Ўзбекистон республикаси президенти


XV асрнинг 2-ярмида Мовароуннаҳр ва Хуросон. Темурийлар салтанатининг инқирозга юз тутиши


Download 5.26 Mb.
bet43/87
Sana17.06.2023
Hajmi5.26 Mb.
#1544154
1   ...   39   40   41   42   43   44   45   46   ...   87
Bog'liq
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009

XV асрнинг 2-ярмида Мовароуннаҳр ва Хуросон. Темурийлар салтанатининг инқирозга юз тутиши
Ўзаро тожу тахт учун кураш Абдуллатифни разиллик ботқоғига ботириб уни ўз отасининг қотилига айлантирди. Гарчи, у тахт эгаси бўлса-да, халқ уни “падаркуш” (отасининг қотили) сифатида лаънатлар, Улуғбек тарафдорлари унга душманлик кўзи билан қарар эди. Бундай бир пайтда Абдуллатиф хурофотчи дин аҳллари, дарвешлар гуруҳи билан ҳам яқинлашишга ҳаракат қилди. Бироқ, қотил падаркуш тахтда узоқ ўтира олгани йўқ. 1450 йилнинг 8 майида, шаҳар ҳандағи ёнида, Боғинавдан нарироқда унга қарши суиқасд қилиниб ўлдирилади. Бу қотилликдан сўнг, тезда Самарқанд тахтига темурийлардан бири Мирзо Улуғбекнинг жияни ҳамда куёви Мирзо Абдулло ўтиради. Бухорода эса ҳокимият Мироншоҳнинг невараси Султон Абу Саид қўлига ўтади. Мирзо Абдулло ўзининг бир йиллик ҳукмронлик даврида мамлакатда барқарорликни тиклашга, Мирзо Улуғбекнинг маданий соҳадаги ишларини давом эттиришга, марказий ҳокимиятни кучайтиришга ҳаракат қилади. У тахт учун даъвогарлар Алоуддавла ва Абу Саидлар билан кураш олиб бориб, Самарқандга қарши юриш қилган Абу Саид қўшинини тор-мор келтиради. Абу Саид Сирдарё ортига қочиб, Дашти Қипчоқ ўзбеклари хони Абулхайрхондан (1428-1468) тахтни эгаллаш учун ёрдам сўраб мурожаат қилади. 1451 йили ёзида Самарқанд яқинидаги Шероз қишлоғидаги қаттиқ жангда Мирзо Абдулло ўлдирилиб, тахт Султон Абу Саид Мирзо (1451-1469) қўлига ўтади. Темурийлар давлатининг Хуросон ерлари Шоҳруҳнинг бошқа бир невараси, Бойсунқурнинг ўғли Абулқосим Бобур қўлида сақланиб қолиб, у то вафоти (1457) га қадар Ҳирот тахтини бошқариб туради.
1457 йили Абулқосим Бобур Машҳадда вафот этгандан сўнг Ҳирот тахти, Хуросон ерлари учун кураш яна авж олди. Бундай вазиятдан усталик билан фойдаланган Мовароуннаҳр ҳукмдори Султон Абу Саид Мирзо 1457 йили Хуросонга юриш қилиб Ҳиротни эгаллайди. Шу тариқа Абу Саид темурийлар давлатининг иккала қисмини бирлаштиришга муваффақ бўлади. Султон Абу Саид Мирзонинг (1451-1469) ҳукмронлик даврида давлат ҳудудлари кенгайиб, унинг чегаралари Шарқий Туркистондан то Ироққача, Сирдарёдан то Ҳиндистон чегараларигача бўлган ерларни ўз ичига олди. Ўз ҳукмронлиги даврида Абу Саид доимий равишда ҳокимиятини мустаҳкамлашга, исёнкор амалдор-ноибларни жазолашга асосий эътиборини қаратди. Шунингдек, у бирмунча иқтисодий ва маданий тадбирлар ўтказишга ҳам уринди. Ҳирот тахтига даъвогарлардан бири Умаршайхнинг эвараси, ёш темурий шаҳзода Султон Ҳусайн (1438-1506) Абулқосим Бобур вафотидан (1457 й.) кейин Хуросон мулки учун ўз ҳаракатларини бошлаб юборган эди. У XV аср 60-йилларидан катта ҳарбий отрядга бош бўлиб, 1461-1464 йилларда Ҳирот, Обивард, Нисо, Машҳад ва Хоразмда ҳокимият учун гоҳ муваффақиятли гоҳо муваффақиятсиз курашларни олиб борди.
1469 йили эрта баҳорда темурийларга аввалдан тегишли бўлган Ғарбий Эрон ерларини қайтариб олиш мақсадида Султон Абу Саид Оққўюнли туркманларига қарши юришни бошлайди. Бироқ, оққўюнлилар ҳокими Узун Ҳасан (1453-1478) томонидан Озарбайжоннинг Муғон даштида жанг вақтида ўлдирилади. Абу Саиднинг ўғиллари Султон Ҳусайн билан тожу тахт учун курашишга ботина олмай, Мовароуннаҳрга қайтиб кетадилар. Султон Ҳусайн эса 1469 йил 24 мартда тантанали суръатда Ҳиротга кириб келади. Натижада темурийлар салтанати яна икки қисм: Хуросон ва Мовароуннаҳрга бўлиниб кетади. Мовароуннаҳр эса кетма-кет султон Абу Саиднинг ўғиллари Султон Аҳмад (1469-1494), Султон Маҳмуд (1494-1496) ҳамда Маҳмуднинг ўғли Султон Али Мирзо (1496-1501)лар томонидан мустақил равишда бошқарилди. Лекин кўп ҳолда айниқса Султон Аҳмаднинг давлат бошқарувидаги калтабин, уқувсиз ва сусткашлиги, Султон Маҳмуд ва Султон Али Мирзоларнинг давлат ишларининг ўз ҳолига ташлаб, айш-ишратга муккаларидан кетганлиги боис ушбу ҳукмдорлар даврида ўзаро тарқоқлик янада кучаяди. Айрим вилоят ноиблари, амирларнинг таъсири ўсиб, кўпинча улар мустақил фаолият йўлига ўтиб ола бошлайдилар. Сиёсий ҳаёт, ижтимоий-иқтисодий муносабатларда руҳонийларнинг, айниқса сўфийларнинг таъсири янада кучаяди. Хусусан, шу даврнинг кўзга кўринган диний арбоби Хожа Убайдуллоҳ Аҳрор (1404-1490), мамлакатда таъсирли шахсга айланиб, ўзаро кураш низолар вақтида мамлакат тинчлигини сақлаш йўлида бир неча маротаба бу курашларни тўхтатиб қолишга муваффақ бўлди. Эл-юрт тинчлиги, осойишталиги йўлидаги унинг фаолияти, ватанпарварлиги албатта эътиборга сазовордир.
Темурийлар давлатининг жанубида аҳвол ўзгача эди. Султон Ҳусайн (Бойқаро) (1469-1506) давлати ўз таркибига Хоразм, Хуросон, Эроннинг бир қисмини олган бўлиб, у темурийлар тарихида охирги йирик давлат арбоби бўлиб қолди. Унинг деярли 40 йиллик ҳукмронлик даври ҳам ўзаро курашлардан холи бўлмаса-да, лекин мамлакатда иқтисодий ва маданий ҳаёт юксак даражада сақланиб қолди. Мамлакат ободлиги, фаровонлиги, иқтисодий ҳаётнинг бир меъёрда кечиши, фан-маданиятнинг юксалишида ўз даврининг тадбирли ва оқил ҳукмдори Султон Ҳусайннинг роли ниҳоятда катта бўлди.

Download 5.26 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   39   40   41   42   43   44   45   46   ...   87




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling