Ўзбекистон республикаси президенти


Темурийлар ҳукмронлиги (1405-1506 йй.) даврида илм-фан ва маданий ҳаёт


Download 5.26 Mb.
bet44/87
Sana17.06.2023
Hajmi5.26 Mb.
#1544154
1   ...   40   41   42   43   44   45   46   47   ...   87
Bog'liq
O\'zbekiston tarixi Darslik DAVLAT VA JAMIYaT QURILIShI KADYEMIYaSI Toshkent 2009

Темурийлар ҳукмронлиги (1405-1506 йй.) даврида илм-фан ва маданий ҳаёт.
Гарчи, XV аср бошидан ички низолар, ўзаро курашлар мамлакат ички ҳаётига салбий таъсир ўтказган бўлса-да, лекин темурий ҳукмдорлардан Шоҳруҳ (1405-1447), Мирзо Улуғбек (1409-1449), Султон Ҳусайн (Бойқаро) (1469-1506), қисман Султон Абу Саид (1451-1469) давриларида ички осойишталик, маърифат ва маданиятга эътибор туфайли илму-фан ва маданият юксалиб, Мовароуннаҳр ва Хуросон яна Шарқнинг маърифат ва маданият маркази номини қайтариб олади.
Бу вақтда нафақат пойтахт Ҳирот ва Самарқанд, балки Мовароуннаҳр ва Хуросондаги бошқа шаҳарларда ҳам олиму-фузало, шоиру-меъморлар, бастакору-наққошлар гуруҳлари тўплана бошлайди. Бухоро, Хоразм, Балх, Машҳад, Шероз ҳам ўзига хос маданий марказлар ролини ўйнай бошлайди. Тарихда маърифатпарвар ва оқиллиги билан ном чиқарган Шоҳруҳ (1405-1447) даврида асрий илм-фан, маданият, анъаналари қайта жонлана бошлаган эди. Шаҳар қайта қурила бошланди. Ҳиротдаги энг гавжум жойлардан бири Шоҳруҳнинг ўғли Бойсунқур ташкил этган китобхона номини олган жой бўлиб қолди. Бу ерда ўз даврининг энг сара китоблари қайта кўчирилар, сотиб олинар ва сотилар эди. Бу пайтда ҳукмдор ва амалдорларнинг ҳомийлиги натижасида тасвирий санъат, амалий санъат, ҳаттотлик санъати айниқса ўз ривожини маромига етказди. Мирак наққош бошчилигидаги шарқ миниатюра санъати ҳам ўз фаолиятини шу ердан бошлаган эди.
Ҳиротлик ва хуросонлик кўплаб бадавлат зодагонлар, савдогарлар ҳам илм-фан, маданиятга ҳомийлик қила бошлайдилар. Масалан, Шоҳруҳ даврида яшаган таниқли зодагон Ҳожи Арслон тархон ўзининг маърифатпарварлиги билан ном чиқарган эди. Лекин, ҳар ҳолда ҳукмдорлар ичида илм-фан, маърифат ва маданиятга етарли ҳомийлик қилган шахс-бу ўзи ҳам буюк олим бўлган Мирзо Улуғбек ҳисобланади.
Мирзо Улуғбек унинг замондошлари, муаррихларнинг хабар беришларича, шарқ мутафаккирлари, улар орқали юнон мумтоз илмий асарларидан хабардор бўлган. Улуғбек замондоши Ғиёсиддин Кошийнинг ёзишига кўра, Мирзо Улуғбек ўта зукко ва жуда илмли шахс бўлиб, Қуръони Каримни ёд билган, араб ва форс тилларини яхши билиб, тафсир ва ҳадис илми бобида билимдон инсон бўлган. Улуғбек ислом оламида илк бора ҳукмдорлик ва олимликни биргаликда олиб борди. У Мовароуннаҳрни мусулмон оламининг илмий марказига айлантиришга ҳаракат қилди. Хусусан, Самарқанд, Бухоро, Кеш (Шаҳрисабз) илм-фан марказларига айланди. У 1417 йил Бухоро, 1420 йили Самарқандда, 1433 йилларда Ғиждувонда мадрасалар барпо этди. Самарқанднинг ободончилик ишларига бош-қош бўлиб, Гўри Амир, Шоҳизинда меъморий мажмуаларини охирига етказади. Марвда ҳам бир қатор диний муассасалар қурдиради. Ҳадиси шарифдаги ”Илм олмакка интилмоқ ҳар бир муслим ва муслима учун ҳам фарз, ҳам қарз” деган ибораси Бухоро мадрасаси пештоқига шиор сифатида ўйиб ёздириб қўйилади. Хусусан, у Самарқандга ўз замонасининг йирик, таниқли олимларини чорлашга ҳаракат қилган.
Унинг саъй-ҳаракатлари туфайли замонасининг 100 дан ошиқ олимлари Самарқандга йиғилдилар. Улар орасида Тафтазоний, Мавлоно Аҳмад, ўз замонасининг “Афлотуни” деб ном олган Қозизода Румий, Ғиёсиддин Коший, Муҳаммад Ҳафовийлар ва бошқа таниқли зотлар ҳам бор эди. 1420 йил Самарқанд мадрасаси очилганда, унда 100 дан зиёд талаба ўқиган, мадрасада 50 тадан кўпроқ талабалар учун махсус ҳужралар мавжуд бўлган. Зайниддин Восифийнинг ёзишича, 1420 йил Самарқанд мадрасаси очилганида унда 90 тадан ошиқ олим қатнашган.
Шунингдек, Самарқандда бу даврда бир неча бошқа мадрасалар ҳам бўлиб (Хоним, Ферузшоҳ, Шоҳмалик, Қутбиддин ва бошқалар) у ерларда ҳам салоҳиятли олимлар дарс беришар эди. 1424-1429 йилларда Самарқанд яқинидаги Обираҳмат анҳори бўйида Мирзо Улуғбек расадхона қурдиради. Расадхона ўша даврнинг ноёб иншоотларидан бўлиб, у доира шаклида барпо этилган, иморатнинг айланаси 47 м, баландлиги 31 м.дан иборат 3 қаватли бино бўлган. Бинонинг ичи бир неча хона, айлана зал, махсус текшириш хоналаридан иборат бўлиб, у ерларда махсус асбоб-ускуналар жойлантирилган.
Расадхона ичи коинот, ер курраси тасвирлари билан безалган бўлиб, халқ ичида шунинг учун “Нақши жаҳон” деган ном билан шуҳрат топган эди. Самони кузатиш ва ўрганиш борасида Ғиёсиддин Жамшид ёрдамида астрономик ўлчов асбоби-улкан секстант ўрнатилинди. Бу секстант, ўз навбатида, Шарқдаги энг катта астрономик асбоб ўлчови ҳисобланган. Шунингдек, маҳаллий усталар (Исо Устурлобий, Абу Маҳмуд Хўжандий, уста Иброҳим) қўли билан кўплаб зарурий астрономик ўлчов асбоблари ҳам ясалди ва ўрнатилди. Расадхона қошида шунингдек 15.000 жилддан иборат бой кутубхона ҳам бўлган. Унинг атрофида олимлар яшайдиган ер-чорбоғлар Боғимайдон ва Чиннихона номи билан шуҳрат топди. Улуғбек Самарқандда ўзига хос астрономия мактабини яратди. Расадхонада Улуғбек билан бир қаторда ўз замонасининг машҳур математиги ва астрономлари Қозизода Румий (Салоҳиддин Мусо ибн Муҳаммад), Ғиёсиддин Жамшид Коший, Улуғбекнинг шогирди ўз даврининг “Птолемей”и номи билан шуҳрат қозонган Али Қушчи (Алоуддин ибн Муҳаммад) ва бошқалар елкама-елка туриб илмий тадқиқот ишларини олиб бордилар.
Расадхонадаги тадқиқотлар натижасида 1018 та юлдузнинг ўрни ва ҳолати (координатлари) аниқланиб, астрономик жадвали тузилди. Ўрта Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ ўлкалари бўйлаб жойлашган 683 географик пунктларнинг Самарқанд кенглик координатлари билан белгилаб чиқилди. Математика фани соҳасида Улуғбек мактаби яратган даражали алгебрали тенглама ечилиб, бир даражали ёйнинг синуси аниқланган.
Шу жиҳатдан буюк олимнинг “Зижи жадиди Кўрагоний” (Кўрагонийнинг янги астрономик жадвали) номли асари диққатга сазовордир. Бу асар 1437 йил ёзиб тугатилган бўлса-да, олим умрининг охирига қадар унга янги натижаларни киритиб борган. Бу асар икки қисмдан иборат бўлиб, унда кенг муқаддима ва 1018 та юлдузларнинг ўрни берилган. Ундан ташқари Улуғбекнинг “Тарихи арбаъ улус” (Тўрт улус тарихи) номли тарихий асари ва мусиқага бағишланган бешта рисоласи ҳам мавжуддир. Улуғбекнинг ўта салоҳиятли олим бўлганлигини унинг замондошлари Ғиёсиддин Жамшид, Абдураззоқ Самарқандий, Давлатшоҳ Самарқандий ва бошқалар ҳам эътироф этганлар. Жумладан, ўзбек адабиётининг асосчиси буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий (1441-1501) бу хусусда:
Темурхон наслидин Султон Улуғбек
Ки олам кўрмади султон анингдек,
деб унга ўз таърифини берган эди.
Улуғбек даврида, шунингдек, Самарқанд Шарқнинг маданий марказига айланганлиги учун машҳур файласуф Али ибн Муҳаммад Журжоний, таниқли табиб Мавлоно Нафис, шоир Хаёлий Бухорий, “Юсуф ва Зулайҳо” достонининг муаллифи Дурбек, қасида жанрининг таниқли намоёндаси ўзбек шоири Саккокий, машҳур хаттот Абдураҳим Хоразмий ва бошқалар Улуғбек ҳомийлиги остида Самарқандда яшаб ижод қилдилар. Шунингдек, Шарқнинг кўплаб таниқли олим ва шоирлари фузалою-уламолари Самарқандга тез-тез келиб турдилар. Улуғбек даврида ўзига хос тарихнавислик мактаби ҳам пайдо бўлди. XV асрдаги таниқли тарихчилар, “Зубдат ат-таворих” (“Тарихларнинг юқори қисми”) асарининг муаллифи Ҳофизи Абрў, “Матла ас-садайин ва мажмуаи ал-баҳрайн” (“Икки денгизнинг қўшилиши ва икки саодатли юлдузнинг балқиши”) асарининг муаллифи Абдураззоқ Самарқандий, “Равзат ас сафо” (“Жаннат боғлари”) асарининг муаллифи Мирхонд, “Ҳабиб ус-сияр” (“Дўстга мактуб”) ва бошқа қатор асарларнинг муаллифи Хондамир Улуғбек яратган маданий шароитда ўсиб улғайдилар. Улуғбек давридаги маданий марказ кейинчалик “Улуғбек академияси” номини олиб, даставвал машҳур француз ёзувчиси ва олими Вольтер (1694-1778) томонидан эътироф этилган эди. Аждодларимиз тарихида 1010 йилда тузилган Маъмун академиясидан сўнг, Улуғбек академияси Ўрта Осиё тарихида иккинчи академия сифатида юзага келди.
Мустақиллик туфайли буюк аждодимиз Мирзо Улуғбекнинг бизга қолдириб кетган мероси ҳақиқий жиҳатдан ўрганила бошланди. 1994 йили Президентимиз ташаббуси билан Мирзо Улуғбекнинг 600 йиллик таваллуд тўйи республикамизда ва жаҳонда кенг нишонланди. Қатор кўча, туман, шаҳар ва иншоотларга Улуғбекнинг фахрий номи берилди. Жумладан, Президентимиз фармони билан 1995 йили собиқ ТошДУга, ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетига Мирзо Улуғбек номи берилди.
Улуғбекнинг вафотидан сўнг маданий марказ Хуросонга, жумладан унинг пойтахти Ҳиротга кўчди. Ҳирот маданий ва илмий марказининг шаклланишида Хуросон ҳукмдори Султон Ҳусайн (Бойқаро) (1469-1506) ва айниқса буюк шоир ва мутафаккир, ғазал мулкининг султони Мир Алишер Навоийнинг (1441-1501) роли ниҳоятда беқиёс бўлди. Маърифатли ҳукмдор бўлмиш Султон Ҳусайн (Бойқаро) бутун Хуросонда илм-фан, адабиёт, маданият ҳомийсига айланади. Унинг ўзи “Ҳусайний” тахаллуси остида ғазаллар ёзган. Бизнинг кунларгача унинг шеърий “Девон”и ва насрий “Рисола” асарлари етиб келган.
Алишер Навоий 1441 йили Ҳиротда таниқли барлос баҳодири хонадонида дунёга келган. У ёшлигиданоқ ниҳоятда заковатли ва зеҳнли бола бўлган. Унинг беш ёшида ёзган ғазалига таниқли ўзбек шоири Лутфий ўз вақтида катта баҳо берган эди. Ёшлигиданоқ у темурий шаҳзода Султон Ҳусайн билан дўст бўлиб, кейинчалик улар Хуросон ҳокими Абулқосим Бобур (1451-1457) хизматида бирга бўлганлар. Ҳусайннинг хизмат даврида Алишер Навоий Машҳад ва Ҳирот мадрасаларида таҳсил кўради. Кейинчалик, Мовароуннаҳр ҳокими Султон Абу Саид тайзиқи билан Самарқандга кетишга мажбур бўлади ва у ерда икки йилча туриб, ўз билимини янада такомиллаштиради. 1469 йили Хуросон тахти Султон Ҳусайнга теккандан сўнг, унинг таклифи билан Алишер Навоий Ҳиротга келиб, аввал муҳрдорлик сўнгра вазирлик лавозимида фаолият кўрсатади. Жумладан, Алишер Навоий ўзининг вазирлик лавозимини эгаллаган вақтида (1472-1476) мамлакатда иложи борича осойишталик ва адолат ўрнатишга ҳаракат қилади. Унинг хатти-ҳаракатлари натижасида шаҳарлар юксалди. Сув чиқарилиб, кўпгина ерлар обод қилинди, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ ишлари янада ривожланди. Навоий илм-фан, маърифат ва маданият аҳлига шахсан ўзи ҳомийлик кўрсатди. Гарчи тожу тахт учун курашларда ва фитна-низолар натижасида Навоийнинг Султон Ҳусайн билан оралари бир оз совуган бўлса-да, лекин Навоий умрининг охирига қадар давлатнинг таянч шахсларидан бири бўлиб қолади. Жумладан, у вазирлик лавозимидан кетар экан, султон Навоийга шоҳона тўн кийгизиб, унинг ҳеч бир илтимоси ҳеч қачон ерда қолмаслигини айтади. Алишер Навоийнинг биргина ўзи 300 тадан зиёд турли қурилиш, ободончилик ишларига бош-қош бўлади. Ҳиротдаги Инжил дарёси бўйида унинг қурилиш ишлари учун махсус ер ҳам ажратиб берилади. У барпо этган Ҳиротдаги “Ихлосия”, “Шифоия” мажмуалари, Тус вилоятидаги Туруқбанд сув омбори ва канали, Ҳирот ва Машҳаддаги суғориш иншоотлари, Астрободдаги сарой ва масжид, Марвдаги мадраса шулар жумласидандир. Эл-юрт фаровонлигини ўйлаган Навоий ўз даромадларининг аксарият қисмини ҳайрия ишларига сарфлайди.
Одамий десанг демагил одамий,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами,
деб, ўз таърифини берган эди шоир. Шахсан унинг маблағлари ҳисобидан 52 та работ, 19 та ҳовуз, 16 та кўприк, 9 та ҳаммом ва бошқалар қурилди. Шунингдек, Навоий бутун Хуросонда 12 тадан ошиқ аҳамиятли бўлган ва таъмирланишга муҳтож масжид, минора, работ ва бошқаларни таъмир этиб ўз ҳолига қайтаради. Жумладан, Навоий таъмир этган Ҳиротдаги жомеъ масжиди ҳозирги кунга қадар Ҳирот шаҳрининг гўзал иншоотларидан бири ҳисобланади. Алишер Навоий ҳомийлиги остида Шарқ миниатюраси мактабининг етук намоёндаси “Шарқ Рафаэли” номини олган Камолиддин Беҳзод, таниқли табиблар Абдулҳай Муний, Дарвиш Али, ҳаттотлардан - Султон Али Машҳадий, мусиқачилардан - Ҳусайн Удий, шоир ва тарихчилардан - Соҳиб Доро, Муҳаммад Низомий, Камолиддин Биноий, Давлатшоҳ Самарқандий, Ҳусайн Воиз Кошифий, Мирхонд, Зайниддин Восифий, Муиниддин Муҳаммад Исфизорий ва бошқалар етишиб чиқдилар. Алишер Навоий илк бора ўзга шоирлардан фарқли равишда туркий тилда 1483-1485 йилларда бешта достондан иборат “Хамса” асарини ёзди. Навоий ўз она тили кўркамлиги ва жозибадорлигини асарларида намоён этди:
Тортиб турк назмида чу алам,
Айладим ул мамлакатни як қалам,
деган эди шоирнинг ўзи.
Буюк шоирнинг 20 тадан зиёд йирик асарлар мавжуддир. Улар “Хазойинул маоний”, “Лисон ут-тайр”, “Маҳбуб ул-қулуб”, “Мажолисун нафоис”, “Муншаот”, “Муҳокаматул луғатайн”, “Мезонул авзон” ва бошқалардир. Булар ўз ичига тарихий, фалсафий, аҳлоқий мезонларни олиб, уларда инсониятга хос бўлган барча ижобий хислатлар улуғланади. Навоий ўз асарларида Ватанга, туғилиб ўсган ерига нисбатан буюк муҳаббатни куйлайди.
Навоийнинг ўзи эса баркамол, комил инсон қиёфаси учун буюк рамздир. Улуғ шоирнинг ўлмас меросини ўрганиш мустақиллик йилларида ўзининг ҳақиқий даражасига чиқди. Адибнинг барча асарлари қайта чоп этилди. Ҳукуматимиз қарорига биноан, халқимизнинг буюк мукофоти рамзида Навоий номидаги давлат мукофоти таъсис этилди. Президентимиз ташаббусига кўра, 1991 йили Алишер Навоийнинг 560 йиллиги жуда катта тантаналар билан нишонланиб, шоирнинг маҳобатли ҳайкали халқимизнинг муқаддас рамзи сифатида пойтахтимизнинг марказида қад кўтарди.
XV асрнинг забардаст ўзбек шоирлари ичида, шунингдек Лутфий, Дурбек, Саккокий, Гадоий, Атоий ва бошқаларнинг ҳам номлари маълум ва машҳур бўлган. Жумладан, Навоийдан аввал энг машҳур туркигўй шоир Лутфий (1366-1465) бўлган. Унинг ўз вақтида 20 дан зиёд ажойиб асарлари мавжуд бўлиб, бизгача фақат машҳур “Гул ва Наврўз” достони ва ғазаллар девони етиб келган холос.
Бу даврларда шунингдек, Шарафиддин Али Яздийнинг (1454 йили вафот) Темур тарихига бағишланган, Низомиддин Шомийдан сўнг ёзилган бир хил номдаги “Зафарнома” асари яратилди. Форс-тожик адабиётида айниқса машҳур шоир ва олим, Навоийнинг замондоши ҳамда дўсти Нуриддин Абдураҳмон Жомийнинг (1414-1492) роли буюк бўлди. Жомий ва Навоийнинг дўстлиги эса, тарихда халқларимиз иттифоқлигининг буюк рамзи бўлиб қолди.
1499 йилдан бошлаб Ўрта Осиёга ўз юришларини бошлаган Муҳаммад Шайбонийхон (1451-1510) темурийлар ичидаги ички низо ва ноиттифоқликдан фойдаланиб, Мовароуннаҳрга нисбатан истилочилик ҳаракатларини бошлади. Темурий шаҳзодалардан, шу вақтдаги ягона мовароуннаҳрлик иқтидорли ва ҳарбий саркардалик маҳоратига эга бўлган, кейинчалик буюк шоир ва давлат арбоби даражасига чиққан Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг (1483-1530) саъй-ҳаракатлари ҳам ўзининг тегишли натижасини бермади. 1505-1506 йилларга келиб Шайбонийхон Хоразм ва Мовароуннаҳрни тўлиқ эгаллайди. Шайбонийхонга қарши курашиш учун йўлга чиққан Хуросон ҳукмдори Султон Ҳусайн (1469-1506) 1506-йилнинг баҳорида вафот этади. Султон Ҳусайннинг ворислари ўртасида тожу тахт учун кураш авж олиб, натижада ҳокимият иккита шаҳзодага - Бадиуззамон Мирзо билан Музаффар Мирзоларга ўтади. Қулай вазиятдан фойдаланган Шайбонийхон 1507 йили шаҳзодаларни тор-мор этиб, қаттиқ жанглардан сўнг пойтахт Ҳирот ва бутун Хуросонни ўз қўли остига олади.
Шундай қилиб, деярли бир ярим аср давом этган шон-шавкатли Темурийлар салтанати ўз ниҳоясига етади. Темурийларнинг охирги забардаст вакили Заҳириддин Муҳаммад Бобур 1525 йилги Панипат жангидан сўнг шимолий Ҳиндистонни эгаллашга муваффақ бўлади. Бобурийлар сулоласи Ҳиндистонда деярли уч аср мобайнида ҳукмронлик қилиб, кўп ҳолда темурийларнинг шон-шуҳратини бу ерда тиклашга муваффақ бўладилар.
Такрорлаш учун саволлар.

  1. Амир Темур шахсига Ўзбекистонда берилаётган катта эътиборнинг сабаблари нимада?

  2. Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва ролини аниқлаштиринг.

  3. Амир Темурнинг ўзбек давлатчилиги ривожига қўшган ҳиссаси нималарда кўринади?

  4. Амир Темурнинг ҳарбий юришлари нима мақсадда амалга оширилган эди?

  5. Амир Темур ва темурийлар даврида илм-фан, маданият, шаҳарлар ва меъморчилик, ҳунармандчилик юксак ривожланиши сабаблари нимада?

  6. Темур тузукларининг бугунги кунда давлат бошқарувида тутган аҳамияти нимада кўринади?

  7. Темурийлар даврида илм-фан ва маданият ривожига катта ҳисса қўшган алломаларнинг меросини тиклаш бўйича Ўзбекистонда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

АДАБИЁТЛАР



  1. Каримов И.А. Амир Темур — фахримиз, ғуруримиз. -Т.: “Ўзбекистон”, 1997.

  2. Каримов И.А. Тарихий хотирасиз келажак йўқ. -Т.: “Ўзбекистон”, 1998.

  3. Каримов И.А. Юксак маънавият — енгилмас куч. -Т.: “Маънавият”, 2008.

  4. Аҳмедов Б. Амир Темурни ёд этиб. - Т.: “Ўзбекистон”, 1996.

  5. Аҳмедов Б., Муқминова Р., Пугаченкова Г. Амир Темур. - Т.: “Университет”, 1999.

  6. Бўриев О. Темурийлар даври ёзма манбаларида Марказий Осиё. -Т.: “Ўзбекистон”, 1997.

  7. Ибн Арабшоҳ. Амир Темур тарихи. I-II китоб. -Т., 1992.

  8. Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурнома. - Т.: “Фан”, 1992.

  9. Мирзо Улуғбек. Тўрт улус тарихи. - Т.: “Чўлпон”, 1994.

  10. Мўминов И. Амир Темурнинг Ўрта Осиё тарихида тутган ўрни ва роли. -Т.: “Фан”, 1973.

  11. Темур ва Улуғбек даври тарихи. - Т.: Қомуслар бош таҳририяти, 1996.

  12. Темур тузуклари. -Т.: “Чўлпон”, 1992.

  13. Низомиддин Шомий. Зафарнома. -Т.: “Ўзбекистон”, 1996.

  14. Мавлонов Ў. Марказий Осиёнинг қадимги йўллари. -Т.: “Akademiyа”, 2008.

  15. Сагдуллаев А.С. ва бошқалар. Ўзбекистон тарихи. Давлат ва жамият тараққиёти. -Т.: “Академия”, 2000.




Download 5.26 Mb.

Do'stlaringiz bilan baham:
1   ...   40   41   42   43   44   45   46   47   ...   87




Ma'lumotlar bazasi mualliflik huquqi bilan himoyalangan ©fayllar.org 2024
ma'muriyatiga murojaat qiling