчиларини жўнатганлар.
1758 йил 24 мартда вафот этган Муҳаммад Раҳимбий ўрнига манғит уруғидан бўлган Миёнқалъа ҳокими Дониёлбий (1758-1785) тахтга кўтарилди. Дониёлбий Муҳаммад Раҳимбийнинг набираси Фозилтўрани хон тахтига ўтказиб, ҳокимиятни ўз қўлида сақлаб қолди. Марказий ҳокимиятни мустаҳкамлаш учун янги солиқлар тизимини жорий қилиб, бир қанча маъмурий чора тадбирларни амалга оширган Дониёлбий кўп вақтини бебош амирларни бўйсундириш, исёнларни бостиришга сарф қилди. У 1784 йилда Бухорода кўтарилган қўзғолон сабабли ҳокимиятни шаҳар аҳолиси орасида обрўлироқ бўлган ўғли Шоҳмуродга топширди.
Амири Маъсум (“Бегуноҳ амир”) номини олган амир Шоҳмурод (1785-1800) ўз ҳукмронлиги йилларида саройда камтарона яшаб, бир қанча солиқларни камайтирди, Бухоро аҳлига тархон ёрлиғини бериб, баъзи тўловлардан озод қилди, халқ орасида золимлиги билан танилган амалдорларни жазолади. Мадраса таълимини олган Шоҳмурод фиқҳ илми ҳақида “Айн ул-ҳикмат” номли рисола ёзиб, унда илгари сурилган қоидаларни барча вилоятларга жорий этди. У пул ислоҳоти ўтказиб тижорат ишларини тартибга солди, сув иншоотларини яхшилаш билан ишлаб чиқаришнинг ривожланишига замин яратди. Буларнинг ҳаммаси марказий ҳокимиятнинг нисбатан кучайишига ва Шоҳмуроднинг умрини охиригача давлатни бошқаришига имкон берди.
1800-1826 йилларда Бухоро тахтини бошқарган амир Ҳайдар даврида ҳар 3-6 ойда узлуксиз ички урушлар ва қўзғолонлар бўлиб турди. 1800 йилда Қарши ва Каттақўрғондаги, 1804 йилда Марвдаги, 1821-1825 йилларда Миёнқалъа қўзғалонлари амирлик сиёсий ҳаётидаги муҳим воқеалар бўлди.Айниқса халқ Хива қўшинларининг талончилик юришларидан кўп зарар кўрар эди. 1806 йилда Элтузархон бошлиқ хиваликларнинг ҳужумини қайтариш учун бутун Бухоро аҳли сафарбар қилинди ва Амударё бўйигача таъқиб қилинган хиваликлар дарёдан кечиб ўтишда кўп кишиларидан ва Элтузархондан ажралишди. Бундан кейин ҳам Хива хонлиги қўшинлари амирлик ҳудудига бир неча бор бостириб киришган.
Амир Хайдар ҳукмронлиги давридаги катта қўзғолонлардан бири бу Миёнқалъа қўзғолони эди. 1821 йилда амир амалдорларининг Миёнқалъа аҳлидан хирож йиғишдаги талон-тарожга қўл урганлиги сабабли қўзғолон бошланган. Қўзғолончилар Каттақўрғон, Челак, Янгиқўрғон ҳудудларини қўлга олиб амир одамларини ҳайдаб юборишган. 1822 йилда Қўқон ва Хива хонлари ҳужумини қайтариш билан машғул бўлган амир Ҳайдар қўзғолончиларни бостира олмайди. Хитой-қипчоқлар бошчилик қилаётган қўзғолончилар амирнинг иниси Исҳоқбекни ўзларига амир қилиб Самарқанд ва Карманага юриш қиладилар. 1825 йил баҳоригача қўзғолончилар билан амир ўртасидаги курашлар натижасида қўзғолончиларни тамомила енга олмаган амир ён босишга, уларнинг мулки дахлсизлиги тўғрисида ёрлиқ беришга ва бир қанча амалдорларни жазолашга мажбур бўлган.
1826 йилда амир Ҳайдарнинг учинчи ўғли Насрулло (1826-1860) тахтга ўтирди. У ўз йўлига тўсиқ бўлиши мумкин бўлган акаларини шафқатсизлик билан қатл эттирди ва бир ой мобайнида кунига 50-100 кишини қатл қилиш билан “Қассоб амир” деган номни олди. Айниқса урушлар пайтида бўйсунмаган шаҳар ва қишлоқлар аҳолисини қаттиқ қирғин қилди.
Амир Насрулло ҳокимиятни қўлга олгандан кейин Шаҳрисабз, Китоб ҳокимликлари ўзларини мустақил деб эълон қилган эдилар. Бошқа бир қанча бекликлар ҳам амирга расмангина бўйсунишган. Амир Насрулло уларни ягона давлатга бирлаштириш, марказий ҳокимиятни кучайтириш йўлида қатъият билан кураш олиб борди. Бунда у ўзининг амалдор хизматкорлар табақасига ва ҳарбий қўшинига таяниб иш кўрди. 1840 йилда Амир Насрулло Хўжанд ва Ўратепани Қўқон хонидан тортиб олиб Шаҳрисабз, Китоб, Яккабоғ бекликларини ҳам ўзига бўйсундирди ва 1842 йилда Қўқон хонлигини эгаллашга муваффақ бўлди. У ерда Қўқон хони Муҳаммад Алихонни оила аъзолари билан ва шоира Нодирабегимни ҳам ваҳшийларча қатл эттирди.
Бу пайтда Хива хони Оллоқулихоннинг Бухоро ҳудудларига бостириб кирганлигининг хабарини эшитган Амир Насрулло ўз қўшинларини Хива хонлиги ерларига олиб келиб, Хазораспни қамал қилди, аммо мағлубиятга учради. Шундай оғир шароитда ҳам Амир Насрулло Бухоро амирлиги вилоятларини бирлаштириш учун курашни давом эттирди. Бу кураш 30 йил давом этди. Шаҳрисабз беклигини бўйсундириш учун Амир Насрулло 32 марта юриш қилиб 1856 йилдагина ўз мақсадига эришди. Шундай қилиб Бухоро ҳудудларини тўла бўйсундирган Амир Насрулло Бухоронинг сўнгги мустақил ҳукмдори бўлиб қолди.
Манғитлар сулоласи ҳукмронлиги даврида давлат тизимида анчагина ўзгаришлар амалга оширилди. Амир олий ҳукмдор бўлиб, давлат ҳаётига тегишли сиёсий, иқтисодий, диний ва бошқа барча масалалар унинг қўлида эди. Марказий ижроий ҳокимият сарой аёнларидан ташкил топган бўлиб Аркда жойлашган. Давлат бошқарувида бош вазир-қушбеги, девонбеги, парвоначи, оталиқ, додҳох, худайчи, мирзабоши каби сарой аёнлари ва шайхулислом, қозикалон каби диний раҳбарларнинг мавқеи катта бўлган. Маҳаллий бошқарув амир томонидан тайинланган вилоят беклари ва унинг қўл остидаги миршаббоши, солиқ йиғувчи амалдорлар, қози, раис, қишлоқ оқсоқоллари қўлида бўлган.
Манғитлар сулоласи даврида амирлик 30 та беклик ва туманлардан иборат маъмурий бирликлардан ташкил топган. Ҳар бир беклик ҳокими хирожнинг бир қисмини амирга юбориб турган.
Бухоро амирлигида ерга эгалик муносабатлари иқтисодий ҳаётда катта аҳамиятга эга бўлиб, ер эгалигининг давлат, хусусий, вақф каби турлари бўлган. Қишлоқ аҳолисининг катта қисми ерсиз деҳқонлар бўлиб, улар ижарага ер олиб ишлаганлар. Шаҳар аҳолисининг асосини ташкил қилган ҳунармандлар ҳаёти ҳам оғир солиқлар сабабли жуда қийин кечган.
XVIII аср охири XIX аср биринчи ярмида Бухоро аҳолисининг умумий сони ҳақида аниқ маълумотлар йўқ бўлиб, тахминан 2 млн. атрофларида бўлган. Уларнинг кўпчилигини ўзбеклар, шаҳар ва баъзи қишлоқларда тожиклар, жанубий-ғарбий туманларда кўчманчи туркманлар, кам сонли араб ва яҳудийлар ташкил этган.
Бухоро амирлигининг халқ хўжалигида деҳқончилик, чорвачилик, ҳунармандчилик, савдо-сотиқ соҳалари катта аҳамият касб этган. Аҳолидан хирож, закот, бож, тўла, яксара, нимсара каби солиқлар ундириб олинган.
XVIII асрнинг иккинчи ярмида Россия-Бухоро савдо ва дипломатик алоқалари анча ривожланди. Бунда 1774-1776, 1779-80 йилларда Эрназар Мақсудов бошчилигида ва 1797 йилдаги Полвонқули қўрчи элчиликлари катта аҳамият касб этди. XIX аср бошларида Россия-Бухоро алоқалари анча фаоллашди. Бу XIX асрнинг 20-йилларида Ўрта Осиёга сиқилиб киришга ҳаракат қилаётган инглизлар билан руслар ўртасидаги рақобатнинг кескинлашувига олиб келди. Амирлик қўшни хонликлар Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон давлатлари билан ҳам савдо алоқалари олиб борди. Йирик савдо-сотиқ маркази бўлган Бухорода 1848 йилда 38 та карвонсарой, 9 та тим ва кўплаб бозорлар мавжуд бўлган.
Бухоро шаҳри амирлик даврида ҳам ислом динининг маркази ҳисобланган. Бу даврда бошланғич таълим мактаби ва олий таълим берувчи мадрасалар фаолияти ҳам анча юксалди. Бу ерда фақат Ўрта Осиёдангина эмас, балки Волга бўйлари, Шимолий-Ғарбий Ҳиндистон, Афғонистон ва бошқа мамлакатлардан ҳам билим олиш учун талабалар келишар эди. Бу пайтда Бухоро амирлигининг ҳар битта шаҳрида мадрасалар бўлиб, Бухоро шаҳрининг ўзидаги 103 та мадрасадан 60 таси асосий таълим маскани сифатида машҳур бўлган. Мадрасада ўқитиш 3 босқичда амалга оширилган бўлиб унинг барча харажатлари, мударрислар ва бошқа хизматчиларнинг маоши, талабалар нафақаси, кутубхона харажатлари ва бошқалар мадрасага бириктирилган вақф ерларидан келадиган даромад ҳисобига қопланган. Мадрасада фиқҳ, шариат асослари, адабиёт, тил, тарих, фалакиёт, мантиқ, фалсафа, математика фанлари ўқитилган бўлса ҳам дунёвий таълимга нисбатан диний аҳлоқий таълим беришга асосий эътибор қаратилган.
XIX аср адабий ҳаётининг кўзга кўринган намоёндалари Мирзо Содиқ Мунший, шоир Ҳозиқ, шоир Мужрим, Муҳаммад Шариф Шавқий, Мулла Қурбон Хиромий, Аҳмад Дониш (1827-1897), Очилди Мурод Мери Каттақўрғоний (1830-1899) ва бошқалар ўз асарлари билан адабиёт ривожига катта ҳисса қўшганлар.
Манғитлар ҳукмронлиги даврида ҳам ўрта аср тарихнавислигининг етакчи анъаналари сақланиб қолганлигини қуйидаги асарларда кўрамиз: Мулло Ибодулло ва Муҳаммад Шарифларнинг “Тарихи амир Ҳайдар” ва “Дастони амирони манғит”, Миролим Бухорийнинг “Фатҳномаи-султоний”, Мирзо Абдулазим Сомийнинг “Тарихи салотини манғития”, “Даҳмаи шоҳон” каби асарлари, Муҳаммад Шариф ибн Муҳаммад Нақининг “Тожу таворих” асарини, Аҳмад Донишнинг “Манғитлар хонадони ҳукмдорлари тарихидан қисқача рисола” асарини ва Мирзо Содиқ Муншийнинг “Тарихи силсилоти манғития” (“Манғит ҳукмдорлари тарихи”) асарлари манғит амирлари тарихи ҳақидаги бирламчи манбалардир.
XVIII аср иккинчи ярми-XIX аср биринчи ярми Бухоро амирлиги меъморчилиги ўзига хос услубда ривожланди. Бу даврда амирликнинг бир қанча шаҳарларида масжид ва мадрасалар бунёд этилди. Бухоро шаҳрида қурилган Домулло Турсунжон (1796-1797) мадрасаси, Худойдод меъморий мажмуаси (1777-1855), Эрназар элчи мадрасаси (1795), 1807 йилда қурилган Чорминор мажмуаси, Қаршида қурилган Мир Муҳаммад мадрасаси каби меъморий ёдгорликлар ўзбек халқининг ноёб маданий меросидир.



Download 5.26 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   42   43   44   45   46   47   48   49   ...   87




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling